Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Доменико Кришито:«Гуруҳимиз ҳеч ҳам кучсиз эмас»

Баҳо:
+ | -

Италиялик ҳимоячи Доменико Кришито «Зенит» билан ЧЛда муваффақиятли одимлаяпти. Тўғри, у «Лион»га қарши кечган охирги ўйинда финал ҳуштаги янграгунига қадар ҳаракатланолмади. Яъни 70-дақиқадан сўнг жароҳати асорати сезилаётганини айтиб, мураббийдан ўзини алмаштиришини сўради. Championat.com сайти мухбирлари италиялик билан суҳбат чоғи айнан «кўк-оқлар»нинг асосий еврокубокдаги иштироклари хусусида гаплашишди. Доменико ўз навбатида, «Зенит»нинг Европа ва Россияда турли савияда ўйин намойиш этаётгани сабабини тушунтиришга уринди. Айтганча, у ЧЛ «плей-офф» босқичида Италия клубларига тўқнаш келишни сира истамаслигини алоҳида таъкидлади.

- «Зенит»нинг ЧЛдаги ҳозирги юриши худди эртакка ўхшаяпти. Евромайдондаги ўйин сифати ва натижа сизни ҳам ҳайрон қолдираётгандир...

- Ҳа, ҳеч ким «Зенит»дан ЧЛда бунчалик омадли иштирок кутган эмасди. Дарҳақиқат, биз ҳар бир ўйинда тартибли, шаклланган юқори савияли жамоадек таассурот қолдиряпмиз. Дейлик, меҳмонда 2та кучли рақибни енгиш йўлини топдик. Ваҳоланки, улар фақат ғалаба учун майдонга тушишганди. Хуллас, динамик ва қатъий футбол курашида устун келдик. Қолаверса, «Петровский»да ҳам 2 марта чиройли тарзда ғалабани тантана қилдик.

- «Зенит»га қуръада омад кулиб боққани ва унинг енгил гуруҳга тушгани ҳақидаги фикрларга қандай қарайсиз?

- Менимча, ўша «Валенсия»ни мағлубиятга учратиш ҳаттоки, «Реал» ва «Барселона» каби грандларни енгишдан ҳам қийинроқ бўлса керак. Айниқса, унинг майдонида. Испания чемпионатини кузатиб борувчилар буни жуда яхши билишади. Ўйлайманки, бизнинг гуруҳда тенг кучли рақиблар жой олишган. Шу жиҳатдан олиб қарасак, мураккаблик даражаси ошади. Чунончи, 4та клуб ҳам «плей-офф»га даъвогарлик қилади. Қисқаси, ҳар қандай ҳолатда ҳам, гуруҳимизнинг енгил эмаслиги тайин.

- «Зенит» жорий ЧЛда тактик томондан қандайдир ўзгарди. Бу аввало, янги марказий ҳужумчи - Артём Дзюбанинг келиши билан боғлиқми?

- Дарҳақиқат, Дзюба сафимизга қўшилгач, «Зенит» ўйинида қандайдир янгилик кўзга ташланди. Эҳтимол, бунинг умумий тактикага дахли йўқдир, аммо айни пайт баланд бўйли ва бақувват ҳужумчига қарата узун узатмаларни амалга ошираётганимиз айни ҳақиқат. Оддий айтганда, ҳужумни якунлаш бобида қўшимча вариантлар туғилди. Мен Дзюбани «Спартак»даги ўйинлари орқали ҳам билардим. Яъни уни доимо кучли ва иқтидорли футболчи сифатида кўрардим.

- Тан олинг, сиз учун ўз қанотингизда Олег Шатовнинг ўйнаши маъқулроқ. Зеро, у бразилиялик Халкдан фарқли ўлароқ, орқага қайтишни унутмайди ва ҳимояга кўпроқ ёрдам беради.

- Йўқ, бу ҳолат мен учун катта аҳамият касб этмайди. Тўғри, Шатов тез-тез ортга қайтиб, ҳимоячиларга фаолроқ кўмаклашади. Халк эса, асосан ҳужумга мослашган футболчи. Лекин биз барчасига мослашяпмиз. Ахир «Зенит» - топ даражага интилаётган клуб. Шунинг учун ҳам Европада яхши кўриняпмиз, бутун Петербург эса ЧЛдаги муваффақиятлар оғушида...

- Сизнингча, «Зенит» учун евроаренадаги чўққи қайси?

- Айтиш қийин. Албатта, биз максимал натижани кўзлаб, шунга яраша, ҳаракат қиламиз. Яъни олдимизга ЧЛнинг ҳар бир кейинги босқичида ғалаба қозониш вазифасини қўямиз. Бугунги кун ҳақида гапирсак, шунчаки, гуруҳда 1-ўринни эгаллашимиз шарт. 1|8 финалда эса, қайси клубга рўбарў келишимиз ҳам муҳим. Иккинчи томондан, табиийки, ҳозир «Зенит»нинг ЧЛда ғолиб чиқишга тайёр эканлигини тасдиқлай олмайман.

- Хўш, шахсан сиз 1|8 финалда қайси клуб билан ўйнашни хоҳлардингиз? Эҳтимол, Италия жамоалари маъқулроқдир...

- ЧЛ «плей-офф» босқичида ҳар қандай рақиб кучли, хавфли ва қизиқарли бўлади. Италия клубларига келсак, уларнинг тўқнаш келишларини асло истамайман. Зеро, итальянлар доимо тактик жиҳатдан кучли тайёрланишади ва рақибга қараб, натижа учун ўйнашни яхши уддалашади. Улар шунингдек, ҳимояда беназирлар. Хуллас, «А» серияси вакилларига қарши ўйинлар жуда оғир кечади. Мисол учун, ўтган йили ЕЛда «Торино» билан бўлган ўйинларимизни эслайлик. Ўшанда роса қийналгандик, айниқса, Туринда. Очиғини айтсам, шахсан мен «МЮ»га тўқнаш келишимизга қарши эмасман. Зеро, «Олд Траффорд»да тўп суриш азалий орзумдир.

- Қизиқ, трансферлар бозори ёпилгач, Андре Виллаш-Боаш камтарона фикр билдирганди: «Ҳозирги таркиб билан жамоанинг мақсади гуруҳда 3-ўринни олиб, ЕЛга ўтиш». Футболчилар мураббийнинг бу гапларидан ранжишмадими? Ахир у жамоага руҳий далда бериш ўрнига ўйинчиларни камситгандай бўлганди...

- «Зенит»нинг барча футболчилари бошидаёқ бу гап ҳазил эканлигини тушунишди. Мураббий эҳтимол, юракдан шундай дегандир, аммо жиддий оҳангда эмас. Ҳар ҳолда, барчамиз ЕЛ ҳақидаги сўзларини ҳазил ўлароқ қабул қилгандик. Умуман, Виллаш-Боаш доимо олдимизга максимал вазифаларни қўяди. Мана, бизни фақат «плей-офф»га чиқиш йўлида шайлантирди ва буни уддаладик. Энди гуруҳ раундига 6та ғалаба билан якун ясамоқчимиз. Ҳарқалай, «Зенит» учун бундай натижа билан тарихга кириш жуда муҳим.

- Айни пайт Россия чемпионатида мутлақо бошқа «Зенит»ни кўряпмиз. Наҳотки, футболчилар чемпионлик унвонини ҳимоя қилишга бефарқ бўлсалар? Наҳотки, иштиёқ сабаб, жамоа шунчалик ўзгарса?

- Ўйлашимча, премьер-лигадаги натижаларимизнинг пастлигига иштиёқсизлик сабаб эмас. Гап шундаки, Россиянинг кўплаб клублари «Зенит» билан ўйинга бошқача кайфиятда тушишади. Улар ҳатто футбол ўйнашни ҳам ўйламайдилар. Аксинча, шунчаки, ҳимояга ётиб оладилар. Қисқаси, рақибларимиз учун асосийси - гол қўйиб юбормаслик. Албатта, шунинг баробарида бизнинг хато қилишимиз ва гол уришларига имконият туғилишини ҳам кутишади. Евроаренада эса бошқача: ҳар бир рақиб ҳужумкорликка зўр беради. Қисқаси, ўзгача футбол ўйналади. Тўғри, шубҳасиз, биринчи даврадан сўнг ЦСКАдан 10 очко ортда қолиш -  биз учун ярашмайдиган ҳолат.

- Бироқ ўша ЦСКА ҳам шундай рақиблар билан ўйнаяпти ва кўп очко йўқотмаяпти-ку...

- Лекин «ҳарбийлар» Европада етарлича ғалаба қозонолмаяптилар. Яъни табиий футболда ожиз қоляптилар.

- Италия терма жамоаси билан мунобатингизга «жавобсиз муҳаббат» таърифини бериш мумкинми?

- Ўз мамлакатим бош жамоасида мунтазам ўйнамаётганимнинг турли сабаблари мавжуд. Лекин айни ҳолатда «жавобсиз муҳаббат» иборасини ишлатмасдим. Дейлик, жорий йил ҳисобидан терма жамоадаги илк ўйинимда чакки кўринмадим. Кейинги баҳсда эса, шунчаки, омадим юришмади. Умуман, айни пайт мен учун энг асосийси - «Зенит»да юқори савияни кўрсатиш. Чунончи, агар клубда савияни барқарор тарзда ушлаб турсам, Италия термасига эртами-кеч чақиришади, барибир.

- Евро-2012 олдидан Россия ва Италия терма жамоалари ўртоқлик ўйинида куч синашишган ва унда 0:3 ҳисобида имкониятни бой берган эдинглар. Ўша учрашувни эслайсизми? Россияликларнинг Евро-2016 йўлланмасини қўлга киритишгани хусусида нима дейсиз?

- Ўша баҳс эсимда, аммо тафсилотлари хотирамдан кўтарилган. Чунки унда ўзим иштирок этмагандим. Агар имконият туғилса, Евро-2016да Италия термаси таркибида Россия жамоасига қарши мароқ билан тўп сурардим. Ҳарқалай, 5 йилдан буён шу ердаман ва кўплаб футболчилар имкониятини яхши биламан. Хуллас, шахсан мен учун қизиқарли ўйин бўларди.

- Агар «Скуадра Адзурра» бош мураббийи Антонио Конте сиздан Россия термаси таркибидаги энг хавфли футболчи ҳақида сўраса, кимни тилга олардингиз?

- Роман Широковни. Рақиб дарвозаси олдида хавфли вазият содир этиш бобида Россияда бошқа бирор футболчи унга тенглашолмайди.

- Биласизми, айни пайт «Спартак» мухлислари Широковнинг ўйинларидан норозилар ва унинг пойтахт клубидан кетишини истамоқдалар...

- «Спартак»да Широковга нима бўлаётганини билмайман. Лекин шу 5 йил давомида Россияда унингдек шиддаткор футболчини кўрганим йўқ. Хуллас, Широковни рус футболидаги энг иқтидорли ижодкор, деб биламан.

- Италиялик дўстларингизга Петербург ҳақида нималарни сўзлаб берасиз?

- Барча яқинларим ва дўстларим Петербургга келиб, меҳмоним бўлишга улгурдилар. Уларга шаҳар мутлақо маъқул тушди. Айримлари ҳаттоки, «Зенит»да кўпроқ вақтга қолишим зарурлигини айтишди. Яъни имкон топиб, яна келмоқчилар.

- Айтишларича, Санкт-Петербург Венецияга ўхшар экан. Бу фикрга қўшиласизми?

- Эҳтимол, гапим ғалати туюлар, лекин Венецияга бормаган камсонли итальянлардан бириман (кулади). Дўст­ларим эса икки шаҳарни ўзаро таққослашмади. Ҳарқалай, улар бир-биридан кескин фарқланса керак-да.

- Петербургда рус тилини билмай туриб, яшаш қийин эмасми? Дўкон ёки ресторанларда нима хоҳлашингизни қандай тушунтирасиз?

- Муаммо йўқ. Ахир мен неаполликман. Неаполликлар эса ҳар жойда келишиб кетишади (кулади). Бизни ҳеч нима билан чўчитолмайсиз - барча масалаларни айтарли муаммосиз ҳал қиламиз.

- «Инстаграм» тармоғидаги саҳифангизда суратлар хилма-хил - ўғилларингизнинг футбол, теннис ёки хоккей майдонидаги машғулотлари... Бўлажак спортчиларни тарбиялаяпсизми?

- Барчаси уларнинг ўзларига боғлиқ. Ҳарқалай, айнан спортчи бўлишларини талаб қилмайман.

- «Инстаграм»да қайсидир юлдуз саҳифасини алоҳида кузатиб борасизми?

- Мен учун «Милан»нинг афсонавий ҳимоячиси Паоло Мальдини чинакам кумир эди: ҳалигача унинг ҳаётига қизиқаман. Дейлик, Мальдини ҳақидаги кичик бир хабарни ҳам катта қизиқиш билан ўқийман.

- Ҳар бир трансферлар даврида сизнинг бошқа клубга кетишингиз ҳақида миш-мишлар тарқалади. Бу Италия матбуотининг услубими ёки хабарлар чиндан ҳам, ҳақиқатга яқин бўлади?

- Кетишим хусусида хабарлар тарқарилишида матбуот ташаббускор эмас, ўзим ҳам. Зеро, ҳар сафар бир қатор клублар аниқ таклиф билан чиқишади. Натижада турли хабарлар юзага чиқади. Шахсан ўзим «Зенит»да барча-барчасидан қониқяпман. Шундай экан, бошқа клубга ўтишим масаласини фақат ўта жиддий, қизиқарли ва муҳим таклиф тушган тақдирдагина муҳокама этишим мумкин.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:07, 19.11.2015.
Ўқилди: 1450 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.