«Зенит»нинг бош тўпурари Халк сўнгги баҳсларда голга ассистентлик қилишни ҳам ўрнига қўймоқда. Мисол учун, у питерликларнинг «Ростов»га қарши ўйинларида 3 марта самарали тўп узатди. 11-тур доирасидаги ўша учрашув «Зенит»нинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганини ҳисобга олсак, бразилиялик голеадор клубда бош тўпурарлик баробарида бош ассистентлик ролига даъво қилаётгани ойдинлашади. Айни пайт «Зенит» 21 очко тўплаган ҳолда, турнир жадвали пешқадами - ЦСКАдан нақ 8 очко ортда қоляпти. Шундай бўлсада, Халк якунда айнан унинг клуби олтин медаль соҳибига айланишинини ишонч билан таъкидлаяпти.
- «Зенит» ЧЛда жиддий рақиб - «Гент»ни мағлубиятга учратганидан сўнг камтарин «Ростов» билан ўйинга шайланишинглар қийин кечгандир...
- Албатта, ўйинлар даражасида кескин фарқ бўлса, иштиёқ бобида муаммолар сезилиши мумкин. Қолаверса, тиғиз тақвим ҳам қўшимча қийинчиликлар туғдиради. Ахир тикланиш учун ихтиёримизда вақт етарли эмас. Лекин «Ростов» билан учрашувга яхши кайфиятда келдик. Яъни ўзимизга ишонч кучли эди, барчаси яхши кечишига шубҳа қилмадик. Яна бир нарсани таъкидлашим ўринли, айни пайт биз учун «Ростов» каби клубларни енгиш аҳамияти «Гент»дан устун келишимиздан кам эмас. Ахир турнир жадвалидаги ҳолат очко йўқотмасликни тақозо этади. Бир нарсага аминман, Бразилия терма жамоаси ихтиёридан «Зенит»га янада кучлироқ иштиёқ билан қайтаман.
- Халк эндиликда «Зенит»нинг нафақат энг яхши тўпурари, балки бош ассистенти ҳам.
- Ҳа, бундан ғоят хурсандман. Боз устига, ўз майдонимиздаги чемпионат баҳсларида анчадан буён ғалаба қозонолмагандик. Албатта, 3 очко йўлида биргина мен эмас, бутун жамоа меҳнат қилди. Ўзи кимнинг гол уриши муҳим эмас. Агар кейинчалик барчаси худди шундай давом этиб, биз чемпион бўлсак, умуман гол урмасликка ҳам қарши эмасман...
- Ажойиб кўрсаткич - охирги 2та ўйинда нақ 5та голга ҳаммуаллифлик қилдингиз. Бошқа томондан, «Гент» ва «Ростов» дарвозасини ўзингиз ишғол этмадингиз...
- Қайтараман, агарда менинг узатмаларим ғалабамизни таъминлайдиган бўлса, унда гол урмасам ҳам, майли. Муҳими - жамоанинг натижаси. Айни пайт бизда ажойиб муҳит ҳукмрон. Шундай экан, «Гент» ва «Ростов»ни мағлуб этмасак ҳам бўлмасди.
- Ўтган мавсум 21та гол урган ҳолда, 9тасига ассистентлик қилган эдингиз. Шунга қарамай, ҳамма битта гапни қайтарарди: «Халк - қизғанчиқ». Айни пайт эса ҳисобингизда 12та самарали узатма ва 8та гол бор. Бу сизни худбинликда айблаганларга ўзига хос жавобми?
- Футболни диққат билан кузатиб борувчилар яхши билишади, «Порту»да тез-тез голга ассистентлик қилардим. Агар «Зенит»да 20та гол уриб, 30тасига тўп узатсаму, клубимиз чемпионлик тахтига кўтарилса, бунга мутлақо розиман.
- Яна бир факт: сиз голли «пас» берган ўйинларда «Зенит» бирор марта ютқазмаган...
- Хурсанд қиладиган ҳолат. Энг асосийси, ҳозир Петербургда ва «Зенит»да ўзимни мутлақо бахтиёр сезяпман. Клубга тўлиқ мослашиб олдим. Бизда ажойиб мураббийлар ва футболчилар бор. Дейлик, физиотерапевт Эдуарду ва малакали шифокорлар, массажчилар қисқа фурсатда тикланишимиз учун катта ёрдам беришяпти. Шу жойда «Зенит»нинг қойилмақом мухлисларини ҳам алоҳида мақташим жоиз. Шундай экан, бизнинг фақат сифатли футбол кўрсатишимиз қоляпти, холос.