Яқинда Англияда «Ливерпуль» билан дуранг ўйнаб қайтган «Рубин» ҳужумчиси Марко Девич Football.ua сайтига қисқача интервью берди.
- «Энфилд»да «Ливерпуль» дарвозасини ишғол қилган футболчи нималарни ҳис қилади?
- Буни тушунтириб бериш қийин. Ушбу тасодифни Яратганнинг бир совғаси деб биламан. Охирги бир ярим йил фаолиятимдаги энг оғир кунлар бўлди. Қийинчиликларга қарамай, фақат олға интилдим. Ҳеч қачон мағлубиятга учрашни истамайман. Миньоле қўриқлаётган дарвозага урган голим билан елкамдан оғир юк ағдарилгандек бўлди.
- «Ливерпуль» стадионидаги муҳитга бундан авваллари ҳам гувоҳ бўлганмисиз?
- Ҳа, Туркияда. «Бешиктош» ва «Галатасарой» жамоаларига қарши учрашувда шундай «аншлаг» кузатилган. Машҳур клубларга қарши учрашувда майдонга бошқача руҳда тушасан.
- Юрген Клоппнинг фалсафаси қандай?
- Мураббий яқинда жамоани қабул қилиб олди, ҳозирча бир нима дейиш қийин. Вақт ўтаверсин-чи, «Ливерпул»да қандай ўзгаришлар юз беришини биргаликда кузатамиз.
- «Ливерпуль» билан ўйинда кўпроқ нимани эслаб қолдингиз?
- Асосан яккакурашлардаги тўқнашув ва доимий қаршилик, ўйин тезлиги ва жадаллик. Клопп бошқарган «Боруссия» Д.нинг «Ливерпул»дан кам жойи йўқдек туюлди. Юрген каби мураббийнинг жамоасига муносиб қаршилик кўрсата олганимиздан хурсандман.
- Сиз яқинда «Ал-Райян»дан 4 ойлик маошингизни ундиролмаётганингиз ҳақида эълон қилгандингиз. Муаммо ҳал бўлдими?
- Бу жараёнда ғолиб чиқдим, «Ал-Райян» клуби тўлаши керак бўлган суммани бўйнига олди. Лекин бу ишни ҳали бажаришганича йўқ. Ўйлайманки, йил якунлангунига қадар маошимни тўлашади. Бошқа футболчиларнинг тасаввурларида Қатарда пулларни ерга сочишади. Йўқ, бундай эмас. Қаерда бўлишингдан қатъий назар, меҳнатингга яраша маош оласан.
- Қатарда сизга маош тўлашмаганига қарамай, араб давлатининг иккинчи дивизионида ҳам тўп суришга улгурдингиз. Нега бошқа мамлакат чемпионатига ўтмадингиз?
- Агар Қатар жамоаси мени сотиб олса, барча маошимни тўлаб бериш шарти билан «Рубин»дан ижарага олганди. Лекин улар фикрларини ўзгартиришди. У ерда ҳар бир ўтган кунинг учун ҳақ тўлашинг керак. Ўша пайт Қатарнинг иккинчи дивизионидан тушган таклифга рози бўлишдан бошқа иложим қолмаганди. Чунки Қатарда харажатлар катта суммани талаб этади. Кейинчалик Европа клубларидан таклифлар бўлди, бироқ якунда яна «Ал-Райян»га қайтдим.
- Фаолиятингизнинг кўп қисмини қуйи дивизионларда ўтказганингиздан афсусланмайсизми?
- Йўқ, бу мен учун яхшигина сабоқ бўлди. Шошилиш оқибати қандай якун топишини кўрдим. Тўғри, иккинчи дивизионда ўйнаш даражамга таъсир қилар, лекин биз олий лига жамоалари билан кубок баҳсларида беллашдик.
- Қатарда сизни энг ҳайратга солган жиҳат?
- Албатта, иқлим. У ерда ҳаво жуда иссиқ. Шунингдек, бир-икки марта кучли шамол эсди. Намлик ўта юқори. Оқшом пайти машғулотдан қайтаётганингизда ҳарорат ўлчагичда доимо }35, }37 даража иссиқлигига кўзингиз тушади. Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрилаётгани сабаб ҳар 100 метрда улкан кранларни ҳам кўриш мумкин.