Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Норқул Даминов: "Келгусида бизда ҳам жаҳонга машҳур футболчилар етишиб чиқади"

Баҳо:
+ | -

Тан олиш керак, бугунги кунда юртимизда Қашқадарё футболи ўз ўрнини топиб бўлди. Воҳаликларнинг футболга бўлган меҳри ҳам баланд. Бу ерда амалга оширилган ва оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар эвазига бугун ютуқларга ҳам эришилмоқда.

Биз воҳа футболида кўп йиллардан бери фаолият юритиб келаётган Норқул ака Даминов билан вилоятимиз бош жамоаси “Насаф”нинг Ўзбекистон Кубоги соҳибига айланган бир паллада қисқача суҳбат уюштирдик.

Н.Даминов 1995-1996 йилларда “Машъал” ПФКда ижрочи директор, 1998 – 2008 йилларда “Насаф” ПФКда ўн йил давомида ижрочи директор лавозимида, сўнг вилоят ҳокимлигида спорт маслаҳатчиси бўлиб фаолият олиб борган. Ҳозирги кунда у киши Қашқадарё вилояти Футбол Федерацияси вице президенти бўлиб ишламоқдалар.

– Норқул Муродович, “Насаф” жамоасининг ўз тарихида илк марта Ўзбекистон кубогини қўлга киритганлиги билан сизни ҳам самимий табриклаймиз!

– Раҳмат бу шонли ғалаба билан “Насаф”нинг барча мухлисларини табриклайман, бу Қашқадарё ҳалқининг ютуғидир.

– Сизнингча ”Насаф” клубининг бундай ютуққа эришганлигининг сири нимада?

– Жамоанинг биринчи навбатда ички муҳити аъло даражада, аҳиллик яхши шаклланган, клубда тартиб интизом биринчи навбатда турса ва ҳар бир ходим ўз ишига сидқидилдан ёндошса ана шундай ютуқларга эришилади. “Насаф” клуби бугун ана шундай ҳақиқий маънодаги профессионал клубга айланган. Клубда ўз ишига фидоий инсонлар меҳнат қилишмоқда. Айниқса, шахсан ўзим “Насаф” жамоасининг бош мураббий Рўзиқул Бердиев қўл остида бу ютуққа эришганлигидан жуда хурсандман. Чунки, бу инсоннинг қандай футбол ўйнаганию, қандай бу даржага етиб келганича бўлган даврдан хабардорман.

Мен баралла айта оламан, Бердиев ўзига билдирилган юксак ишончни оқлади. Рўзиқул нимага эришган бўлса, барчасига ўзининг кучи билан эришди. Бу орқали у кўпларга намуна ҳам бўла олади.

– Қашқадарё футбол федерациясининг ҳозирги кундаги фаолияти ҳақида қисқача сўзлаб берсангиз

-Муҳтарам Юртбошимизнинг барча спорт турлари каби футболни ривожлантиришга қаратилган қарорлари юзасидан вилоятимизда кўплаб самарали ишлар олиб борилмоқда. Шуни таъкидлаш керакки, истиқболли режалар асосида болалар ва ўсмирлар футболини юқори даражага кўтариш чора- тадбирлари кўрилиб, барча туманларимизда футболни тарғиб этиш мақсадида, сунъий қопламали футбол майдонлари барпо этилмоқда. Бунақа футбол майдонларида йилнинг тўрт фаслида ҳам болаларни футбол ўйнашига имконият пайдо бўлмоқда. Эътибор берсангиз, воҳанинг қай гўшасига борманг футбол майдонларида ёш ўсмирларимиз билан гавжум. Албатта вилоят федерацияси болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида маҳалла, боғча, мактаб, коллеж ёшлари ўртасида ҳар йили мунтазам равишда футбол бўйича турли мусобақалар ўтказилиб келинади. Ёшлар ўртасидаги ўтказилаётган турли мусобақалар орқали иқтидорли болалар кашф қилинмоқда ва улар футбол мактабларига жалб этилмоқда. Ана шундай иқтидорли болаларни излаб топиш ва уларни вилоятимиз футбол клубларига тавсия этиш асосий вазифаларимиздан биридир.

– Вилоят иккинчи лигасида баъзи бир туманлардан иккитадан жамоалар иштироки бизни ҳайрон қолдирди

– Қарши шаҳрининг ўзидан тўрта жамоа Муборак, Ғузор, Чироқчи туманларидан иккитадан жамоа вилоят иккинчи лигасида фаол иштирок этишади. Боиси, бу шаҳар ва туманларда футбол мактаблари мавжуд бўлиб, тарбияланувчилар ўзларининг ўйин амалиётини иккинчи лигада ошириб боришмоқда. Биласизми, 1995-1996 йилларда Қашқадарёга катта футбол кириб келганида, воҳамизда анча муаммолар бор эди. Ҳозир эса кўриб турганингиздек, ижобий томонга қараб бораяпмиз. Тан олиш керак, ҳомий ташкилотларнинг футболимиз ривожига қўшаётган ҳиссалари ҳам беқиёсдир. Кейинги йилларда айнан уларнинг саи-ҳаракатлари эвазига вилоятимиз футбол инфраструктураси анча ривожланди. Биз бугун бу ютуқларимиз билан бемалол ғурурлана оламиз. Фақат бу имконият ва шароитлардан оқилона фойдалана олсак бўлди. Шу мақсадда мини ва катта футбол қатори, соҳил (пляж) футболини ривожлантириш борасида ҳам тадбирларни амалга оширмоқдамиз. Умид қиламанки, бу футбол тури ҳам вилоятимизда оммалашади.

– Вилоятнинг ҳар бир туманида футбол федерациялари бор, бу қандай самара бераяпти?

– Вилоят Футбол Федерациясига қарашли туман бўлимлари мавжуд.Туман федерациялари бизларга кўмаклашади. Улар олдига ҳам туманда футболни кенг тарғиб қилиш, иложи борича барча ёшдаги фарзандларимизни футболга кенг жалб қилиш вазифаси қўйилган. Ҳаттоки боғча ёшидан жажжи фарзандларимизни футболга қизиқтириш мақсадида кейинги йилларда болалар боғчаларида кичик соҳил (пляж) футболи майдончалари барпо қилишга эътибор қаратаяпмиз. Назаримизда, бу футбол соҳасини вилоятимиз буйлаб ривожлантиришда болалар боғчаларидан бошлаш маъқулдек. Чунки, ана шундай кичик майдончалар барпо қилишда биринчидан унчалик куч ҳам, маблағ ҳам талаб қилинмайди, иккинчидан бу кичик майдончаларда ёш болакайларни тўп тепишларига шароит яратилади. Агар соҳил футболи қанчалик оёқ мушакларининг тўғри ривожланишига, қолаверса танамиздаги кўринмас кичик касалликлар ҳам бу футбол ўйини орқали чиқиб кетишини ҳисобга олсак. Буни ривожлантириш фарзандларимиз соғлиги учун ҳам фойдадан ҳоли эмас. Ўзингизга маълум, қум устида кўп футбол ўйнайдиган Бразилиядан қандай футбол юлдузлари етишиб чиққан, бизга энди маълумки айнан мана шундай футбол юлдузлари ҳам ёшликда футболни ана шундай ўйнашиб, вояга етишган.

-Норқул Муродович, Қашқадарё футболи ривожланиш йўлида экан, аммо сизни ташвишга солаётган муаммолар ҳам борми?

– Ҳаёт ташвишсиз ёки муаммосиз бўлмайди. Шунингдек ҳаётда доимо биз истагандек ҳам бўлавермайди. Демоқчиманки, олдимизга мақсад қўйдикми, олдинга интиламиз, ўз мақсадимиз сари қўлимиздан келган барча қийинчиликларни енгиб ўтишимиз керак бўлади. Агар буни иложиси йуқ деяверсак, ўзимизни алдаган бўламиз. Вилоятимиз футболининг ривожланиши ўз-ўзидан бўлгани йуқ. Ривожланиш йулида вилоят ҳокими ҳам бизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Юқорида айтиб ўтганимдек, бу йўлда бизга ҳомийлик қилаётган ташкилот ва корхоналарнинг ёрдамлари ҳам катта эътирофга сазовор.

Олдимизда режаларимиз жуда кўп. Ҳозир бир муаммони ечиш учун бел боғлаганмиз, бу ҳам бўлса, футбол мактабларидан ташқари вилоятимиздаги ўқув юртлари билан футбол клублари ўртасидаги боғлиқни юзага келтириш. Бу нима дегани, шу нарсага аминманки бизда иқтидорли болалар жуда кўп, аммо улар назаримиздан четда қолиб кетаётгандек. Масалан бир иқтидорли, келажаги бор бола футбол мактабида таҳсил олмайди, аммо унда иқтидор бор. Бу иқтидорни футбол клуби мутасаддиси бориб кўришга вақти йўқ ёки бундан бехабар. Шунақа иқтидорлар назардан қолиб кетмаслиги учун бир тизим тўзиб чиққанмиз, бу тизим ҳақида ҳозир батафсил гапиришга фурсатимиз етмайди. Умид қиламанки, агар шу тизимни рўёбга чиқара олсак, келгусида биз четдан футболчи қидиришимизга ҳожат қолмайди. Керак бўлса, четдан бизга келиб ўйинчи қидиришади. Муҳтарам юртбошимиз таъкидлаганларидек, бизни ҳеч кимдан камлик жойимиз йўқ. Бизнинг танамизда ўтмишда ўз салоҳияти ва савияси билан дунёни лол қолдирган боболаримиз қони оқмоқда. Шундай экан, вақти келиб фарзандларимиз орасидан жаҳонга машҳур чарм тўп усталари етишиб чиқишига ҳеч шубҳа қилмасак ҳам бўлади. Фақатгина бунинг учун ўз ишимизга виждонан ёндошишимиз ва ҳалқимизга, она юртимизга содиқ ҳолда меҳнат қилсак, насиб этса бу мақсадимизга ҳам эришамиз.

-Суҳбатингиз учун ташаккур билдирамиз.

Фахриддин Чориев суҳбатлашди.

Манба: voha.uz
Киритилди: 11:07, 25.10.2015.
Ўқилди: 4217 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.