Ўзбекистон Кубоги финалида “Навбаҳор” ва “Андижон” жамоалари 5 октябрь, шанба куни баҳс олиб борди.
Учрашувнинг биринчи бўлимида бир қанча хавфли вазиятлар бўлишига қарамасдан ҳисоб очилмади.
Иккинчи бўлим бошида эса наманганликлар дарвозани ишғол этишга муваффақ бўлди. 53-дақиқада Фаррух Сайфиевнинг қанотдан жарима майдончаси ичига ошириб берган тўпи ўнг қанотдаги Аброрбек Исмоиловга келиб тушди ва у кучли зарб билан дарвозани аниқ нишонга олди.
Шундан сўнг жамоалар яна бир қанча вазиятларни яратди. 82-дақиқага келиб эса андижонликлар ҳисобни тенглаштирди. Гол муаллифи эса Муҳаммадкарим Тоиров.
Асосий бўлимларда ғолиб номи аниқланмагач, жамоалар қўшимча бўлимларга мурожаат қилди. Иккинчи қўшиб берилган таймда “Андижон” футболчиси Маматказин дарвозани ишғол қилди ва жамоасини олдинга олиб чиқди.
Орадан 2 дақиқа ўтиб, “Навбаҳор” футболчиси Табатадзе ҳисобни тенглаштирди.
120+3-дақиқада эса андижонликлар Владимир Бубанянинг голи эвазига ғалабани илиб кетди.
Шу тариқа “Андижон” Ўзбекистон Кубоги ғолибига айланди. Қайд этиб ўтиш керак, Андижон клуби ўз тарихида илк бор кубокни қўлга киритди.
Ўзбекистон Кубоги, Финал
5 октябрь, шанба
“Навбаҳор” — “Андижон” 2:3
Гол: 1:0 — 53 Исмоилов, 1:1 — 82 Тоиров, 1:2 — 116 Маматказин, 2:2 — 118 Табатадзе, 2:3 — 120+3 Бубаня.
“Навбаҳор”: 35. Санжар Қувватов, 8. Сияваш Ҳақназари, 9. Одил Ҳамробеков, 10. Жамшид Искандеров, 12. Саидазамат Мирсаидов, 13. Филип Иванович, 14. Жамшид Болтабоев, 21. Гиорги Никобадзе, 23. Йован Жокич, 34. Фаррух Сайфиев, 77. Аброр Исмоилов.
“Андижон”: 1. Элдор Адҳамов, 5. Абдувоҳид Ғуломов, 8. Фарҳодбек Бекмуродов, 10. Илҳом Абдуғаниев, 13. Сардорбек Азимов, 14. Абдураҳмон Комилов, 15. Владимир Бубаня, 17. Фарҳоджон Соҳибжонов, 21. Ислом Маматказин, 26. Муҳаммадкарим Тоиров, 77. Рустам Турдимуродов.
Огоҳлантиришлар: Абдураҳмон Комилов (37), Жамшид Болтабоев (68), Одилжон Ҳамробеков (98), Леван Арвеладзе (104).