Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

«МЮ» сардорига айланган «Арсенал» ишқибози

Баҳо:
+ | -

Бу оиланинг тақдири бошқаларникига унча ўхшамайди. Бир вақтлари Ллойд Смоллинг рафиқаси Тереза ҳамда ўғиллари Крис ва Жейсонлар билан Гринвичда, Темза соҳилидаги кичик бир уйда истиқомат қилишарди. Хабарингиз бордир, Гринвич - Лондоннинг энг батартиб туманларидан бири ҳисобланади. Таъкидлаш лозим, Ллойд ёшлигидан «МЮ»нинг ашаддий мухлиси бўлиб, ўғиллари айнан «Олд Траффорд»да тўп суришини орзу қиларди. Шунингдек, Тереза ҳам кўпчилик аёллардан фарқли равишда, футболга астойдил қизиқиб, отасининг севимлилари - «Тоттенхэм» клуби натижаларига бефарқ эмасди. Аммо Тереза - барибир, аёлда, у ўғилларининг молия соҳасида фаолият юритишларини истарди.

Инсоннинг ҳаёти қизиқ: бугун сенда ҳаммаси яхши бўлиб турганда, эрта ҳақида ўй суриш ҳаммага ҳам ёқади. Лекин ҳаётда ҳар доим ҳам  ўйлаганларинг амалга ошавермайди. Масалан, 1994 йили Ллойд Смоллинг бирдан тоби қочиб, тўшакка михланиб қолди ва орадан кўп ўтмай, ҳаётдан кўз юмди. Тереза эса табиийки, бева ҳолида Гринвичдаги уйнинг ҳақини тўлай олмасди. Шунинг учун у беш яшар Крис ва уч ёшли Жейсонни олиб, Кент графлигидаги Чатем ҳудудига кўчиб ўтишга мажбур бўлди. У ерда бечора оила аъзолари икки хонали хонадонда яшашлари керак эди. Албатта, Тереза аҳволни ўнглаш учун иш қидирди, ўйланди, изланди. Аммо унинг топгани тирикчиликдан ортмасди.

Крис Смоллинг эса отасини деярли эслай олмайди. Шунинг учун у болалик билан хайрлашаётган пайтларда ўзидан бошқа ҳеч кимга суяна олмасди. У олти яшар чоғида дзюдо билан жиддий равишда қизиқиб қолди. Зеро уларнинг Чатемдаги уйлари ёнгинасида спортнинг худди шу тури билан шуғулланувчилар учун ажойиб секция бор эди. Шу тариқа, Крис у ерга ҳафтасига бир неча бора қатнаб, аввалига яшил белбоғ соҳиби бўлди. Кейин Англия чемпиони деган юксак номга сазовор бўлди. Аммо Норвичда ўтган халқаро турнирда аллақандай польшалик полвондан енгилди-ю, дзюдодан сал кўнгли қолди.

Криснинг укаси Жейсон эса худди отаси сингари, «МЮ»га меҳр қўйганди. Дзюдога ортиқ қизиқмай қўйган Крис учун эса Жорж Грэм давридаги «Арсенал» илҳом манбаи бўлиб хизмат қилди. Ёдингизда бўлса, «Арсенал»нинг ўша авлоди Копенгагенда кубок эгалари кубогини ютиб олганди. Шу боис, Криснинг хонаси ўша йиллари Тони Адамснинг улкан суратлари ва Иан Райтнинг митти ҳайкалчаси билан безатилганига ажабланиш керак эмас. Бунинг устига, Крис имкони топилди дегунча онаси ҳамроҳлигида «Хайбери»га йўл олар, ҳатто «Тоттенхэм»га қарши ўтадиган дербиларда «канонирлар»га астойдил мухлислик қилиб, онасини унинг йўли - катта футбол эканига деярли ишонтиришга ҳам улгурган эди.

Энди Андерсон, Крис таълим олган мактабнинг спорт мураббийи, Смоллинг дзюдода ҳам, регбида ҳам, баскетбол ва ҳатто пейнтболда ҳам алоҳида иқтидорга эга эканини, аммо булар орасида унинг футболга нисбатан меҳри барибир, бўлакча эканини доим уқтириб келган. Албатта, буни сезган биргина Андерсоннинг бир ўзи эмасди. Шунинг учун Крис ўн беш ёшга тўлганида, «Миллуолл» клуби скаутлари уни жамоага таклиф қилишди. Бироқ, Чатемдан «Миллуолл» базасигача анча узоқ эди. Терезада эса Крисни ҳар куни машғулотларга олиб бориб-олиб келиш учун на вақт ва на пул бор эди. «Миллуолл» раҳбарлари шунда ёш иқтидорни қўлдан чиқармаслик учун унинг ҳар куни поездда қатнаш учун кетадиган харажатларини тўлашга ҳам рози бўлишди. Бироқ Тереза ўсмир болакайнинг бир ўзи узоқ йўлга бориб-келишига қарши чиқди. Зеро бу чиндан ҳам жуда хавфли эди. Тереза кейинчалик Daily Mail нашрига берган интервьюсида тан олдики, ўшанда у қулай имконият қўлдан бой берилгани учун Криснинг ўзидан ҳам кўпроқ изтироб чеккан экан. Чунончи, «Миллуолл» ҳар ҳолда, чинакам профессионал клуб бўлиб, бундай шароит исталган ўсмирда учрайвермасди.

Крис эса мазкур воқеалардан кейин келгуси фаолиятини онаси ўйлаганидек, молия йўналишига буриш учун интила бошлади. Чунки уларнинг шароитида энг тўғри йўл ҳам шу эди, аслида. Негаки, кап-катта бола бўлиб қолган йигитча онаси икки фарзандни вояга етказиш учун қанчалик қийналаётганини кўриб-сезиб турарди. Шундай қилиб, «Миллуолл» орзуси саробга айланган Крис Лафборо ёки Лестер каби университетларга кириш учун мактабда чин дилдан ўқий кетди. Таҳсил орасида эса чоғроқ меҳмонхонада официантлик қиларди. Бу эса унинг насияга олинган илк машинаси - «Рено Клио» учун ниҳоятда зарур эди. Бироқ футболдан бутунлай узоқлашиб кета олмаган Смоллинг дам олиш кунларида «Мейдстоун» номли ҳаваскорлар клуби машғулотларига қатнашиб турди.

Орадан бирмунча вақт ўтиб, Смоллинг ўн етти ёшини нишонлаётган ажойиб кунларнинг бирида уни жамоанинг асосий таркибига қабул қилишди. Бу эса шуни англатардики, энди Крис  либосларини ювиб бериши учун онасига олиб бориши шарт эмасжи. Independent нашри билан суҳбат ўтказар экан, Смоллинг ўша даврларни эслаб, майдонда энг ёш футболчи бўлгани учун уни ҳамма туртиб-суртиб ўйнашганини айтади. Унинг жамоадошлари ва рақиблари асосан, дурадгорлар, буёқчилар, темирчилар ёки турли жароҳатлар туфайли фаолиятини эрта тугатишга мажбур бўлиб, аламзада бўлиб қолган собиқ профессионал футболчилар эди. Аммо энг муҳими, Смоллинг ҳар бир ўйин учун энди 30 фунт миқдорида маош олар ва бу унинг майдондаги хўрланишлари учун кафолат бўлиб хизмат қиларди. Бошқача айтганда, у ҳар ўйиндан келиб, орттирилган яраларга барчамизга яхши таниш бўлган яшил дорини суриб, навбатдаги имтиҳонларга тайёрланарди.

Хуллас, Крис охир-оқибат, ҳужжатларини бизнесни бошқариш факультетига топширди. Лекин шундан бир ойча аввал уни мактаб ўқувчиларидан иборат Англия терма жамоасига таклиф қилишганди ва жисмоний кўрсаткичлари ўта юқори ёш ҳимоячининг атрофида «Мидлсбро» ва «Фулхэм» каби клублардан келган скаутлар гирдикапалак бўлиб қолишганди. Дарвоқе, бу пайтда «Фулхэм»ни Рой Хожсон бошқарар ва у ҳам етмишинчи йилларда «Мейдстоун» либосида майдонга тушганди. Шубҳасиз, Смоллинг учун бу - омад қушининг навбатдаги туҳфаси эди ва у ортиқча иккиланиб ўтирмай, «Фулхэм» сафига ўтишга қарор қилди. Лекин ҳар эҳтимолга қарши, молиячи йўналишидаги имтиҳонларни ҳам топшириб қўяверди.

Крис «Фулхэм»га ўтганидан сўнг ўзига яп-янги «Рэндж Ровер» харид қилди, «Рено Клио» русумидаги қадрдон машинани эса онасига туҳфа қилди. Бечора Тереза шу тариқа, ўттиз йиллик машаққатлардан сўнг илк бор жамоат транспортларидан воз кечиб, эркин нафас олиш имконига эга бўлди. Бир йилгача ҳаммаси кўнгилдагидек борди: «Фулхэм» ўринбосарлари сафидаги ўйинлар, ора-сира заҳирадан майдонга тушиш, бошланғич таркибдаги дебют ва иккинчи ўйин. Ҳисоб бўйича учунчи, «Блэкберн»га қарши ўйин олдидан эса кутилмаганда Рой Хожсон Смоллингни қўлидан тутиб, аста бир четга олиб ўтди-да, қулоғига секин пичирлади: «Қирқ дақиқадан сўнг бу ерга Алекс Фергюсон келади. «МЮ» сен учун 10 миллион фунт таклиф қилди ва биз бунга розимиз. Энди сен уялтириб қўймасанг бас».

Ҳазилкашлар куни бўлмиш 1 апрель санасига ҳали анча бор эди ва Крис табиийки, бу гапга ишонқирамай қаради: зеро шу кунларда «МЮ» ҳамшаҳари бўлмиш «Сити»га қарши ўта муҳим беллашувга тайёрланаётган бўлиб, Фергюсон ўтган йили дурадгорлар билан тўп суриб юрган қандайдир йигитчани деб, шундай муҳим паллада Лондонга келиб овора бўлишига одамнинг ишонгиси келмасди. Бироқ Хожсон ҳазиллашмаганди. Смоллинг эндигина ойижонисига қўнғироқ қилиб, уни кўргани шахсан сэр Фергюсон келаётгани айтган ҳам эдики, афсонавий мураббий «Фулхэм» кийиниш хонасида пайдо бўлиб қолди.

Ўз ўрнида таъкидлаш лозим, Алекс Фергюсонни шон-шуҳратга элтган йўлларнинг бири шуки, у «МЮ»га таклиф қилмоқчи бўлган ҳар бир футболчи билан шахсан ўзи кўришиб, гаплашарди. Ҳаттоки, ўша номзод ёш бола бўлса, уни ҳеч ким танимаса ҳам. Масалан, у шундан тўрт йиллар аввал Эйндховенга бориб, ўн беш яшарли асли бразилиялик бўлган бельгиялик истеъдод - Андреас Перейрани ўзига оғдириб қайтганди.  Албатта, бундай мисоллар кишига тасалли бермай қолмайди, аммо кечагина бизнесни хаёл қилиб, ҳаваскорлар билан ўйнаб юрган 20 ёшли йигитча бўлсанг-гу, тўсатдан қаршингдан Алекс Фергюсон чиқиб, сени «Олд Траффорд»га чорлаб турса-я! Бундан «шок»ка тушмай бўладими?! Ўшанда, дарвоқе, Фергюсон ҳам одатларидан бироз четга чиқиб, Тереза Смоллингга қўнғироқ қилади. Бечора Тереза хоним эса гўшакда барчага таниш шотландча талаффуздаги овозни эшитгач, ҳаяжоннинг зўридан тили калимага келмай қолганди: «Мен худдики, телевизор билан гаплашиб тургандек сездим ўзимни. Бунга ишониш жуда қийин эди!» - эслайди Тереза.

Кейинроқ жараёнга Арсен Венгер ҳам бош суқди. Лекин у энди кеч қолганди: тажрибали Фергюсон Смоллингни ўзига оғдиришга улгурганди. Шундай қилиб, Крис «МЮ»нинг Каррингтондаги базасига келиб қолди. Бу ерда уни кимсан - Рио Фердинанд илиқ кутиб олиб, Манчестердан уй танлашига ёрдам берди.  Аммо энг қизиқ ҳолат шунда рўй берди - Крис расман «МЮ»га қабул қилинди-ю, аммо ижара асосида мавсум охиригача яна «Фулхэм»га қайтариб юборилди. Бу жуда даҳшатли ҳолат эди. Чунки Смоллинг ҳимояда кетма-кет хатога йўл қўяр, ўз дарвозасини ишғол қилар ва деярли ҳар бир ўйинда кулгили «мўъжиза»лар яратарди. Хуллас, у гўё «МЮ»да эди-ю, аслида ўша-ўша «Крейвен Коттедж»дан ҳеч қаёққа кетмаганди. Табиийки, унинг руҳияти бунга асло тайёр эмасди.

Смоллинг «МЮ»нинг тўлақонли аъзосига айланганидан кейин ҳам анчагина машаққатларга дуч келди. Аввалига у бир нечта мураккаб жароҳатларга йўлиқди, сўнг асосий таркиб учун оғир курашга киришиб, ҳатто ўзи учун ноодатий бўлган ўнг қанотда ҳам тўп суришга мажбур бўлди. Булар орасида Капелло томонидан терма жамоага чақирилиб, Чешир графлигидан муҳташам уй сотиб олди ва уни севимли ойижонига туҳфа қилди (укаси Жейсон эса Лестер университетига қабул қилинди - икки ўғилнинг биридан бизнесмен чиқди, ниҳоят), ўзидан тўрт ёш катта бўлган фотомодель Сэм Кук билан никоҳдан ўтиб, маскарадларнинг бирига қўрқинчли кийимда келиб, барчанинг ўтакасини ёрди, «Манчестер дербиси»да телбаларча равишда «қизил» ишлаб олди. Лекин шундан сўнг ўзини босиб олиб, ажойиб марказий ҳимоячига айланди-қолди. Яъни, Смоллинг февраль ойидаги «Бернли»га қарши ўйинда захирадан майдонга тушиб, «дубл»га эришди, апрелда жамоа билан шартномасини узайтирди, май ойига келиб, ван Галдан сардорлик боғичини қабул қилиб олди, сентябрда «Вольфсбург» дарвозасига ғалаба келтирган тўпни киритди, ноябрда эса Тьерри Анри (ўзининг кумири) томонидан тузилган АПЛ стартидаги энг яхши футболчилар рўйхатига биринчи бўлиб кирди. Шубҳасиз, бу ёруғ оламдан эрта кетган ва бир умр «МЮ»га мухлислик қилган бечора Ллойд Смоллинг бунақасини ҳатто орзу ҳам қилмаганди...

И.Раҳимов тайёрлади, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:29, 15.11.2015.
Ўқилди: 4859 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.