ФИФА сайлов қўмитаси ниҳоят, ташкилот президентлиги учун 5 нафар даъвогар номзодини расман тасдиқлади. Эслатиб ўтамиз, сайловлар 26 февраль кунига белгиланган. Энг эътиборлиси, номзодлар қаторида ФИФА Одоб-ахлоқ қўмитаси томонидан футболдаги фаолияти тўхтатиб қўйилган Мишель Платини йўқ. Ваҳоланки, француз мутахассиси барчага маълум можаролардан олдин ФИФА президенти бўлиш учун асосий фаворит ҳисобланаётганди.,
Тўғри, УЕФА раҳбари адвокати Тибо д~Алеснинг АFPга берган шарҳида таъкидлашича, Платини номзоди ҳали мутлақ «олиб ташланмаган». Бу масалага 5 январь кунидан сўнг ойдинлик киритилади. Зеро, французга белгиланган дисквалификация муддати ўша куни якунланади. Ҳозирда Платини иши юзасидан Швейцария прокуратураси текширув ишларини давом эттиряпти. Хусусан, унга 1999-2002 йилларда ФИФАда Йозеф Блаттер маслаҳатчиси сифатида ишлагани учун 2011 йили 2 миллион Швейцария франки тўлангани қонунга мувофиқ келиши ёки келмаслиги ўрганиб чиқилмоқда. Тибо д~Алес баёнотида шунингдек, Платинининг 90 кунлик дисквалификация юзасидан берган апелляцияси «ҳайратналанарли даражада секинлик билан ўрганиб чиқилаётгани» тушунарсиз эканлиги қайд этилди. Хуллас, бугунги кунда ФИФА президенти курсисини эгаллаш учун 5 нафар номзод бор. Булар:
-Иордания шаҳзодаси, 39 ёшли Али бин ал ҲУСАЙН. У май ойидаги сайловларнинг биринчи босқичида Блаттерга 73:133 кўринишида ютқазганди.
-Баҳрайнлик 50 ёшли шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифа. Биласиз, у айни пайт ОФК президенти ва ФИФА вице-президенти лавозимларида ишлаяпти.
-Швейцариялик 45 ёшли Жанни Инфантино. Айтганча, бордию, Платини сайловларда иштирок этадиган бўлса, УЕФА бош котиби ўз номзодини қайтариб олади.
-Франциялик 57 ёшли Жером Шампань. У вақтида ФИФАда халқаро ишлар бўйича Блаттернинг маслаҳатчиси сифатида фаолият юритган.
-Жанубий африкалик 62 ёшли Токио Сексвале. У бизнес билан шуғулланади, апартеид тузумига қарши курашгани туфайли танилган. Айни пайт ФИФАнинг Фаластинда футболни ривожлантириш қўмитаси раҳбари.
Либериялик Мусо Билитининг аризаси қабул қилинмади. Яъни ФИФА Одоб-ахлоқ қўмитаси унинг номзодини ўрганиб чиққач, шундай хулосага келди. Бунинг аниқ сабаби ошкор этилмади. Лекин шуниси маълумки, Билити вақтида АФК томонидан футболдан четлаштирилганди.
Тринидад ва тобаголик Дэвид Накхиднинг номзоди эса олдинроқ рўйхатдан ўчирилганди. Чунончи, Америка Виргин ороллари футбол федерацияси бирданига икки нафар номзодни қўллаши хусусида ишонч хати юборган экан. Натижада бу хатлар ҳисобга олинмади. Хуллас, тринидадлик функционер зарур бўлган 5та федерация ишончи йўқлиги сабаб, даъвогарлар сафидан чиқди. Америка Виргин ороллари федерацияси томонидан қўллаб-қувватланган яна бир номзод (унинг исми сир тутилмоқда)га келсак, унинг ихтиёрида 5тадан кўп ишонч хати бўлган экан ва захира вариантидан фойдаланибди.
Платини охир-оқибат, сайловларга қўйилмаса, унда шайх Салмоннинг асосий фаворитга айланиши таъкидланяпти. Энг қизиғи, ОФК раҳбари можаролар бошланмасидан олдин айнан Платинини фаол қўллаб-қувватлаётганди. Умуман, у ўз номзодини ариза бериш муҳлати тугаши арафасида илгари сурди. УЕФА эса Инфантино номзодини кўрсатди. Блаттернинг яқинда ТАСС ахборот агентлигига берган интервьюсида айтган гапларига таянсак, кўплаб ассоциациялар вакиллари унинг ҳамюртини унча хушламайдилар. Тахмин қилинишича, швейцариялик даъвогар сайловларнинг 1-турида яхши овоз олиши мумкин, аммо кейинчи? Қисқаси, унинг ғолиб чиқишига ишонч паст. Футбол дунёсида танилмаган Сексвале ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин. Шаҳзода Алига келсак, унинг асосий овозларни қайси ҳудуддан олишга умид боғлаётгани тушунарсиз. Зеро, иорданиялик функционер май ойида европаликларнинг қўллаб-қувватлашларини яққол ҳис этганди. Ўшанда у Платинининг иттифоқдоши сифатида Блаттерга қарши кураш бошлаганди. Бироқ энди «кўҳна қитъа»да ўз вакили бор. Кенг Осиёдан эса, ОФК раҳбари - шайх Салмон ҳам курашга қўшилди. Демак, барчасини вақт кўрсатади...