Сэм Эллардайснинг 7 нафар шогирди Guardian нашрига берган интервьюларида устозлари муваффақиятининг сири ҳақида гапириб бердилар. Эслатиб ўтамиз, ушбу мутахассиснинг олдида «Сандерланд»ни АПЛ тубидан олиб чиқишдай мушкул вазифа турибди.
Мазкур клуб янги бош мураббий етакчилигидаги дебют учрашувни «Вест Бромвич»га қарши сафарда ўтказди ва «қора мушуклар» 0:1 ҳисобида мағлубиятга учради. Аммо Сэм Эллардайсда вазиятни ўнглаш учун ҳали вақт ҳам, имкон ҳам етарли. Шогирдлар эса собиқ «босс»ларигагина хос услублар ҳақида қуйидаги фикрларни билдиришди.
Билли КИННАН (1991-1992 йилларда «Лимерик»да Эллардайснинг ассистенти бўлган):
- Сэм биз учун тоза ҳавога айланган, гўё. У аъло даражада ишлади ва лигада ғолиб бўлдик. Ўшанда Эллардайсда спорт руҳиятига меҳр эндигина уйғона бошлаган ва янгиликларга ўч эди. Ҳаммамиз биргаликда кўп нарсани ўргандик. Пул Сэм учун муҳим эмас: зеро, у ўйновчи мураббий сифатида арзимаган пулга ишлади - ҳафтасига 200 доллар атрофида. Тажриба оширишни хоҳлаганди, истаганига эришди. Клуб Эллардайсга меҳмонхонадан алоҳида номерни банд қилолмасди. Шу боис, унга уйимдан бошпана бердим. Биз хурсандчиликлар қилиб турардик, у ўйиндан кейин ичишни ёқтирар, аммо бўлғуси учрашувга ҳозирлик кўриш масаласига профессионалларча ёндашарди мен билган кўплаб мураббийларга нисбатан жиддийроқ эди. Эллардайс ўйинчилар билан тез чиқишиб кетади, кимни қўллаб-қувватлаш, кимни койиш, кимни оқшомда маҳаллий клубдан судраб чиқиш лозимлигини билади. Сэм шунчаки, ҳаммасини рисоладагидек амалга оширади, у «Лимерик»да тенгсиз эди ва ишончим комилки, «Сандерленд»да ҳам шундай бўлади.
Энди МОРРИСОН (1994-1996 йилларда - Эллардайс даврида «Блэкпул» сардори):
- У нима билан шуғулланмасин, аниқликка интилади. Яхши мактаб кўрган ва шунинг ўзи катта гап. Барча футболчилар билан ишлайди, улардан максимал даражада фойдалана билади. Агар қўл остида янада яхши ўйинчилар бўлганида, лигада ғолиб чиқиши ҳам мумкин эди. Эллардайс ажойиб мураббий. Аммо унга ҳар доим муносиб баҳо беришмайди - Сэмни камчилик яхши билади. У билан ишлаган қайси футболчидан сўраманг, Эллардайснинг ажойиб мутахассис эканлигини айтади. Қайси жамоада фаолият юритмасин, зарур натижага эришади. Венкис («Блекберн» хўжайини, айнан у Эллардайсни 2010 йил декабрида ишдан бўшатганди)дан сўранг, ҳозир қай аҳволда экан. Сэм жамоада мавжуд футболчилар билан ғалаба қозонишга одатланган, айнан шу нарса унинг кучли томонларидан ҳисобланади.
Иэн ХЭНДОН (1997-1999 йилларда Эллардайс раҳбарлигида «Ноттс Каунти»да ўйнаган, кейин «Вест Хэм»да бирга ишлаган):
- Мен футбол ҳақида барча нарсани биладиган ажойиб мураббийлар - Терри Вэнейблз, Питер Шривз кабилар билан ҳам ҳамкорлик қилганман. Аммо қайси мутахассис билан ишлашни хоҳлашимни сўрашса, сўзсиз, Сэм Эллардайсни танлаган бўлардим. У барчасини борича гапиради, футболчилар ҳам мураббий улар ҳақида нимани ўйлаётганини билишади. Ҳозир ҳам бирор маслаҳат керак бўлиб қолса, Сэмга қўнғироқ қиламан.
Эллардайс раҳбарлигида «Ноттс Каунти»да ўтган бир йилни мўъжизага қиёслашим мумкин. Зеро, Сэмдан ёмон нарсани ўрганмайсан. У жамоага уюшқоқлик, ҳимояда меъёрни олиб келади. Эллардайс ҳар бир баҳсга алоҳида ҳозирлик кўриши билан машҳур. Ишончим комилки, «Сандерленд»да ҳам шундай бўлади. Боиси, айнан шу нарса унга премьер-лигада ишлаган клубларида қўл келган. Сэм «Сандерленд»даги ўйинчиларга диққат билан разм солади-да, ким нимага арзиши ҳақида аниқ бир хулосага келади.
Кевин ДЭВИС (2003-2008 йилларда Эллардайс мураббийлиги остида «Болтон»да ўйнаган):
- У «Сандерленд»ни ҳаракатга келтиради. Барчани бошини қовуштириб, ягона жамоа сифатида шакллантиради. Ўзларига ишонч уйғотади ва менимча, айнан шу нарсани у ҳаммасидан ҳам яхши уддалайди. Сэм албатта, жамоага тўғри баҳо беради, унинг кучли ва кучсиз томонларини аниқлайди, бир нечта ўйинлар орқали ғалаба қозониш режасини тузиш билан футболчиларнинг ўзларига бўлган ишончини оширади. Унинг кучли томони - футболчилар ва клуб хизматчиларини бир-бирларига яқинлаштиради, мухлисларни трибуналарга қайтаради, барча ўйин ва машғулотлардан ҳузурланадиган муҳитни яратади, астойдил меҳнат қилиш эвазига совринларни қўлга киритишга ҳаракат қилади. Сэм жамоага қандай муносабатда бўлишни билади - қамчи ёрдамидами ёки ширинликлар кўмагидами, фарқи йўқ. У таркибга ёшларни жалб қилади. Зеро, Эллардайснинг услубларига камдан-кам кишиларгина қарши тура олишади. Унинг учун борингни бериб ўйнайсан ва Сэм ҳам шундай жавоб қайтаради. У «Сандерленд»га муносибми? Ҳа, мураккаб масалаларни яхши кўради.
Майкл БРИЖЕС (2004 йилда Эллардайс қўл остида «Болтон»да тўп сурган):
- 2004 йилда «Болтон» билан шартномасига имзо чекаётганимда Сэм билан илк марта учрашгандим. Рақиб жамоа ўйинини видеотакрорларда шу қадар чуқур таҳлил қилишини ўзим гувоҳ бўлмаганимда, ишонмасдим. У барчамизга ўйинчилар Prozoneда беркина ололмасликларини тушунтира олди. Мени «Лидс»да бунга ўхшаш нарсаларни кўрган дейсизми? Йўқ, бу янгилик эди - жуда ажойиб. Ҳар ҳафта биз йога билан шуғулланардик, у ерда менга тезда тикланишим ва оғриқни енгишим учун илк бор озиқ-овқат маҳсулотларини беришди. Ёнимизда доим руҳшунос бўлар, биз у билан маслаҳатлашиб, муаммоларимиз ечими тўғрисида суҳбатлашардик. Сэм қаттиққўл, аммо ҳалол мураббий. Менга энг ёққан томони машғулотлар жараёнини бошқариши эди: ҳар бир ўйинчи тўп билан ёки тўпсиз ҳолатда ўз ўрни ва вазифасини биларди. Эллардайс бу масалада мутаассибларча ишларди.
Стандарт вазият-футболнинг муҳим жиҳатларидан. Сэм буни биларди ва бизга мавзуга оид статистикани кўрсатди: бу борада эрта-ю кеч ишладик ва «Болтон»да ҳаммамиз «стандартлар устаси»га айландик. Бу ўйинни сиз «лонг-бол» - ёмон футбол, деб аташингиз мумкин, аммо мен буни услубий ва жуда самарали, деб биламан. Баҳслар фақат омад туфайлигина ютилмайди, машғулотлардаги қаттиқ меҳнат ҳам ғалаба калитидир. Сэмда эса бу борада муаммо йўқ.
Жон Уильямс («Блэкберн Роверс», 2008-2010 йилларда Эллардайс билан бирга ишлаган):
- Сэм «Сандерленд»да кўп нарсани ўзгартиради. У «Ньюкасл»да ҳам шундай қилганди. Эллардайс ўйинчиларни энг юқори чўққига олиб чиқиш учун футболнинг барча нозик томонларидан бохабар этади: статистика, спорт психологияси... Шогирдларини жипслаштиради ва улар стандарт вазиятлардан фойдаланишни ўрганиб олишади - бу эса ижобий натижа пойдеворига айланади. «Сандерленд» аъло даражадаги мураббийга эга бўлди, деб ўйлайман.
Жек КОЛЛИСОН (2011-2014 йилларда Эллардайс бошчилигида «Вест Хэм»да фаолият олиб борган):
- Сэм ҳеч қачон футболчиларга мухлислар босимини сезаётганини кўрсатмаган. У доим машғулотларда бардошли кўринган. Аслида эса, елкасида оғир масъулият бўлган. Айниқса, уйдаги дурангдан кейин ҳуштаклар чалинганида. Унинг асосий вазифаси бизни премьер-лигага қайтариш эди. Бунга қандай эришиш тўғрисида Сэмнинг ўз қарашлари бор эди. Эллардайс хушфеъл одам ва бундан фойдалана билади.
Биз муваффақият қозонишни истардик. Шанба кунги ўйиндаги ғалабадан ҳам яхшироқ нарса борми, ахир. Услублари баъзан кўнглимизга ўтирмаса-да, фойда берарди. У мақсадига эришди.
Сэм Эллардайс билан машғулот ўтказиш жуда ёқимли эди. У кулишни ёқтирар, аммо ўйин олдидан қаттиққўл бўла оларди. Бу барчага тайёр туриш лозимлигини англатарди. Қишки танаффус каби бўшашадиган даврларда эса, у биринчи бўлиб ўзига эрк берар ва жамоадошлари билан ҳордиқ чиқарарди.
И.Муродов тайёрлади