"Челси" клуби собиқ ҳужумчиси Дидье Дрогба лондонликлар бошқарувида Луиш Фелипе Сколари ишлаган 2008-2009 йилги мавсумда бразилиялик мураббий уни сотиб юборишни ва ўрнига ўз ҳамюрти Адрианони олиб келишни истаганини айтиб ўтди.
"Сколари билан бу борада гаплашиб бўлиб, кабинетидан чиққанимдан сўнг биринчи навбатда Абрамовичга қўнғироқ қилдим. Унинг ёрдамчиларидан бири орқали вазиятга ойдинлик киритдим. Қўнғироққа жавобан: "Йўқ, сен ҳеч қаерга кетмайсан. Умуман, бу ҳақида ким гапирди ўзи сенга?" дейишди. Шундан сўнг жамоада қолдим", - дейди Дрогба.