Кириш Регистрация

«Аждарлар»нинг сири нимада?

Баҳо:
+ | -

Маълумингизким, октябрь ойи­нинг 16-санасида ўзбек футболи тарихида узоқ кутилган воқеалардан бири рўй берди. Яъни ҳар йили анъанавий тусда пойтахтимизда ўтказилиб келинувчи футбол бўйича Ўзбекистон кубоги финали бу гал Жиззах марказида қад ростлаган янги ва кўркам стадионда ўтказилди.

Қувонарлиси шундаки, бу янгилик ўзини тўла-тўкис оқлади. Чунончи, гарчи ўйин табиатнинг куз фаслига хос инжиқликлари туфайли кучли жала остида ўтган бўлсада, ўйингоҳ ўз бағрида шунча кўп мухлисни кўриб, чин маънода яйраб-яшнади (умид қиламизки, бу биринчи ва охирги «аншлаг» эмас). Жамоалар чинакам мухлисликка гувоҳ бўлишди. Мухлислар эса ўз навбатида, ҳақиқий ва «тоза» футболдан баҳра олишди. Демак, кубок финалларини галма-гал равишда мамлакатимиздаги мавжуд стадионларда ўтказиш ғояси чакки эмас. Юқорида айтганимиздек, кучли ёмгир таъсири бўлмаганида, эҳтимол, учрашув янада қизиқарлироқ ўтиши мумкин эди. Лекин шунисига ҳам шукур. Зеро «Бунёдкор» ҳам, «Насаф» ҳам ишқибозларга кутилган «спектакл»ни намойиш қилиб беришди. Бизни эса ўйин якунига етгач, бошқа бир савол ўйлантирди: нега бу икки клубнинг ҳар қандай турнирдаги ҳар қандай тўқнашуви ҳар гал томошабоп бўлаверади? Бунинг сири нимада? Келинг, яхшиси бу саволларга биргаликда жавоб топишга уриниб кўрамиз.

Бизнингча, бунга асосий сабаб шуки, ҳар иккала жамоа ҳам ҳужумкор футболни ёқтиради, ўз ўйинини худди шу усулда ташкил қилади. «Насаф» ҳам худди «қалдирғочлар» сингари йирик ҳисобда ғалаба қозонаётган бўлса ҳам, мағлубиятга учраётган бўлса ҳам кетма-кет ҳужумлар уюштираверади. «Бунёдкор» футболчилари анча йиллардан бери асосий эътиборни тўп назоратини қўлга олишга қаратиб келишаётган бўлса, «Насаф»да Анатолий Демьяненко давридан кейин кескин кўтарилиш юз берди ва жамоа футболчилари европача усулда тезкор қарши ҳужумларга таянадиган ва энг муҳими, ижобий самара келтирадиган ўйин услубини ўзлаштириб олди. Албатта, Демьяненкони эслашимиз кимларгадир ёқмаслиги ҳам мумкин. Зеро бугунги кунда жамоани истеъдодли ёш мутахассис Рўзиқул Бердиев бошқармоқда ва Ўзбекистон кубоги бешинчи уринишдан сўнг айнан шу инсон туфайли ахийри «аждарлар»га бўйсунди. Лекин унутмаслик лозимки, ўз вақтида Демьяненконинг мураббийликка таклиф қилинишидан мақсад ҳам аслида шу эди - кучли мутахассиснинг билим ва малакасидан фойдаланиб, Рўзиқул Бердиевнинг садоқати ва клубга муҳаббати билан бирга, ундаги футбол илмини юксак даражада ошириш. Биз учун муҳими шундаки, Рўзиқул Бердиев украиналик ҳамкасбига ёрдамчилик қилиб юрган вақтда яратилган ушбу имкониятдан жуда унумли фойдаланди ва бебаҳо тажриба орттириб олди. Қолаверса, у ўша билимлардан айни кунда максимал даражада фойдалана оляпти. Бу эса ҳар қандай ёш мураббийнинг қўлидан келавермайди. Тўғри тушунишингизни истардик, биз бу билан «Насаф» ҳамон ўша «қолип»да тўп суряпти ва муваффақиятларга эришяпти демоқчи эмасмиз. Гап шундаки, Қарши клуби мутасаддилари керакли пайтда керакли мутахассис ёрдамидан фойдаланиш эвазига керакли йўлга тушиб олишди. Барчамизнинг бахтимизга, «аждарлар»нинг бугунги устози мураббийлик салоҳияти борасида истеъдодли эканини исботламоқда. Ажабмаски, кейинги мавсумларда «Насаф»нинг ошиғи бундан-да олчироқ бўлса. Агар шундай бўлиб чиқса, демак «аждарлар» ривожланишнинг жуда тўғри йўлини топишибди. Балки уларнинг тажрибаларини оммалаштириш ҳам мумкиндир? Мисол учун, молиявий муаммолардан холироқ «ўртамиёна» клубларимиз озроқ пулнинг баҳридан кечиб, бир-икки мавсумга хориждан мураббий олиб келишса-да, унга ўзимизнинг маҳаллий ёш мураббийларимиздан бирини ёрдамчи қилиб тайинлашса, қандай бўларкин?!

Мана, бунга оддийгина бир мисол: «Манчестер Юнайтед» мураббийлигига Луи ван Галнинг тайинланиши чоғида рўй берган кичик можаро ёдингиздами? Ўшанда клубга хўжайинлик қилувчи Глейзерлар оиласи ван Галга катта маош таклиф қилиш билан бирга, ундан Райан Гиггзни ўзига ёрдамчи қилиб олишни ҳам талаб қил­ган. Голландиялик мутахассис эса бунга рўйхўшлик бермади. Узоқ давом этган мунозаралардан кейингина жаноб ван Галнинг моянаси янада оширилди ва шу тариқа Глейзерлар ўз мақсадларига етишди. Улар нега жон-жаҳдлари билан Гиггзни тажрибали мутахассис ёнига «тиқиштиришди»? Чунки Гиггзда клубга нисбатан сўнмас муҳаббат, фидокорлик ва садоқат бор. Сэр Алексдан кўплаб билимларни ўзлаштирган Райан ўзи мураббийлик қилган ўша тўрт ўйиндаёқ нималарга қодир эканини исботлаб улгурганди. Лекин Глейзерлар учун бу етарли эмас - улар «МЮ»ни кучайтириш орқали ўз чўнтакларини ҳам қаппайтиришни ўйлашади. Бунинг учун Гиггз шу даражага етиши керакки, унинг бошқарувидаги «МЮ» худди САФ давридагидек, чиройли ва самарали футбол кўрсатсин! Мана, Глейзерлар нимани кўзлашмоқда! Ишончимиз комилки, яқин келажакда клуб бошқаруви айнан Гиггз қўлига ўтади. Муҳими, у аввал ўша даражага етиб олиши шарт.

Мавзудан узоқлашмай, ўзимизнинг футболга қайтамиз. Тўғри, истеъдодли ёш мутахассислар учун юртимизда ўқиш учун етарлича шарт-шароитлар яратиб берилган. Лекин очиғини тан олайлик, «минг марта эшитгандан, бир марта кўрган афзал» деб бекорга айтишмаган-ку! Ёш мутахассисларимиз орасида истеъдодлилари кам эмас. Буни барчамиз яхши биламиз. Лекин истаймизми-йўқми, уларнинг кўпчилиги ўзлари тарбияланишган ўша собиқ иттифоқ давридаги машғулотлардан ортиғини бера олишмайди ёш авлодга. Ҳамма гап ана шунда! Жаҳон футболи эса бир жойда қотиб турмаяпти. Бугун Хосеп Гвардиола ўтказаётган қизиқарли машғулотлар жараёни ўша эски машқлардан кескин фарқ қилиши ва албатта, улардан кўра анча самарали эканини барча билади. Шундай экан, бу масала ўйланишга арзийди. Намунани эса кўрдик: «Насаф» узоқ йиллик орзусига етиб, кубокни Қаршига олиб кетди. Ютуқ муборак, «аждарлар»!

Аббосбек.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 06:37, 24.10.2015.
Ўқилди: 4396 марта.
Фикрлар: 12 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.