Кириш Регистрация

Безовталикдан футболча бутунлик сари

Баҳо:
+ | -

Миллий терма жамоалар иштирокидаги расмий учрашувларни мухлислар ҳамиша интизорлик билан кутишади. Бу сафар ҳам шундай бўлди. 8 октябрь куни оқшом тушиб, соат миллари 20:00га етиши жуда қийин кечди. Яхшики, КХДР ва Филиппин терма жамоалари ўртасидаги учрашув барвақт тугади ва мухлислар ўша баҳс натижасини муҳокама қилиб, бироз ҳовурларини босишди. Аммо аксарият мухлислар кўнглидаги безовталик барибир, тинмади. Қўнғироқларда яккаш бир савол такрорланаверди: «Филиппин термасининг жиғига тегиб қўйдик, чоғи. Ана у ҳам отини қамчилаяпти. Баҳрайн - ноқулай рақиб! Буёғи нима бўлади?»

Навбатдаги қўнғироқдан сўнг саволга савол билан жавоб қайтарамиз:

- Ҳозир қаердасиз?

- Мингбулоқда пахта теряпмиз.

- Ҳосилни чўғи қалай?

- Чор атроф чаман-чаман пахта. Териб тугатиш керак буларни.

- Қойил! Демак, нигоҳлар пайкалда, қўллар чаноқда, хаёлда эса футбол...

- Шунақа. Биз кўролмасак ҳам, йигитлар ютишсин-да.

- Э, кўнгилни тўқ қилинг, албатта, ютамиз...

«Сотка» садо бераверади. Кимдир чегара постида, яна биров автомобиль рулида, бошқа мухлис дарсда...Хуллас, ҳамма ҳар ерда, кўнгилда эса футболнинг ширин ва безовта ташвиши, яъни «Нима бўлади?» деган савол.

Аввалига шундай фидойи мухлисларимиз борлигидан фахрландик, кейин эса мулоҳаза юритдик. Бу мухлислар қайсидир клубларга ҳам тарафкашлик қилишади. Лекин очиғини айтганда, бу сафар ўша севимли клубларига қайғуришмайди. Ўртада Ватан шаъни турганида, миллий терма жамоамиз учун ғалаба ғоят муҳим бўлган пайт уларнинг кўнглида ўзгача туйғулар уйғонди, наинки, уйғонди, балки мулоҳазалар тилга кўчди.

Қарангки, мухлислар кўнглини авайлаб, уларга ишонч бағишлаш учун футболчиларимиз Баҳрайн термаси устидан сўзсиз, ғалаба қозонишлари хусусида сўзлайверибмиз. Сўзларимизга ишонқирамай қулоқ солган мухлисларни эса саволга тутаверибмиз:

- Хўш, Сервер Жепаров Осиёдаги қайси машҳур футболчидан кам? Одил Аҳмедов ва Азиз Ҳайдаров нима учун ўз клубларида етакчи ҳисобланишади? Сардор Рашидовни трансфери учун «Ал-Жаиш» бежиз яхшигина сарфладими? Баҳрайнликлар сафида мана шу футболчилар билан баравар беллашадиган истеъдод борми?

Юқоридаги саволлар ўз ўрнида таъсирини ўтказди. Биз мухлислар билан биргаликда ғалабага ишондик. Фақат таъкидлаш жоизки, бу каби ишонч руҳини, ғалаба кайфиятини шакллантириш осон бўлмади.

Мулоқотлар чоғи сезилдики, мухлислар қалбида ғалабага нисбатан қатъий ишонч руҳи анчагина емирилиб, инқирозга юз тутибди. «Нима бўлади?» саволи замиридаги безовта руҳдан ўша чоғ барчани юрак бағри эзилди. Аслида халқаро миқёсдаги улкан ғалабаларга қодир истеъдодлар жамланган миллий жамоамизга нисбатан ишонч руҳи негадир, аниқроғи, маълум сабабларга кўра, йўқолиб бўлган экан.

Мана, ўша ишончнинг тиклаш ишлари бошланди. ЎФФ ташаббуси ўлароқ, Самвел Бабаян бош бўлаётган бу хайрли иш ҳозирданоқ ўз мевасини бермоқда.

Бундан 2 ой муқаддам мухлислару мутахассислар (ҳатто Самвел Вячеславовичнинг ўзи ҳам) Филиппин термаси таркибида фуқароликни алмаштирилган маҳоратли футболчилар борлиги хусусида хавотир билан фикр билдиришганди. Кейинчалик Баҳрайн термасининг футболимиз учун ноқулай рақиблиги билан боғлиқ мулоҳазалар қайнаб-тошди. Биз эса, «Филни ип билан боғлаб бўлмайди» номли мақоламизда хавотирга тушаётган мутахассислар реал вазиятни баҳолай олишмаётгани ҳақида хулоса айтгандик. Энди маълум бўлмоқдаки, қўрқув-хавотирда туриш ва шу руҳни футболчилару мухлислар онгу шуурига сингдириш ҳеч қачон ўзини оқламайди. Қўрқув-хавотир бошқа, ҳурмат ҳиссини уйғотиш бутунлай ўзга масала. Ўша мақоламизда Александр Мостовойнинг «Леонид Слуцкий шогирдлари ҳаттоки, иккинчи таркиб билан ҳам Лихтенштейн термасини енгишади, безовталикка ҳожат йўқ», деган мутлақ мантиққа асосланган фикрини келтиргандик. Кўзи пишган мутахассис ортиқча мақтанмайди, ўз мантиқи билан ғолиб чиқади. Бугун Леонид Слуцкий Россия терма жамоасида аввал кузатилган инқироз футболчилар эмас, балки Фабио Капелло иш услуби билан алоқадор эканлигини исботлади. Ниҳоят, у ҳам таркибда қисман ўзгаришларга қўл урди ва мажбуран бўлсада, 34 ёшли Олег Кузьминни майдонга туширди. Дон Фабио раҳбарлигида Молдова термасига қарши ўз майдонларида ўта зерикарли ўйин намойиш қилиб, аранг дуранг қайд этишган руслар бу гал сафарда дадил тўп суришди.

Самвел Бабаянда ҳам худди Слуцкий каби аста-секин ўз кучига ишонч руҳи ортиб бормоқда. У ҳам Виталий Денисов ўрнини мажбуран ўзи ишонадиган Станислав Андреевга топширди ва Марат Бикмаевни яна таркибга қайтарди. Тўғри, Бикмаев ҳозир яхши спорт формасида, бироқ масаланинг руҳий жиҳатлари борлигини унутмайлик. Гап шундаки, Хитойда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида Баҳрайн жабрини чеккан аламзадаларнинг энг аламзадаси айнан Марат Бикмаев эди. Кун ўтавераркан, сабр қилган муродига етаркан. Марат ҳам шу тариқа баҳрайнлик футболчиларга алам шаробини ичиришда муносиб ҳисса қўшди.

Ҳа, баъзи футболчилар хизматидан фойдаланиш палласини ҳис қилиш ҳам мураббий маҳоратидан далолатдир. Ана Антонио Конте узоқ Канадада тўп сураётган Жовинкони яна Италия термаси сафига чорлади. Футболчи эса бунга жавобан майдонда шашту шижоат билан ўйнади. Демоқчимизки, Самвел Бабаян мураббийлик ва руҳшунослик бобида хорижлик ҳамксабларидан асло қолишмайди. Очиғи, Бабаянни уларга нисбатан тажрибасизроқ дейишга тил бормайди. Унда шунчаки мураббийлик амалиёти кам, қолган барча масалаларда термамиз устози таниқли касбдошлари билан баҳслашишга тайёр.

Фақат, у энди  шу маромни ушлаб туриш ва яна тараққий этиш учун изланишдан тўхтамаса, бас. Чунки футбол олами - ривожланишдан тўхтамайдиган жараён. Эртага рақиб эришган маррага етиб бориб, озгина тин олдингми - тамом! Негаки, индинга рақиб янги марралар сари кетаётган бўлади. Буни ирланд футболчилари «немис машинаси»ни тўхтатиб, иордания­лик футболчилар эса «кенгурулар»нинг  «халтачаси»га 2та жавобсиз тўп солганча, кўрсатиб қўйишди. Йўқ, футбол Осиёнинг барча ҳудудларида бир текис ривожланмаяпти. Дейлик, Қирғизистон ва Ҳиндистонда нисбий ривожланиш кузатилмоқда. Қатар ва Иорданияда эса Европа стандартларига интилиш кучли. Футболимиз мана шу нозик фарқни англашда давом этса ва қайси рақибдан чўчиш ва чўчимасликни ҳис қилишни мукаммал эгалласа, унга ғалабалар ёр бўлаверади. Албатта, бўлажак ғалабалар учун биз тилга олган бир-икки омилнинг ўзи етарли эмас. Унутмайликки, футболимиз доимо мухлису мутахассислар бирдамлиги ва амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлашларига эҳтиёж сезади. Бу борада еврофутбол ўзини ёрқин мисолларини  кўз-кўз қилмоқда. Маълумки, Мишель Платини еврофутболнинг мудроқ қатламларини уйғотишга уриниб, «кўҳна қитъа» чемпионати финал босқичида 24та терма жамоа иштирок этишини таъминлади. Шу ташаббус сабаб, еврофутболнинг ўша мудроқ қатлами оёққа қалқди. Ҳозирда Исландия, Уэльс, Шимолий Ирландия каби камтарона терма жамоалар Туркия, Голландия, Босния ва Герцеговина, Греция сингари анча-мунча «дружина»ларни ортда қолдириб, Франция-2016 йўлланмасини қўлга киритишди. Ирландия термаси шу мақсадни кўзламоқда. Ҳаттоки, камсуқум кипрликлар ҳам эзгу мақсад йўлида дадил одимлаб, сафарда Исроил термасини мағлубиятга учратишди.

Кўриниб турибдики, мантиққа мос орзу қилиш қудрати ёрқин ғалабалар асосидир. Фақат бу орзу - ғалабалар спорт принципларига мувофиқ, қўллаб-қувватланса, бас. Ён қўшнилари Украина термасига мадад бериш мақсадида Беларусь футболчилари сафарда «С» гуруҳи етакчилардан бири - Словакия  жамоасига қарши аёвсиз «жанг»га киришдилар. Ваҳоланки, Беларусь термаси Евро-2016 йўлланмасидан аллақачон умид узганди. Украина термаси учун наинки, 3 очко зарур, балки Словакия термасининг қоқилиши ҳам муҳим эди. Икки қўшни юрт вакиллари сафар учрашувларида бу ишни мардона уддалашди.

Шундай қилиб, футболни мардоналик, ҳалоллик, имконга яраша орзулар қутқармоқда. Футболимиз шу йўлдан оғишмай борса, «Нима бўлади?» каби оғриқли ва безовта саволларга ўрин қолмайди.

Муҳаммад ВАЛИ, “ИнтерФУТБОЛ” газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 23:24, 15.10.2015.
Ўқилди: 2216 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.