Айни дамда футболимиз жамоатчилиги эътибори Ўзбекистон кубоги финал баҳсига қаратилгани сир эмас.
Жиззах шаҳридаги кўркам “Сўғдиёна” стадионида “Насаф” ва “Бунёдкор” жамоалари ўртасида мамлакат кубоги финал учрашуви бўлиб ўтади. “Қалдирғочлар” раҳбари Бахтиёр Бобоев SPORTS.uz интернет-портали мухбирига ушбу муҳим ўйиндан нималар кутаётгани ва “Бунёдкор”нинг финалга тайёргарлиги ҳақида гапириб берди.
— Бахтиёр ака, “Бунёдкор”нинг бугунги ҳолати ҳақида нима дея оласиз?
— Хабарингиз бор, клубимизни ривожлантириш стратегиясига асосан жамоамиз таркиби сезиларли ёшартирилди. Мамлакат чемпионати ва кубоги, Осиё чемпионлар лигаси учрашувларида тўпланган тажриба ёшларимизнинг терма жамоалар сафида ишончли ўйин намойиш этишига замин ҳозирлади. Ўринбосарлар таркибимиз ёшлар лигасида пешқадамлик қилмоқда. Тез орада ўз мактабимизда камол топган ёш истеъдодлар асосий таркибда кўпчиликни ташкил этишига ишонамиз. Бугунги кунда авлодлар алмашинуви жараёни давом этмоқда. Бундай пайтда барча учрашувларда юксак савиядаги ўйин кўрсата оладиган жамоани бирданига шакллантириш мушкул. Бунинг учун вақт зарур. Ҳар қандай вазиятда ҳам “Бунёдкор” олдидаги вазифалар ўзгармайди – биз доимо энг юксак марраларни эгаллашга ҳаракат қиламиз.
— Жамоанинг сиз бошқарган ўйинларига эътибор қаратадиган бўлсак, 3 та ўйинда 3 хил натижа қайд этилди. Бунга сабаб нима?
— Уйда ғалаба қозондик, сафарда кўзлаган мақсадимизга ета олмадик. Бир тарафдан, ўзимиз яратган имкониятлардан фойдалана олмаганимиз панд берди. Боз устига, рақибларимиз бизга қарши жон-жаҳдлари билан ўйнашди ва қайсидир маънода уларга омад ҳам кулиб боқди. Афсуски, футболда доим ғалаба қозонишнинг иложи йўқ. Шундай бўлса-да, футболчиларимиз ўз вазифаларини имкон қадар яхшироқ бажаришга ҳаракат қилишаётганини алоҳида таъкидлаган бўлардим.
— Сизнингча, U-20 ЖЧда иштирок этган ёшлар кўпроқ мақтаб юборилмадими?
— Ёшларимиз жорий мавсум мобайнида терма жамоа ва клубимиз сафида жуда кўп масъулиятли учрашувларда майдонга тушишмоқда. Улар барча мусобақаларда максимал натижага эришишга интилишмоқда. Менимча, ҳар бир футболчи яхши ўйин кўрсатса, зафар қучса мақтовга лойиқ ва оммавий ахборот воситалари бундай спортчиларни қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ. Шунда уларнинг ўз кучига ишончи ортади. Демак, янада яхшироқ ўйнашга интилади. Лекин ўринли мақтов билан талтайтириб юборишнинг фарқи бор. Ота-оналар, маҳалла аҳли, қариндошлар, таниш-билишлар бу борада ёшларга тўғри йўл кўрсатишлари муҳим. Биз ёшларимизнинг ҳар бир ютуғидан қувонамиз, улар билан фахрланамиз, келажагига ишонамиз. Шу билан бирга учрашувлардаги хатти-ҳаракатларини таҳлил қилиб, хатоларини кўрсатамиз, уларни тузатиш бўйича тавсиялар берамиз.
— Финалда имкониятлар 50 га 50 дедингиз. Лекин айрим мутахассислар қаршиликларнинг кучларига кўпроқ баҳо беришмоқда. Сиз бунга қандай муносабатдасиз?
— Мен ўз фикримни билдирдим. Ҳар бир мутахассис ўз фикрини айтишга ҳақли. Бевосита ўша учрашув куни ким кучлироқ бўлса, яхшироқ ўйин кўрсатса, ғалаба қозонишининг тарафдориман. Ўз навбатида, “Бунёдкор” кубок финалларидаги ғалабалари сонини яна биттага кўпайтириш учун бор имкониятларни ишга солиб ўйнашга тайёрланаётганини таъкидлаган бўлардим.
— “Қалдирғочлар” финалга қанчалик тайёр? Яъни, руҳий томондан жамоа ҳал қилувчи баҳсга шайми?
— Финалга ўз режамиз бўйича ҳозирлик кўряпмиз. Жисмоний, тактик-техник ва руҳий жиҳатларни инобатга олишимиз табиий. Руҳий томондан биз устунликка эгамиз, чунки кубок учун аввалги финалларда биз қаршиликларни мағлубиятга учратганмиз. Жиззахдаги учрашувда футболчиларимиз маҳорат ва ирода намойиш этишларига ишонамиз.
— “Бунёдкор” чемпионат ўйинларига эътиборсизлик билан қараётгандек. Оқибатда олий лигада 4-ўринни бой бериб қўйиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Бу билан жамоа бор эътиборини айнан кубок финалига қаратган дейиш мумкинми?
— Бу фикрга қўшилмайман. Биз учун ҳар бир учрашув муҳим – чемпионат баҳсими, кубок ўйиними – фарқи йўқ. Ғалабани кўзлаб майдонга тушамиз. Лекин учрашувда рақиблар ҳам ғалабага интилишади.
— “Бунёдкор” ўтган йили кубок ярим финалида “Насаф”ни мусобақадан чиқариб юборганди. Ўша ярим финалчилар билан бу йилги финалчилар орасида қандай фарқ бор? Сизнингча, қайси жамоа кўпроқ ўсишга эришди?
— Ўшанда баҳс тақдири икки учрашувда ҳал бўлган. Бу сафар нейтрал майдондаги битта ўйинда ғалаба қозониш талаб этилади. Назаримда, иккала жамоа ҳам ўзи танлаган йўлдан ривожланиб бормоқда. “Насаф” бу йил Осиё чемпионлар лигасида қатнашиб, тажриба орттирди. “Бунёдкор” таркибига ўтган йили кириб кела бошлаган ёшлар ортда қолган давр мобайнида катталар ўртасидаги турнирларда қандай ўйин кўрсатиш кераклигини яхшироқ англаб етишди.
— “Насаф”нинг “Бунёдкор”дан кучли томонлари нимада?
— Қаршиликлар бир неча йилдан буён барқарор таркиб билан ўйнаб келишмоқда. Асосий таркибнинг барча етакчилари финалга тайёрланмоқда. Жамоамиз ўзагини ташкил этувчи икки етакчимиз – марказий ҳимоячи Хайрулла Каримов ва марказий ярим ҳимоячи Жавлон Иброҳимов эса турли сабабларга кўра финалда қатнаша олмайди. Аммо йигитларимиз Жиззахда жамоадошларининг йўқлигини билдирмасликка ҳаракат қилишлари шубҳасиз.
— Жамоанинг 10 йиллик тўйи кенг нишонланиши кубок финалидаги натижага боғлиқми?
— “Бунёдкор” ташкил этилганининг 10 йиллиги муносабати билан тадбирлар жорий йил мобайнида ўтказиб келинмоқда. Ўсмирлар ўртасида халқаро турнир, футбол ва меҳнат фахрийларини учрашувларимизга таклиф этиш, мухлислар ҳамда ёшлар ташкилоти фаоллари билан учрашувлар ўтказиш, юбилейга аталган видеоролик ва ҳужжатли фильм яратиш, китоб ва эсдалик совғалари тайёрлаш кабилар амалга оширилмоқда. 10 йил мобайнида эришилган зафарларимиз барчага яхши маълум. Шу боисдан юбилейни ўтказиш биттагина учрашув натижасига боғлиқ эмас. Йил охирига қадар турли тадбирлар давом этади.
Бекзод Исаев суҳбатлашди.