Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Хайрия - эзгулик элчиси ёхуд ҳимматингизга балли!!!

Баҳо:
+ | -

Уйсизларга бошпана, янги туғилган чақалоқларга шифохона, ночорларга кўмак... Аҳолининг моддий қийинчиликлардан азият чекаётган турли қатламларига ёрдам қўлини чўзаётган спортчилар ҳамиша ҳурматга сазовор кўрилганлар. Бугунги мавзу ихтиёридаги маблағларни хайрия йўлида сарфлашга одатланган футболчиларга бағишланади.

Статистик маълумотларга кўра, аксарият ишқибозларнинг наздида футболчини натижадан бошқа нарса қониқтирмайди. «Натижа» деганда нафақат бир ўйинда қўлга киритилган ғалаба, балки ушбу ютуқ эвазига топиладиган пул маблағи ҳам назарда тутилмоқда. Қайсидир маънода муҳимлик жиҳатидан маош масаласи ҳамиша биринчи ўринда қайд этилса керак. Футбол ўта ноёб хислат, инсонийлик тамойилларига хос жиҳатлардан мосуво бўлаётгандек, гўё. Худди миллионлар ўйини «Натижа ҳар нарсадан устун!» шиори эвазига тирикдек. Шундай экан, ишқибозларнинг юқоридаги каби фикр юритишларини тўғри тушуниш мумкин.

ҚУТҚАРУВ ХИЗМАТИ

Яқинда манчестерлик бошпанасиз дайдилар шаҳардаги ҳашаматли меҳмонхонага ноқонуний тарзда жойлашиб олдилар. Гап шундаки, ўзини «Манчестер фаришталари» деб атовчи тартиббузарлар 1906 йили қурилган биржа биносининг бошқа мақсадларда фойдаланилаётганидан норози эканликларини билдиришган. Одатда, бундай вазиятларда кўчмас мулк эгаси биргина йўл орқали муаммони бартараф этишга киришади: полицияга мурожаат қилиб, намойишчиларни қувиш. Охир-оқибат, дайдилар етакчиси Уэсли Холл меҳмонхонадан қишнинг совуқ кунларида фойдаланишга рухсат олди. Унинг мақсади уйсизларни бошпана билан таъминлаш эди. Холл бино хўжайини билан телефон орқали суҳбатлашгач, кўз ёшларини тия олмади. Эътиборлиси, Гари Невилл ҳамда Райан Гиггз ушбу меҳмонхонанинг эгаси ҳисобланишади.

Ҳа, замонавий футболда ҳотамтойлик - ноёб хислатга айланган. Ҳам майдонда, ҳам унинг ташқарисида. Лекин инсонийлик тамойилларини умуман йўқ, дейиш ўзимизни алдашдан бошқа нарса эмас. Футболчиларнинг кераксиз буюмларга йирик маблағ сарфлашаётгани инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Нон харид қилиш учун вертолётда бориш, шартнома тузиш учун шахсий пляж талаб қилиш, бриллантлар билан безатилган бутсаларда тўп суриш - тан олайлик, шундай хабарлар тез-тез учраб туради. Аксарият футболчиларнинг ўзгалар муаммосига бефарқ қарашлари билан боғлиқ фактлар бундай янгиликлар тўлқинида йўқ бўлиб кетгандек тасаввур уйғонади. Шундай паллада вазиятни бироз юмшатишга ҳаракат қиламиз.

Гари Невилл ҳақидаги суҳбатга қайт­сак, «Манчестер Юнайтед»нинг собиқ сардори анчадан буён хайрия ишлари билан шуғулланади. Хусусан, қадрдон шаҳридаги уйсиз ночорларга ёрдам қўлини чўзади. Шундай экан, «Хавфсиз қиш» (акция иштирокчилари шундай ном беришган) тадбири Гари учун илк тажриба эмас.

Жумладан, Россияда ҳам пулни исроф қилишга устамонлар бисёр. Маҳаллий аҳоли уларни турли йўллар билан танқид қилишдан асло чарчашмайди. Айрим футболчилар уйида диванга ястанганча телевизор томоша қилаётган бир паллада бошқалар ҳамюртларининг кўнглини овлашда фаоллик кўрсатишади. Денис Глушаков ҳамёнидан пул сарфлаб, ўзи туғилиб ўсган шаҳар - Миллерово (Ростов области)да 2000 томошабинга мўлжалланган мўъжазгина стадион қурдириб, тантанали очилиш маросимида қатнашди.

Александр Кержаков соғлиғида муаммоси бор чақалоқларга мўлжалланган шифохонага ҳомийлик қилади. Ҳужумчи ажратган пулга қимматбаҳо ускуна сотиб олиниши натижасида кўплаб гўдакларнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Шунингдек, Кержаков бошқа хаста болаларнинг мурожаатига ҳам доимо «лаббай», деб жавоб қайтаради.

ИШҚИБОЗЛАР КЎНГИЛГА ЯҚИН

Эътиборга молик яна бир воқеа икки йил аввал Роттердамда содир бўлди. Малла Марк номи эредивизия мухлисларига яхши таниш. Икки йил аввал «Фейеноорд»нинг 41 йиллик мухлисига ўлим ташхиси қўйилди: шифокорларнинг айтишича, унинг яна бир ойлик умри қолганди. Малла Маркнинг сўнгги истаги - севимли жамоасининг машғулотига ташриф буюриш бўлган. 2013 йилнинг 26 июнь санасида унинг хоҳиши қондирилди. «Де Куип» стадионидаги одатий машғулот жараёнини кўриш учун 6000 киши ташриф буюрди. Лекин уларнинг эътибори футболчиларга қаратилмаганди. Клуб ва фанатларнинг аввалдан тузган режаларига биноан, машғулотларнинг 12-дақиқасида Маркни ногиронлар аравачасида майдон четига олиб тушишди. Аренага тўпланган 6000 киши «You will never walk alone» қўшиғини голландча талқинда баралла куйлашди. Малла Марк ўзини тутиб туролмади, унинг кўзларидан шашқатор ёш оқди. Кейин охирги кучини жамлаб, ўрнидан турди ва қадрдон стадионидаги майсага сўнгги бор оёқ қўйди. Деярли бутун умрини бир клубга бағишлаган фанатни футболчилар эҳтиром билан қаршилашди. Орадан уч кун ўтиб, Малла Марк вафот этди.

Айрим футболчилар бир вақтнинг ўзида ҳам беҳад севги, ҳам кучли нафратга лойиқ кўриладилар. Бу тоифага кирувчилар ҳақида сўз кетганда, биринчи навбатда хаёлга Криштиану Роналду келади. Уни яхши кўрувчилар сони билан тинмай танқид қилувчилар сони деярли бир хил. Португалиялик юлдуз ўсмирлик чоғлариданоқ ишқибозларга яқинлашишга интилган. «Манчестер Юнайтед»да ўйнаб юрган кезлари бир воқеа рўй берганди: Криштиану ҳозиргина тугаган баҳсда кийган либосини ишқибозга беришга шайланди. «Хўш, нима бўпти?» дейсизми? Жавоб тариқасида еттинчи рақам эгасининг мухлис билан уюштирган суҳбатидан парча келтирамиз.

- Бу либосимни бир мухлисимга ваъда қилиб қўйгандим. Сенга бошқасини олиб чиқиб бераман, майлими? - деди Роналду қўлидаги футболкага ишора қилиб.

- Ростданми? Кутиб турайми?

- Ҳа, мен ҳозир қайтаман.

Бир неча дақиқадан сўнг португалиялик юлдуз қўлида футболка билан чиқиб келди ва уни мухлисига берди. Ушбу ҳолат трибунадаги мухлислар олқиши ва ҳайқириғи остида рўй берди.

Ўтган йилнинг март ойида бўлиб ўтган ЖАР ҳамда Бразилия терма жамоалари ўртасидаги ўйин­да Неймар 4та гол муаллифига айланди. «Соккер Сити» стадионида мезбонлар дарвозасига уч марта тўп киритиб, маҳаллий мухлисларни ранжитди. Шунингдек, «Бафан-Бафан»нинг ёш мухлисини қўриқчилар «чангали»дан қутқарди. Ўйин пайтида майдонга тушиб келган ёш болакайни арена хавфсизлигини таъминлаши кутилган қаттиққўл стюардлар қарши олишлари кутилганди. Шу паллада бразилия­лик ҳужумчи уни ноқулай вазиятдан қутқарди. Бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас. Бразилиялик футболчилар болакайни кўтариб, худди қаҳрамонни шарафлагандек юқорига отиб, яна ушлаб олиш билан шуғулланишди. Кейин эса тартиббузар болакай халоскори билан суратга тушди. Уларни фотокамерага ким муҳрлади? Тўғри, Давид Луис.

Умуман, кўплаб футболчилар хайрия ишларига хайрихоҳлар. Кимдир гонорарларининг маълум қисмини турли ташкилотларга ажратса, бошқалар шахсий фондига асос солади. Шундай экан, эзгуликка қўл уриш - аввалгидек оммабоп машғулот. Энг асосийси, инсонлар кўнглини олишни мақсад қилган аксарият юлдузлар бу хайрли йўлни шунчаки обрў орттириш учун танлашмаган.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:01, 09.11.2015.
Ўқилди: 2277 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.