Бугун жаҳон чемпионати саралаш босқичи доирасида Яман ва Ўзбекистон терма жамоалари ўзаро майдонга тушишади. Биз учрашувга оид 20 та фактни эътиборингизга хавола этамиз.
1. Яман ва Ўзбекистон терма жамоалари шу кунга қадар 3 марта ўзаро рақиб бўлишган.
2. Ҳар учала баҳсда ҳам Ўзбекистонликларнинг қўли баланд келган. Тўплар нисбати 7:1 ҳамюртларимиз фойдасига.
3. Яман майдонида ўтказилган ягона беллашувда Ўзбекистон термаси 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган.
4. Ўзбекистон терма жамоасининг Яманга урган 7 та голи 5 та футболчи ҳисобига ёзилган. Игор Шквирин ва Олег Шацких иккитадан, Нўъмон Ҳасанов, Равшан Бозоров ва Александр Гейнрих биттадан гол киритишган.
5. Яман термасининг ягона голи Умар Ал-Арикий ҳисобига ёзилган.
6. Ўзбекистон термаси киритган 7 та голнинг иккитаси биринчи, бештаси эса иккинчи бўлимларга тўғри келади.
7. Яман эса фақатгина биринчи таймда тўп киритган.
8. Терма жамоамизга Яманга қарши ўйинларда Рустам Мирсодиқов икки марта, Самвел Бабаян эса бир марта мураббийлик қилган.
9. Терма жамоамизнинг 7 та голидан тўрттаси захирадан майдонга тушган футболчилар ҳисобига тўғри келади Олег Шацких 2, Равшан Бозоров ва Александр Гейнрих эса бир мартадан захирадан майдонга тушиб гол уришган.
10. Эътиборли жиҳати ана шу уч футболчи ҳам иккинчи таймнинг дастлабки дақиқаларидан майдонга тушганда албатта гол киритишган.
11. Ўзбекистон терма жамоасининг 6 футболчиси Яманга қарши ўйинларда огоҳлантирилган. Николай Ширшов бу борада етакчи. Унинг ҳисобида иккита сариқ бор. Рустам Шоймардонов, Эдуард Мамотов, Олег Шацких, Жавоҳир Соҳибов, Одил Аҳмедов эса бир мартадан огоҳлантирилишган.
12. Яманлик футболчилар ҳам ҳамюртларимиз билан баҳсларда 7 марта сариқ карточка билан “сийланишган”. Шунингдек, улар ҳисобида битта қизил карточка ҳам мавжуд.
13. Ўзбекистон ва Яман термалари ўйинларини уч нафар ҳакам бошқариб боришган. Булар Юсуф Суаркех (Иордания), Султон Ал-Алақ (Баҳрайн), Ли Мин Ху (Жанубий Корея).
14. Бугунги баҳсни эса уммонлик Абдуллоҳ ал-Ҳилолий бошқариб боради.
15. Яман ва Ўзбекистон термаларининг учта ўйинини жами 63 минг мухлис стадиондан томоша қилган.
16. Агар бугун Виталий Денисов майдонга тушса, бу унинг миллий терма жамоамиз либосидаги 61-учрашув бўлади. Шу тариқа Витя Карпенко ва Шацкихни орқада қолдириб, Асрор Алиқуловга етиб олади ва терма жамоа “гвардиячилари” рўйхатининг 11-ўринига кўтарилади.
17. Санжар Турсунов Яманга қарши баҳсда терма жамоамиз таркибидаги юбилей 50-учрашувида иштирок этиши мумкин.
18. Камолиддин Тожиев терма жамоадаги 10-ўйинини ўтказиши мумкин.
19. Агар бугун ҳам Александр Гейнрих гол урса, у ҳолда терма жамоамиз тарихидаги энг сермаҳсул иккинчи рақамли тўпурарга айланиб олиши мумкин.
20. Сардор Рашидов ва Игор Сергеев биттадан гол киритишса, Ўзбекистон терма жамоаси тарихидаги энг сермаҳсул тўпурарлар рўйхатида 10-14 ўринларга чиқишади.
Фурқат Юсупов тайёрлади.