Sports.ru сайтининг «Узбекская кухня» блогида Александр Хорин муаллифлигидаги навбатдаги мақола чоп этилди. Астойдил эътибор қаратилса, унда қайд этилган статистик маълумотларнинг тўпурарлар муваффақияти билан узвий боғлиқлиги ойдинлашади.
Статистиканинг сири борми?
Менга ушбу блог орқали мақола бериш таклифини билдиришганида ўйланиб қолдим: «Муаллифлар жамоасидаги «хилма-хиллик» мақолаларда ўз аксини топиши учун нималарга эътибор қаратиш лозим? Шундай экан, энг аввало, ўта нозик масала юзасидан суҳбатлашсак:
«Статистика ҳамма нарсадан хабардор».
Бу ўринда саволни бошқачароқ тарзда ҳам қўйиш мумкин: бизга барча статистика маълумми ўзи? Балки яқин келажакда қайд этилган фактларнинг биз билмаган бошқа жиҳатлари ҳам бордир?
Келинг, барчасини бошидан бошлайлик.
Маълумки, Ўзбекистон чемпионатининг илк мавсуми 1992 йилга тўғри келади... Турли сабабларга кўра, унда 17та жамоа иштирок этган.
Финишга бир хил - 51 очкодан (у пайтлари ғалаба учун 2 очко бериларди) тўплаган икки жамоа - «Пахтакор» (Тошкент) ҳамда «Нефтчи» (Фарғона) етиб келишди. Пойтахтликлар ҳаммадан кўп тўп киритган бўлсалар (бир ўйинга 2,94та гол), Фарғона клуби дарвозасидан энг кам тўп олиб чиққан жамоага айланганди - 14та (бир ўйинга 0,44та гол). Жамоаларнинг ғалабалари сони ҳам деярли бир хил эди - 24та ва 23та.
Натижада, ҳар икки клуб чемпион сифатида эълон қилинди! (Тарихчиларга савол: «Шунга ўхшаш ҳолат бошқа биринчиликларда ҳам рўй берганми?»)
Мана, энди энг қизиғи!
Собиқ иттифоқ чемпионатида Ўзбекистон клублари ҳам иштирок этган кезлари олий лиганинг икки мавсумида 17та жамоа иштирок этган.
1964 ҳамда 1970 йилларда шундай бўлган. Ва ҳар иккисида ҳам финишга бир хил кўрсаткичга эга иккита жамоа етиб келишган. Дастлабкисида Тбилисининг «Динамо» ҳамда Москванинг «Торпедо» клублари 46 очкодан тўплашган. Кейингисида эса Россия пойтахтининг икки клуби - ЦДКА ҳамда «Динамо» 45 очкодан жамғаришди. Буни уч карра тасодиф, деб аташ мумкинми? Мазкур фактга тааллуқли белгини аниқлаш масъулиятини ўз зиммамизга олмаймиз, яхшиси бу билан мазкур йўналишга бефарқ бўлмаганлар шуғуллансинлар. Ким билади дейсиз, ушбу юмушга астойдил киришсалар футбол тарихида қайд этилган бунданда қизиқарлироқ маълумотларни топа олишар.
Демак, давом этамиз. Тасодифларга эътибор қаратарканмиз, унинг рўй беришига аниқ омил сабаб бўлганини ёддан чиқармаймиз - об-ҳаво. Ҳар икки ўйин Тошкентда ўтказилди. Дастлабки баҳсда тбилисиликларнинг қўллари баланд келди. Улар Москва «автозаводчилари»ни 4:1 ҳисобида енгишди. Кейинги ҳолатда эса иккита ўйин ўтказишга тўғри келди. Илк баҳсда ҳисоб очилмади - 0:0. Драматик тарзда кечган ўзига хос жавоб учрашувида «армиячилар» зафар қучишди. Ўша тарихий тўқнашувда машҳур дарвозабонимиз Юрий Пшеничников ҳам қатнашиб, мамлакат чемпионига айланганди.
Албатта, тўпурарлик жасорати ҳамда унинг ўзига хос жиҳатларига ҳам тўхталмай илож йўқ!
Бир қарашда ушбу мавзуга ҳар тарафлама сайқал бериб улгурилгандек, гўё. Шундай бўлсада, максимал барқарорлик ҳамда унинг жамоалар сонига алоқадорлиги ҳақида гапириб ўтмоқчимиз. Ўзбекистоннинг энг яхши голеадорлари қайд этган кўрсаткичларга назар ташлаб, уларнинг битта ўйинда рақиб дарвозасини бир ва ундан ортиқ марта ишғол қилишганини эътироф этиш мумкин.
Критерия қуйидагича кўринишга эга: жамоанинг муайян чемпионатдаги ўйинлари сони урилган голлар сонига бўлинади. Натижада пайдо бўладиган мулоҳазалар занжирини англаш у қадар қийинчилик туғдирмайди: футболчилар ҳамма учрашувларда ҳам муваффақият қозонавермайдилар. Ўйинчи майдонга тушсада, формани йўқотган ёки тузалмаган жароҳати билан ўйнаётган бўлиши мумкин. Демак, футболчининг майдонда йўқлиги - у қатнашмаган ўйинни биз айтаётган абсолют барқарорлик кўрсаткичларига қўшмасликка сабаб бўлолмайди. Зеро, ушбу кўрсаткичнинг футболчи қатнашиши кўзда тутилган умумий ўйинлар сонига ҳам боғлиқлиги бор.
1997 йили Жаъфар Ирисметов 34та гол урди. Ўша мавсумда 18та жамоа қатнашгани ва ўйинлар сони 34талигини инобатга олсак, ҳар бир ўйинга 1,00тадан гол тўғри келади. Айнан шу ҳужумчи 2000 йили Тошкент вилоятининг «Дўстлик» клуби шарафини ҳимоя қилган кезлари ўзига хос рекорд натижани қайд этганди. Ўша мавсум Ўзбекистон чемпионатида 20та жамоа иштирок этганини инобатга олсак, 38та ўйин ўтказилган. Демак, Ирисметов урган голлар сони ҳар бир баҳсга 1,18тадан тўғри келади.
«Навбаҳор»нинг собиқ ҳужумчиси Шуҳрат Мирхолдиршоев эса 2004 йили 14та жамоа қатнашган чемпионатда 31та гол урган. Бу эса ўртача ҳисобда 26та ўйинда 1,19та гол дегани. Айнан шу йили «Насаф»да тўпурарлик салоҳиятини намойиш этган Зафар Холмуродов рақиблар дарвозасини 29 марта ишғол қилган (ҳар бир ўйинда 1,11та гол).
Ниҳоят, 2005 йили «пахтакорчи» Анвар Солиев 26та ўйинда 29 марта тўп киритган. Кўрсаткич яна 1,11га тенг.
Бунда қандайдир мантиққа зидлик борми? Тўпурарлар энг яхши кўрсаткичларни лигадаги жамоалар сони кўпайганда ёки аксинча, камайган ҳолларда қайд этишган! Чунончи, Ўзбекистон чемпионатида айнан 14та жамоа қатнашган кезлари бунга кўп гувоҳ бўлганмиз. Ахир соғлом фикр кўп йиллар давомида миямизга «Жамоа қанча камайса, чемпионат шунча кучаяди», деган ғояни сингдиришга уринди-ку! Аслида эса қандай бўлиб чиқяпти?
12та мавсумда 16та жамоа қатнашганини инобатга олсак, тўпурарлар ўртача ҳисобда 23тадан гол уришган – 19дан 28гача. Ўртача 0,77тадан гол тўғри келади...
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки (айниқса, ғалати воқеаларга ўч синчков мухлислар учун), эски даврлардаги ёқимтойларнинг ғайритабиий кучи ортда қолди. 1940 йили Йозеф Бецан Чехия чемпионатида 50та гол урди, ўша йили биринчиликда 20та ўйин ўтказилган. Бу футбол тарихидаги рекорд кўрсаткичми ёки йўқ, мазкур масалада аниқ маълумотга эга эмасман.
Умумий футбол тарихига назар ташласак, собиқ иттифоқ чемпионатида энг яхши тўпурар бир мавсумнинг ўзида ҳар ўйинда биттадан кўп гол урган ҳолат атиги бир марта учраган. Олег Протасов 1985 йилги чемпионатда 34та баҳсда 35 марта тўп киритган - ҳар бир ўйинда 1,03та гол.
Вазиятни чигаллаштирмай, бошқа бир кўрсаткичга эътиборингизни қаратмоқчимиз. 1950 йили Москванинг «Спартак» клуби афсонаси Никита Симонян 34та гол урди. Шунчаки эслатиб ўтмоқчимиз: ўша чемпионатда 19та жамоа иштирок этган. Бу эса 36та ўйиннинг ҳар бирига 0,94та гол тўғри келади, дегани.
Икки хил чемпионатдаги бу кўрсаткичларнинг қандай ўхшашлиги бор? Симонян 1950 йили, Ирисметов эса 2000 йили рекорд натижа қайд этишганида, уларнинг ёши 23да эди. Икки авлоднинг роппа-роса ярим аср оралиғидаги ўзига хос чақириғи!
Хулосалар жуда оддий. Энг яхши тўпурар бўлишга номзодлар шуни билишсинки, рекорд натижа қайд этилишига кўплаб омиллар, кам учрайдиган тасодифлар ҳам таъсир ўтказади.