Куни кеча эълон қилинган ФИФА рейтингида янги карвонбоши пайдо бўлди. Унга кўра сўнгги эришилган натижалар эвазига биринчи ўринга кўтарилиб олган Бельгия терма жамоаси ушбу рейтингни бошқарган дунёдаги 8-терма жамоага айланди. Биз қуйида шундай натижа қайд этган терма жамоалар ҳақида тўхталиб ўтамиз.
Бельгия
1993-йилдан буён амал қилиниб келинаётган рейтингда Бельгия терма жамоаси биринчи бор етакчиликни қўлга олди. Бунга Эден Азар юртдошларининг сўнгги йилларда сезиларли даражадаги кучайиши ва Европа чемпионати саралаш босқичидаги муваффақиятли иштироки сабаб бўлди. ФИФА рейтинги таъсис этилганидан бери нуфузли турнирларда зафар қучмаган терма жамоанинг ҳозирги таркиби келгусидаги мусобақаларда ғолиб бўлиш учун етарли даражада кучлидир.
Голландия
«Лолалар юрти» терма жамоаси фақатгина 2011-йил август ойида рейтингда етакчилак қила олган холос. Голландлар 2010-йилги Жаҳон чемпионатининг финал учрашувида иштирок этган ва ушбу ўйинда Испанияга имкониятни бой беришган. Ҳозирга қадар ушбу терма жамоа ҳам футболдаги асосий мусобақада бош совринни қўлга кирита олгани йўқ.
Аргентина
1986-йилда Марадона бошчилигида жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган Аргентина терма жамоаси, ушбу рейтинг асос солинганидан бери мундиал баҳсларида зафар қучгани йўқ. 2014-йилда бунга яқин келган Месси жамоадошлари финалда Германияга мағлуб бўлган эди. Рейтингда терма жамоа 2008 ва 2015 йилларда маълум муддат карвонбошилик қилган.
Италия
1994-йилги жаҳон чемпионати саралаш баҳсларидаги ажойиб одимлари туфайли биринчи бор Италия терма жамоаси рейтингда пешқадамликни ўз қўлига олган ва ушбу чемпиоанатнинг ҳал қилувчи учрашувида Бразилияга пенальтилар сериясида имкониятни бой берган. Шундан сўнг терма жамоа 2006-йил сайёрамиздаги энг муҳим ҳисобланадиган футбол мусобақасида ғолиб бўлиш орқали 2007-йилги рейтингда бир неча бор биринчи ўринни эгаллади.
Франция
1998-йилги жаҳон кубоги ва 2000-йилги Европа чемпионатининг олтин медалларига сазовор бўлгач Зидан бошчилигидаги терма жамоа, 2001-йил рейтингда карвонбошиликни ўз қўлига олди ва 2002-йилги мундиалдаги омадсиз иштироки туфайли ўз ўрнини Бразилияга бой берди. Шундан сўнг французлар рейтингда бошқа лидерлик қила олишгани йўқ.
Германия
1993-йилда ФИФА рейтинги эълон қилина бошланди. Унда сўнги жаҳон чемпиони ҳисобланган Германия рейтингни бошқарган дастлабки терма жамоа сифатида қайд этилди. 1994-йилда ҳам икки бор етакчиликни ўз қўлига олган немислар айнан шу йили Бразилияга ўрнини бўшатиб беришди. 2014-йил жаҳон чемпионатида зафар қучган Германия деярли 20 йилдан сўнг яна рейтингда энг юқори чўққига кўтарилди ва бир йилдан сўнг чўққини бой берди.
Испания
Рейтингини энг узоқ бошқарган иккинчи терма жамоа кетма-кет уч бора Евро-2008, ЖЧ-2010 ва Евро-2012 турнирларида ғолиб бўлди. Шу орқали Испания терма жамоаси 2008, 2009, 2010, 2011, 2012, 2013, 2014-йилларда карвонбошилик қилди. 2014-йил июл ойида эса жаҳон чемпионлари Германияга етакчиликни топширишди.
Бразилия
Бразилия ФИФА рейтингини энг узоқ ва энг кўп бошқарган терма жамоа ҳисобланади. Ушбу юрт вакиллари 1994-йилги мундиалда ғолиб чиқиб рейтингда биринчи ўринни қўлга олди ва уни 2001-йилгача етти йил давомида ҳеч кимга бермади. Айнан шу йили Францияга етакчиликни топрширган терма жамоа 2002-йилги жаҳон чемпионлигини қўлга киритиб яна пешқадамликни ўз қўлига олди. Бу сафар 2007-йилгача рейтингни беш йил бошқарган Роналдо юртдошлари шундан сўнг ҳам бир неча бор турли йилларда ФИФА рейтингини бош жамоаси сифатида қайд этилди.