ФИФА президенти Йозеф Блаттернинг маълум қилишича, у УЕФА раҳбари Мишель Платинини ҳалол одам деб билади. У RTS телевидениесига берган интервьюсида шу ҳақда айтиб ўтган.
90 кунга футболдан четлатилган Блаттернинг айтишича, ЖЧ-2014 мусобақасидан кейин ўз лавозимидан кетиши керак эди.
Блаттер Платинига қўлланган санкцияларнинг бекор қилинишига умид билдирган. У ФИФАнинг янги президенти айнан Платини бўлиши керак деб ҳисобламоқда.
"Платини - ростгўй одам. Умид қиламанки, унга нисбатан қўйилган чекловлар олиб ташланади. Мендан ҳам.
У ФИФА президенти бўлишга энг лойиқ номзодми? Ҳа.
Ўзимга келсак: Бразилияда ўтган ЖЧдан кейин кетишим керак эди. Мен бу ишни қилмаганимдан жуда афсусдаман.
Энди бўлса ўзимга ўзим айтаман: "Йозеф, сен яхши ишларни қилдинг, аммо ҳозир ёшинг ҳам бир жойга бориб қолди. Энди тўхта", - дейди у.
Ўтган ҳафтада ФИФА Блаттер ва Платинининг 90 кунга футболдан четлатилишига қарши апелляцион мурожаат билан чиқишини инобатга олмаганди.
Эслатиб ўтамиз, Блаттер ва Платини декларация тўлдирмаган ҳолда, оғзаки келишувга асосан 2 миллион швейцария франки миқдорида маблағни Платини ҳисобига ўтказиб беришда айбланиб, сентябрь ойи охирида юқорида қайд этилган жазога тортилганди.
20 ноябрь куни Платини ўзининг футболдан четлаштирилгани бўйича Лозаннадаги Спорт арбитраж судига шикоят билан чиқди.