20 ноябрь куни “Интерфутбол” газетасининг расмий сайти “www.interfutbol.uz”да журналист Зафар Қосимовнинг “Вақт ихтиёрига ҳавола масала ёки яна “Локо” ҳақида” мақоласи чоп этилди.
Мақолада муаллиф “Локомотив” футбол клуби ҳақида фикр билдирган ҳамда клуб олиб бораётган футбол сиёсатига тўхталган. Лекин шуни айтиб ўтиш жоизки, мақолани ёзишдан олдин журналист вазиятни обдон ўрганмай, шоша-пиша бир нималарни қоралаган. Бу худди тез нимадир ёзиб беринг, газетани босмага беришимиз керак, бўш саҳифа қоляпти деган гапга ўхшайди.
Маълумки, “www.interfutbol.uz” сайтида асосан газетада чоп этилган материаллар бериб борилади. Аммо гап бунда эмас, гап шундаки, мақолани ўқир экансиз, муаллифнинг конкрет нима демоқчи эканлигини яхши тушунмайсиз. Қолаверса, Зафар Қосимов “Локомотив” иштирокидаги ўйинларни кўрмай туриб фикр билдирган.
Эҳтимол, З.Қосимов “Локо” иштирокидаги ўйинларни “Спорт” телеканали орқали кўрган бўлиши мумкин, лекин бу ҳам унинг кўп нарсадан хабардор эканини билдирмайди. Зафар Қосимов клуб ичидаги муҳитни, клуб структурасини ҳамда клубнинг иш юритиши тизимини ўрганмай, клуб раҳбарияти, футболчилар ёки мураббийлар билан гаплашмай туриб шунчаки хаёлига нима келса шуни ёзиб ташлаган. Натижада материал анча хом ҳамда бир ёқлама бўлиб қолган.
Мақола шундай бошланади: «Локомотив» – ўзбек футболида ташкил этилган мегалойиҳалар ичида энг омадсизи, десак муболаға бўлмас”. Ва мана шу биринчи гапнинг ўзидаёқ муаллиф хато фикрлаётгани кўриниб қолган. Аввало мегалойиҳа нима ва бу таъриф нима учун “Локомотив”га нисбатан ишлатилмоқда деган савол келиб чиқади. Тўғри, “Локомотив” ўз олдига юқори мақсадларни қўйган жамоалардан бири ҳисобланади, лекин мегалойиҳалар ичида энг омадсизи нима дегани? Буни муаллиф қандай тушунтириб бера олади?
Мақоланинг давомини ўқир экансиз, журналистнинг нима демоқчилигини ҳаминқадар англагандек бўласиз. “Клуб ўз олдига улкан мақсадлар қўйди, таркибга кучли футболчиларни жамлади, аммо на натижа ва на жамоа имижини яхшилаш борасида бирор ютуққа эриша олди”. Мана шу ерда тўхтанг! Клуб ўз олдига юқори мақсадларни қўйди, бунга қўшиламиз, таркибга кучли футболчиларни жамлади, бунгаям қўшиламиз, аммо на натижа ва на жамоа имижини яхшилаш борасида бирор ютуққа эриша олди, мана шу жойига келганда “Локомотив”нинг аввалги йиллари эришган ютуқлари ҳавога учиб кетяптими? Ахир жамоа имижи олдинга йилларга нисбатан кучайиб, натижалар ҳам ижобий кўриниш олди-ку.
Тўғри, клуб ўтган беш йил ичида Кубок ва Суперкубокни қўлга киритиш билан чекланди, аммо Ўзбекистон чемпионатидаги учинчи ва иккинчи ўринлар, ўрин эмасми? Бунда ҳеч кимнинг хизмати йўқми, ёки ҳаммаси ўз-ўзидан содир бўлиб қолдими? Муаллиф ўз мақоласида “Локо” ўйинлари пайтида стадион тўлмаётганини ҳақиқий фожиага тенглаштирган. Кечирасиз-у, фожиа урушда бўлади, футболда эмас. Агар журналист мана пойтахтнинг бошқа икки клуби “Пахтакор” ва “Бунёдкор” ўйинларида стадион тўляпти, нимага “Локо” шу ишни амалга ошира олмаяпти деганда-ку бошқа гап эди.
Шу ўринда З.Қосимовга бир саволимиз бор: сиз журналист бўла туриб бу йил ҳисобдан “Локомотив”нинг қайси ўйинларига келдингиз? Ҳеч бўлмаса бешта ўйинни санаб бера оласизми? Ёки бўлмаса стадион нима учун тўлмаётгани билан ҳеч қизиқиб кўрдингизми? Нафақат “Локомотив”, балки бошқа жойларда ҳам стадионлар тўлмаётгани бор гап-ку. Тўғри, клуб учун сарфланган пулни натижа ва мухлислар сонига тенглаштириб, фойдалилик коэффициентига ажратсак камтарона рақамларга кўзимиз тушади. Лекин пойтахтнинг мана шу жамоаси бу борада фойдага кирди деб кимнидир кўрсата оласизми?
Балки сиз ҳамма ўз клубига жавоб берсин, бошқаларни мисол келтирмасин дейишингиз мумкин, лекин шуни унутмангки, футбол – бу спорт ва бунда рақобат бор. 16та жамоа йил бўйи кимўзарга рақобатлашади, шундай экан рақобат ва кураш бор жойда албатта ўзаро солиштирув бўлади. Олий лигани кучайтириш учун фақат битта ёки иккита клубнинг кучайиши камлик қилади. Бунинг учун ҳамма бирдек ҳаракат қилиши шарт. Энди “Локомотив”нинг шунча футболчини йиғиб ҳам чемпион бўла олмаётгани бошқа масала, чунки футболда энг зўр таркибни йиғиш чемпионлик чўнтакда деган хулосани бермайди. Буни ўзингиз ҳам яхши биласиз.
Муаллиф ўз мақоласида ҳозирги “Локомотив”ни олий лигага энди чиққан пайтлардаги “Бунёдкор”га қиёслаган. “Бунёдкор” Осиё даражасида ҳамон жуда яхши таниш деган. Буни аниқлаш учун бошқа давлатларга бориб “Бунёдкор” ҳақида нималарни биласиз деб сўраш керак бўлади. Шундагина аниқ гап айтиш мумкин. “Локомотив”дан фарқли ўлароқ “Бунёдкор”нинг оз бўлса-да фидойи фанатлари бор дейди муаллиф. Шу ўринда сизга яна бир савол: “Локомотив”нинг жонкуяр мухлислари бор-йўқлигини сиз қаердан биласиз? Қайси мухлисини танийсиз? Ёки кимдир сизга келиб “Мен “Локомотив”нинг фидойи бўлмаган мухлисиман” деб айтганми?
Фақат бир нарсага қўшилиш мумкин, бу ҳам бўлса “Бунёдкор”нинг “Локомотив”га нисбатан маркетинг борасида илгарилаб кетгани. “Локомотив” профессионал клуб даражасига ҳаракат қилмоқда ва камчилик, хатоларимиз бўлса буни айтишдан уялмаймиз. Лекин шуни унутмангки, “Локомотив”да ҳам ОАВ ва мухлислар билан илиқ муносабатлар йўлга қўйилган. “Локомотив” шу пайтгача ҳеч бир журналист ёки мухлисни сен ўйинга кирмайсан деб стадиондан чиқариб юборган эмас.
Журналист ўз мақоласида давом этар экан, “Локомотив”ни аввалги “Бунёдкор”нинг ожизроқ нусхаси деган. Ва мана шу гап ҳам тушунарсиз. Футболда ҳар бир клубнинг ўз танлаган йўли бор. Маълумки, “Локомотив” – “Ўзбекистон темир йўллари” акционерлик жамиятига қарашли клуб ҳисобланади. “Ўзбекистон темир йўллари” компаниясига спортга, хусусан футболга ниҳоятда қизиқувчи раҳбарлар келиши натижасида “Локомотив”га бўлган эътибор кучайди. Ахир олий лигада клублар молиявий жиҳатдан қанча бақувват бўлса, шунча яхши эмасми?
Ҳозирги раҳбарият фақат жамоанинг асосий таркиби билан кифояланиб қолаётгани йўқ, ўринбосарлар жамоаси, болалар ва ўсмирлар мактаби, футзал клуби, қизлар жамоасига ҳам бирдек эътибор бермоқда. Энг муҳими, клуб тўғри йўлдан кетмоқда. Лекин инфратузилмани бирданига кўтариб бўлмайди, бунинг учун йиллар керак бўлади. Европада ҳам клублар ва футбол бирданига кучайиб қолган эмас. Энг муҳими, “Локомотив” раҳбариятида клубни ривожлантириш борасида режа ва мақсадлар бор ва бунинг учун керакли ишлар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, ҳурматли муаллиф тўрт мухлиснинг иккита ноғорани чалиб тургани билан иш битармикан деб мухлислар устидан кулмоқчимиз, клуб устиданми ё футболимиз устиданми? Мадомики сиз журналист бўла туриб ўйинларга келмаётган экансиз, вақт ажратиб стадионга келаётган ўша кам сонли мухлисларда нима айб?
Муаллиф шунингдек, “Локомотив” футболчиларида пул кўп, уларни олдинга ундайдиган мотивация қолмади дея ўз фикрини билдирган. Ҳурматли Зафар Қосимов, агар сиз “Локо” футболчиларида иштиёқ йўқолиб қолди деб ўйлаётган бўлсангиз, унда машғулотларга келиб футболчиларнинг қандай ишлаётганини аввал ўз кўзингиз билан кўринг, кейин фикр билдиринг. Айрим ўйинларни ҳисобга олмаганда, “Локомотив” бутун мавсумни юқори темпда ўтказди. Ҳеч иккиланмай айтишимиз мумкин, “Локомотив” олий лигада энг чиройли ва ҳужумкор футбол намойиш этадиган жамоа ҳисобланади. Агар бунга шубҳангиз бўлса, мухлислардан сўранг. Бундан ташқари, “Локомотив” доим ҳалол ўйнайди. Наҳотки, шу ҳам камлик қилса?
Менежмент қандай иш юритишини эса клуб раҳбарияти белгилаб беради. Бу борада шуни айтишимиз мумкин, “Локомотив”да клуб бошқарув тизими бир маромда ишлаяпти. Айтиб ўтганимиздек, раҳбарият томонидан асосий жамоага қандай эътибор бўлса, ёшлар, болалар, футзалчилар, қизларга ҳам шундай эътибор берилмоқда. “Локомотив” футзал клуби Осиё чемпионатига бориб келгани, футбол мактабимиз тарбияланувчиларининг Москва ва Анталиядаги мусобақаларда мунтазам иштирок этаётгани фикримизга далил бўла олади.
«Бунёдкор» футболчилари ниманидир исботлаш учун ҳам ўйнаганлар дейди муаллиф. Яъни, “Локомотив” футболчиларида исботлаш учун ҳеч нима йўқ, улар шунчаки майдонга тушиб тўп тепяпти демоқчимисиз? Агар шундай бўлса, унда “Локомотив” нима учун турнир жадвалининг юқорисида юрибди? Агар футболчилар ҳафсаласиз футбол ўйнаганида бу ғалабалар қаердан келарди? Ҳар ҳолда осмондан тушиб қолмасди, тўғрими? Қолаверса, сизнинг «Локомотив» шунча йиллик меҳнати билан ердан кўтарилишни ҳам уддалай олмади деганингиз умуман бўлмаган гап. Чунки “Локомотив” охирги уч йил ичида ўз тарихидаги энг юқори натижаларни қайд этди.
Маълумки, “Локомотив” уй учрашувларини иккита стадионда ўтказади: ТТЙМИ стадиони ва “Локомотив” стадионида. Эҳтимол, бу мухлисларга ноқулайлик туғдираётган бўлиши мумкин, бунга қаршилигимиз йўқ. Аммо иккита жойда ўйнашнинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор ва сабаблари ҳақида билишни истасангиз, мараҳамат, клубга мурожаат қилинг. Саволингиз очиқ қолмайди. Яна шуни айтишимиз мумкин, жамоа қайси стадионда тўп тепишини ҳал қилиш фақат клуб раҳбариятига боғлиқ масала эмас.
Журналист Зафар Қосимов ўз мақоласини шундай тугатган: “Ҳозирги «Локомотив» аро йўлда сарсон қолган йўловчини эслатади. Манзил сари олиб борадиган йўлда давом этишга мадори етмайди, силласи қуриган, чарчаган. Ортга қайтай, деса, шунча йўл босган, айни дамгача сарфлаган вақти, барча саъй-ҳаракатлари увол. Энди нима бўлади? Бу саволга шиддат билан ўтиб бораётган вақт жавоб топиб беради…”
Бу борада шуни айтишимиз мумкин, ҳозирги “Локомотив” аро йўлда қолган йўловчи эмас, билъакс янги ва улкан мақсадлар сари кўтарилаётган клуб бўлишга ҳаракат қилмоқда. Шунингдек, “Локомотив”нинг силласиям қуримаган, чарчамаган ҳам. Қолаверса, клуб ривожи учун амалга оширилган ишлар ва барча саъй-ҳаракатлар умуман увол бўлгани йўқ. Буни клубга алоқаси бор исталган одамдан сўрашингиз мумкин. Энди нима бўлади деган саволга эса қуйидагича жавоб берамиз: “Локомотив” футбол клуби ривожланиш, ўзбек футболида ўз ўрнига эга бўлиш ҳамда ўзбек футболи ривожи учун кучайишда давом этаверади.
“Локомотив” ПФК матбуот хизмати.