Кириш Регистрация
04/11 00:45 Интер 1-0 Венеция
04/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-1 Бетис
04/11 19:00 Ал-Васл 1-1 Ас-Садд
04/11 21:00 Ал-Аҳли (СА) 5-1 Аш-Шорта
04/11 21:00 Персеполис 1-1 Ал-Ғарафа
04/11 22:30 Эмполи 1-0 Комо
04/11 22:30 Парма 0-1 Женоа
04/11 23:00 Ал-Ҳилол 3-0 Истиқлол
05/11 00:45 Лацио 2-1 Кальяри
05/11 01:00 Сельта 1-0 Хетафе
05/11 01:00 Фулхэм 2-1 Брентфорд
05/11 13:00 Сентрэл Кост - Шангхай Шенхуа
05/11 15:00 Кавасаки Фронтале - Шангхай Порт
05/11 15:00 Виссел Кобе - Квангжу
05/11 17:00 Жоҳор Дорул Таъзим - Ульсан Хёндэ
05/11 19:00 Пахтакор - Ар-Райян
05/11 23:00 Ан-Наср (СА) - Ал-Айн

ЖЧ-2018 ва ОК-2019 сарлаши: Кимда қандай имконият?

Баҳо:
+ | -

«ИнтерФутбол» ЖЧ-2018|ОК-2019 саралаши 2-раунди 6-туридан сўнг юзага келган ҳолат таҳлилини эътиборингизга ҳавола этади. Табиийки, унинг доирасида турли жиҳатларга бирров назар соламиз.

Кутилганидек, Форс кўрфази жамоалари ҳужум чизиғи, Шарқий Осиё термалари эса, ҳимоя билан ўз кучларини намойиш этишга киришдилар. Австралия ва Ўзбекистон терма жамоалари ҳозирча кутилмаганда, 2-ўринда бормоқдалар. Али Мабҳут ва Аҳмад Халил бошчилигидаги БАА термасининг ҳужум чизиғи айни пайт Осиёда энг кучлиси бўлса керак. Лекин 6-турдан сўнг Қатар миллий термаси энг сермаҳсул жамоа бўлиб турибди - 24та гол. Қатарликлар бир ўйинда ўртача ҳисобда деярли 5тадан гол уришмоқда.

Гуруҳлардаги ҳолатга назар

«A». Бу гуруҳда ҳаммаси тушунарли. Саудия Арабистони ва БАА терма жамоалари ўртасидаги ўзаро ўйин кейинги босқичга ким тўғридан-тўғри чиқишини ҳал қилиб беради. Ҳозирча ҳужум чизиғида Муҳаммад ал Саҳлавий етакчилик қилаётган Саудия термаси бу борада устунликка эга. Кўринишидан, ҳаммаси сўнгги турда ойдинлашади, чоғи. Тўғри, Фаластин миллий жамоаси 2-бўлимга даъвогар. Аммо умумий салоҳият ва таркибга қараб айтсак, ушбу терма якунда 3-ўрин билан чекланса керак. Айни пайт саралаш раунди тўпурари мақоми айнан шу гуруҳ вакилига насиб этишига ҳеч ким шубҳа қилмаяпти.

Факт. 1998 йили ФИФАга аъзо бўлган Фаластин терма жамоаси шундан буён жами 5та саралаш босқичида 6та ғалаба, 6та дуранг ва 13та мағлубият қайд этди.

«B». Қўшниларимиз - Қирғизистон ва Тожикистон термалари ўртасидаги ўзаро ўйинда дуранг қайд этилди. Қирғизлар бундан ташқари, гуруҳ пешқадами - Иорданияда очко тортиб олишди. Бу гуруҳда асосий йўлланмага 2та яққол даъвогар бор - Иордания ва Австралия. Айни пайт иорданларнинг имкониятлари яхшироқ. Аммо уларни олдинда «яшил қитъа»га мураккаб сафар кутиб турибди. Амир Шафий (Иордания) учун сўнгги саралаш бўлиши кутилаётган ушбу босқичда у ўз жамоасида етакчиликни қўлга оляпти. Осиё кубоги-2015 бош юлдузи сифатида эътироф этилган Массимо Луонго (Австралия) эса ҳали бу мақомни тўлиғича оқлагани йўқ.

Факт. Тожикистон термаси шу пайтгача 5та саралаш босқичида иштирок этган бўлса, атиги 12 марта ғалаба қозонган. Айни пайт тожиклар миллий жамоаси асосини Душанбенинг «Истиқлол» клуби аъзолари ташкил этишади (11 футболчи ва бош мураббий шу клубдан).

«C». Биринчи давра ўйинларида айнан шу гуруҳ вакиллари - Қатар ва Гонконг термалари ҳаммани ажаблантиришди. Хусусан, гонконгликлар бошиданоқ маррани баланд олишди. Улар дастлабки 3та ўйинда 9та гол урган ҳолда, ўз дарвозалари дахлсизлигини сақлаб қолишди. Ким Пан Гон бошқарувидаги жамоанинг савияси айниқса, хитойликларга қарши сафар ўйинида яққол сезилди. Агарда ушбу гуруҳда Хитой термаси худди Голландия Евро-2016дан қолиб кетгани сингари омадсизликка учраса, билингки, Осиёда ҳам футбол ривожланяпти.

Факт. Гонконг терма жамоаси 1986 йилги саралаш босқичида 5та ғалабага эришган. Ҳозирги саралаш ўйинларида эса 3 марта ютуқни тантана қилишга улгурди. Ким Пан Гоннинг Гонконг терма жамоасидаги статистикаси қуйидагича: 36та ўйин, 12та ғалаба, 8та дуранг ва 16та мағлубият. У бош мураббий сифатида ўтказган ўйинлар сони бўйича Гонконг термасини бошқарган мутахассислар орасида 4-ўринда бормоқда.

«D». Гуам термаси парвози охирига етиб қолди, шекилли. Жамоа бошидаёқ ҳамма қарталарини очиб ташлади ва мана, 2-даврани ҳам мағлубият билан бошлади. Гуам ва Туркманистон терма жамоалари ўзаро ўйинларда биттадан гол алмашдилар. Эронликлар ҳозирча вақт пойлаётган бўлишлари мумкин. Форс юрти термасининг ҳақиқий кучини сўнгги турда ўз уйида уммонликларга қарши кечадиган баҳсда кўрсак керак.

Факт. Ҳиндистон термаси жорий йилги 8та ўйинидан 5тасида мағлубиятга учради. Боз устига, голлар нисбатан ҳам жуда хунук - 5:12. Хуллас, вақтида Непал, Малави, Судан ва Руанда каби ФИФА рейтингида қуйи поғоналарда борувчи жамоаларни бошқарган англиялик тажрибали мутахассис - Стефан Константин ҳиндларни ғалаба сари етаклай олмаяпти. У Ҳиндистон термаси билан биргина Непални мағлубиятга учратди, холос. Ваҳоланки, Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ бош мураббийи Боб Хоугтон ҳинд диёрида ўта самарали фаолият олиб борганди. Дейлик, жамоани нақ 20 марта ғалаба сари етаклаганди.

«Е». Японлар айни пайтгача ўз дарвозаларидан бирорта гол қўйиб юборишмади. Демакки, мағлубиятга ҳам учрашмади. Аммо улар гуруҳда 2-ўрин билан чекланиб туришибди. Аслида 2-поғона сурияликларга насиб этиши тахмин қилинганди. Тўғри, якунда худди шундай бўлиши эҳтимоли баланд. Ҳа, сингапурликлар ҳам 2-поғонага даъво қилишяпти. Улар ҳаттоки, сафарда Япония термасидан ҳам очко тортиб олишни уддалашди. Лекин Сурия термасига қойил қолиш керак. Биринчидан, бу жамоа урушдан азият чеккан ва чекаётган халқига озгина тасалли беришга уриняпти. Иккинчидан, уй    учрашувларини Уммоннинг Маскат ва Сиб шаҳарларида ўтказаётганига қарамай, ҳужумкорликка зўр беряпти (18та гол - иккинчи яхши натижа). Хуллас, ЖЧ-2014 саралашида ФИФА қарори билан техник мағлубиятга мубтало бўлиб, курашдан чиққан сурияликлар бу сафар ўзгача иштиёқ кўрсатишмоқда.

Факт. Кейсуке Хонданинг клуб футболидаги ишлари унча юришмаяпти. Аммо у Япония термасида алоҳида мавқега эга. Дейлик, «самурайлар»нинг ғалабалари билан тугаган охирги 3та саралаш ўйинининг барчасида гол уришни уддалади.

Факт. Афғонистон термаси жорий йил ҳисобидан 9 марта майдонга тушиб, ўйинларнинг 2тасини ўз фойдасига ҳал қилди - Лаос ва Камбожа термалари доғда қолдирилди. Сурия термасига қарши баҳсда гол урган 24 ёшли Нурилло Амирий Швециянинг «Треллоборгс» клубида ўйнашини алоҳида таъкидлаш жоиз. Файсал Шоймистаҳ эса, «Сонкхла Юнайтед» (Таиланд) жамоаси аъзосидир.

«Ғ». Таиланд термаси қолган 2та ўйинда 4 очко олса, гуруҳ ғолиблиги, яъни кейинги раунд йўлланмасини нақд қилиш мумкин. Тўғри, кўп нарсани келаси йилнинг 24 мартига белгиланган Ироқ-Таиланд учрашуви ҳал қилади. Умуман олганда, тайликлар айни пайт гуруҳдаги қолган жамоалардан кучлироқ кўринмоқдалар. Лекин Ироқ термасининг сўнгги паллагача кураш олиб боришини унутмаслик керак. Бу гуруҳдаги Вьетнам термасини ҳам ҳисобдан чиқариб қўйиш ярамайди.

Факт. Ироқ термасини Осиё кубоги-2007да шоҳсупага бошлаган Юнус Маҳмуд ҳамон сафда. Айнан у Ханойда ўз жамоаси жонига оро кирди. Яъни 90}7 (!)-дақиқада белгиланган пенальтидан гол уриб, ироқликларни мағлубиятдан қутқарди. Акс ҳолда, ОЧ-2007 ғолибининг гуруҳда ҳаттоки, 2-ўринни банд этиши ҳам катта сўроқ остида қоларди.

«G». Бу гуруҳда Мьянма ва Лаос термалари олдидаги вазифа - етакчиларга қарши баҳсларда имкон қадар камроқ гол қўйиб юбориш. Ливан ва Қувайт миллий жамоалари ўртасидаги ўйинларда қувайтликлар 4 очко олишди ва бу билан 2-ўрин учун катта қадам ташладилар. Тўғри, улар ҳаттоки, 1-ўринга ҳам кўз олайтиришлари мумкин. Фақат, бунинг учун Ж.Корея термасининг қоқилишини кутишлари ёки охирги турга белгиланган ўзаро учрашувда ўзлари жасорат кўрсатишлари лозим. Умуман, қувайтликларда кейинги раундга чиқиш имконияти чакки эмас. Дейлик, улар айни пайт 2-ўрин соҳиблари орасида энг яхши кўрсаткичга эгалар.

Факт. Ж.Корея термасига қойил. Корейслар ҳозирда 100 фоизни кўрсаткични қайд этиб туришибди (худди қатарликлар сингари). Боз устига, корейслар дарвозасига гол урадиган мард ҳалигача топилгани йўқ.

«Н». КХДР термасининг айни вақтдаги ўрни ҳаққонийми? Бу саволга 7-турда жавоб оламиз. Биласиз, 12 ноябрь куни шимолликлар Тошкентда меҳмон бўлишади. Агарда вакилларимиз ўша ўйинда ғалаба қозонишса, корейсларнинг ўрни ҳаққоний эмаслиги ойдинлашади. Умуман, КХДР термасининг етакчилигини 2та сабаб - миллий жамоамизнинг 1-турдаги кутилмаган мағлубияти ва баҳрайнликларнинг кучсизланишгани билан изоҳлаш тўғрироқдек кўринмоқда. Ишонамизки, ҳозирги ҳолат вақтинча. Миллий жамоамизнинг охирги ўйинлари якунда барчаси ўз ўрнига тушишидан далолат бераётгандек. Хуллас, Самвел Бабаян жамоаси ҳамон бош фаворит ҳисобланмоқда ва бу тахмин оқланади, деган умиддамиз.

Факт. Филиппин терма жамоаси етакчиларидан бири Мисаг Баҳодораннинг бир томон аждодлари эронликларга бориб тақалади. Энг қизиғи, бу футболчи 2006 йилдан буён Филиппин футзал терма жамоаси шарафини ҳам ҳимоя қиляпти. У терма жамоадаги илк голини айнан жорий саралаш босқичида нишонлади.

 

Эътиборга олиб Қўйинг!

ФИФА расмий сайти 2-давра старти олдидан Таиланд терма жамоаси сардори Тиратон Бунматанга алоҳида тўхталганди. «Бурирам Юнайтед» клуби ҳимоячиси август ойида тўпиғидан жароҳатланган бўлса-да, тезда тикланди ва Ироқ термасига қарши баҳснинг (2:2) сўнгги 10 дақиқасида пенальтидан гол уриб, ўйинда катта бурилиш ясади. Умуман, Таиланд термаси Киатисук Сенамуангдан сўнг ҳақиқий етакчига муҳтожлик сезаётганди. Бугунги кунда Бунматан ижросидаги жарима зарбалари таърифи бутун Жануби-Шарқий Осиёга ёйилган.

 

Мураббийлар

Саралаш старт олганидан буён С.Арабистони, Шар-қий Тимор, Иордания, Тожикистон, Малайзия ва Ўзбекистон терма жамоаларида бош мураббий алмашди. Берт ван Марвейк (С.Арабистони) ва Самвел Бабаян (Ўзбекистон) дастлабки 3та ўйинни 100 фоизли натижа билан якунладилар. Иордания бошқарувига келган Пол Пют эса 4та ўйиннинг атиги 1тасида дуранг, 3тасида ғалаба қайд этди.

Аутсайдерлар

Ҳиндистон, Бутан, Яман, Камбожа ва Хитой Тайпейи терма жамоалари 2-давра стартга чиқди ҳамки, бирорта очко олишгани йўқ. Умуман, 1-раунддан ўтган жамоалардан фақат Шарқий Тимор термаси очко ишлашни уддалади.

Томошабинлар

Осиёдаги саралаш босқичида жами 102та ўйин ўтказилди ва уларга умимий ҳисобда 1 343 508 томошабин ташриф буюрди. Бу ҳар бир ўйинга ўртача 13 171 мухлисдан тўғри келади.

Тўпурарлар

(барча раундлар ҳисобга олинган)

8та - Муҳаммад ал Саҳлавий (С.Арабистони)

5та - Аҳмад Халил (БАА); Ҳассан Абдулфаттоҳ (Иордания)

4та - Сон Хюн Мин (Ж.Корея); Сардор Азмун (Эрон); Бадр ал Мутва (Қувайт); Юсуф Носир (Қувайт); Ю Дабао (Хитой); Сардор Рашидов (Ўзбекистон), Игорь Сергеев (Ўзбекистон); Сунил Четри (Ҳиндистон); Буалем Кукҳий (Қатар); Муҳаммад Мусо (Қатар); Усама Умарий (Сурия)

Автоголлар: Топу Барман (Бангладеш); Валерий Кичин (Қирғизистон); Зау Мин Тун (Мьянма); Сердар Аннауразов (Туркманистон); Мекан Сапаров (Туркманистон); Али Ҳаммам (Ливан), Дин Тьен Тхан (Вьетнам)

«Жокер»лар

Ушбу раунддаги 39та терма жамоанинг 22тасида «жокер»лар ўзларини кўрсата олишди. Уммонлик Абдулазиз ал Мақбалий, хитойлик Ю Дабао ва гонконглик Годфрид Карикари «жокер»лар мусобақасида 2тадан гол билан пешқадамлик қилишмоқда. Фаластин термасининг 9та голидан 3таси айнан захира ўриндиғи вакиллари ҳисобига тўғри келмоқда.

3та - Фаластин (Матиас Хадва, Ходир Абуҳаммад, Аҳмад Абу Ҳания)

2та - Қирғизистон (Алмазбек Мирзалиев, Ильдар Амиров); Хитой (Ю Дабао - 2); Қатар (Акрам Ҳассан Афиф, Исмоил Муҳаммад); Гонконг (Годфрид Карикари - 2); Ироқ (Жастин Мерам, Аҳмад Ёсин Ғани); Уммон (Абдулазиз ал Мақбалий - 2); Ўзбекистон (Александр Гейнрих, Элдор Шомуродов); Филиппин (Мисаг Баҳодоран, Маркус Шрёк)

1та - С.Арабистони (Фаҳд ал Муваллад); Австралия (Том Оар); Эрон (Маҳди Тораби); Сурия (Санҳариб Малкий); Таиланд (Покклав А-Нан); Хитой Тайпейи (Ву Чун Чинг); Вьетнам (Тран Пхи Сон); Япония (Усами Такаши); Сингапур (Фазрул Наваз); Қувайт (Юсуф Носир); Ж.Корея (Ли Жае Сунг); Ливан (Аббос Атвий); КХДР (Жонг Ил Гван)



Саралаш ҳакамлари Қайси давлатлардан?

Жорий саралаш босқичида ОФКга аъзо 47та федерациянинг 26тасидан чиқарилган ҳакамлар ишладилар. Улар орасида юртдошимиз - Азиз Асимов энг кўп ўйин (3та)да иштирок этган 7 нафар ҳакамдан бири бўлди. Умуман, ЖЧ-2018 саралаши 1 ва 2-раундларида қуйидагилар ишладилар:

Австралия: Жарред Жиллетт (1та), Стребре Деловски (1), Жон Уильямс (1), Крис Бет (1), Петер Грин (1)

Бангладеш: Тайиб Ҳассан Шамсуззамон (1)

Баҳрайн: Жамил Абдулҳусин (3), Наваф Шукруллоҳ (1), Солиҳ Аббос (1)

БАА: Аммар ал Жанайбий (2)

Вьетнам: Во Три Минь (2)

Гонконг: Лиу Квок Ман (3), Нг Чиу Кок (1), Хо Вай Син (1)

Иордания: Муҳаммад Абу Лум (2), Адҳам Маҳадмеҳ (1)

Ироқ: Моҳанад Қосим Эси Саррай (2), Али Сабеҳ Аддай ал Қайсий (2)

Ж.Корея: Ким Санг Ву (2), Ким Хи Гон (2), Ли Мин Ху (2), Ко Хюнг Жин (2), Ким Донг Жин (1), Ким Даэ Юнг (1)

Қувайт: Юсуф ал Марзуқ (1), Али Шаъбон (1)

Малайзия: Моҳд Амирул Изван Ёқуб (2), Моҳд Абдулваҳоб (1)

С.Арабистони: Турки ал Худхайр (3), Марай ал Аважий (2)

Сингапур: Муҳаммад Тақи ал Жаъфари Бин Жаҳарий (2), Сухбир Сингх (2)

Сурия: Масъуд Туфайлиҳ (1)

Таиланд: Сивикорн Пу-Удом (2)

Туркманистон: Чоримурот Қурбонов (1)

Уммон: Аҳмад ал Каф (2), Ёқуб Абдулбоқий (2), Абдуллоҳ ал Ҳилолий (1)

Хитой: Ванг Ди (3), Ма Нинг (2), Тан Хай (1), Фу Минг (1)

Хитой Тайпейи: Ю Минг Хсун (2)

Шри-Ланка: Хеттикамканамге Перера (1)

Эрон: Муҳсин Торки (2), Алиризо Фағони (1), Моуд Бунёдифард (1)

Япония: Масааки Тома (2), Жумпеи Йида (2), Юдаи Ямамото (1), Хироюки Кимура (1), Минору Тожо (1)

Ўзбекистон: Азиз Асимов (3), Валентин Коваленко (2), Равшан Эрматов (1), Ильгиз Танташев (1)

Қатар: Хамис ал Маррий (3), Абдулраҳмон ал Жассим (2), Фаҳад ал Маррий (1), Ҳамис ал Куварий (1)

Қирғизистон: Дмитрий Машенцев (3), Темур Файзуллин (1)

Ҳиндистон: Рован Арумуғон (2)

2-ўрин соҳиблари рейтинги

17 ноябрга қадар 2-ўрин масаласи биз учун энг долзарб саволлардан бири бўлиб қолади. Айни пайт терма жамоамиз гуруҳдаги бошқа рақибларидан битта кам ўйин ўтказган бўлсада, 9 очко билан 2-ўринни банд этиб турибди. 2-ўрин соҳиблари рейтинги уларнинг гуруҳдаги аутсайдер билан ўйинлари натижалари инобатга олинмаган ҳолда тузилади. Фақат, «F» гуруҳи бундан мустасно. Чунончи, бу гуруҳдаги Индонезия термаси саралаш босқичидан четлаштирилган ва шу сабабга кўра, қўшимча ҳисоб-китоб қилишга тўғри келмоқда.

Эслатиб ўтиш жоиз, 2-ўрин соҳиблари рейтингида энг яхши кўрсаткичга эга 4та жамоа саралашнинг 3-раунди ва Осиё кубоги-2019га йўланма олади, қолган 4тасининг  Осиё биринчилиги йўлида яна меҳнат қилишига тўғри келади.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:19, 26.10.2015.
Ўқилди: 6848 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.