Европа чемпионлар лигасининг кеча оқшомда бўлиб ўтган навбатдаги тур ўйинларидан кейин муддатидан аввал плей-оффга чиққан яна 3та жамоанинг номи маълум бўлди.
"Е" гуруҳида "Рома"ни мағлуб этган "Барселона" ўз очколарини 13тага етказди ва муддатидан аввал 1-ўрин масаласини ҳал қилди. Бу гуруҳда "Байер" (5 очко), "Рома" (5) ва БАТЭ (4) жамоалари кейинги босқич йўлланмасини учун кураш олиб боради.
"F" гуруҳида "Бавария" 12 очко билан плей-офф масаласини ҳал қилди. Загребнинг "Динамо"сини мағлуб этган "Арсенал" 6 очко эга бўлиб турибди. Лондонликлар сўнгги турда 9 очкоси бор "Олимпиакос" меҳмони бўлишади. "Канонирлар" плей-оффга чиқишлари учун грецияликларни 2та тўп фарқи билан мағлуб этишлари талаб этилади.
"G" гуруҳида вазият бироз чигал. "Челси" ва "Порту"да 10тадан очко мавжуд. Бу жамоалар сўнгги турда ўзаро тўқнаш келишади. 8 очко жамғарган "Динамо" эса 6-турда "Маккаби"ни қабул қилади.
"H" гуруҳида "Зенит" 5та ўйинда 15 очко билан гуруҳда 1-ўринни ҳал қилиб бўлди. Иккинчи ўринни эгаллаш учун 2та жамоада имконият мавжуд. 7 очкога эга бўлиб турган "Гент" сўнгги турда "Зенит"ни қабул қилса, 6 очко жамғарган "Валенсия" "Лион" меҳмони бўлади.