Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

Ҳуштакли ҳақиқат ҳимоячилари ёки ҳакамлик тарихига саёҳат

Баҳо:
+ | -

Футбол учрашувларини ҳакамлар аралашувисиз ўтказиш мумкинми? Жамоалар баҳсли вазиятларга ечим топа оладиларми? Табиийки, ҳар 2 саволга ҳам ҳозир ҳеч иккиланмай «йўқ» дея жавоб қайтарамиз. Лекин бундан 1,5 аср муқаддам - футбол эндигина кашф этилган даврда мусобақалар ҳакамлар аралашувисиз ўтказилган ва баҳсли вазиятларни иштирокчиларнинг ўзлари ҳал этишган. Кейинчалик футболнинг доимий ривожланиш жараёнида ҳакамлар ва улар фойдаланадиган турли анжомлар пайдо бўлган.

Трубунадаги ҳакам

Аввалига ташкилотчилар ўйин жараёнида юзага келадиган барча муаммоларни футболчиларнинг ўзлари ҳал қила оладилар, деган фикр­да бўлишган. Ахир кундалик ҳаётда ҳам ҳар бир босган қадамимизни кимдир кузатиб турмайди-ку. Шу боис, Англия футбол ассоциацияси мутасаддилари аввалига футбол баҳслари тақдирини тақдирнинг ҳукмига ҳавола этишди. Бироқ футбол улар ўйлаганчалик беташвиш бўлиб чиқмади - баҳсли вазиятларнинг кўплаб юзага келиши ойдинлашиб қолди. Натижада, 90 дақиқалик қарама-қаршиликнинг асосий қисми оғзаки тортишувлар  билан ўтиб кета бошлади. Бундай кезларда ўйин суръати пасайиб кетар, мухлислар зерикиб қолишарди. Демак, футболнинг мафтункорлигини сақлаб қолиш ва уни янада ошириш учун қандайдир чораларни кўриш керак. Акс ҳолда, йил сайин кучайиб бораётган зиддиятлар туфайли мусобақаларга бўлган қизиқиш умуман йўқолиб кетиши ҳеч гап эмас. Шу тариқа 1874 йилдан бошлаб футбол учрашувларини бошқариш учун ўйин қоидаларидан яхши хабардор бўлган полициячилар жалб этила бошланди. Аввалига ҳар қайси жамоа 1 нафардан ўз ҳакамини тақдим этадиган бўлди. Лекин ҳар қайси ҳакам ўз жамоаси фойдасига ҳукм чиқаравергач, мутасаддилар учинчи ҳакам хизматидан фойдаланишга мажбур бўлишди. Унга мухлислар либосидан фарқ қиладиган кийимда юриш белгилаб қўйилди, ҳакамлар ён чизиқлар ташқарисида (учинчи - ҳакамга трибунадан жой ажратилди) ҳаракат қиладиган бўлдилар. Қайсидир лавҳа хусусида ҳакамлар келиша олмай қолсалар, учинчи касбдошларига мурожаат қилишарди.

Рўмолча ва ҚўнҒироҚ

Бироқ юқорида айтилган чора-тадбирлар кутилган самарани бермади. 3 нафар ҳакам ўртасидаги тортишувлар баъзан узоқ давом этар ва сабри тугаган мухлислар стадионни тарк этишарди. Шу йўсинда муаммони тезкорлик билан ҳал қила оладиган ва одилона ҳукм чиқара оладиган полициячига эҳтиёж туғилди. Бу вазифани бажаришга бел боғлаган илк ҳакам оддий рўмолча билан қуролланган бўлиб, қоида бузилган пайтда рўмолчани ҳавода силкитган ҳолда ўйинчилар эътиборини ўзига қаратарди. Кейинчалик ҳакам қўнғироқ чалиш ёки шунчаки бақириш орқали ўйинни тўхтатадиган бўлди. Бу ярим ибтидоий усул 1878 йилгача амалда бўлгач, кейин ҳакамлар ҳуштак билан қуролланишди. Тўғри-да, ҳуштаги йўқ полициячи полициячи эмасда!

1891 йилдан бошлаб ФА ўйинни фақат бош ҳакам бошқаришини белгилаб қўйди - у бевосита майдондан жой олади, жарима зарбалари ёки пенальтиларни белгилайди, лозим топса қайсидир футболчини ўйиндан четлатади.

Тўғри, шундан кейин ҳам жамоалар беллашувларга ўз ҳакамлари билан келишда давом этдилар. Бош ҳакамнинг ёрдамчиларини лайнсменлар дейишиб, уларга ён чизиқдан жой ажратишди. Ўйин қоидаси бузилган ҳолларда лайнсменлар қўлларидаги байроқчаларни чайқатган ҳолда бош ҳакамга хабар берадиган бўлишди.

Бузилмас иттифоҚ

Вақт ўтиши билан бош ҳакамлар ҳам, лайнсменлар ҳам қайсидир футбол клубларининг аъзолари эканликлари маълум бўлиб қолди. Кимдир таъсисчи ёки раҳбар, бошқаси - техник ходим қисқаси, улар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг холислигига шубҳа пайдо бўлди. Шундан кейин мутасаддилар учрашувларга у ёки бу жамоага умуман алоқаси бўлмаган, бетараф ҳакамларни белгилашга интила бошладилар. Бу ҳаракат 1898 йилдан бошланди. 1908 йилга келиб футбол ҳакамлари иттифоқига асос солинди. Ўз аъзоларининг профессионал малакаси ва фаолиятини мунтазам равишда назорат қилиш ташкилотнинг асосий вазифаси сифатида эътироф этилди.

Ҳарбийдан чиҚҚан ҳакам

Ҳакамлмик касби орқали юксак нуфузга эга бўлиш ва касбдошлари орасида даҳо мақомига кўтарилиш бахти илк марта Фрэнсис Мариндинга насиб этди. Фрэнсис ўз вақтида қирол Генрих-VI томонидан таъсис этилган машҳур Итон коллежида (бу билим даргоҳи мамлакатга 20 нафар бош вазирни тарбиялаб берган) таҳсил олганди. Қиролдан фар­қ­ли ўлароқ, (Генрих-VI жангу жадалларни хуш кўрмас, бир гал жангчиларни бошқариш ўрнига дарахтнинг баланд шохига кўтарилган ҳолда қуёшнинг ботишини томоша қилиб ўтирган, жангчилар эса уни топиш учун урушни тўхтатишга мажбур бўлишганди), Мариндин ҳарбий академияда ҳам таҳсил олган ва 1854-1856 йиллардаги Қрим урушида иштирок этганди. Бундан ташқари, Фрэнсис футбол ўйнашни яхши кўрарди. 1869 йилда қироллик қўшинларининг майори унвонидаги Мариндин ўзининг «Ройял Эн жиниерс» футбол клубини тузади. Ўзи аввал дарвозабон, кейинчалик ўнг қанот ҳимоячиси сифатида тўп суради. 1872 йилда эса «Ройял»ни сардор сифатида уни ФА кубогининг финалига олиб чиқади.

Англия футболида илк марта унинг жамоаси тўпни бир-бирига ошириб ўйнаш услубини намойиш этган. Бунгача ўйинчилар ўз ҳолича олдинга интилишган, холос. Сардор Итон коллежида таҳсил олганми, билинг-ки унинг жамоаси комбинацион ўйин кўрсатади. Дарвоқе, «комбинация» ибораси Англия кубогининг таъсисчиси Чарльз Алкок томонидан илк марта футболнинг ривожланишига оид мақолада тилга олинган. Айтишларича, яшил майдонда Чарли айнан комбинацион ўйин намойиш этган. 1874 йилда «Ройял» яна финалга чиқиб, имкониятни бой беради. Лекин кейинги мавсумда нуфузли соврин қўлга киритилди. Аммоунда афсонавий сардор хорижий сафарда бўлгани боис майдонга туша олмади. Айтиш мумкинки, Мариндин етакчилигидаги жамоа «Уондерерс»­дан ке­йинги иккинчи жамоа эди: XIX-аср­нинг 70-йилларида дастлабки 8та Англия кубогининг 5тасида «Ройял» иштирок этди. 1871-1875 йиллар оралиғида 86 учрашувнинг атиги 3тасида мағлубиятга учради!

Футболчилик фаолиятини тугатгач, Фрэнсис Мариндин яшил майдонга қўлида ҳуштак билан кириб келди. Буюк Британиянинг дастлабки футбол ҳаками бўлиш унга насиб этди. Ундаги қатъият, одиллик ва аниқлик доимо ўйин тизгинини ўз қўлида бўлишига имкон яратди. Фақат унга Англия кубогидек нуфузли турнирнинг қаторасига 8та финалида (1883-1890) ҳакамлик қилиш насиб этди. Спорт оламида камдан-кам учрайдиган ҳодиса! Бундан ташқари, 1874 йилдан бошлаб Фрэнсис 6 йил АФА президенти лавозимида меҳнат қилди. Уни чинакам футбол фидойиси, тарғиботчиси десак, хато қилмаймиз. Дарвоқе, Фрэнсисда башоратчилик қобилияти ҳам ҳавас қиладиган даражада бўлган. 1888 йилда бўлиб ўтган Англия кубогининг финали арафасида Уильям Саделл раҳбарлигидаги «Престон» футболчилари Мариндин ҳузурига ташриф буюрадилар. Ўша пайтда жамоа фантастик ўйинлар кўрсатаётган (жумладан, «Хайд»ни 26:0 ҳисобида енгган) ва бўлажак финалда «Вест Бромвич»ни осонликча янчиб ташлашига мураббий ҳам, шогирдлари ҳам амин эдилар. Шу боис, улар «Майор»га (Мариндин аллақачон «полковник» унвонига кўтарилган бўлса-да, тахаллуси ўзгаришсиз қолганди) сурбетлик билан мурожаат қилишганди. Яъни, ҳакамдан учрашув бошланмасдан аввал топ-тоза футболкаларда туришган чоғларида кубок ёнида суръатга тушишга рухсат сўрашганди. Эмишки, финалдан кейин либослар кир бўлиб, сурат кўнгилдагидек чиқмас экан. Фрэнсис бу калондимоғ йигитларнинг сўзларига хушламай қулоқ соларкан (таркибида инглизлардан кўра шотландлар кўпроқ бўлган жамоаларни «Майор» ёмон кўрарди), уларга шундай жавоб қайтарган: «Сиз аввал финалда ғолиб чиқинг, суратга тушиш ҳақида эса кейин бош қотирасиз». Буни қарангки, на рақибни, на ҳакамни назар-писанд қилмаган «Престон» 1:2 ҳисобида мағлубиятга учраган.

XIX-асрнинг охирларида Мариндин Англия Темир йўл вазирлигида инспектор лавозимига тайинланади. Парламент томонидан темир йўллардаги хавфсизликка оид қабул қилинган қонунлар асосан Фрэнсиснинг темир йўллардаги фавқулодда ҳодисалар ва жароҳатлар ҳақида берган ҳисоботидан олинган. Лондонда Мариндин электр ёритиш тизимини такомиллаштириш, яъни пойтахтни зулматдан халос этиш йўлида баҳоли-қудрат тер тўкди, худди ёшлигида футбол майдонларидаги воқеаларга ойдинлик киритгани каби. 1897 йилда, вафотидан 3 йил аввал Мариндин «рицарь» унвони билан тақдирланди. Ваҳоланки, у бутун онгли ҳаётини адолат ва ҳалолликка бахшида қилган чинакам рицарь эди...

Манба: Futbol.ru,

Содиқ Собир тайёрлади                       

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:47, 11.11.2015.
Ўқилди: 2631 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.