Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Осиёдаги намунавий миллий лигалар тараққиёти

Баҳо:
+ | -

Айни пайт Осиё футбол конфедерациясига аъзо 47та ассоциация ҳам миллий чемпионат ўйинларини бир маромда ўтказиб келмоқда. Тўғри, сўнгги йилларда Индонезия ва Ҳиндистонда тижорат турнирлари, яъни биринчиликлари ҳам йўлга қўйилди. Лекин ОФК профессионал ва яримпрофессионал клублардан иборат миллий чемпионатларнигина тан олади. Бугун айнан ОФКга аъзо футболи ривожланган мамлакатлардаги чемпионатлар, хусусан, уларнинг бошқалардан фарқли жиҳатлари хусусида сўз юритамиз. Зеро, кучли чемпионатлар босиб ўтган йўллар ҳақида тушунча ҳосил қилиш ва баъзи фойдали томонларини амалда қўллаш ўзбек футболига ҳам асқотиши турган гап. Яна бир далил, 2013 йили IFFHS талқинига биноан, жаҳон рейтингида 69-ўринни банд этган олий лигамиз бир йил ўтиб, 82-қаторга тушиб кетди...

Австралия. 2004 йилнинг апрелида «А»-лига ташкил топди ва 2005|2006 йиллар мавсумидан профессионал чемпионат ўтказила бошланди. Биринчилик баҳслари октябрь-май ойларида ташкил этилади. Hyundai Motor Company 2004 йилдан бошлаб, Австралия чемпионатига бош ҳомий вазифасини бажармоқда. 2008 йилда муддати узайтирилган шартнома 2016 йилгача амалда бўлади.

Хитой. Хитой супер-лигаси 2004 йили ташкил топган. Газетамизнинг аввалги сонларидан бирида «Чин футболи чиндан кучлими?» номли мақола ҳам ёзгандик. Хитойда чемпионат баҳслари февраль|март ойларида старт олиб, ноябрь|декабрь ойларигача давом этади. Мавсум якунида охирги ўринни банд этган жамоа қуйи лигага тушиб кетади. Бу йилги мавсумдан эътиборан Гонконг, Хитой Тайпейи ва Макао терма жамоаларида ўйнамаган футболчилар миллий чемпионатда легионер ҳисобланмасликларига келишиб олинди. PingAn Insurance компанияси 2014 ва 2015 йиллар мавсумида бош ҳомий бўлиш учун 150 млн. евродан ажратди. Таққослаш учун келтирсак, 2004 йили, чемпионат янги форматда старт олган кезлар Siemens Mobile титул ҳомий бўлиш учун 8 млн. евро баҳридан кечганди.

Ж.Корея. Мазкур мамлакатда профессионал лига 1983 йили Корея супер-лигаси номи остида ташкил топди. Ўшанда 5та клуб янги биринчилик асосчиси бўлганди. 1998 йилга келиб, профессионал лига ислоҳ қилинди. Шунингдек, чемпионат «К»-лига номини олди. «К»-лигада ўйнашга даъвогар клуб инфраструктура ва молиявий таъминот бўйича ниҳоятда қатъий талабларга жавоб бериши шарт. Деярли барча клубларга мамлакатдаги қудратли бирор корпорация ҳомийлик қилади. Умуман олганда, Корея чемпионати ҳали тўлиқ ислоҳ қилинмаган. Чемпионат баҳслари март­|ап-рель ойларида старт олади ва ноябргача давом этади. KBS ва SPOTV телеканаллари чемпионат баҳсларини тўлиқ трансляция қилиб боради. Айтганча, «К»-лигаси 2014 йили IFFHS талқинига биноан, жаҳон рейтингида 24-ўринга (Осиёда 1-ўрин) чиққанди.

Япония. 1993 йилгача бу мамлакатда футбол баҳслари ҳаваскорлар даражасида ўтказиб келинган. Айни шу йили 10та жамоадан таркиб топган профессионал лига тузилган. 2004 йилга қадар чемпионат икки босқичли (ҳар бир босқич 2 даврадан иборат) тизимда ташкил этилган. Якунда босқич ғолиблари ўзаро баҳсда олтин медаль тақдирини ҳал этишган. Маълумот учун айтиш лозимки, худди шундай усул Жанубий Америкада кенг қўлланилади. Мисол учун, Аргентинадаги «Апертура» ва «Клаусура»ни айтиш мумкин. 1996 йилдан эътиборан, амалдаги босқичлар 1 даврали ҳолатга келтирилди ва чемпионатда 16та жамоа иштирок эта бошлади. 2005 йилга келибгина япон биринчилиги айнан ҳозирги кўринишини олди. Тўғрироғи, жамоалар сони 18тага етказилди, ўйинлар 2 даврали тизимда ўтиши белгиланди. Чемпионат баҳслари баҳор-куз тизими асосида март - декабрь ойларида ўтказилади. Мавсум якунида лигани 3та жамоа тарк этади (2009 йилдан бошлаб). Клубларга 5 нафаргача легионерни «заявка»га киритиш ҳуқуқи берилган. Фақат ўйин пайти ОФК қоидасига кўра, легионерлар масаласида «3}1» шартига амал қилиш талаб этилади. Табиийки, «J»-лига аъзоси бўлиш учун ҳам кўпгина шартларга жавоб бериш лозим. Хусусан, клуб стадиони камида 15 минг томошабинни ўз бағрига сиғдириши керак. Қолаверса, клуб тизимида 3та ёш тоифасидаги жамоа фаолият юритиши зарур. Регламентга кўра, чемпионатда 1-7- поғоналарни эгаллаган клубларга пул мукофоти берилади. Яъни юқори ўринлар соҳиблари камида 10 млн., кўпи билан 200 млн. иена олишади. Пул мукофоти 2011 йили таъсис этилганини ҳам айтиш ўринли. Айни пайт юқори дивизионда пойтахт Токиодан «Токио ФК», «Кашива Рейсол», «Кавасаки Фронтале», «Шонан Белмар», «Урава Редс Даймондс» ва «Йокогама Ф.Маринос» клублари иштирок этишмоқда. «J»- лига баҳслари Япониядан ташқари, Бразилия, Гонконг, Малайзия, Таиланд, АҚШ, Вьетнам, Филиппин, Германия, Австрия ва Швейцарияда трансляция қилинади. Япон лигаси 2014 йили IFFHS рейтингида 32-ўринда қайд этилганди (Осиёда 3-поғона).

Қатар. Бу мамлакатда илк марта чемпионат баҳслари 1963 йили ўтказилган. 1972 йили Қатар ФА ОФК­га аъзо бўлиб кирди. Айнан шу йили Қатар футбол лигаси ташкил топди. 1974|1975 йиллар мавсумида чемпионат баҳслари ўтказилмади. Янги аср бошида Қатар ФА чемпионатга жалб этилган ҳар бир юлдуз учун клубларга 10 млн. доллардан ажрата бошлади. Айнан шу усул Форс кўрфазидаги митти мамлакатда Франк ва Рональд де Бур, Хосеп Гвардиола, Габриэль Батистута каби юлдузларнинг тўп суришларига олиб келди. 2009 йилдан Қатар Юлдузлар лигаси юқори дивизион ҳисобланмоқда. Қизиғи, мамлакатда 2та дивизион бор, холос. Мавсум якунида журналистлар сўровига кўра, энг яхши сифатида эътироф этилган бош мураббий ва футболчига 100 минг доллардан топширилади. Бу қоидага 2006 йилдан буён амал қилиб келинмоқда.

Факт: аргентиналик таниқли тўп­урар Габриэль Батистута 2003|2004 йиллар мавсумида «Ал-Араби» сафида бир мавсум давомида чемпионатнинг ўзида 18та ўйинда 25та гол урган. Бу рекорд кўрсаткичдир.

БАА. 1973 йили футбол лигасига асос солинган. 1990|1991 йиллар мавсуми Форс кўрфазидаги уруш туфайли ўтказилмай қолган. 2007 йилнинг февралидан БАА про- лигаси, деб юритилган бўлса, мавсум-2013|2014да биринчилик номи яна ўзгарди: БАА Форс кўрфази лигаси. Чунончи, чемпионат номи масаласида Эрон про-лигаси билан муаммо келиб чиққанди. Лига ўйинлари Abu Dhabi Sports, Dubai Sports телеканаллари орқали трансляция қилинади.

С.Арабистони. 1976|1977 йиллар мавсумида Саудия профессионал лигасига асос солинган. Ўшанда чемпионатда атиги 8та жамоа иштирок этарди. 2007 йилдан биринчилик икки босқичли тизимга ўтказилди. Икки давра якунланганидан сўнг премьер-лиганинг 6та энг яхши жамоаси, шунингдек, «Шаҳзода кубоги» ва «Шаҳзода Файсал кубоги» турнирлари ғолиблари - жами 8та клуб чемпион номини аниқлаш учун янги турнирда ўзаро баҳслашади. Abdul Latif Jameel Group бош ҳомий бўлгани учун чемпионат Abdul Latif Jameel League номи билан ҳам юритилади. Ўтган мавсум якунларига кўра, чемпионат ғолибига 8 229 713 риал, 2-ўрин эгасига 7 110 857 риал, 3-ўрин соҳибига эса 5 992 000 риал берилди. Саудия Арабистони лигаси 2014 йил якунида IFFHS талқинидаги жаҳон рейтингида 29-ўринни банд этган (Осиёда 2-ўрин).

Эрон. Эрон про-лигасига расман 1970 йили асос солинган. 1973 йилдан эса мамлакатда «Жамшид кубоги» номи билан миллий чемпионат баҳслари ўтказила бошланди. 1978|1979 йиллар мавсуми Эрон-Ироқ уруши туфайли якунига етмай қолган. Умуман, айнан шу уруш оқибатида Эронда нақ 10 йил чемпионат баҳслари ўтказилмади. 1989|1990 йиллар мавсумига келиб Қудс-лигаси номи билан чемпионатга яна старт берилган. Юқори дивизион баҳслари 2001 йилдан про-лига, 2006 йилдан Форс кўрфази кубоги номи остида ўтказиб келинади. Чемпионатда куз-баҳор тизимига амал қилинади. Мавсум якунида 3та жамоа лигани тарк этади. Чемпионат баҳслари 4та телеканалда трансляция қилинади. 2012|2013 йиллар мавсуми аввалида Эрон терма жамоаси устози Карлуш Кейруш тавсиясига кўра, миллий чемпионат иштирокчилари сони 18тадан 16тага туширилди. Айни пайт юқори дивизионда пойтахт Теҳрондан «Истиқлол», «Нафт», «Персеполис» («Пирузи») ва «Роҳ-Аҳан» клублари иштирок этишмоқда. Чемпионат ҳомийлари: 2005-2007 - Zamzam (ичимлик), 2007-2009 - Padideh, 2009-2014 - Irancell, 2014 - ... - Sun Star. Трансфер даври: 2та - ёзги (18 июнь-8 август) ва қишки (1-31 январь). IFFHS талқинига кўра, жаҳон рейтингида 61-ўринни банд этган.

Таиланд. 1996 йили янги форматда ташкил этилган Тай премьер-лигаси олий дивизион ҳисобланади. 2007 йилга қадар унда 10тадан 12тагача клуб иштирок этиб келди. 2007 йили уларнинг сони 16тага етказилди. Айни пайт миллий чемпионатда 18та клуб қатнашади. Лига баҳслари март-октябрь ойларида ташкил этилади. 2013 йилдан чемпионатга Toyota компанияси бош ҳомий сифатида хизмат қилмоқда. Чемпион 10 млн. бат (миллий пул бирлиги) олса, 2-ўрин эгасига 2 млн., 3-ўрин соҳибига эса 1,5 млн. бат берилади.

Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Киритилди: 11:38, 12.11.2015.
Ўқилди: 5720 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.