Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Ношудга айланган чаққон ёки Азарга нима бўлди?

Баҳо:
+ | -

Ўтган мавсумни АПЛнинг энг яхши футболчиси мақомида якунлаган Эден Азар 5 ойлик давр оралиғида аввалги самарадорлигини бутунлай бой берди. Уни очиқдан-очиқ танқид қилган Жозе Моуриньо «Ливерпул»­га қарши кечган муҳим учрашувда ўрнига бошқа футболчини майдонга туширди. Бельгиялик футболчи фаолиятидаги пасайиш хорижлик касбдошимиз назарида.

Кўпчилик мутахассислар (жумладан, Моуриньонинг) фикрига кўра, Эден Азар ҳимояланиш чоғида кўплаб хатоликларга йўл қўяётган экан. Шу боис, «Челси» жорий мавсумда анчагина жабр кўрди. Азарнинг хатоларини 3 тоифага ажратиш мумкин:

1. Жамоа тўпни йўқотган пайт Азар назарий жиҳатдан эгаллаши лозим бўлган позициядан ташқарида қолмоқда. Бунга Алекс Окслейд-Чемберленнинг Англия суперкубоги баҳсидаги голини мисол тариқасида келтириш мумкин. Бу вазиятда Аспиликуэтани қўллаб-қувватлаши лозим бўлган Матич Эктор Бельериннинг рейдини бартараф этиш билан овора эди. Оқибатда Окслейд-Чемберлен Аспиликуэта билан яккама-якка ҳолатда қолди. Азар эса воқеа жойидан анча олисда бўлиб, «Челси»нинг қарши ҳужумига умид қилган ҳолда қулай вазиятни кутиш билан банд эди. Баъзан Эден прессинг­га берилиб кетиб, ўз позициясини унутиб қўяди. «Ньюкасл» билан кечган ўйинда бир неча марта шундай ҳолат юз берди. Лигада энг топқир ўнг қанот ҳимоячилардан бирига айланган Дарил Янмат кўп марта бўшлиққа эга бўлиб, эмин-эркин тўп сурди.

2. Азар позиция танлашда янглишмайди, лекин кутилмаганда жанг майдонидан четда қолади. Бунга яққол мисол тариқасида Жоэль Уорд­нинг голини кўрсатиш мумкин;

3. Ҳамжиҳатликка эътибор бермаслиги оқибатида Эден ўз позиция­сини назоратсиз қолдиради, жамоадошлари унинг ҳудудини «ёпиш»га уринадилар. Оқибатда, бошқа нуқталарда бўшлиқлар юзага келади. «Суонси» билан бўлган баҳс фикримиз далили.

Қизиғи шундаки, Азарнинг ҳимоя борасидаги ношудлигини кимдир дангасаликка йўйса, бошқа биров Моу­риньо унинг олдига қўйган талаблар билан изоҳлайди. «Азарга муайян ҳудудларда ҳаракатланиш учун қўшимча эркинлик берилади. Жамоа бундан хабардор ва унинг эркинлигини ўз меҳнати билан тўлдиради», деган эди Моуриньо баҳор ойларида. Ўша пайтдаёқ мураббий бу тактик услуб учун жамоа голлар билан жазоланиши мумкинлигини ҳис этганди. «У ўйин тақдирини бир ўзи ҳал қила оладиган футболчилар сирасига киради. Аммо бундай ўйинчини жамоага мослаш учун ўзига хос тактикани ишлаб чиқиш талаб этилади. Яъни, футболчининг эркинлиги айрим мағлубиятларга сабаб бўлиб қолмаслигини таъминлай оладиган услуб лозим. Фаолиятим давомида суюкли шогирдларимга эркинлик бериш оқибатида бир қатор мағлубиятларни ҳам тан олганман. Ҳа, бу футболчилар менга кўплаб зафарларни туҳфа этишди. Лекин шу билан бирга, бир нечта беллашувлар улар туфайли бой берилди».

«Беназир»нинг жиззаки табиатини инобатга олганда, унинг Азарга берган таърифларидан футболчининг хатоларига аниқ баҳо бериш мушкул. Уни айблаш учун эса вариантлар етарли: «Азардаги эркинлик энди дангасаликка айланди, жамоадошлари унинг ўрнини тўлдиришни уддалай олмаяптилар»дан тортиб, «Моуриньо билан келишолмаётгани туфайли Азар аввалгидек ўйнамай қолди»гача. Шу боис, бир масала бизни ўйлантириб қўйди.

Моуриньонинг танқиди нечоғли аҳамиятли?

Яқинда эълон қилинган интервью­да Альваро Арбелоа португалиялик мутахассиснинг ўз шогирдларига муносабатидаги қизиқарли жиҳатга урғу бериб ўтди: «Агар сен жон-жаҳдинг билан ҳаракатлансанг-у, ўйининг барибир, муваффақиятсиз чиқса, Моу сени ҳеч қачон койимайди. Лекин сени ҳимоя қила туриб, ҳеч нарса ўзгармаётганини сезиб қолса, «балки уни бошқача услуб билан «уйғотиш» керакдир», деб ўйлаб қолади». Мана шу ақидани мураббийнинг асосий омадсизлигига нисбатан қўллайдиган бўлсак, Моуриньо-Азар ўртасидаги муносабатда айнан шундай ўзгариш юз бергандек кўринади.

«Астон Вилла»га қарши кечган  учрашувдан 2 ҳафта муқаддам мураббий бельгиялик шогирдини ҳимоя қилиб, уни ҳозир ҳам лиганинг энг яхши футболчиси эканига шубҳа қилмаслигини таъкидлаганди. Лекин тез орада уни захира ўриндиғига «михлаб қўйди»: «Жамоа кўп гол қўйиб юбориши сабабли Азарни майдонга туширмадим. Ҳимояда ишончли тўп суриш учун ярим ҳимоячилар аввало, ўз позициялари хавфсизлигини таъминлашлари лозим. Икки фронтда ишлаш уларнинг вазифалари эмас. Педро ва Виллиан майдонда бўлган пайтда марказий ярим ҳимоячилар қанотларни назорат қилишлари шартмас». Мазкур эътирофлар Арбелоа фикрларини тасдиқлайди - Моуриньо фақат Азарни айбламоқчи эмас, лекин унинг олдига қандай талаблар қўйилаётганини эслатиш орқали уни «уйғотиш»­га уринмоқда. Умуман, шогирдларига эркинлик бериш - «беназир»га хос эмас. Мадридда бўлган пайтида мураббий ҳатто Роналдуни аяб ўтирмаган: «Сен жамоанинг ҳимоявий услубидан норози бўляпсан. Аммо бунинг асосий сабабчиси ким эканини билмайсан. Асосий сабабчиси сен! Чунки ҳимояга ёрдам беришни истамайсан. Шу сабабли, ҳимоявий услубни қўллашга мажбурман».

Баъзан ўз устида қўшимча ишламоқчи бўлган ташаббускор футболчилар ҳам мураббийнинг заҳарханда кинояларидан азият чекарди. Масалан, Жо Коул мураббийга ўзини марказда синаб кўрмоқчи эканлигини айтганида, португалиялик мутахассис унинг жисмоний қуввати етарли эмаслигини баҳона қилганди. Кейин у залда якка тартибда машқ қилаётган Коулга дуч келди ва шундай деди: «Эшак кун бўйи тинмай югуриши мумкин. Лекин ҳеч қачон от каби йўрғалай олмайди!».

Ўз вақтида «беназир» 11 нафар Аспиликуэталардан иборат жамоага эга бўлганида, ЕЧЛда ғолиб чиқишига шаъма қилганди. Бугунги инқироз даврида у аввало, Азарни эркинликдан жудо қилишга бел боғлади. Бельгиялик шогирди янги ролга бирданига мослашолмади. Унинг жамоада тутган ўрнини яхши ҳис этган мураббий аввал «уйғотиш»га уриниб кўрди. Бу тадбир фойда бермагач, масъулияти озроқ бўлган позицияга ўтказиб қўйди.

Азар ва Моуриньо ўртасидаги можаронинг юз бериш эҳтимоли қай даражада?

Бу мавзуга муқобил назария сифатида қуйидаги эътирофни келтириш мумкин. У Daily Mail нашри шарҳловчиси Нил Эштон билан ВВС журналисти Гарри Ричардсонга тегишли. Биринчиси «Челси»да ишончли манбаларга эга бўлса, иккинчиси Британиянинг энг нуфузли наш­рида фаолият юритади. Демак, уларнинг масъулиятига «сариқ матбуот» ёки «ўрдак» тамғаларини илишнинг иложи йўқ.

Эштоннинг таъкидлашича, Азар Моуриньонинг услубидан безор бўлган: «Қўлимдаги маълумотни «Челси»нинг асосий таркибида ўйнайдиган футболчи берди. У шахсан менга эмас, менга тегишли манбага берилди. Айтишларича, Жозе Моуриньо билан кўплаб футболчилар ўртасидаги муносабат қуйи нуқтасига тушиб улгурган. Ўйинчилар мураббийнинг ўз жамоадошларига нисбатан муомаласига чидай олмаяптилар. Айниқса, Эден Азарга бўлган муносабат ўта кескин. Фикримнинг исботи сифатида футболчилардан бирининг таъкидини ҳавола этаман: «Моу­риньо учун ғалаба қозонишдан кўра, мағлубиятга учраш афзалроқ». Шу каби муаммоларнинг мавжуд эканлигини ўзи ҳам инкор этмаяпти. Матбуот анжуманларидан бирида у жумладан шудай деди: «Сизни таркиб билан таништиришнинг ҳожати йўқ. Чунки барча маълумотларни етказиб турадиган бир нечта манбаларга эга эканингизни биламан. Кеча ва бугун тактик машғулотларни ўтказганимизни етказишим кифоя. Қолган маълумотларни ўз «каламушлар»ингиз орқали билиб оласизлар!». Маълумотларнинг пинҳона ўғирланишида Азарни айблаш эҳтимоли жуда оз. Боиси, бельгиялик футболчи кўпроқ ўз ватандоши ва франциялик қалам соҳиблари билан мулоқот қилади. Агар шундай эътиборли маълумотларни ошкор этиш ниятида бўлганида, дастлаб уларга мурожаат қиларди. Умумий муаммолар орасида айнан Азарнинг тилга олинишига келсак, бунинг сабаби оддий - у жамоанинг энг ёрқин юлдузи.

Эден Азарнинг инсоний фазилати ва самимий табиатидан келиб чиқадиган бўлсак, бу футболчининг ўз устозига қарши исён кўтарадиганларга бошчилик қилиши тасаввурга сиғмайди. Эденга ёшлар жамоасида устозлик қилган мутахассиснинг таъкидлашича, у фақат устознинг кўрсатмаларини бекаму кўст бажаришга одатланган, ҳеч қачон баҳслашмаган. Моунинг ўзи ҳам ўтган мавсум якунида буни тасдиқлаганди: «Шу пайтгача кўплаб юлдузларни учратдим, лекин Эден ана шу юлдузлар орасида энг камтар йигит!». Энди футболчининг фикри: «Ҳар доим ҳам мураббий фикрига қўшилмаслигим мумкин. Шундай пайтларда ўз эътирозимни билдиришга тайёр тураман. Лекин уни ичимга ютиб, кўрсатмаларни кучим етгунча адо этишга интиламан. Ахир қарор қабул қилиш менинг эмас, мураббийларнинг иши-ку».

Нима учун Азардаги самарадорлик йўқолиб қолди?

Ҳозирда Азарнинг олдинги чизиқдаги ҳаракатлари танқидга учрагани йўқ. Аммо «гол}пас» тизими бўйича бор йўғи «0}2» кўрсаткични қайд этиб тургани ажабланарли. Мавзуга ўтишдан аввал айрим жиҳатларга аниқлик киритиб олишимиз лозим.

1. Азарнинг ўйинига натижаларга қараб баҳо бериш нотўғри. АПЛнинг энг яхши футболчиси унвонига у голлари эмас, балки рақиб жарима майдончаси атрофидаги самарали ҳаракатлари эвазига эришди. Хавфли вазиятларни юзага келтиришда унга етадигани йўқ.

2. Савиянинг шунчалик пасайиб кетиши жисмоний ҳолатнинг суса­йиши билан боғлиқ. Ҳатто мавсумолди тайёргарлиги жараёнида олинган фотосуратлар ҳам футболчининг саломатлиги талаб даражасида эмаслигидан далолат бермоқда. Шунинг­дек, тактик номутаносибликларнинг таъсири ҳам йўқ эмас:

1. Фабрегаснинг позицияси ва спорт формаси

Ҳозир Эден тўп билан аввалгидан кўра анча кам муомала қилмоқда. Бунга биринчи галда Фабрегаснинг у билан жуфтликда эмаслиги сабаб. Бундан ташқари, испаниялик ярим ҳимоячининг ҳозирги савияси ҳам талаб даражасидан йироқ.

2. Оскарнинг жароҳати

Алпқомат Оскар майдонда Азарни бир қатор қийинчиликлардан озод этиб, қулай имкониятларни яратиб берарди. Бундан ташқари, ҳимояда қалқон бўлишга ҳам улгурарди. Энди унинг кўмагидан «Челси» ҳам, Азар ҳам маҳрум бўлишган. Қуйидаги жадвалдан ўзингиз хулоса чиқариб оласиз, деган умиддамиз.

С. РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:11, 15.11.2015.
Ўқилди: 2630 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.