Кириш Регистрация
26/04 00:00 Брайтон 0-4 Манчестер Сити
26/04 16:00 Таиланд 3-3 Тожикистон
26/04 19:00 Ўзбекистон 2-0 Саудия Арабистони
26/04 19:00 Ўзбекистон 3-3 Эрон
26/04 22:30 Ироқ - Вьетнам
26/04 23:45 Фрозиноне 3-0 Салернитана
27/04 00:00 Монпелье 1-1 Нант
27/04 00:00 Реал Сосьедад 0-1 Реал Мадрид
27/04 16:30 Вест Хэм - Ливерпуль
27/04 17:00 Лас-Пальмас - Жирона
27/04 18:00 Лечче - Монца
27/04 19:00 Ман. Юнайтед - Бёрнли
27/04 19:00 Вулверхэмптон - Лутон
27/04 19:00 Фулхэм - Кристал Пэлас
27/04 19:00 Ньюкасл - Шеффилд Юнайтед
27/04 19:15 Альмерия - Хетафе
27/04 21:00 Ювентус - Милан
27/04 21:30 Эвертон - Брентфорд
27/04 21:30 Алавес - Сельта
27/04 23:45 Лацио - Верона
28/04 00:00 Астон Вилла - Челси
28/04 00:00 ПСЖ - Гавр
28/04 00:00 Атлетико - Атлетик Бильбао
28/04 15:30 Интер - Торино
28/04 16:00 Метц - Лилль
28/04 17:00 Кадис - Мальорка
28/04 18:00 Тоттенхэм - Арсенал
28/04 18:00 Борнмут - Брайтон
28/04 18:00 Лорьян - Тулуза
28/04 18:00 Клермон - Реймс
28/04 18:00 Страсбур - Ницца
28/04 18:00 Болонья - Удинезе
28/04 19:15 Гранада - Осасуна
28/04 20:05 Ренн - Брест
28/04 20:30 Ноттингем Форест - Манчестер Сити
28/04 21:00 Наполи - Рома
28/04 21:00 Аталанта - Эмполи
28/04 21:30 Вильярреал - Райо Вальекано
28/04 22:00 Лион - Монако
28/04 23:45 Фиорентина - Сассуоло
29/04 00:00 Марсель - Ланс
29/04 00:00 Бетис - Севилья

Ибрагимович «ПСЖ» «шоҳи»?!

Баҳо:
+ | -

Ҳа, яқин-яқингача «ПСЖ» тарихидаги энг яхши тўпурар саналган португалиялик собиқ ҳужумчи шундай фикрда. Швециялик новча голеадор 4 октябрь куни «Марсель» дарвозасига белгиланган 2та пенальтини бехато бажариб, Педро Паулетанинг 109та голдан иборат рекордини қулатди. 2:1 ҳисобида якунланган ўйиндан сўнг эса, L~Equipe нашри собиқ рекордчига айланган португалиялик юлдуздан интервью  олишни пайсалга солмади.

- Мана, рекордингиз янгиланди. Бу сиз учун унчалик ёқимли хабар бўлмаса керак.

- Нега, аксинча, жуда хурсандман. Чунончи, барча рекордларим вақти келиб, кимдир томонидан янгиланишини тушунардим. Қаранг, буюк футболчи, буюк ҳужумчи Ибрагимович бунинг уддасидан чиқди. Умуман, айнан унинг янги чўққи ҳосил қилганидан хурсандман. Ахир Ибра жаҳондаги энг буюк 3 ёки 4 нафар футболчидан биридир.

- Қизиқ, агар Ибра «ПСЖ» бу қадар кучли бўлмаган ўша сизнинг даврингизда ўйнаганида, нечта гол ура оларди?

- Албатта, юқори савияли футболчилар билан кучли клубда тўп сурсанг, кўпроқ гол уриш имкониятига эга бўласан. Лекин шубҳа йўқ, Златаннинг ўзи алоҳида ўрин тутади - у улкан иқтидор соҳиби. Муболаға эмас, «ПСЖ» айнан унинг голлари туфайли Европанинг етакчи клублари қаторига қўшилди. Хуллас, Париж жамоасининг юксалишида унинг хизматлари беқиёс. Тўғри, шунинг баробарида тан оламан, вақт масаласида омад менга нисбатан Златанга кўпроқ кулиб боқди...

- Ибрагимович «ПСЖ» билан шартнома тузгач, эҳтимол, «У менинг рекордимни янгилайди» қабилида ўйлагандирсиз...

- Бундай ҳиссиёт менга бегона эмас. Яъни Роналдудан шундай натижа кутгандим ва адашмадим («Реал» етакчиси 2 йилча олдин Педро Паулетанинг Португалия терма жамоасида гол уриш бўйича ўрнатган рекордини янгилади - 47та). Хуллас, бундай миқёсдаги футболчи чиқиши билан энди ҳеч нарса сенга боғлиқ эмаслигини дарҳол тушунасан.

- Агар имкон бўлганида, Ибрагимович билан битта жамоада ўйнай олармидингиз?

- Нега энди ўйнолмас эканман? Эҳтимол, ғоят эффектли тандем ҳосил қилармидик... Ахир биз турли услубларда тўп сурадиган ҳужумчилармиз-ку.

- Ибранинг устунлик жиҳати нима?

- У жисмонан жуда бақувват. Яна техникаси мукаммал. Бундай бўй ва вазни оғир футболчининг техникаси ҳам зўр бўлиши кам учрайдиган ҳолат. Дейлик, мен соф ҳужумчи ролини бажарардим ва фақат охирги зарбани кутардим. Хуллас, вазифам гол уришдан иборат эди, холос. Ибра эса, зарур бўлса, орқага қайтади, комбинацияларда фаолроқ иштирок этади. Бу масалада бизни ўзаро таққослаш шунчаки, иложсиз.

- Златан шунинг баробарида сал одамови, тўғрироғи, мағрур йигит. Шундай бўлсада, у билан рекорд масаласида бирор марта гаплашганмидингиз?

- Йўқ. Ўзи биз 2 ёки 3 мартагина учрашган ва уларда ҳам саломлашиш билан чекланганмиз. Лекин энди Ибрани алоҳида табриклайман. Зеро, у футболчи сифатида менга жуда ёқади.

- Нима деб ўйлайсиз, у жорий мавсум нечта гол ураркин?

- Ҳарқалай, аввалги мавсумдагидан оз урмаса керак. Тўғри, бунда жароҳатланмаслиги ва жисмоний томондан яхши ҳолатда бўлиши муҳим. Қисқаси, Ибра қандайдир Ди Мария каби футболчилар билан ўйнаб ҳам, ҳали кўп гол уради.

«ПСЖ» тарихидаги бошқа 3 нафар тўпурар янги рекордчи ҳақида

Доминик Рошто (100та гол, 1980-1987 йиллар):

- Ибра ва Паулета билан ёнма-ён туриш - катта шараф. Златанни ҳурмат қилиш керакми ёки йўқ, буни билмадиму, аммо менимча, иқтидорини очиқчасига тан олиш жоиз. У ҳақиқий жангчи. Дейлик, мабодо гол уролмаса, ғазаб отига минади. Энг катта устунлиги эса - мақсад сари йўлда ҳеч чекинмаслиги. Бундай гавдали футболчилар одатда тез қайрилишни ҳам уддалолмайдилар. Златан эса жуда чаққон ва техникаси юқори. Менга унинг ўйин услуби ёқади. Фаолиятим давомида Сушич, Далеб, Платини каби буюк футболчилар билан бирга ўйнаганман. Улар соф ҳужумчи саналишган. Ибра ҳам шундай, аммо ҳаракат йўналиши анча кенг. Ибрагимовични у «ПСЖ»га келишидан анча олдин ҳам кузатардим. Айтишим мумкин, у вақт ўтиши билан анча кучайди. Ҳа, ёшлигида ҳаракатчанроқ эди, энди эса кўпроқ тажрибаси ва ақлига таяниб тўп сурмоқда. Ҳа, ажойиб жамоа айнан Ибра учун ўйнамоқда. Аммо унутмаслик керакки, Златан Испания ва Италия биринчиликлари каби оғир лигаларда ҳам гол уришни уддалаган. Яна бир томони, Франция чемпионатида қисқа вақт ичида 100тадан кўп гол уриш анча мушкул вазифа. Кўпчилик унинг юқори даражали совринларни кўп ютмаганлигини айтади. Мен эса, жамоалари билан айтарли ҳеч нима ютишмаган буюкларни биламан. Мисол учун, Симонсен (даниялик футболчи 1977 йили «Олтин тўп» соҳибига айланган)... Яна бир гап:  агар Ибра бошқа мамлакат термасида ўйнаганида, кўпроқ муваффақият қозонарди.

Мустафо Далеб (98та гол, 1974-1984 йиллар):

- Шундай қисқа вақтда рекорд ўрнатгани унинг буюклигидан далолат. Златанда битта камчилиги бор: бу ҳам бўлса, камчиликдан холи эканлиги! Рақиб ҳеч қачон унинг қандай зарарсизлантиришни билмайди. Негаки, барча хусусиятлари мукаммал: техника, жисмоний тайёргарлик, голни сезиш қобилияти, тезкорлик... Услуби қандай? Буни аниқлаш қийин. Умуман, Златанни кимдир билан таққослаш ҳам ўринсиз. Унинг қайчи усулида урган голи (2013 йили «Бастия» дарвозасига) ҳамон эсимда. Бунақаси фақат Златаннинг қўлидан келади. Ҳа, балки характери сал оғирроқдир. Лекин унинг етакчи эканлигини ҳисобга олиш даркор. Битта ачинарли томони, ёши ўтиб боряпти-да...

Франсуа М~Пеле (95та гол, 1973- 1979 йиллар):

- Рекордни айнан Златан янгилагани мантиққа мос. Ахир у клуб тарихидаги энг яхши ҳужумчи. Ҳозирги жамоада ўйнаш  роҳатнинг ўзгинаси. Ибранинг қуроли  - охирги зарбани йўллаш қобилияти. У бу борада ўта чаққон. Бошқа жиҳатлар бўйича эса, унчалик кўзга ташланмайди. Тўғри, яна атлетик хусусиятларини тилга олиш ўринли. Камчиликлари ҳам етарли: тезлиги у қадар баланд эмас, тўпни тўғри оёғига ташлаб бериш талаб этилади... Аслида, бундай бўй билан янада кўпроқ гол уриши керак. Шуларга қарамай, Ибра ўз ишининг уддасидан чиқмоқда. Яъни гол уряпти - бу асосийси. Лекин барибир, ўзини янада яхшироқ намоён этиши мумкин эди. Шахсан мен Кавани услубини маъқуллайман. Ўзим ҳам шундай ўйнаганман. Тўғри, кўпроқ ҳаракатланиш, тез-тез очилиш учун талаба даражасидаги тезлик лозим (кулади). Златан - индивидуал шахс. Ҳамма Ибра ҳақида гапиради, у эса шу орқали имиджини яратади. Бошқача айтганда, ўз қадрини билади. Биз жамоавий футболчилар бўлганмиз, у эса, чинакам юлдуз! Мисол учун, шахсий кўрсаткичларини устун қўяди ва шунинг учун ҳам, ўзига хос ўйинчи ҳисобланади.

 

Пушкаш, Forbes, «Барселона». Златан Ибрагимовичга рақамлар асосида назар

1 - Златан Ибрагимович томонидан биринчи автобиографик китоб 2011 йили чоп этилган. Швециялик ёзувчи Давид Лагаркранц ҳаммуаллифлигида ёзилган асар «Мен - Златан» (Jad Ar Zlatan), деб номланган. Футболчи унда кўплаб воқеаларни ошкора баён этиб, чинакам «олов» ёққан.

3 - Златан «ПСЖ»га ўтишига қадар ҳеч бир клубда 3 мавсум ушланиб турмаган. Тўғри, айни пайт Парижда 4-мавсумини ўтказмоқда.

5 - Златан Ибрагимович шарафига Швеция почта хизмати томонидан 5та марка чиқарилган. Футболчининг ўзи ташаббусни қўллаб-қувватлаб, лойиҳада фаол иштрок этганди. 2014 йили маркалар сотувга чиқарилди ва бошида 5 миллион донага буюрма тушди.

8 - Златан шу ёшда биринчи футбол клуби - «Балкан» аъзосига айланган. Бу жамоада Болқон мамлакатларидан келганлар ўйнашарди. Златанни дарҳол ёши каттароқ йигитлар гуруҳига қўшишади, чунки у болалар орасида алоҳида ажралиб турарди. Умуман, Ибрагимович 14 ёшигача айнан «Балкан»да тўп суради ва шундан сўнг «Мальмё» сафига қўшилади.

8 - Златан кетма-кет 8 мавсум (2004-2011 йиллар) ўзи ўйнаган мамлакатларда чемпион бўлган. Голландияда «Аякс» билан шоҳсупага кўтарилган Ибра Италияда «Ювентус» ва «Интер» сафида кетма-кет 5 марта скудетто ютади, кейин Испанияда «Барселона» учун ўйнаб, бўйнига олтин медаль тақади ва «А» сериясига қайтишини «Милан»нинг чемпионлиги билан нишонлайди.

9 - Ибра нақ 9 марта Швециянинг энг яхши футболчиси, деб топилган. Охирги йилларда у мутлақо рақобатдан холи - 2007 йилдан буён совринни бегона қилмади.

11 - Златан Ибрагимович баданида 11та татуировка бор. Улар асосан шахсий ҳаётига дахлдор: қўлларида ота-онаси ва фарзандларининг исмлари порлаб туради. Шунингдек «Ибрагимович коди» ҳам - барча яқинларининг туғилган санаси. Энг эътиборли татиуровкалар - қизил аждарҳо сурати ва «Фақат Худо олдида жавоб бераман» ёзуви.

15 - Transfermarkt.de сайти ҳозирда Златан Ибрагимовичнинг трансферини атиги 15 млн. еврога баҳоламоқда.

18 - Ибрагимович шунча йилдан буён катта футболда. Унинг дебют ўйинида «Мальмё» камтарин «Фрёлунде»ни 2:1 ҳисобида енгганди. Тўғри, ўша мавсум Златан учун даҳшатли тугаган - «Мальмё» қуйи лигага тушиб кетган.

27 - Ибрагимович шунча жамоавий соврин соҳибидир. Агар у медаль ва кубокларини алоҳида шкафга жойлаштиришни истаса, ҳаммаси сиғмаслиги тайин. Швед миллий чемпионатлардаги ғалабалари ёнига УЕФА суперкубоги ва Клублар ўртасидаги ЖЧ совринини қўшиб қўйган. Тўғри, унинг коллекциясида 2та муҳим турнир  - ЧЛ ва УЕФА кубоги (ЕЛ) медали йўқ.

34 - Златан шу ой бошида 34 ёшга тўлди. Бироқ у йил ўтгани сайин ёшараётгандек.

41,8 - Forbes журнали ҳисоб-китобига таянсак, Златаннинг йиллик даромади 41,8 млн. еврога тенг. Замонамизнинг фақат икки буюк футболчиси - Криштиану Роналду ва Лионель Мессигина Златандан кўпроқ топишади.

50 - Бутунжаҳон озиқ-овқат лойиҳаси доирасида очликка қарши кураш тадбири чоғи Златан Ибрагимович ўз баданига 50та номни ёзди. Кейинчалик YouTube тизимида шведнинг изоҳини ўз ичига олган ролик пайдо бўлди: «Ер юзида 805 миллион киши очликдан жабр чекади. Уларнинг кўпи - болалар. Яъни урушлар, табиий офатлар ва камбағалчилик қурбонлари. Бутун дунёда кўплаб мухлисларга эгаман. Улар мени чин юракдан қўллаб-қувватлашади. Бугун шу қўллаб-қувватлаш чинакам муҳтож кишиларга йўналтирилишини истайман».

57 - Златан Швеция терма жамоаси учун шунча гол урган (охирги ўйин ҳисобга киритилмаган). У айни пайт ўз миллий жамоасининг энг яхши тўпурари ва ҳозирги натижаси билан тўхтаб қолмоқчи эмас.

69,5 - «Барселона» 2009 йили Златаннинг трансфери учун «Интер»га 69,5 млн. евро тўлаган. Қўшимча тарзда Самуэль Это~Они Италия клубига юборганди. Бироқ Каталония жамоаси либоси Ибрага «ярашмади». У «Барса» учун барча турнирларда атиги 22та гол урди ва Хосеп Гвардиола билан келишолмай, бир йилдан кейиноқ жамоани тарк этди.

107 - Ибрагимович Швеция терма жамоасида шунча марта майдонга тушган (охирги ўйин ҳисобга олинмаган).У бу кўрсаткич бобида кучли ўнликда. Швеция термасининг амалдаги футболчиларидан эса, Андрес Исакссон ва Ким Чельстрёмгина Златандан кўпроқ ўйнашган.

169 - турли клублар томонидан Златаннинг трансфери учун 169 млн. евро тўланган. Бу борада швед жаҳон футболидаги энг қимматбаҳо ўйинчи саналади. Яъни ҳеч кимнинг трансферига бунчалик кўп пул сарфланмаган.

343 - Златан клуб футболидаги фаолиятида жами шунча гол урган: «Мальмё» - 16та, «Барселона» - 22та, «Ювентус» - 26та, «Аякс» - 47та, «Милан» - 56та, «Интер» - 66та ва «ПСЖ» - 110та.

2013 - Златан 2013 йили энг чиройли гол муаллифи сифатида Ференц Пушкаш номидаги совринни қўлга киритди. Унинг Швеция-Англия (ўртоқлик) учрашувида 35 метрлар узоқликдан қайчи усулида зарба бериб, кимсан Жо Хартни доғда қолдиргани кўпчиликнинг ёдида ҳали узоқ вақт сақланса керак. Бу зарба Ибранинг ўзига хослиги, йўқ жойдан гол ҳосил қилишига далолат. Шунинг учун ҳам, кўпчилик оғир характери ва калондимоғлигига қарамай, уни яхши кўради, қадрлайди.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 16:09, 18.10.2015.
Ўқилди: 5156 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.