Кириш Регистрация
05/10 00:00 Леганес 0-0 Валенсия
05/10 16:30 Кристал Пэлас 0-1 Ливерпуль
05/10 17:00 Эспаньол 2-1 Мальорка
05/10 18:00 Удинезе 1-0 Лечче
05/10 19:00 Арсенал 3-1 Саутгемптон
05/10 19:00 Брентфорд 5-3 Вулверхэмптон
05/10 19:00 Лестер 1-0 Борнмут
05/10 19:00 Вест Хэм 4-1 Ипсвич
05/10 19:00 Манчестер Сити 3-2 Фулхэм
05/10 19:15 Хетафе 1-1 Осасуна
05/10 21:00 Аталанта 5-1 Женоа
05/10 21:30 Лас-Пальмас 0-1 Сельта
05/10 21:30 Вальядолид 1-2 Райо Вальекано
05/10 21:30 Эвертон 0-0 Ньюкасл
05/10 23:45 Интер 3-2 Торино
06/10 00:00 Реал Мадрид 2-0 Вильярреал
06/10 14:00 Пахтакор 0-0 Динамо
06/10 15:30 Ювентус - Кальяри
06/10 17:00 Жирона - Атлетик Бильбао
06/10 17:30 Украина - Франция
06/10 18:00 Болонья - Парма
06/10 18:00 Лацио - Эмполи
06/10 18:00 Челси - Ноттингем Форест
06/10 18:00 Астон Вилла - Ман. Юнайтед
06/10 19:15 Алавес - Барселона
06/10 20:00 Бразилия - Аргентина
06/10 20:30 Брайтон - Тоттенхэм
06/10 21:00 Монца - Рома
06/10 21:30 Севилья - Бетис
06/10 23:45 Фиорентина - Милан
07/10 00:00 Реал Сосьедад - Атлетико

Азиз Ҳайдаров: «Бугунги футболчилар эртага мухлислар сафида бўлишади»

Баҳо:
+ | -

Бугунги суҳбатдошимиз билан илк марта 2010 йили, «Бунёдкор» Чирчиқдаги «Кимёгар» стадионида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритганда кўришгандик. Ўша интервью журналистик фаолиятимдаги энг қисқаларидан бирига айланган, чунки Азиз аксарият спортчилар сингари гапга унчалик чечан эмасди. Шундан буён анча вақт ўтди, Ҳайдаровнинг фаолия­тида ҳам сезиларли ўзгаришлар рўй берди: легионер сифатида хорижда тўп сурди, тажриба орттирди. Мусофирчилик унинг нафақат футболчилик маҳорати, балки дунёқарашига ҳам ижобий таъсир ўтказгани кўриниб турибди. Азиз Ҳайдаров билан уюштирган суҳбатимиз нафақат терма жамоа ёки клуб, балки кенгроқ мавзуларни қамраб олди...

ТЕРМА ЖАМОА

- Азиз, Ўзбекистон терма жамоасида катта ўзгаришлар рўй берди. Бу эса натижага ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, Баҳрайнга қарши кечган ўйин ҳақида нима дея оласиз?

- Бу учрашувда ютқазишга ҳаққимиз йўқлигини яхши тушуниб турардик. Шу боис, ғалаба қозониш учун қўлимиздан келган барча ишни қилдик. Натижа қандай бўлганини эса кўриб турибсиз.

- Ўйин арафасида иқлим ва бош­қа муаммолар билан боғлиқ хавотирли гаплар урчиганди.

- Об-ҳаво чиндан ҳам катта муаммо туғдиради. Аммо ҳаммасини тўғри бажариб, керакли натижага эришдик. Энди бу ўйин тарихда қолди. Биз келгуси учрашувларга астойдил тайёрланиб, жамоа олдига қўйилган кейинги вазифалар ҳақида бош қотиришимиз лозим.

- Мана, ҳозир терма жамоа Бабаян қўл остида катта куч билан тўп сурмоқда. Шунингдек, Вадим Абрамов даврида ҳам шундай ҳолат кузатилган. Аммо негадир Миржалол Қосимов бошчилигида шундай иштиёқ билан ўйнамагансизлар?

- Бу саволни унчалик ҳам тўғри, деб ҳисобламайман. Чунки терма жамоага номзод футболчи бирор мураббий учун майдонга тушмайди. У бутун бошли мамлакат шаъни учун курашиши лозим. Шундай экан, фалон мураббий қўл остида яхши ўйнади, буниси учун эса жон куйдирмаяпти, деган гаплар ноўрин. Туғилиб ўсган юрт манфаати биринчи ўринда туради. Буни ҳамиша фахр билан тилга оламан. Чунки Ватан қадрини умрида бир марта бўлсада Ўзбекистон ташқарисида яшаб кўрганлар яхши англашади. Мен қайси мураббий қўл остида ўйнашимдан қатъий назар, ҳар доим миллий жамоамиз ғалабасини таъминлаш мақсадида боримни бериб ҳаракат қилганман. Бошқа йигитлар ҳақида ҳам шу гапни ҳеч иккиланмай айта оламан.

- Аммо ҳар бир мураббийнинг иш услуби турлича экани, улар билан муносабат ҳам шунга яраша ўзгача бўлишини инкор эта олмассиз?

- Албатта, шахсан ўзимнинг тушунчам бўйича мураббий иш вақтида қаттиққўл устоз, ишдан ташқарида эса футболчилар билан ака-ука ёки ота-боладек бўлиши лозим. Шунда жамоа ички муҳитида аъло кайфият ҳукм суради. Бояги фикрингизда қайсидир маънода жон бор - футболчи яхши ўйнаши учун мураббий билан муносабати ижобий тус олиши керак. Аммо бу ҳолат асосан, клубга тааллуқли. Терма жамоада эса ким бош мураббий бўлишидан қатъий назар, ҳамма бирдек курашиши шарт. Ушбу масалага лоқайд қараган футболчини термага чақирмаган маъқул. Миллий жамоада фақат Ватан шаънини ҳимоя қилишга муносиблар тўп суриши керак.

 

МУХЛИСЛАР

- Фаолиятингиз давомида турли ҳолатларга тушгансиз. Оғир дамларда мухлислар танқидини қандай қабул қиласиз?

- Мухлислар билан доимо яхши муносабатда бўлишга интиламан. Бир пайтлари мени қаттиқ ҳақорат қилишган, аммо шундай вақтларда ҳам жавоб қайтармасликка интилганман. Ишонинг, бу жуда мураккаб иш. Аслида, табиа­тан қизиққонман, ўзимни босиб олишим жуда қийин кечади.

- Мабодо ўша мухлислар билан ёлғиз қолсангиз, уларга нима деган бўлардингиз?

- Нима ҳам дердим? Ҳамманинг ўз фикри бор. Тортишувга ўчлик, талашувчанлик инсон табиатига хос. Ҳаёт оқ ва қора, яхши ва ёмон курашидан иборат. Шундай экан, кимгадир ўз фикримни уқтириш ниятим йўқ. Иш-қибозларга фақат бир нарсани айтишни истайман: футбол - вақтинчалик иш. Орадан ҳеч қанча фурсат ўтмай, биз ҳам улар сафига қўшиламиз. Бугунги футболчилар эртага мухлислар орасидан жой олиши турган гап. Шундай экан, талашиб-тортишаверишдан нима наф? Аслида, ҳаммамизнинг мақсадимиз бир эмасми? Тўғри, баъзан хатога йўл қўямиз. Аммо ким хато қилмайди? Стадиондаги 35 минг одам орасидан кимдир «Мен мутлақо хато қилмайман», дея оладими? Йўқ, албатта. Футболчи ҳам айрим паллаларда яхши ўйнай олмаслиги турган гап. Аммо буни атайлаб қилмайди, ишонинг! Мен шундай футболчиларни биламанки, битта хатоси учун икки-уч кунлаб ухлай олмайди, туни билан ич-этини ейди. Агар мухлислар ғалабани ўн карра кўпроқ истасалар, биз юз баробар кўпроқ хоҳлаймиз. Бироқ футболда ғолиб фақат битта бўлади. Бугун биз, эртага эса рақиблар. Мухлислар шуни тушунишларини истардим. Футбол мудом ғалабалардан иборат эмас, акс ҳолда, у ҳеч қачон миллионлар ўйинига айланмасди.

 

КЕЛАЖАК

- «Ал-Шабаб»га кетиш олдидан сизга рус клубларидан ҳам қизиқиш бўлган эди. Ўшанда Россияга кетганингиз маъқул эмасмиди?

- Йўқ. Ўз қароримни қабул қилиб бўлганман. Футболчилик фаолиятимдан қониқяпман. «Ал-Шабаб» менга ўзимни танишда катта ёрдам берди. Амирликларда юрарканман, Ватан, инсон қадри нималигини жуда яхши тушуниб етдим. Россияда ўйнаганимда қандай ҳолатга тушишим мумкинлиги фақат Яратганга аён. БААдаги фаолиятим эса мен учун катта дарс бўлди. У ерда дастлаб ўзимни бошқача ҳис қилдим, бир йилгача осмонда учиб юрдим. Ҳеч қандай муаммо йўқ, вақтимни ўзим истагандек ўтказардим. Аммо бир йилдан сўнг ўтаётган вақт қадрига ета бошладим. Инсон сифатида қилаётган ишларимга назар ташладим, ўзимни ислоҳ қилиш заруратини сездим. Ҳозир мен аввалги Азиз эмасман, ҳаётга бошқача қарашга интиламан. Шундай экан, ўз вақтида Россияни эмас, БААни танлаганимдан мутлақо афсусланмайман!

- Яқингача Европада тўп суриш ниятингиз борлигини айтардингиз. Ҳозир ҳам шу мақсадга содиқ қолганмисиз?

- Ёшим ўттизга қараб кетяпти, қанақа Европа? Бизнинг давримиз аста-секин ўтиб боряпти. Илгари кўҳна қитъада ўйнашни орзу қилганлигим рост. Аммо бу орзулигича қолиб кетади, шекилли.

- Роналду ҳам ўттизга кирди, аммо тўхташни ўйламаяпти. Унга қолса, яна кўплаб «Олтин тўп» ва «Олтин бутса»лар олиш ниятида...

- Ҳамманинг тақдири турлича. Аслида, мени Роналду билан солиштиришнинг ўзи нотўғри. Футболчи сифатида ўз олдимга қўйган мақсадларим кўп эди, юксак чўққиларни кўзлагандим. Айнан шу сабабли ҳозирги даражага етдим. Агар ўз вақтида ўша чўққига интилмаганимда, шунга ҳам эришолмасдим. Ҳозир олдимда фақат бир мақсад қолган - терма жамоамизнинг мундиалга чиқишига ҳисса қўшиш. Эътибор беринг, жаҳон чемпионатида ўйнаш эмас, терма жамоа­ни у ерда кўриш, деяпман. Мен учун энг юқори мақсад шу - термамиз мундиалга йўл олса, энг катта орзумга эришаман. Менинг «Олтин тўп»им мана шу, ЖЧда ўйнамасам ҳам майли. Ўзбек футболи равнақи йўлида ўрнимга бошқа ёшроқ футболчини олишса ҳам розиман. Муҳими - Ўзбекистон жаҳон чемпионатига чиқсин, мухлислар орзуси ушалсин. Шу мақсад йўлида «Ал-Шабаб» ва «Бун­ёдкор» билан қўлга киритган барча ютуқларимни беришга тайёрман!

 

ЁШЛАР

- Ёш футболчилар ҳақида гапирдингиз. Улардан қайси бирларини алоҳида эътироф этган бўлардингиз?

- Мазкур масалада ҳеч кимнинг номини тилга олишни истамайман. Биласизми нимага? Бизда ҳали та­йинли ўйин намо­йиш этиб улгурмаган ёш футболчини  юлдуз даражасига чиқариб қўйиш одат тусини олган. Битта гол урдими, тамом, шу заҳоти газета ва телевидениега интервьюга чақиришади. Шундай паллаларда «Шошилманглар, аввал нималарга қодирлигини астойдил намойиш этсин», дейдиганлар топилмайди. Орадан ҳеч қанча ўтмай, ўша «юлдуз» сўнади-қолади. Сўнгра уни қўйиб, бошқасига ёпишамиз. Эҳ-ҳе, фаолиятим давомида қанча иқтидорларни кўрмадим, дейсиз. Мессига ўхшаганлари бор эди, аммо қани ҳозир улар? Ҳаммасига ўзимиз айбдормиз. Мақтадик, кўкларга кўтардик. Оқибатда оёқлари ердан узилди, кўкларда парвоз қилишди, ерга қайтиш ҳақида ўйлашмади. Якунда яна кўплаб иқтидорларни йўқотдик. Шундай экан, ҳозир кимнидир мақтаб, уни ҳам оғир аҳволда қолдиришни истамайман. Қўйиб берайлик, ўзлари истагандек ўйнасинлар, униб-ўссинлар. Вақти келиб, оқ-қорани таниб, ўз йўлини топиб олгандан сўнг истаганча мақтайверамиз...

 

ФУТБОЛДАН СЎНГ

- Ҳозир сиз БААда таниқли футболчилардан бирисиз, молиявий масалаларда ҳам муаммо йўқ. Шундай экан, қўшимча фаолият тури - тадбиркорлик билан шуғулланишга нима дейсиз?

- Бунга шароит ҳам, қолаверса, истак ҳам йўқ. Ўзим футболчи бўлсам, қандай қилиб тадбиркорлик қилишим мумкин? БААда ўйиним бўлса-ю, ҳамкорларим Тошкентга чақириб қолишса нима қиламан? Йўқ, яхшиси шошилмаганим маъқул. Ҳозир фақат футбол ҳақида ўйлаяпман, кейин нима бўлишини вақт кўрсатади.

- Яқинда ферма ташкил қилганингиз ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Чорвачилик билан шуғулланмоқчимисиз?

- (Кулади). Футбол агенти Санъат Шарипов томонидан ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган суратлар ҳақида гапиряпсиз, шекилли? Йўқ, чорвачилик билан профессионал тарзда шуғулланиш ниятим йўқ, фермани шунчаки хобби сифатида ташкил қилганмиз. У ерда оиламиз чорваси сақланади, ҳамма қатори уч-тўртта мол-қўй бор. Ўзимизнинг эҳтиёжлар учун ишлатамиз.

- Футболчилик фаолиятингизни якунлагач, нималар қилишни ўйлаб қўйганмисиз?

- Имкон қадар хайрли ишлар билан шуғулланишни истайман. Бировнинг дилини оғритмай, тинч-осуда яшашни орзу қиламан. Фарзандларимни эл корига ярайдиган етук инсон қилиб тарбиялаш ниятим бор.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:00, 27.10.2015.
Ўқилди: 2934 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.