Фернандо Торрес, Серхио Агуэро, Радамель Фалькао, Диего Коста - бу Мадрид «Атлетико»си бағрида «унган» сара ҳужумчиларнинг тўлиқсиз рўйхати. Қуйидаги мақолани ўқиб чиқсангиз, «матрасчилар» айнан олдинги чизиқ вакиллари билан иш юритиш бобида мукаммалликка эришганларини осонгина фаҳмлайсиз.
Фернандо ТОРРЕС
«Атлетико»да 2007 йилгача - 214та ўйин, 82та гол. «Ливерпул»га 20 млн. фунт стерлинг эвазига ўтди. Торрес - «Атлетико» тарбияланувчиси ва Мадрид клубининг янги «университети»дан чиққан илк битирувчи. Айнан унинг трансфери билан клубда ажойиб анъана бошланди, яъни «матрасчилар» футболчиларни мукаммаллик сари етаклаб, уларни катта маблағ эвазига сотишни ўзлаштиришди. Қизиғи, бу «формула» асосан ҳужумчиларга тегишли. Мана, неча йилдирки, «Атлетико» қайсидир етакчи голеадорни пулласа, унинг ўрнига дарҳол янги ўринбосар чиқмоқда. «Эль Ниньо» (футболчининг лақаби - «болакай») турли ёш гуруҳларида ўйнаб чиқди. Унинг катталар жамаосидаги дебюти мавсум-2001|2002га тўғри келди. Ўшанда «Атлетико» ...иккинчи дивизионда иштирок этарди. Фернандо 18 ёшида ўз клубининг асосий таркибида мунтазам ўйнай бошлади, 19 ёшида эса Испания миллий жамоаси сафида илк марта майдонга тушди. Торреснинг ажойиб ўйини барчани бирдек ҳайратлантирарди. У марказий ҳужумчиларга хос қувват ва енгиллик ҳамда раққосларга хос нафисликни ўзида мужассам этганди. Бундай иқтидорни клубда узоқ вақт ушлаб туриш имконсиз иш эканлигини барча тушунарди. Зеро, «матрасчилар» ўша вақт Испанияда юқори ўринлар учун даъвогарлик қилолмасдилар. Хуллас, «Ливерпуль» билан келишув барчага маъқул тушганди. Бошқача айтганда, «Атлетико» ўзига зарур маблағни олган, «Ливерпуль» эса кучли тўпурар ҳужумчини. Айтиш жоиз, Фернандо АПЛдаги биринчи мавсумдаёқ 20та гол уришни уддалаганди.
Серхио АГУЭРО
«Атлетико»да 2007 йилдан 2011 йилгача - 134та ўйин, 74та гол. «Манчестер Сити»га 38 млн. фунт стерлинг эвазига ўтди. Аслида «Атлетико» Торрес кетмасидан олдин унга ўринбосар қидиришни бошлаганди. Клубнинг аргентиналик 18 ёшли йигитча учун 23 млн. евро тўлагани фикримизга асос. Муҳими, Серхио бу сармояни ортиғи билан оқлади. Аргентиналик ҳужумчи Мадриддаги илк мавсумда Торрес билан ёнма-ён тўп сурди. Яна бир йилдан сўнг «Вильярреал»дан «Атлетико»га ўтган уругвайлик Диего Форлан билан ҳамкорлиги ўта самарали чиқди. Ўшанда клуб раҳбарияти ёш ҳужумчи ёнига тажрибали тўпурарни қўйиб, хато қилмаганди. Улар биргаликда бутун испан футболини «титратишди». Эҳтимолки, еврофутболдаги энг шиддатли ҳужумчилар жуфтлиги бўлишгандир. «Атлетико» эса яна енгилмас кучга айланиб, мавсум-2009|2010да ЕЛ ғолибига айланди. Рақиблар айнан кимдан хавф кутишни билолмай, доғда қолишарди. Чунончи, Форлан ва Агуэро бир-бирларини сўзсиз тушунишарди. Шунга яраша, ажойиб тарзда жой алмашиб ҳаракатланишарди. Хусусан, 2009 йили «Барселона»га қарши кечган баҳс бу жуфтликнинг чинакам «бенифиси»га айланганди. Ўшанда аргентиналик ва уругвайлик 2тадан гол уришади ва 4:3 ҳисобидаги ёқимли ғалабани таъминлашади. Якунда «Атлетико» Агуэрони «Манчестер Сити»га ўзи учун рекорд даражадаги нархда сотди. Форлан эса 2011 йили «Интер»га йўл олди. Бироқ унинг ёши 30га етиб қолгани боис, «матрасчилар» катта суммага умид боғлай олмасдилар.
Радамель Фалькао
«Атлетико»да 2011 йилдан 2013 йилгача - 68та ўйин, 52та гол. «Монако»га 60 млн. евро эвазига ўтди. Фалькао Мадрид «матрасчилари» тарихидаги энг қимматбаҳо футболчидир. Унинг учун «Порту»га нақ 40 млн. евро тўланган. Хуллас, Агуэрони сотган клуб ўз «боғи»дан янги «ниҳол униб чиқишини» кутиб ўтирмай, тайёр тўпурарга кўз тикди. Фалькао билан бир вақтда янги бош мураббий - Диего Симеоне ҳам ташриф буюрди. Аргентиналик мутахассиснинг қисқа вақт ичида жамоани қудратли машинага айлантирганидан яхши хабардорсиз. Фалькао эса улкан тараққиётда ўта муҳим роль ўйнади. У рақиб ҳимоячилари ва дарвозабонлари учун бераҳм жаллод сифатида ном қозонди. Агарда «ўзга сайёралик» Месси ва Роналду бўлишмаганда, айнан колумбиялик ҳужумчи Испания чемпионатининг бош голеадорига айланарди. Зеро, ўша вақт аргентиналик ва португалиялик юлдуз абадийдек кўринган рекордларни бирин-кетин янгилашга тушгандилар. Фалькао ҳам жим тургани йўқ. У ЕЛда ўз рекордини ўрнатди - битта мавсум давомида 15та гол! Бу натижаси «Атлетико»нинг турнирдаги ғалабаси билан янада ёрқинлашди. 2013 йилнинг ёзида «матрасчилар» шундай ҳужумчини осонгина қўйиб юборишдики, бундан кўпчилик ҳайрон қолди. Лекин савдога розилик берилишининг ўзига хос сабаблари бор эди. Биринчидан, «Монако» нақ 60 млн. евро санаб берди. Иккинчидан, футболчининг ёши амалда каттароқ эканлиги хусусида шубҳалар туғилди. Хуллас, энди маълум бўляптики, «Атлетико» нишонни яна тўғри олган экан. Ҳарқалай, Фалькаонинг айнан энг юқори нуқтага кўтарилган пайти сотишгани ойдинлашди. Чунончи, колумбиялик ҳужумчи шундан буён олдинги ҳайбатини кўрсата олмаяпти.
Диего КОСТА
«Атлетико»да 2010 йилдан 2014 йилгача - 94та ўйин, 43та гол. «Челси»га 32 млн. фунт стерлинг эвазига ўтди. Ҳамма «Атлетико» Фалькао учун олинган миллионларни қайси янги ҳужумчи учун сарфлаши ҳақида ўйлаган пайт Диего Симеоне мутлақо бошқача йўл тутди. У шунчаки, клуб томонидан 2007 йили харид қилинган Диего Костага ишонч билдирди. Асли бразилиялик ҳужумчи орадаги вақтни асосан ижара шартномалари бўйича бошқа жамоаларда ўтказганди. Аниқроқ айтсак, у «Брага», «Сельта», «Альбасете» клубларида ижара шарти асосида ўйнади. 2011 йили эса «Бешиктош»га йўл олиши керак эди, бироқ оғир жароҳатга йўлиққани келишувни амалга ошмай қолишига сабаб бўлди. Симеоне эса феноменал сезгисини ишга солиб, ўз адаши тимсолида янги тўпурарни кўра билди. Хуллас, уни таркибга қўшишдан чўчигани йўқ. Натижада Коста 2012|2013 йиллар мавсумидаёқ нималарга қодирлигини тўла исботлади. У чемпионатда 10та, Испания кубогида эса 8та гол урди. Бироқ ҳамманинг эътибори Фалькаога қаратилгани боис, ҳеч ким колумбиялик соясида мўлтиллаган янги топ-ҳужумчини кўргани йўқ. Фақат мураббий барчасини кузатиб, аниқ режа тузаётганди. 2013|2014 йиллар мавсумига келиб, Коста аргентиналик мураббий кутганидек, бош ролга чиқиб, феноменал даражада тўп сурди. «Атлетико» эса ўз одатига кўра, «Челси»дан келган «совчи»ларни ранжитмади. Яъни бу сафар ҳам савдога дарҳол розилик берди. Ҳа, «матрасчилар» трансфер нархи тушишини кутиб туришга одатланишмаган. Бундай ёндашув клубга ҳозирча қўл келаётганини ҳам таъкидлаш жоиз.
Антуан ГРИЗМАНН
«Атлетико»да 2014 йилдан - 45та ўйин, 28та гол. Французни классик марказий ҳужумчи сифатида таърифлаш нотўғри. Лекин дейлик, Агуэро ҳам бошида бундай эмасди. Бошқа жиҳатлар бўйича эса, Гризманн ушбу рўйхатга тўла мос тушади. Мисол учун, «Атлетико» сафига қўшилганидан буён унинг трансфер нархи ақл бовар қилмас даражада ошди. Ёзда французни гоҳ «Челси», гоҳ «Бавария» ёки яна бошқа топ-клубларга «бичишди». Бироқ «Атлетико» бу сафар ўз одатига қарши ўлароқ, яна озгина сабр қилишни маъқул кўрди. Чунончи, клуб раҳбарлари жорий мавсум Антуан обрўсини фақат оширишига аминлар. Айтиш ўринли, клуб авваллари бундай ҳолатларда сира адашмаган.
Жексон МАРТИНЕС, Лучано ВЬЕТТО...
«Атлетико» топ-форварди бўлишга янги номзодлар. Балки янги Агуэро, эҳтимол, янги Фалькао... Диего Симеоне ҳозирча ихтиёридаги «бойлик»ни қандай ишлатишни яхши билмаётгандек. Ҳарқалай, у ҳужумчилар танлови бўйича бундай кенг имкониятга илк марта дуч келди. Умуман, «Атлетико» жорий мавсумни у қадар яхши бошламади. Аммо клубда ҳаммаси изга тушишига шубҳа қилишмаяпти. Ахир голеадор тарбиялаш анъанасию, Диего Симеонедек устакор йўлбошчи бор-ку...