Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Фахрийнинг иккинчи навқиронлиги

Баҳо:
+ | -

35 ёшли Дирк Куйт ортда қолган 12та учрашувда 10та гол урди. Эредивизия  сингари сермаҳсул чемпионат учун бу унчалик аҳамиятли туюлмаслиги мумкин. Лекин гап шундаки, фахрий футболчи моҳир ҳужумчиларга бой нуфузли лиганинг тўпурарлар баҳсида етакчилик қилмоқда. Яна ҳам ажабланарлиси, навқирон касбдошларидан ёрқинроқ ўйнаётган Куйт «кексалик даври»да гранд жамоадан таклиф олишга яқин турибди. Бундай юксак эътирофга ҳар қайси фахрий ҳам эришавермайди.

Футболчилик фаолияти якунланиб бораётганига қарамай, Дирк ўзининг асосий қоидаси - бор куч-маҳоратини сарфлаган ҳолда тўп суришга оғишмай амал қилмоқда. Шу боис, Эредивизия тўпурарлари пойгасида пешқадамлик қилмоқда. Унинг клуби «Фе­йе­­ноорд» эса чемпионлик баҳсида «Аякс» ҳамда ПСВга рақобат туғдиришга шай. Порт шаҳри ҳисобланган Роттердам учун бу ўта қувонарли ҳол. Боиси, бу шаҳар мухлислари йирик ғалабаларни соғиниб қолишган. Жамоа 2002 йилги УЕФА кубогидан кейин фақат бир марта мамлакат кубогини ўлга киритиш билан чекланди. Чемпионлик хусусида гапирмаса ҳам бўлаверади - «сувараклар» 1998Ғ1999 йиллар мавсумидан кейин шоҳсупага кўтарила олмаяптилар. Боз устига, мухлислар «Фейеноорд»нинг аламли мағлубиятлари, молиявий инқирози ва оёққа туриш йўлидаги оғир кунларига гувоҳ бўлишди. Ниҳоят, жорий мавсумда жамоа ўз мухлисларини хушнуд этмоқда. Ана шу ижобий ўзгаришнинг бош қаҳрамонлари - Жованни ван Бронкхорст ҳамда Дирк Куйт.

Ван Бронкхорст жамоани моҳирлик билан бошқараётган бўлса, фахрий ҳужумчи метин иродаси ва тириш­қоқлиги эвазига мураббий ғояларини яшил майдонга кўчирмоқда. Дирк ўз жамоадошларига сардорлик қилиш баробарида, мукаммал «гол конвейери»ни ҳам ярата олди. «Херенвен» посбонини 3 марта ранжитган мерган кейинги якшанбада «АЗ»га ҳам шундай «совға» ҳозирлади. 12та ўйинда 10та гол - номдор тўпурарлар ҳавас қиладиган кўрсаткич!

Айнан Куйтнинг сермаҳсуллиги «Фейеноорд» муваффақиятининг асосий омилига айланди. Шу тариқа моҳир тўпурарнинг довруғи яна бутун қитъага ёйилди. Айрим маълумотларга кўра, «Барселона» ўзининг машҳур триоси - МSN самарадорлигидаги мунтазамликни таъминлаш мақсадида уларга муносиб ўринбосар изламоқда. Маҳорат ва тажриба бобида ёш иқтидор соҳибларига ўрнак бўла оладиган Дирк Куйт бу ролни аъло даражада бажариши мумкин. Ёдингиздами, бир пайтлари Каталония гранди ўз сафига Хенрик Ларссонни қўшиб олган, якунда фахрий футболчининг иккита ажойиб узатмаси эвазига ЕЧЛ (2006) ғолибига айланганди. Ўшанда швециялик ҳужумчи жамоага катта манфаат келтирганди.

Тўғри, соҳилдаги қулай иқлимни тарк этиб, Каталониянинг жазирама иссиғида тўп суришга голландиялик ҳужумчи рози бўладими, йўқми, ҳозирча номаълум. Лекин ўз тиришқоқлиги туфайли топ-чемпионатнинг асосий юлдузига айланиш ва гранд клуб­нинг эътиборини тортиш - 35 ёшли фахрий учун юксак шараф!

Дирк шу пайтга қадар Голландия терма жамоаси шарафини 100тадан кўпроқ ўйинда ҳимоя қилди. ЕЧЛ финалида тўп сурди. Лекин таажжубки, негадир ўз юртида етарли қадр топа олмади. Куйтнинг отаси (дарвоқе, унинг исми ҳам Дирк) ўғлига ёшлигидан бошлаб ҳеч бир нарсага осонликча эришиб бўлмаслигини тушунтирар, ҳаттоки бир қаричли балиқчани қармоққа илинтириш учун ҳам шунга яраша малака талаб этилишини таъкидларди. Кичик Куйт эса даст­лаб футболчиликни хаёлига ҳам келтирмаган, отаси каби балиқчилик касбини танлаб, Шимолий денгизда траулер бошқаришни орзу қиларди. Бироқ отаси ўғлининг ўзи каби денгизда саргардон кезишини истамади. Қуруқликда қолиб, профессионал футболчи бўлишини хоҳлади, бу борада маслаҳатларини аямади. «Отам 2-3 ҳафталаб денгизда қолиб кетарди. Кейин 1-2 кунга уйга келарди-да, яна овга қайтарди. Энди билсам, оиламиз фаровонлигини таъминлаш учун тиним билмай ишлаган экан. У туфайли футбол билан шуғулланиш имкониятига эга бўлдим, ҳеч қандай қийинчилик кўрмадим» - дейди Дирк.

Ота насиҳатига қулоқ солган 11 ёшли болакай шаҳардаги «Куик Бойз» клубининг ёшлар жамоасида футбол сирларини ўргана бошлади. Беш йилдан сўнг унинг бир қатор тенгдошлари номдор «Фейеноорд» академиясидан қўним топишди. Лекин Диркни у ерга қабул қилишмади. Ёш футболчи олдидаги ягона йўл - «Куик Бойз»нинг асосий таркибида тўп суриш эди. Ниҳоят, Куйт 18 ёшга тўлганида «Утрехт» сафидан жой олди. Аммо шунда ҳам атрофдагилар ундан яхши футболчи чиқишига ишонишмасди. «Кўпчилик орасида «бу йигитнинг бўлгани шу, барибир, «Утрехт»дан юқорига кўтарила олмайди», қабилидаги фикрлар  урчиди. Бироқ жамоа бош мураббий Марк Ватте астойдил тер тўксам, сермаҳсул ҳужумчига айланишим мумкинлигини бот-бот такрорларди», - дея хотирлайди Куйт. Тез орада ушбу мутахассиснинг башорати ўзини оқлади - «Утрехт» сафида 160 марта майдонга тушган ҳужумчи 51та гол урди. Қолаверса, мунтазам равишда майдонга тушиши орқали мутахассислар эътиборини тортди.

2003 йилга келибгина Дирк Куйт­даги иқтидор муносиб баҳоланди: «Фейеноорд» бош мураббийи Берт ван Марвейк унинг «Утрехт»даги ўйин­ларини диққат билан кузатиб, футболчининг турмуш тарзини ўрганди. Шартномага имзо чекиш пайтида устоз янги шогирдига шундай деди: «Ҳар қандай вазифани уддалай оласан. Қанча гол уришинг мени қизиқтирмайди. Муҳими - жамоага киришиб кета олишинг ва меҳнатдан қочмаслигинг. Шунда юксак натижалар ўз-ўзидан келаверади».

Эътиборлиси, «Фейеноорд» спорт директори мазкур келишувга қарши чиққанди. Лекин ван Марвейк ўз фикридан қайтмади ва мутасаддилар унинг талабини қондиришга мажбур бўлишди. Хушчақчақ ва самимий дебютант тез орада жамоа мухлисларининг кўнг­лидан жой эгаллади. Саломон Калу билан сермаҳсул жуфтлик ҳосил қилиб, 3 мавсумда 83та гол урди. Шу тариқа уни ҳеч қачон топ клубда ўйнамайди, деганлар тилларини тишлаб қолишди. 2006 йилнинг ёзида Дирк «Эн­филд»­га йўл олди ва ўзининг хушмуомалалиги, меҳнатсеварлиги эвазига «Ливерпуль» мухлисларининг меҳрини қозонди. Зужумчи Англияда кечган 6 йиллик фаолияти давомида ҳеч кимдан дакки эшитмади. Куйтнинг ажо­йиб фазилати ЖЧ-2014 турнирида ҳам намоён бўлди. Аслида, у Бразилияга захира ҳужумчиси сифатида йўл олган ва шу мақомда қайтиши тахмин қилинганди. Бироқ вазият тақозосига кўра, у 2та муҳим учрашувда майдонга тушди. Шунда ҳам, ўзи учун мутлақо бегона бўлган қанот ҳимоячиси позициясида ўйнади. Буни қарангки, тириш­қоқ футболчи устозининг кўрсатмаларини аъло даражада адо этди. Мексика терма жамоасига қарши кечган нимчорак финал баҳси Куйтнинг Голландия термасидаги 100-ўйини бўлди. Эҳтимол, шогирдининг универсаллик фазилатини бош мураббий шу тариқа рағбатлантиришни мақсад қилгандир. Ҳар қандай вазиятда ҳам, беллашув арафасида Диркнинг миясини қандай ўй-хаёллар қамраб олгани унинг ўзигагина аён. Боиси, у ўзининг юбилей учрашувига тайёргарлик кўраётган кун­дан роппа-роса 7 йил аввал отаси саратон касаллигидан вафот этган, мусибат футболчини чуқур тушкунликка солиб қўйганди. Хайриятки, жамоадошлари, Рафаэль Бенитес ва рафиқаси Гертруда унинг қайғусига шерик бўлиб, қийин вазиятдан тезда чиқишига кўмаклашдилар.

Хўш, 35 ёшли Куйтдаги иккинчи навқиронликнинг сири нимада? Касб­дошларимиз бу борада эҳтиёткорлик билан фикр юритишмоқда. Айримлар ижобий ўзгаришни Дирк­нинг ўз юрти, яқинлари ва рафиқасининг ёнига қайтиши билан изоҳламоқдалар. Гертруда қаҳрамонимизнинг ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ушбу жуфтлик 17 ёшли пайтларида учрашишганди. Самимий муҳаббат жиддий синовлардан ўтди. Аввалига Диркнинг 21 ёшли акаси оламдан ўтди, кейин отаси тез-тез шифохонада ётадиган одат чиқарди. Ундан хабар олгани шифохонага борган Дирк ўша ерда бўлажак рафиқасини учратди. Гертруда ҳамширалик ихтисослиги бўйича таҳсил оларди. Маълумки, аксарият футболчиларнинг турмуш ўртоқлари таниқли журналлар муқоваси учун суратга тушадилар. Гертруда эса Дирк «Фейе­ноорд»нинг етакчи ҳужумчисига айланган даврда ҳам шифохонадаги камтарона фаолиятини давом эттирди, ўткинчи ҳою-ҳавасларга берилмади. «Мен Роттердамда тўп сурган пайтимда у қариялар уйида ишларди. Ваҳоланки, уйда мазза қилиб ўтириш учун барча шароитлар муҳайё эди. Аммо у кечаси-ю кундузи кексаларга ёрдам беришга уринарди», - дейди ҳужумчи фахр билан. Фақат оилада тўнғич фарзанд - қизалоқ Ноэль дунёга келгач, Гертруда уй юмушлари билан шуғулланадиган бўлди.

Лекин унинг саховатли қалби мудом муҳтожларга кўмаклашишга даъват этарди. Шу боис, бахтиёр жуфтлик оилавий Dirk Kuyt Foundation хайрия жамғармасига асос солишди. Ҳозирда муассаса Голландия, Бразилия, Гана ва Непалда фаолият юритмоқда. Отасининг ёр­қин хотираси йўлида саратон хасталиги билан оғриган кишиларга кўмаклашиш учун футболчи маошининг каттагина қисмини жамғарма ҳисобига ўтказмоқда.

Мазкур ҳаётий ҳикоядан болалар учун ибратли эртак яратиш мумкин: «Агар сен саховатли қалб эгаси бўлсанг ва тиришқоқлик билан ҳалол тер тўксанг, ҳар қандай қийинчиликларни енгган ҳолда мақсадга эришасан. Минглаб кишилар ҳаётингдан ўрнак олишади». Бунга амин бўлиш учун голландиялик малласоч футболчидан ҳеч нарсасини аямайдиган «Де Кейп» ва «Энфилд»даги мухлисларни кўз олдига келтириш кифоя!

С. Раҳмонов тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:47, 14.11.2015.
Ўқилди: 2771 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.