Диего Симеоне ҳеч қачон таваккалчиликдан юз ўгирмаган, унинг учун футболчининг неча ёшда эканлиги муҳим эмас - талаб даражасидаги савияни кўрсата оляптими, демак у улғайиб улгурган. «Ақл ёшда эмас - бошда!» мақоли балки аргентиналик мутахассиснинг ҳаётий ақидасидир? Ҳар ҳолда, Мадридда у айнан шу қоидага амал қилмоқда.
Фикримизнинг давоми сифатида Коке ҳамда Хосе Мария Хименес каби футболчиларнинг сўнгги йиллардаги иштирокини кўрсатиш мумкин. Сўнгги трансфер кампаниясининг натижалари - Симеоненинг ёшлар билан ишлаш тарафдори эканига яққол мисол.
Гарчи «Атлетико» мавсум стартида бир оз сусткашликка йўл қўйган бўлсада, сўнгги беллашувларда ўз мухлисларига ваъда қилинган жонли ва сермазмун ўйинни кўрсата бошлади. Тезлик, қудрат ва мақсад сари интилиш. Олис масофаларга тўп узатишдаги камчиликлар сезиларли даражада камайди, ўйинни назорат қилиш савияси ошди. «Матрасчилар»нинг ёш сиёсатига намуна сифатида Анхель Корреанинг фаолиятини мисол қилиш мумкин. Бош мураббийнинг ватандоши мураккаб юрак операциясидан сўнг сафга қайтиб, кучли ирода намойиш этганди. Қўшимчасига, у ҳайратланарли савияни кўрсатмоқда - дебютини «Бенфика» дарвозасини забт этиш билан нишонлаган ва «Реал»га қарши ишончли тўп сурган 20 ёшли футболчи ҳозирда асосий таркиб аъзосига айланди. Унинг ажойиб ҳаракатларидан тўлқинланган Тата Мартино уни Аргентина терма жамоасининг умидли ёш футболчиси сифатида эътироф этди. Корреа жамоадаги ёш касбдошларига ибрат бўлмоқда.
Яна бир эътиборли жиҳатни тилга олиш жоиз - каттагина маблағ эвазига жамоадан жой олган олти нафар футболчининг аксарияти (фақат Стефан Савич бундан мустасно) испан тилида бинойидек сўзлаша олишади. Бу уларнинг янги муҳит, янги маданият ва урф-одатларга тезроқ кўникиб кетишларида муҳим аҳамиятга эга. «Монако»дан 20млн. евро эвазига харид қилинган Янник Карраско ҳам аста-секин ўз ўрнини топиб бормоқда. «Сосьедад» дарвозасини ишғол этган 20 ёшли йигитча «Реал»га қарши иккинчи бўлимида майдонга тушиб, ишончни тўла оқлади. Натижада «Астана»га қарши асосий таркибда тўп сурди. Бельгия терма жамоасининг ёш аъзоси айнан шу учрашувда мукаммал ўйин кўрсатди. Тўғри, гуруҳнинг яққол аутсайдери мақомидаги Қозоғистон клуби Мадридга шунчаки расмиятчилик учун (таркибда атиги 14 нафар футболчи билан, уларнинг аксарияти захира ўйинчилари эдилар) ташриф буюрган бўлсада, 22 ёшли Каррасконинг ажойиб ҳаракатларига муносиб баҳо бермаслик адолатсизлик бўларди. Ўзига хос айёрлик, юқори тезлик ва юксак техникани намойиш этган футболчи битта голга ассистентлик қилди, тўп киритиш ва самарали узатмани амалга ошириш учун бир қатор имкониятларни яратди. Лекин ҳал қилувчи паллада меҳмонлар дарвозабони Ненад Эрич унинг ажойиб зарбасини бартараф этишга эришди, жамоадошлари эса ўта қулай вазиятларни голга айлантира олишмади.
Лусиано Вьетто ҳам ўзининг янги жамоасидаги дастлабки голини нишонлашга улгурди. Лекин кутилмаганда кўричак туфайли, жарроҳлик столига ётишга мажбур бўлди. Стефан Савич ҳам ўзи учун берилган оз имкониятлардан унумли фойдаланиб, майдонда ишончли ҳаракат қилди.
«Порту»дан Европанинг умидли ёш ярим ҳимоячиларидан бири сифатида қайтган Коке, ўз маҳоратини тобора тобора ошираётган Хименес ва ажойиб спорт формасини қайд этаётган Ян Облак Симеоненинг илғор ғояларини якдиллик билан амалга оширмоқдалар. Бугунги «Атлетико» қитъадаги ёш ижрочиларнинг энг сараларини ўз сафига жалб этган десак, хато қилмаймиз. Диего Годин, Хуанфран, Тьягу ҳамда Антуан Гризманн сингари фахрийлар эса «матрасчилар»га бебаҳо тажриба, юксак савия ҳамда барқарорлик бахш этмоқдалар. Жексон Мартинес ўзига хос бўлган сермаҳсулликни тиклаб олса, «Атлетико»нинг куч-қудрати янада ошиши аниқ. Қолаверса, Филипе Луис билан кучли рақобатни юзага келтирган Гильермо Сикейра ҳам исталган пайтда таркибни кучайтиришга қодир.
Мана шу жиҳатлардан келиб чиққан ҳолда таъкидлаш мумкинки, асосий таркибни белгилаш борасида Диего Симеоне ҳеч қандай муаммоларга дуч келмаётганига шубҳа йўқ. Боз устига, яхши спорт формасидаги футболчи ҳар қайси жамоа учун ҳеч қачон ортиқчалик қилмайди. Ҳамма гап шундай ҳамжиҳат, аҳил фидойи жамоани шакллантиришда.
Ҳозирда Симеоне жамоаси Ла-лига турнир жадвалида бешинчи поғонани эгаллаб турибди. Лекин етакчи жамоалар («Реал», «Барселона») билан ўртадаги фарқ атиги тўрт очкони ташкил этмоқда. Мусобақа тақвимидан келиб чиқадиган бўлсак, «Атлетико» янги йилни пешқадамлардан бири сифатида қарши олиш имкониятига эга. Чунки оловқалб ёшлардан шаклланган жамоа ва унинг дангалчи устози учун забт этиш мумкин бўлмаган чўққининг ўзи йўқ!