Кириш Регистрация

Темур Ҳакимов: "Юлдузлик каслига чалингандим..."

Баҳо:
+ | -

2011 йили Мексика яшил майдонларида ўтган ўсмирлар  ўртасидаги мундиалда Ўзбекистон терма жамоаси таркибида ўзининг мафтункор ўйинлари билан мухлислар меҳрини қозонган Темур Ҳакимов бугунги кунда 1-лига вакили - Тошкентнинг «Оқ-тепа» клубида тўп суряпти. Ўшанда дунёнинг кучли саккизлигига киришни уддалаган ўсмирларимизнинг аксарияти келгусида етакчи клублар сафига  қўшилиши тахмин қилинганди. Лекин амалда бундай бўлиб чиқмади. Футбол осмонида тезда порлаган юлдузчалар ана шундай тезликда сўнишганди. Улар орасида Темур Ҳакимов ҳам бор. Ёш ҳужумчи ҳозирда «Оқ-тепа»нинг тўпурари бўлиб турибди. Унинг ҳисобида 17та гол бор. Турнир тўпурарлари пойгасида эса ҳозирга қадар «Обод» рақиблари дарвозасини 20 марта ишғол этган Алишер Азизовдан ортда бормоқда. Ўтган ҳафтанинг сўнгги куни Темур Ҳакимов билан учрашиб, ундан интервью олдик.
- Темур, Ўзбекистон биринчилиги якунланишига 5-6 тур қолган бир паллада «Оқ-тепа» олий лигага чиқиш учун асосий даъвогарлардан бири бўлиб турибди. Суҳбатимиз аввалида 1-лига ўйинлари ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

- Айниқса, сўнгги тур учрашувлари ўта қизиқарли руҳда кечмоқда. Аутсайдерлар етакчиларга етарлича ташвиш туғдиришяпти. Бугун ҳамма футбол ўйнашни ўрганиб олган. Кутилмаган натижаларнинг қайд этилиши ҳам шу омил билан боғлиқ. Кўз тегмасин, ҳозирча турнир жадвалида пеш­қадамлик қиляпмиз. Афсуски, сафарда «Зомин»га ютқаздик. Энди очко йўқотишга асло ҳаққимиз йўқ. Олдимизда элитага чиқиш вазифаси турибди. Бунинг учун қолган учрашувларда ғалаба қозонишимиз шарт. Асосий таъқибчиларимизнинг очко йўқотишини кутмаслигимиз керак. Акс ҳолда, панд ейишимиз мумкин.

- «Зомин» билан ўйиндаги мағлубиятга нима сабаб бўлди?

- Менимча, ўша кун бизга аталмаганди. Қолаверса, майдоннинг ҳолати ҳам аянчли кўринишда эди. Сифатдан ташқари, майдоннинг ҳажми ҳам кичкина, белгиланган стандарт­ларга жавоб бермайди. Биздан фарқли ўлароқ, мезбонлар у ерда тўп суришга мослашишган. ПФЛнинг бу стадионда ўйин ўтказилишига рухсат берганини тушуниш қийин. Улоқ-кўпкари ўтказиладиган майдонга ўхшайди (кулади). Бир томондан, мезбонларнинг ўйинга юқори руҳий тайёргарликда тушганлигини ҳам унутмаслик керак. Ҳар бир тўп учун охиригача кураш олиб боришди. Хуллас, юқорида санаб ўтилган омилларнинг бари жамоамиз мағлубиятига, қимматли очколарнинг бой берилишига сабаб бўлди.

- Қизиқ жиҳати шундаки, бундан аввалги икки ўйинда асосий рақиб - «Обод»ни мағлубиятга учратгандинг­лар. Нима деб ўйлайсиз, кичик «Пойтахт дербиси»да ниманинг ҳисобига ғалаба қозондинглар?

- Ҳақиқатан ҳар иккала ўйин принципиал аҳамиятга эга эди. Бу клублар ҳам олий лига йўлланмаси учун кураш олиб боришяпти. Биласиз, биринчи лигада фақат ғолиб жамоа тўғридан-тўғри олий лигага йўл олади. Иккинчи ўрин эгаси эса элитанинг 15-жамоаси билан ўтиш учрашувида майдонга тушади. Бунда биринчи лига клубининг имкониятлари пасаяди. Шу сабабли ҳам «Оқ-тепа» ва «Обод»  қуйи лигада ғолиблик учун кураш олиб боришяпти. Шахсий фикрим, ўша иккала ўйинда ҳам ғалаба кўпроқ бизга керак эди. Руҳий томонлама «Оқ-тепа» учрашувга яхшироқ тайёргарлик кўра олди. «Обод» билан кечадиган иккала ўйин ҳам олий лигага чиқиш йўлидаги энг катта ташланган қадам бўлишини ҳаммамиз тушуниб тургандик.

- Эътиборлиси, «Обод» билан ўтказилган ҳар икки ўйинда ҳам «дубль» қайд этиб, жамоангиз ғалабасига улкан ҳисса қўшдингиз...

- Бундан албатта, хурсандман. Ўзимга қолса, шахсий ютуқлардан кўра жамоам муваффақиятини устун қўяман. Голларим билан жамоамга ёрдамим тегаётгани ўз вазифамни бажаришга ҳаракат қилаётганимдан далолат. Шу ўринда рақиб дарвозасини ишғол қилишда менга катта ёрдам бераётган жамоадошларим Собир Усмонхўжаев, Анвар Раҳимов, Элдор Магдеевга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Насиб қилса, спорт формамни тиклаб, яна аввалгидек ўйин кўрсатишга ҳаракат қиламан.

- Олий лига ҳавосидан нафас олгансиз. «Пахтакор»да бир неча мавсум тўп сурдингиз. Умуман, кўпчилик ёшларнинг орзусидаги клубдан кетиш қийинчилик туғдиргандир?

- «Пахтакор» ҳамиша менинг юрагимда, қалбимда қолади. Шу клуб орқали катта футболга кириб келдим, Ўзбекистон ўсмирлар, ёшлар, олимпия терма жамоаларига таклиф этилдим. Вақти келиб, албатта, «Пахтакор»га қайтиб, мазмунли ўйинларим ва голларим билан мухлисларни хушнуд этаман. Фурсатдан фойдаланиб, шу клубда футболчи бўлиб шаклланишимга катта ҳисса қўшган барча инсонларга ташаккур изҳор қилмоқчиман. Уларнинг қўллаб-қувватлашлари, берган сабоқлари туфайли футболчи бўлиб етишдим.

- Аввал йўл қўйилган хато ва камчиликлардан тўғри хулоса чиқариб олган бўлсангиз керак?

- Албатта. Ўтган бир-икки йил яхшигина сабоқ вазифасини ўтади. Тан оламан, ўзимни анча йўқотиб қўйгандим. Юлдузлик касалига дучор бўлгандим. Энди ҳаммаси ортда қолди. Керакли хулосаларни чиқардим. Ҳозир яна аввалгидек футболга чанқоқман, машғулотларда астойдил ишлаяпман. Насиб қилса, яқин орада футбол мухлислари яна аввалги Темур Ҳакимовни кўришади.

- 2011 йил сиз ва Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг бошқа футболчилари учун омадли келди. 1994 йилда туғилган «олтин авлод» ўзбек футболи тарихидан жой олди...

- Жаҳон чемпионатида қатнашишни орзу қилмайдиган футболчининг ўзи йўқ. 17 ёшимда илк ниятим амалга ошди. Ўзбекистон терма жамоаси либосида ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этдим. Кечагидек эсимда, Мексикага етиб борган илк кунимиз терма жамоадаги футболчилар билан йиғилиб, «Бу ёғига йўқотадиган нарсамиз йўқ, ўз ўйинимизни намойиш этиб, Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасидан ёрқин из қолдирайлик», деб ўзаро келишиб олгандик. Мураббийларимиз ҳам тўғри кўрсатмалар беришган. Афсуски, илк ўйинда мағлубиятга учрадик. Янги Зеландияга қарши кечган баҳсда йирик 1:4 ҳисобида ўйинни бой бергандик. Ваҳоланки, жаҳон чемпионати арафасида айнан шу терма гуруҳ аутсайдери сифатида қайд этилганди. Ўша ўйинда терма жамоамиз етакчилари Сардор Раҳмонов ва Аббос Махсталиев Осиё чемпионати финалида олинган қизил карточкалар туфайли майдонга туша олишмаганди. Қолаверса, ўз хатоларимиз ҳам бизга панд берганди.   Шундай бўлсада, ўйиндан кейин мураббийларимиз ҳали ҳеч нарса йўқотилмагани, кейинги икки учрашувда вазиятни ижобий томонга ўзгартириш имконияти борлигини уқтиришди. Энг муҳими, барчаси ўз қўлимизда эканлигини айтиб, бизни руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватлашган. Натижада гуруҳнинг ке­йинги икки баҳсида АҚШ ва Чехия термаларини мағлубиятга учратиб, нимчорак финалга йўлланма олганмиз. Айниқса, АҚШ таслим этилгач, ўз кучимизга бўлган ишонч яна ҳам ортган. Бунинг самараси ўлароқ, гуруҳнинг энг кучли жамоаси Чехия ҳам мағлубиятга учратилди. Энг қийин ўйин ҳам айнан европаликларга қарши кечди. Ўзи аслида, жаҳон чемпионатида осон ўйиннинг ўзи йўқ. Ҳар бир учрашувга худди сўнгги ўйинга чиқаётгандек тайёргарлик кўргандик. Нимчорак финалда Авс­тралияга тўқнаш келдик. «Яшил қитъа» вакилларига қарши учрашув ҳам осон кечмади. Бу жамоа билан Осиё чемпионатида ҳам ўйнагандик. Охир-оқибат уларни ҳам ютиб, якунда дунёнинг кучли саккиз терма жамоаси сафидан жой олдик.

- Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоа­ларимизнинг жаҳон чемпионатларида иштирок этиши анъанага айланди. Бу албатта, яхши. Лекин масаланинг бошқа томони ҳам борки, ўша кичик мундиалларда порлаган юлдузчаларимиз кейинчалик йўқолиб қолишяпти. Сизнингча, бунинг сабаби нимада?

- Мазкур жараён ҳамма футболчида турлича кечади. Истаймизми, йўқми, бу ўтиш даври ҳисобланади. Ушбу ёшда футболчилар ўзгарувчан бўлишади. Кимдир юлдузлик касалига учрайди, оёғи бироз ердан узилиб қолади. Яна кимдир «Бўлди, мен жаҳон чемпионатида иштирок этдим», деб ўз устида ишламай қўяди. Айрим ҳолларда футболчиларга ўз клубларидаги мураббийлар ишонч билдиришмайди. Оқибатда асосий эътибор ёши катта ва тажрибали футболчиларга қаратилади, ёшлар захирага «михланади». Қолаверса, катталар футболи ўсмир ёки ёшлар футболидан кескин фарқланади. Мен айнан шу омиллар таъсирига тушиб қолдим. Лекин ўз вақтида тегишли хулосаларни чиқардим. Мана, секин-аста яна аввалги ҳолатимга қайтяпман. Ҳали ўз сўзимни айтаман. Бунинг учун биринчи галда олий лигага чиқишимиз керак.

- Айни пайт 17та гол билан чемпионат тўпурарлари орасида иккинчи ўринни эгаллаб турибсиз. Якунда бу пойгада ҳам ғолиб чиқиш ниятингиз бўлса керак?

- Албатта, бор. Лекин энг асосий мақсадим - «Оқ-тепа» сафида олий лига йўлланмасини қўлга киритиш. Ке­йин эса тўпурарлик. Ҳозир «Обод» ҳужумчиси, «Пахтакор»даги собиқ жамоадошим Алишер Азизов ҳисобида 20та гол бор. Ҳали олдинда чемпионатнинг 6та баҳси бор. Тўпурарлар пойгасида биринчи ўринга чиқиб олишим учун бу ўйинлар кифоя қилади, деган умиддаман. Кўряпсизми, барибир, «Пахтакор» бошқалардан ажралиб туради. Кучли мактабга эга жамоа тарбияланувчилари бугунги кунда биринчи лигада тўпурарлик қилишяпти.

- Олий ва биринчи лига ўртасидаги тафовутни қандай баҳолайсиз?

- Фарқ сезиларли. Лекин «Обод» билан ўтган ўйинларимизни бемалол элитадаги учрашувларга тенглаштириш мумкин. Ҳатто айрим олий лига ўйинларидан ҳам қизиқроқ кечди. Томошабинлар чиройли футболдан ташқари, дарвозаларга урилган бир нечта голларга ҳам гувоҳ бўлишди. Мухлислар учун энг муҳими ҳам голлардир. Тўғри, аксарият ўйинларда савия сезилиб қолади. Айниқса, аутсайдер клубларга қарши учрашувларда бу ҳолат яққол кўзга ташланади. Биринчи лигадаги энг катта муаммо - майдонларнинг аянчли ҳолати. Уларда футбол ўйнаб бўлмайди. Жароҳат олиш хавфи жуда юқори. «Зомин»га тегишли стадион фикримга исбот вазифасини ўташи тайин. Ўз навбатида, қуйи дивизион стадионларга томошабинлар ташрифи бўйича бемалол мақтана олади. Ҳаммасиям эмас-ку, лекин аксарият ўйинлардаги мухлислар сони олий лига учрашувларидагига нисбатан кўп. Биринчи лиганинг ютуқ томони ҳам шунда. Масалан, «Андижон» таркибида биринчи лигада ўйнаганимда, стадионга бунчалик кўп одам кирмасди. Ҳозир «Оқ-тепа» жамоасининг сафар ўйинларига ҳам кўпчилик ташриф буюряпти. Таркибимизда ўз вақтида терма жамоа ва олий лига клубларида ўйнаган футболчиларнинг борлиги ҳам бунга замин яратяпти. Ўйлайманки, элитага чиқсак, «Оқ-тепа»га мухлислик қиладиганлар сони яна ҳам ортади.

- Темур, футболдан ташқари бўш вақтлар ҳам бўладими?

- Унчалик кўп эмас. Асосан машғулотлар, ўйинлар, сафарлар... лекин юзага келган қисқа вақтдан ҳам унумли фойдаланишга интиламан. Мисол учун, китоб ўқишга жуда ҳам қизиқаман. Асосан кечқурун, ёлғиз қолган пайтимда бадиий китобларни мутолаа қиламан. Кейин одатда, кўп вақтимни дўстларим билан ўтказаман. Улар ҳам футболни жуда яхши кўришади. Суҳбат мавзуси асосан, футболга бориб тақалади. Уй учрашувларимизга келиб, стадионда қўллаб-қувватлашади. Бунинг учун улардан миннатдорман. Шунингдек, саёҳат қилиш жону дилим. Жамоамиз билан Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарларга борганимда, албатта, у ердаги қадимий обидаларни зиёрат қиламан. Бутун дунёдан жуда кўп сайёҳлар ташриф буюришади. Осори атиқаларга бой мамлакатда истиқомат қилиб, бундай тарихий масканларга бормаслик уят. Шундай жаннатмакон юртда яшаётганимдан фахрланаман.

- Шу кунларда миллий терма­миз ЖЧ-2018 иккинчи саралаш ўйинларида иштирок этяпти. Ҳозирча бош жамоамизга мундиалнинг финал босқичида қатнашиш насиб қилганича йўқ. Хўш, сизнингча, бу галги уриниш қандай якунланаркин?

- Ўтган галги саралаш баҳсларида термамиз омадсизлик туфайлигина Бразилияга бора олмаганди. Қандайдир иккита тўп бизни ЖЧ-2014дан четда қолдирганди. Бу жуда ҳам афсусланарли. Тарихга назар ташласак, сўнгги саралаш босқичида 16 очко жамғариб, финал босқичига чиқолмаган жамоанинг ўзи йўқ экан. Лекин минг афсуски, тўплар нисбатига кўра биз эмас, Жанубий Корея термаси мундиалга йўлланма олди. Терма жамоамиз Самвел Бабаян бошчилигида саралаш баҳсларида иштирок этяпти. Мен бу мутахассисга ишонаман, унинг қўл остида ўйнаганман. Ҳар бир футболчига алоҳида ёндашади. Энг катта ютуқларидан бири - ўйинчиларни руҳлантира олиши. Миллий термамиз айнан Самвел Бабаян қўл остида 2018 йили Россияда ўтказиладиган жаҳон чемпионатида иштирок этишига ишонаман. Жамоамизга олдиндаги ўйин­ларда зафар ва омад ёр бўлишини чин дилдан истаб қоламан.

Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 14:20, 17.10.2015.
Ўқилди: 3821 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.