Кириш Регистрация
30/06 00:00 Германия 2-0 Дания
30/06 05:00 Канада 0-0 Чили
30/06 05:00 Аргентина 2-0 Перу
30/06 20:00 Насаф 3-2 Навбаҳор
30/06 20:00 Металлург 1-4 Олимпик
30/06 21:00 Англия 2-1 Словакия
01/07 00:00 Испания 4-1 Грузия
01/07 05:00 Ямайка 0-3 Венесуэла
01/07 05:00 Мексика 0-0 Эквадор
01/07 19:30 Нефтчи - Пахтакор
01/07 21:00 Франция - Бельгия
02/07 00:00 Португалия - Словения
02/07 06:00 АҚШ - Уругвай
02/07 06:00 Боливия - Панама
02/07 21:00 Руминия - Нидерландия
03/07 00:00 Австрия - Туркия

Футбол маромдан ором топади

Баҳо:
+ | -

«Насаф» - Ўзбекистон кубогининг янги соҳиби! Очиғи, аксарият мухлислар шуни исташганди. Қаранг, шу истак тантана қилди. Чунки «аждарлар»нинг ҳозирги таркиби Рўзиқул Бердиев томонидан бир неча йил аввал шакллантирилганди. Жамоа Артур Геворкяннинг атрофида жипслашди. Туркманис­тонлик легионер ўз навбатида, клуб яловбардорига айланди. Энг муҳими, Рўзиқул Бердиев етакчи танлашда адашмади.

«Пахтакор»дан Қаршига йўл олган футболчи ўтган вақт ичида ўзи ва жамоаси учун неларнидир исботлаши зарур эди. Зеро, у кетгач, «шерлар» 2 бора чемпионлик унвонини қўлга киритишди. Қисқаси, Артур Геворкяндаги ҳолат «Насаф»нинг кубок йўлидаги курашида қўшимча ҳаракатлантирувчи омил вазифасини бажарди. Қолаверса, Рўзиқул Бердиев жамоаси бу йил оби-тобига келди, мураббийнинг орзу-режалари футболчилар томонидан бир маромда амалга оширилмоқда. Тўғри, бу маромнинг миқёси ҳали чемпионлик учун курашиш даражасига кўтарилмаганлиги аниқ, аммо у кубок соҳиби бўлиш учун ўзида куч топди. Ҳа, ҳаммаси мураббий томонидан шу маромни маҳкам ушлаб турилиши билан боғлиқ. Агар маром бузилса, ҳатто энг кучли жамоалар ҳам рақобатга бардош беришолмайди. Донгдор Голландия терма жамоасининг Евро-2016 финал босқичида иштирок этмаслигининг асосий сабабларидан бири - шу. Гарчи таркибида премьер-лиганинг юлдузлари жамланишмаган бўлсада, Англия терма жамоаси Евро-2016 саралаш босқичида мутлақ максимал натижа қайд этди. Чунки Рой Хожсон жамоадаги ички муҳитни бир маромда бошқарди, таркибда кескин ўзгаришларга қўл урмади. Рой Хожсон танлаган маром Англия терма жамоасига Евро-2016 йўлланмасини қўлга киритишда у қадар қийинчилик туғдирмади, бироқ унинг қудрати Евро-2016да ғолиб чиқишга етадими-йўқ - буни вақт кўрсатади. Ҳар ҳолда, Германия, Испания, Италия каби кучли терма жамоаларда аввалгига нисбатан депсиниш кўзга ташланмоқдаки, Хожсон шогирдлари мазкур вазиятдан фойдаланиб қолишлари мумкин.

Кўриниб турибдики, «Насаф» ҳам, Англия термаси ҳам ёрқин юлдузлари билан мақтанолмайди, бироқ ҳар иккисида мураббий ва етакчининг мус­таҳкам тандеми мавжуд. Биз қайта-қайта тилга олаётган маромнинг вужудга келишида мана шундай мустаҳкам тандемнинг ўрни беқиёс. Бугун «Реал», «Барселона», «Челси», «Ливерпуль», «Милан», «Интер» каби машҳур клублар юксак маром илинжида изланишмоқда. Дейлик, «Реал» мутасаддилари Рафаэль Бенитеснинг ишидан ҳам қониқмай, «Қироллик клуби»га муносиб мураббий топиш ва Гарет Бэйлни жамоага сингдириш борасида бош қотиришмоқда. Ҳолбуки, бу муаммолар аллақачон ўз ечимини топиши керак эди. Роналду ҳарчанд юксак натижалар сари интилмасин, жамоа ички муҳитида, бошқарувида маром сезилмаса, ундаги нодир истеъдод бор бўйича ўзини намоён этолмайди. Шунинг учун ҳам бош мураббий танлаш ёки уни алмаштириш, трансфер сиёсатини оқилона олиб бориш ғоят муҳим иш ҳисобланади. Салгина хато ҳам кучли клубларни инқироз сари бошлаши ҳеч гап эмас. Мана, ўзининг ажойиб академиясига таяниб иш тутадиган «Барселона»дек клуб ҳам ўша зарур маромни сақлашда қийинчиликларга дуч келмоқда. Клуб мутасаддилари «Иньеста яна 2-3 йил бемалол ўз савиясида тўп суради, Месси мўъжизаси ножўя таъсирлардан мутлақо иҳоталанган», деб ўйлашди, чоғи. Акс ҳолда, аввал Сеск Фабрегас ва Алексис Санчес, кейин Педро Родригесни бошқа жамоаларга қўйиб юборишмасди. Мана, Луис Энрике энди Сандро Рамирес, Серхио Роберто, Мунир каби футболчилар хизматидан фойдаланишга мажбур. Улар эса майдонда ўзларини эркин ҳис этишолмаяпти. Неймар ҳам бу муаммо олдида қийналганини назарда тутсак, уларнинг бундай тўсиққа учрашишлари табиий ҳол. Неймар узоқ вақт Мессининг таъсир доирасидан чиқиш, унинг босимидан холи бўлишга интилди, лекин бу борада роса эзилди. Ниҳоят, Месси жароҳатланди. Қарангки, Неймар аргентиналиксиз тўп суришга ҳам руҳан тайёр эмас экан. Шу боис, у даст­лаб довдираб қолди ва жамоа етакчилигини қўлга ола билмади. Фақат, «Райо Вальекано» билан баҳсда бироз ўзини эркин ва хотиржам сезди. У ҳақиқатан ҳам, юлдуз футболчи ва бу юлдуз 4та гол тимсолида ниҳоят, тўрт тарафга шуъла сочди. Аммо бу ҳол «Барселона» ўйин услубида кўпчилик кутган маром пайдо бўлганини англатмайди. Маром йўқми, демак, «Реал» ҳам, «Барселона» ҳам кутилмаганда, очко йўқотаверади.

Умуман олганда, барча гранд клублар, анъанавий кучли терма жамоалар маром бузилишидан азият чекмоқдалар. Аргентина ва Бразилия терма жамоаларининг ЖЧ-2018 йўлидаги илк баҳслари, «Арсенал»га 3:0 ҳисобида ютқазиб, худди шу ҳисобда «Эвертон» устидан зафар қучган «МЮ»нинг ўйинлари фикримиз далилидир. Фақат «Бавария» бундан мустасно, назаримизда. Гвардиола таркибда кескин янгиликлар қилса ҳам, унинг клуби ҳамон аввалги ўйин услубини, барча кўниккан маромни сақламоқда. Ана, аслида истеъдодли мураббий ҳисобланган Брендан Рожерс «Ливерпул»да шу ишни уддалолмади. «Қизиллар» вақтида 3та «С» (Суарес, Старриж, Стерлинг) бирлиги билан сурурландилар. Афсуски, бу узоққа чўзилмади. Такрор бўлса ҳам айтамизки, Гвардиола буни эплаяпти. Агар бугунги «Барселона» Месси ва Иньестасиз ўзини ноқулай сезаётган бўлса, Швайнштайгер, Роббен ва Риберисиз қолган «Бавария» ҳамон равон йўлида дадил одимламоқда. Ваҳоланки, аввалги «Бавария»ни бу футболчиларсиз тасаввур қилиш мушкул эди.

Бу борада «Насаф»нинг Ўзбекис­тон кубогини қўлга киритиши Рўзиқул Бердиев шакллантирган ва бугун натижа кўрсатишга тайёр ҳолга келган маром билан чамбарчас боғлиқ эканини изоҳладик, фикрларимизни хориж футболидаги маълумотлар воситасида мустаҳкамладик. Шу мулоҳазаларнинг давоми сифатида айтамизки, «Пахтакор» ва «Локомотив» клубларининг кубок финалидан четда қолишларига айнан ўша маромнинг бузилиши сабаб бўлди, чоғи. «Пахтакор»дан Самвел Бабаян кетди, Виктор Жалиловга олимпия жамоа­си масъулияти юкланди. «Локомотив»­­да эса Вадим Абрамов потенционал имконияти юқори футболчилар сонини ҳаддан зиёд кўпайтириб юборди. Хуллас, ҳар икки жамоада маромнинг турли жиҳатларига алоқадор бузилишлар кузатилди. Айниқса, «Локомотив»нинг чемпионлик учун кураша туриб, яна икки очко йўқотгани ғоят афсусланарлидир. Не бўлганда ҳам, «темирйўлчилар» сўнг­ги турга қадар умид узмай, чемпионлик орзуси ила тўп суришса, бундан фақат футболимиз ютади. Ана, кубок соҳибларининг сафи биттага кўпайди, чемпионлар осмонида ҳам янги юлдуз порласа нима бўлибди?! Муҳими, ҳаммаси ҳалол ва мардона, спорт принципларига асосан юз берса, бас. «Қўқон-1912»га эса қойил! Чемпионлик учун курашаётган жамоа­га 0:2 ҳисобида ютқаза туриб, «Лестер» каби ўйнаш ва ҳисобни тенг­лаштириш - жуда мушкул вазифа. Рус­там Абдуллаев шогирдлари ниҳоятда қимматли бир очко учун ўша мушкул вазифани ҳалол бажаришди. Уларга ўрнак бўлган «Лестер» ҳам ўтган шанба оқшоми ўз анъанасига содиқ қолиб, ғалабага аниқ ишонган «Саутгемптон»дан бир очко тортиб олди. Қизиғи, «Лестер» яна 2та тўп фарқини йўққа чиқарди.

Мулоҳазаларимиз якунида «маром» тушунчасининг маъноси аслида жуда чуқур эканини таъкидламоқчимиз. Масалан, битта чемпионат дои­расида бир авлод футболчиларидан ўсиб чиққан мураббийларнинг меъёрдан ортиқ бўлишлари ўша биринчилик маромига таъсир ўтказмайдими? Бу масалага ким қандай қараши бизга номаълум, аммо шахсий фикримизга кўра, Мухтор Қурбонов, Бахтиёр Ашурматов, Даврон Файзиев, Рўзиқул Бердиев, Игорь Шквирин, Андрей Фёдоров каби биргаликда тўп суришган собиқ футболчиларнинг мураббий сифатида жиддий рақобатга киришишларига барча ҳам ишонавермайди. Албатта, мураббий танлаш ва тайинлаш - ҳар бир клубнинг ички иши. Боз устига, номлари тилга олинган мураббийларнинг истеъдодли эканликларига ҳеч ким шубҳаланмайди. Юзаки қараганда, барчаси рисоладагидек, бироқ бу масалага ишончсизлик билан қараётганларнинг мулоҳазалари мутлақо ўринсиз, дейиш ҳам ғалати...

Фикримизча, юқоридаги каби маром бузилиши олимпиячиларимизнинг қитъа чемпионатига тайёргарлик жараёнида ҳам аста-секин бўй кўрсатмоқда. Уларнинг тайёргарлиги билан боғлиқ барча ишларнинг декабрь ойига сурилиши мухлисларда ташвиш уйғотмоқда. Хўш, қишнинг илк ойидаги тиғизлик олимпия­чиларга фойда ўрнига зарар келтирмайдими? Маром бузилмаслигига ким кафолат беради? Келинг, ушбу савол жавобсиз қолсин, яъни биз ҳам маромни бузмайлик.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 21:11, 20.10.2015.
Ўқилди: 2070 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.