Непал полицияси мамлакат миллий терма жамоасида аввал ўйнаган ва ҳозирда ўйнаётган 5 футболчини келишилган учрашувларда иштирок этганликда айбдорлар сифатида ҳибсга олди. Бу ҳақда HimalayanTimes нашри хабар тарқатган.
"Ҳибсга олинган футболчилар 2008 йилдан бери ўтказилган учрашувларнинг натижаларига таъсир кўрсатишда айбланишади", деб маълум қилган Катманду полицияси вакили Сарбендра Кханал.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари маълумотларига кўра, бу футболчилар узлуксиз равишда келишилган учрашувларда майдонга тушиб, мамлакат ичидаги ва ташқарисидаги букмекерлик идораларидан ўйинларнинг натижаларини таъминлаб беришгани учун маблағ олиб туришган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон чемпионатида ҳам келишилган учрашувлар бўлиб ўтиши тасдиқланган, шу йилнинг сентябрь ойи охирги кунларида «Пахтакор» - «Металлург» учрашуви келишилган деб топилган ҳамда бекободликлар бош мураббийи Рустам Мирсодиқовнинг мураббийлик лицензияси бекор қилинганди.