Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания

Ғалаба куч олсин мағлубият аламидан!

Баҳо:
+ | -

Рақибдан мағлубият аламини олиш қандай бўлишини «Бавария»дан ўрганиш керак. Браво, «Бавария»! ЕЧЛ доирасида «Арсенал»дан енгилиб, кейин «Айнт­рахт» билан дуранг қайд этганидан сўнг кўпчилик «Бавария»нинг «авария»га учрагани хусусида сўзлай бошлади. Аксига олиб, биз 2 ҳафтача аввал бош­қа топ-клубларга нисбатан «Бавария» мустаҳкамроқ, залворлироқ кўринаётгани ҳақида ёзгандик.

Бугун мухлислар орасида сабрсизлари кўп. Уларнинг баъзилари жавоб учрашувини кутмай, бизга истеҳзо билан қарашди. Аммо бу қарашларни писанд этмадик. Негаки, «Бавария»нинг ўзгача шиддати билан боғлиқ хулоса бирдан, тўсатдан туғилмаганди. Зеро, Пеп Гвардиола шогирдлари иштирокидаги 10тадан ортиқ учрашувни томоша қилиш ўлароқ, шундан якуний хулосага келгандик. Бу хулоса асло мухлислик симпатияси эмас, албатта. Тан олиш керакки, Гвардиола «Бава­рия»даги янгиланиш жараёнини кўнгилдагидек якунлади. «Арсенал» ва «Штутгарт»ни йирик ҳисобларда таслим қилиниши яна бир бор кўрсатдики, «Бавария»да «авария» юз бермаган. Гвардиоланинг «машина»си шунчаки, бир силтанди, тормозланди, тин олди, холос. Ҳар ўйинда турлича ротацияга учрайдиган, бунга кўниккан яхлит механизмнинг жорий мавсумда бузилишига ишониш қийин. Тормозланиш, тин олишлар ора-сира кузатилиши табиий ҳол. Аксинча, энди «Челси»нинг тузалишига умид қолмаяпти, чоғи. Шундай ажойиб футболчиларга ачинасан киши. Улар кетма-кет ва номуносиб мағлубиятларга кўникмаган, кўниколмайдиган футболчилардир. Аммо бахтга қарши, мағлублик гирдоби уларни тобора ўз домига тортмоқда. Йўқ, «Челси», унинг ўйини мантиқан кетма-кет мағлубиятларга муносиб эмас. Шунчаки, Жозе Моуриньо жамоани тарк этса, бас.

Биз «Челси»нинг мағлубиятлари мураббий билан боғлиқлиги ва бунинг сабаблари ҳақида аввал ёзгандик. Энди қатъий айтишимиз мумкинки, Моу кетса - «Челси» тузалади, кетмаса - чилпарчин бўлади. Ана, Юрген Клопп «Боруссия»ни қанчалар севмасин, энг мураккаб вазиятда уни тарк этди ва жамоа ўнгланди. Шундай ёндашув «Челси»ни ҳам асрайди. Қанчалар ғалати туюлмасин, Фабио Капеллодек машҳур мураббийнинг кетиши Россия терма жамоасига ёқди. Энди шу каби ёқимли жараён Ўзбекистон миллий жамоаси ҳаётида юз беришини интиқлик билан кутмоқдамиз. Самвел Бабаян моҳир курашчи мисоли кетма-кет рақиб мураббийлари курагини ерга теккизмоқда. Индинга у қандай курашади? Шимолий Кореядан келган чаққондек, тутқич бермасдек кўринадиган рақибни қай усулда енгади? Чаққонлиги билан мақтанадиган рақибни калтаклашнинг йўли ҳар доим топилади. Хусусан, ўзбек курашида рақибни ғафлатда қолдирадиган усуллар анчагина. Ишончимиз комилки, Самвел Вячеславович уларнинг баридан хабардор. Ана, «Бешиктош»га қарши баҳсда ҳимоячи, ҳа, ҳа, ҳимоячи Виталий Денисов рақиб жарима майдонига ёриб киришга интилди ва туркларни хавотирга солди. Биз учун муҳими, Виталийдаги дадиллик. У КХДР термасига қарши кечадиган баҳс­да ҳам шундай тўп сурса, рақиб дарвозаси сурон остида қолиши аниқ. Одилни, Одилжонни айтмайсизми?! У аввал ПАОК жарима майдонига марказдан ёриб киришга уринди. Ўхшамади, яъни рақиб ҳимоячилари унинг йўлини тўсишди. Одилжон эса «Мана бўлмаса!» дедида, жарима майдонига ўнг қанот ор­қали йўл солди ва тўпни Арига узатди. Унинг йўналишини ўзгартиришга интилган ҳимоячи буни эплолмади ва натижада Ари қулай вазиятдан гол урди. Ҳаммасини бизнинг Одил Аҳмедов бошлади. Одилнинг бу каби шашти ва маҳоратидан қувонамиз, фахрланамиз. У миллий терма жамоамиз сафида бунданда ҳуснкорроқ тўп суришига ишонамиз. Унда Фарғонача курашга хос рақибнинг ерга кўтариб уриш усулининг табиий ҳад-хавоси мужассам. Индинга Одил жамоадошларини ўзгача важоҳат ва жасорат билан олдинга бошлайди. Бугун у Осиё футболида ҳар қандай рақибни енгишга қодир. Йўқ, бу шунчаки, мақтов эмас. Одил барчасини амалда, майдонда исботламоқда. Ўйиннинг энг қизғин палласида Сардорга қараб, «Олға, укажон, бос, босавер, Президентимизнинг сўзларини эсла!» деса, бас. Сардор ҳам сурур билан тўп суради. Қисқаси, бутун жамоа бир мушт бўлиб тугилади, йигитлар бир-бирларини қўллаб-қувватлашади. Бу муштнинг зарбидан рақиб эсанкираши муқаррар. Бош­қача бўлиши ақлдан ташқарида.

Мулоҳазаларимиз аввалида рақибидан боплаб аламини олган «Бавария» шаънига таҳсин айтдик. Майли, «Бавария» ўз йўлида бораверсин. «ПСЖ» ҳам «Реал»дан енгилиш аламини «Тулуза»дек заиф жамоалардан олаверсин. «Валенсия» эса икки етакчи даврасида бўлишни орзу қилаётган «Сельта»ни сафарда мағлуб этиб, мағрурланаверсин. Уларнинг орзу-мақсадлари бошқа, бизники бошқа. Демак, футболчиларимиз Пхеньяндаги пушаймонлик руҳини пурвиқор кайфият билан алмаштирадилар. Уларга пурвиқорлик ярашади, рақибни енгиб, мағрур-мағрур, масрур-масрур даврани айланган полвон каби ҳайқириб-ҳайқириб чопиш, мухлисларга олам-олам қувонч улашиш ярашади. Яқинда Eurosport канали Голландия ва Германия терма жамоалари қарама-қаршилигига оид кўрсатувни намо­йиш қилди. ЖЧ-74 финалида буюк Йохан Кройффнинг Кайзер Франц жамоадошлари қаршисида ожиз қолгани барчага маълум. Евро-88 ярим финалида Рууд Гуллит, ван Бастен, Франк Райкаард каби юлдузлар Лотар Маттеус жамоадошлари устидан ғалаба қозонишганини ҳам кўпчилик яхши билади. Аммо Гамбургдаги ўша учрашувдан сўнг бутун Голландия ларзага тушганини, 14 йиллик мағлублик аламини елкадан улоқтириб, байрам қилганини барча ҳам билавермайди. Ҳа, голландлар «қасос» онларини 14 йил сабр-тоқат ва интизорлик билан кутишган. Майли, ўшандай сабр-тоқат яна инқирозни бошдан кечираётган Голландия терма жамоасига сийлов. Биз эса сабр қилолмаймиз. Бугун сабр - бизнинг футболимиз учун мантиққа зид жараён. Биз ғалабага, мағлубият алами олинишига интизормиз. Шу интизорлик оғушида олий лига баҳсларидаги айрим кўнгилсизликларга қўл силтамоқдамиз. Уларни эсласанг, дил хира тортади. Келинг, бу сафар айрим баҳсларга тўхталамиз, холос. Тўхталмасликнинг эса ҳеч иложи йўқ. Зеро, «Оёғига урсанг, мияси зирқирайди», деганларидек, олий лигадаги лоқайдлик охир-оқибат, миллий жамоамиз савиясига салбий таъсирини ўтказиши ҳеч гап эмас.

Хуллас, биз билган аксарият мухлислар олий лиганинг 28-туридан сўнг «Қўқон-1912»нинг «Сўғдиёна»га 3 очко беришини ишонч билан таъкидлашди. Аввалги мақоламизда бу ҳолатни «Рустам Абдуллаев жамоаси ихтиёрий позиция танлайди», - дея «қоғозга ўраб ифодаладик», айни чоғда учрашувга таъсир ўтказиш йўлини қидирдик. Яъни «Қўқон-1912» ўз мухлислари учун борини бериб ўйнашини истадик. Шу истак йўлида Қўқон футболининг шонли тарихини эслатдик. Аслида бу баҳсда қайси жамоанинг ғолиб чиқиши биз учун муҳим саналмасди. Бироқ мухлислар чинакам рақобатни кўришлари учун «Қўқон-1912» ўзгача руҳ билан ўйнаши шарт эди. Шу руҳни уйғотиш мақсадида аввалги мақоламизда «Қўқон-1912»нинг ғурурини қитиқладик. Эҳтимол, бизнинг журналистик қитмирлигимиз «Сўғдиёна»га оғир ботгандир. Нима ҳам дердик, эзгулик йўлида гоҳо шундай йўл тутишга мажбурмиз. Жанни Родарининг «Йўқолсин 9!» номли эртагини бир эсланг. Унда бола кўнгилчанлик қилгани учун ўқитувчисидан «2» баҳо олади. Бугун «Қўқон-1912»-«Сўғдиёна» учрашуви натижасидан барча бетараф мухлислар норозилар. Нима, улар «Сўғдиёна»ни ёмон кўришадими? Йўқ, асло! Улар натижа, ўйин мантиққа салгина мос тушишини исташади, алдовларни исташмайди. Ана, ўша бетараф мухлислар «Насаф»-«Пахтакор» учрашувидаги кескин курашдан мамнун бўлишди. Қаршидаги баҳс хақиқатан ҳам қизғин кечди. Айниқса, Артур Геворкяннинг стандарт вазиятлардан берган зарбалари ёдда қолди. Лекин иккинчи бўлимдаги энг хавфли, шундоққина гол иси келаётган стандарт вазиятни нима учун Мақсуд Каримов амалга оширди? Ўша ҳолат нима сабабдан ўта хавфсиз кўринишда кўкка совурилди? «Футболда бўлиб турадиган ҳодиса», дейсизми? Шундай демасангиз яхши бўлардилар. Энг муҳим баҳсларда хавфли вазиятни кўкка совурганлар бошини силамай, аёвсиз танқид қилсак, балки футболимиз ўзгарар. Эҳтимол,  шунда мураббийлар энг муҳим паллаларда жамоа таянчи саналадиган футболчиларни алмаштириб юборишмас, етакчилар чарчаб, майдонда чўзилиб қолишмагунча мухлислар ҳурмати уларни захирага олишмас. Балки... Келинг, бу «балки»лар ҳозирча нари турсин. Ахир олдинда барчамизни ғоят муҳим баҳс кутмоқда. ғалаба онларида учрашгунча!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФутбол" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:39, 11.11.2015.
Ўқилди: 2240 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.