Сўнгги йилларда Ўзбекистонлик бир қанча футболчилар легионерга айланиб қатор чемпионатларда тўп суришмоқда. Улар орасида Россия, Украина, Хорватия, Сербия, Корея каби чемпионатларда тўп сураётганлари ҳам бор. Биз Ўзбекистонлик легионерлардан тузилган ТОП-10 таликни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Рейтингни тузишда футболчиларимизнинг тўп сурган чемпионатлари, совринлари ва қайд этган натижаларига таяндик.
10. Александр Гейнрих (116 ўйин – 34 гол)
Ўйнаган жамолари: «ЦСКА» (Россия 2-0), «Торпедо» (Россия 21-5), «Сувон Блюингз» (Жанубий Корея 19-3), «Эмиратес» (БАА 6-2), «Актобе» ( Қ озо ғ истон 58-21), “Ордабаси” (Россия, 10-3)
Юту қ лари: Россия чемпиони, Қ озо ғ истон чемпиони
Саша 18 ёшидаёқ «юлдуз» бўлиб порлай бошлади. Натижада Россиянинг «ЦСКА» клуби таркибда қисқа вақт бўлса ҳам тўп сурди. Шундан кейин «Торпедо»нинг асосий ҳужумчисига айланган хамюртимиз, жамоа қуйи дивизионга тушиб кетгач, юртимизга қайтиб келди. 2011 йилги Осиё кубогидан кейин эса Кореянинг «Сувон Блюингз» жамоасига йўл олди. К-лигада 3 та гол киритган Гейнрих, сўнгра БАА ва Қозоғистон чемпионатларида ҳам тўп сурди. У Россия ва Қозоғистон чемпионатларида зафар қучишга ҳам муваффақ бўлган. Александрнинг хориж жамоаларида киритган умумий голлари сони 34 тани ташкил қилмоқда.
9. Андрей Фёдоров (183 ўйин – 16 гол)
Ўйнаган жамоалари: «Аланя» (Россия 42-1), «Балтика» (Россия 14-0), «Рубин» (Россия 127-15)
Ютуқлари: Россия чемпиони
Фёдоров Россия чемпионатида барқарор ўйин кўрсатиб, мухлислар қалбидан жой олган. Андрей фаолиятининг асосий қисмини Қозоннинг «Рубин» клубида ўтказади. Ушбу жамоа сафида ҳимоячимиз 127 ўйинда иштирок этиб, 15 та голга муаллифлик қилди. 2008-йили эса Қозонликларнинг тарихий чемпионликни қўлга киритишларида катта ҳиссасини қўшди.
8. Жафар Ирисметов (177 ўйин – 70 гол)
Ўйнаган жамоалари: «Панатинаикос» (Греция 1-0), «Черноморец» (Украина 7-1), «Спартак Москва» (Россия 8-0), «Славия» (Белоруссия 9-3), «Анжи» (Россия 11-3), «Кривбасс» (Украина 11-1), «Қайрат» (Қозоғистон 49-22), «Олма Ота» (Қозоғистон 64-38), «Актобе» (Қозоғистон 15-2), «Ляонинг» (Хитой 2-0)
Ютуқлари: Россия чемпиони, Қозоғистон чемпиони, Қозоғистон кубоги эгаси. 2 карра Қозоғистон чемпионати тўпурари
Жафар 6 та хорижий чемпионатларда тўп суришга муваффақ бўлган. Дастлаб Грециянинг «Панатинаикос» клубида қисқа давр тўп сурган ҳужумчи, шундан кейин Украина, Россия ва Белоруссия жамоалари таркибида ҳам майдонга тушди. Балки Оливер Кан Ирисметовнинг «қайчи» услубида берган зарбасини қайтара олмаганида, футболчи «Спартак» Москва жамоасида кўпроқ ўйнаган бўлармиди. Жафарнинг энг омадли даврлари Қозоғистонда ўтди. У «Қайрат» ва «Олма Ота» сафида мамлакат чемпионати тўпурарлигини қўлга киритади. Хитойда эса у ўзини кўрсата олмади.
7. Улуғбек Бақоев (260 ўйин – 107 гол)
Ўйнаган жамоалари: «ЦСКА» (Россия 7-0), «Торпедо» (Россия 20-0), «Тобол» (Қозоғистон 138-71), «Жетису» (Қозоғистон 29-18), «Дубай Клуб» (БАА 8-0), «Иртиш» (Қозоғистон 59-18)
Ютуқлари: Қозоғистон чемпиони, Қозоғистон кубоги соҳиби, Интертато кубоги ғолиби, Қозоғистоннинг энг яхши футболчиси, 2 карра «Олмос» соврини соҳиби, 4 бора Қозоғистон чемпионати тўпурари.
Бақоев хориж жамоаларида 107 гол урган. Ҳаммасини Қозоғистон клубларида киритган. Россия ва БАА жамоалари таркибида эса гол киритишни уддалай олмаган. Улуғбек қозоқ диёридаги энг омадли футболчимиздир. У мамалакат чемпионати ва кубогида, шунингдек Интертато кубогида ҳам зафар қучди. 1 марта Қозоғистон чемпионатининг энг яхши футболчисига айландаи, 2 бора «Олмоз» соврини билан тақдирланди. 4 маротаба эса Қозоғистон чемпионати тўпурарига айланиб, бу борада рекорд ўрнатди.
6. Одил Аҳмедов (165 ўйин – 11 гол)
Ўйнаган жамоалари: «Анжи» (Россия 110-6), «Краснодар» (Россия 55-5)
Ютуқлари: Россия чемпионати бронза медали соҳиби, 2011 йили «Анжи»нинг энг яхши футболчиси, 2014/15 йилги мавсумда «Краснодар»нинг энг яхши футболчиси.
Бугунги кундаги энг яхши легионеримиз бу табиийки Аҳмедовдир. Одил «Анжи»нинг асосий таркиб ўйинчисига айланди. Это’О, Жирков, Диарра, Буссуфа, Роберто Карлос каби футболчилар билан бир сафда ҳаракат қилди. Айни пайтда эса «Краснодар»нинг етакчи футболчиларидан бири ҳисобланади. У Махачқалъалаиклар таркибида ҳам, «Краснодар» сафида ҳам бир мартадан мавсумнинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилган.
5. Сервер Жепаров (143 ўйин – 23 гол)
Ўйнаган жамоалари: «Сеул ФК» (Жанубий Корея 40-2), «Ал-Шабоб» (Саудия Арабистони 29-4), «Сеонгнам» (Жанубий Корея 55-12), « Ульсан Хюндай » (Жанубий Корея, 19-5)
Ютуқлари: Корея чемпиони, 2 карра Корея лига кубоги соҳиби, Саудия Арабистони чемпиони
Жепаров айни пайтдаги энг тажрибали легионерларимиздан биридир. Сервер Кореянинг «Сеул» жамоасида мамлакат чемпионлигини қўлга киритгач, Саудиянинг «Ал Шабоб» клубида ҳам бу муваффақиятини такрорлайди. Ярим ҳимоячи айни пайтда яна Корея чемпионатида ҳаракат қилмоқда. Жепаров Корея «К» лигасида 20 га яқин голлар киритганини ҳам алоҳида эътироф этмоқ жоиз.
4. Виталий Денисов (237 ўйин – 6 гол)
Ўйнаган жамоалари: «ЦСКА» (Россия 5-0), «Спартак Нч» (Россия 21-1), «Днепр» (Украина 154-3), «Локомотив» (Россия 74-1)
Ютуқлари: УЕФА кубоги ғолиби, 3 карра Россия кубоги соҳиби
Еврокубокларда зафар қучган ягона ҳамюртимиз бу Денисовдир. Витя 2005-йилда «ЦСКА» сафида УЕФА кубогида зафар қучди. Гарчи, асосий таркиб ўйинчиси саналмасада. Ҳимоячи кўпроқ Украинада танилди. «Днепр»да у Украинадаги энг кучли қанот ҳимоячиларидан бирига айланди. Айни пайтда эса юртдошимиз Россиянинг «Локомотив» жамоаси билан чемпионлик учун кураш олиб бормоқда. Россия кубогининг ёнига чемпионлик медалини қўшиб қўядиган пайт келди.
3. Игор Шквирин (200 дан ортиқ ўйин – 95 гол)
Ўйнаган жамоалари: «Карпати» (Украина 46-11), «Днепр» (Украина 14-2), «Спартак» (Россия 10-5), «Хапоел Т-А» (Исроил 52-24), «Маккаби-Нетаня» (Исроил 21-9), «Паҳанг ФА» (Малайзия 18-15), «Маккаби Герзля» (Исроил 21-1), «Маккаби Петах Тиква» (Исроил 18-5), «Моҳун Баган» (Ҳиндистон *-11), «Черчил Бразерс» (Ҳиндистон *-12)
Ютуқлари: Малайзия чемпиони, Ҳиндистон чемпиони, Ҳиндистон лигаси тўпурари
Шквирин 5 та чет эл мамлакатининг 10 та жамоаси шарафини ҳимоя қилган. Украинада «Карпати» ва «Днепр» жамоаларида умумий ҳисобда 60 учрашувда 13 та голга муаллифлик қилади. Кейинчалик Россияда «Спартак»да 10 ўйинда 5 гол уриб, Исроил чемпионатига йўл олган, ҳужумчи бу мамлакатнинг нақ 4 та жамоаси таркибида тўп суради. Натижаси ҳам чакки эмас 104 учрашувда 39 гол. Шундан сўнг ҳамюртимиз фаолиятини Малайзия ва Ҳиндистон чемпионатларида давом эттирди. Игор мазкур чемпионалтларда чемпионлик нашидасини сурди, Ҳинд диёрида эса ҳаттоки лига тўпурарлигини қўлга киритди.
2. Миржалол Қосимов (161 ўйин – 44 гол + 33 узатма)
Ўйнаган жамоалари: «Алания» (Россия 113 ўйин – 37 гол + 24 узатма), «Криля Советов» (Россия 48 ўйин – 7 гол + 9 узатма)
Ютуқлари: Россия чемпиони, 2 карра Россия вице-чемпиони.
1995-йилда «Спартак» Москванинг гегемонлигига Владикавказнинг «Алания»си чек қўяди. «Алания»нинг чемпионликни қўлга киритишида «жарима тўплари маэстроси» Қосимовнинг роли беқиёс эди. Миржалол Россия жамоаларида ажойиб ўйинлари билан, рус мухлисларининг қалбига йўл топа билган эди. 161 учрашувда киритилган 44 та гол ва 33 та голли узатма эса унинг нақадар юқори даражада ўйнаганидан далолатдир.
1. Максим Шацких (563 ўйин – 205 гол)
Ўйнаган жамолари: «Сокол» (Россия 13-0), «Торпедо» (Россия 4-0), «Лада» (Россия 22-9), «Союз Газпром» (Россия 27-9), «Балтика» (Россия 20-8), «Динамо Киев» (Украина 328-142), «Локомотив» (Қозоғистон 16-9), «Арсенал» (Украина 101-23), «Черноморец» (Украина 7-0), «Говерла» (Украина 25-5)
Ютуқлари: 6 карра Украина чемпиони, 5 карра Украина кубоги соҳиби, 3 карра Украина суперкубоги эгаси. 2 марта Украина чемпионати тўпурари.
Ўзбекистоннинг энг кучли легионери бу шак-шубҳасиз Шацкихдир. Максим Россиянинг ва Украинанинг 4 тадан, Қозоғистоннинг 1 жамоаси таркибида тўп сурди. Ҳужумчининг ёрқин даврлари Киевнинг «Динамо»си таркибида ўтди. «Балиқ ови» ишқибози Киевликлар сафида 14 та совринни қўлга киритиб, 2 бора чемпионат тўпурарига айланди. Еврокубокларда эса 73 учрашувда иштирок этиб, 23 та голга муаллифлик қилган, «СуперМакс» айни пайтга келиб Украина чемпионати тарихидаги энг сермаҳсул футболчи бўлиб турибди. Шацких нинг хориж жамоалари таркибида киритган голлари сони 200 тадан ошди. Бу Ўзбекистонлик легионерлар учун ҳам мутлоқ рекорд натижадир.
Юсупов Фурқат