Габор Кирай ва унинг антиҚа иштони. Ўзига хос иштон билан ўйнаши туфайли ҳам машҳурликка эришган венгриялик 39 ёшли голкипер Габор Кирай мамлакат миллий жамоасидаги юбилей-100-ўйинида идеал тарзда ҳаракатланиб, Ослода Норвегия термасини минимал ҳисобда мағлуб этилишига катта ҳисса қўшди. Шарқий европаликлар Евро-2016 саралашининг «плей-офф» (ўтиш баҳси) раундидан ўрин олган жавоб учрашувида ҳам ғалаба қозонишди - 2:1. Бунда ҳам фахрий кипер ўз вазифасини аъло даражада уддалади.
Мунажжимлар туғилган сана ҳар бир муайян кишининг бўлажак тақдирига олдиндан таъсир қилишини айтишдан чарчамайдилар. Габор Кирайга бу борада омад кулиб боққан. У 1 апрель - ҳазил куни туғилган ва ҳеч қачон кулгу-мутойиба масаласида қандайдир муаммога дуч келган эмас. Габор дейлик, жамоадош дўсти сочини қиртишлаб олиб ташлаши (тўғри, кейин бу қилиғи учун мураббийдан танбеҳ эшитган) ёки қайсидир латифани моҳирона айтиб бериб, кийиниш хонасидаги барча-барчани полга юмалатиб қўйиши мумкин. Ҳарқалай, айтишларича, унинг латифаларини эшитган киши кулгудан ичагини «узиб» олиши ҳеч гап эмас экан. Лекин Кирай энг аввало, футбол майдонида мухлисларга хушкайфият улашишни қойиллатади. Ахир у расмий ўйинларга ҳам кулранг машғулот иштонини кийганча тушади. Вақтида Daily Mail нашрида Кирай ҳақида шундай ёзилганди: «Сен худди Гордон Бэнксдек ақл бовар қилмас реакцияга эга бўлишинг ва ўз дарвозанг томон учиб келган ҳар нарса йўлини усталик билан тўсишинг мумкин. Аммо агар майдонга худди Кирай каби антиқа иштон кийиб тушсанг, унда ҳар бир мухлисда ҳақли савол туғилади - «Бу масхарабозми ёки дарвозабон?»
Аммо тан олиш жоиз, Венгрия терма жамоаси фахрийсига тегишли кенг кулранг машғулот иштони (унинг тизза қисми чиқиб ҳам қолган) мамлакат футбол кийимхонасидаги энг машҳур атрибутга айланиб улгурган. Бу ерда гап унинг жамоатчилик учун ўйнашида ҳам эмас. Тўғри, бир қарашда, шундай туюлиши мумкин. Ваҳоланки, Кирайнинг трикога муҳаббати бундан нақ 20 йил олдин ниш урган. Ўшанда Габор ҳали жуда ёш эди ва Венгриянинг «Халадаш» клубида фаолиятини энди-энди бошлаган эди. Клубда унга икки комплект машғулот формаси беришади - қора ва кулранг. Кирай илк вақтлардан бошлаб, ўз иштонларига алоҳида ёндашишга одатланади. Аниқроқ айтсак, ёш кипер қора тусли формада шуғулланарди, кулранг иштонни эса, ўйинлар чоғи киярди. Венгриялик посбон илк марта майдонга иштон кийиб тушганида, «Халадаш» ғалаба қозонади. Кейин эса кетма-кет нақ 8та ўйинда очко олади. Габор айнан шу муваффақиятли серияни омад белгисига йўйиб, ҳар бир баҳсда иштон билан ҳаракатланишни ўз одатига айлантиради. Умуман олганда, ташқи қиёфа Габорни унча хавотирга солмайди. У ўз имиджига қуйидагича изоҳ беради: «Ахир мен топ-модель эмас, дарвозабонман-ку». Хуллас, Габор Кирайнинг иштонлари худди Арсен Венгернинг курткаси каби ақл бовар қилмас даражада машҳур бўлиб кетди. Дарвозабоннинг ушбу имиджи барчага маъқул ҳам тушган. Ҳар ҳолда, Кирай ўйнаган жамоалар мухлислари унинг кийиниш услубига доимо ижобий баҳо беришган. Англияда ҳаттоки, унга атаб, алоҳида ҳайқириқ ўйлаб топишган: «Ким қоп - иштон киядиган Габор Кирай бўла олади?» Тўғри, айримлар мазкур ибораларни ўзларига мослаб, ундан дарвозабонни калака қилишда фойланишган. Бироқ Кирай ҳеч қачон ранжиган эмас. Унинг характери шунақа.
Дейлик, журналистлар Габор билан учрашсалар, биринчи бўлиб, айнан иштонлари ҳақида савол беришади. У эса эринмасдан энг майда жиҳатлар ҳақида ҳам гапириб беради. Зеро, фаолияти давомида кийган ҳар бир иштонини яхши эслаб қолган: «Аслида Венгрияда қора иштонда ўйнай бошлаганман. Бироқ бир сафар ғоят кирланиб қолган трикони хизматчилар навбатдаги ўйингача ювиб беролмагандилар. Натижада кулранг иштон кийишни одат қилганман. Ўшанда биз қаторасига бир нечта ўйинда ютқазмаганмиз ва мен буни омад аломати сифатида қабул қилганман».
МАЪЛУМОТ УЧУН:
Габор Кирай
Туғилган санаси ва манзили: 1976 йил 1 апрель
Ўйнаган клублари: «Халадаш» (Венгрия) - 1993-1997; «Герта» (Германия) - 1997-2004; «Кристал Пэлас» (Англия) - 2004-2007; «Вест Хэм» (Англия) - 2006; «Астон Вилла» (Англия) - 2006-2007; «Бернли» (Англия) - 2007-2009; «Байер» (Германия) - 2009; «Мюнхен-1860» (Германия) - 2009-2014; «Фулхэм» (Англия) - 2014-2015; «Халадаш» (Венгрия) - 2015-...
Ютуқлари: Венгрия чемпиони - 1995; Германия лигаси кубоги соҳиби - 2001, 2002; Венгриянинг 4 карра энг яхши футболчиси - 1998, 1999, 2000, 2001
Айрим футболчилар ўз уйларида алоҳида бурчак ташкил қилиб, у ерга бошқа клублар аъзолари билан алмаштирилган футболкалар, шунингдек, индивидуал совринларини қўйишади. Габор Кирайнинг шахсий музейида эса, фақат иштонлар бор. Тўғри, бу коллекция хилма-хиллиги билан ажралиб турмайди. Лекин ҳар бирининг ўз тарихи бор. Хуллас, Кирай коллекциясидан жой олган иштонлар ичида у илк март Венгрияда фойдалангани ҳам, Берлиннинг «Герта»сидаги фаолиятидан дарак берувчилари ҳам ва албатта, мамлакат терма жамоаси ўйинларида кийиб, бутун дунёга ўзгача реклама бўлганлари ҳам бор. Тўғри, уларнинг ҳаммаси эски, аммо ҳар бири Габор учун ғоят қадрли.
Ҳа, аҳён-аҳёнда Кирайнинг ўз иштонидан воз кечишига тўғри келган. Мисол учун, 2005 йили. Ўшанда у Англияда «Кристал Пэлас» шарафини ҳимоя қиларди. Лига раҳбарлари венгр йигитидан ўз формасини тартибга солишини талаб этишади. Натижада Кирай ўйинларга стандарт шорти кийиб тушишдан ўзга чора тополмайди. Бироқ «Стэмфорд Бриж»даги ўйиндан сўнг Кирай тақдирдан қочиб қутулиб бўлмаслигини тушунади ва шундан буён танлаган имиджига содиқ қоляпти. Гап шундаки, ўша учрашувда «Челси» 4:1 ҳисобида ғалаба қозонган, Кирай эса кулгули гол қўйиб юборганди. Тўғрироғи, оддий вазиятда тўпни оёқлари орасидан ўтказиб юборган.
Йўқ, Габор Кирай бутун фаолияти давомида хушчақчақ масхарабоз ролини ижро этган эмас. Албатта, у ҳам кўпчилик қатори жиддий қийинчиликларга учраган. Дейлик, мавсум - 2003|2004да «Герта» мураббийлари бошқа дарвозабон - Кристиан Фидлерга ишонч билдириб, венгр йигитини захира ўриндиғига «михлаб» қўйишади. Айнан ўша вақт бечора Кирайда кучли руҳий танглик ҳолати бошланади. Хайриятки, кипер Англияга йўл олиш орқали ва венгриялик яна бир буюк посбон - Дьюль Грошичнинг қўллаб-қувватлаши асносида бу қийинчиликни енгиб ўтади. Қолаверса, Кирай вақт ўтиши билан ҳар ҳафта узлуксиз майдонга тушмаслик ҳолатига анча хотиржам ёндашишни ўрганади. Бунда унга инглиз мухлислари менталитети ёрдам беради. Аниқроқ айтсак, маҳаллий фанатлар учун футбол стадиондан чиқишлари ҳамоно тугашини англаган Габор бундан тегишли хулоса чиқаради.
Габор Кирай мухлисларга қандай хушкайфият улашишни яхши билади...
Энг ҳайратланарлиси шуки, Кирай тез орада 40 йиллик юбилейини нишонлайди, шунга қарамай, Венгрия миллий жамоаси дарвозаси ҳамон унинг ихтиёрида. Кўпчилик Кирай ўрнида бўлганида, қўлқопларини аллақачон михга иларди. Зеро, терма жамоада анча иқтидорли посбон ҳам бор - Адам Богдан (ҳарқалай, «Ливерпуль», бу киперни бежиз таклиф қилмаган бўлса керак). Бироқ Габор ҳали футболдан тўймаган. Эътиборли факт: вақтида уни терма жамоадан 3 йилга узоқлаштиришганди. Бунга парво қилмаган Кирай 2009 йили яна миллий жамоага қайтди ва яна 1-рақамли голкиперга айланди. Шундан буён ўз ўрнини ҳеч кимга бўшатмаяпти. Агар Кирай ўта ишончли ҳаракатланмаганида, Венгрия термаси Евро-2016 саралаши «плей-офф» босқичи доирасидаги илк баҳсда Норвегиядан ғалаба билан қайтолмасмиди? Агар у жавоб баҳсида ҳам кучли реакцияси билан жамоадошларига далда бўлмаганида, венгрлар якуний ижобий натижага эришолмасмидилар? Дейлик, Габор Норвегиядаги ўйин дебютидаёқ асосий қуролини ишга солди - феноменал реакцияси ҳисобига Пер Шелбреднинг ўта хавфли зарбасини бартараф этди. Тўғри, фахрий футболчи ўйин якунланиши арафасида тўпга чиқишда тез-тез хатога йўл қўйди (айтганча, ўйиннинг шу элементи унинг энг заиф томони), аммо барибир, ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Аҳамиятлиси, Венгрия миллий жамоасидаги юбилей-100-ўйинида шундай ёқимли ғалабага дарвозасини қуруқ сақлаш орқали эришди. Эҳтимол, Норвегиядаги баҳс Габор Кирай фаолиятидаги энг муҳимларидан биридир.
Айни пайт Кирайнинг фаолияти мантиқий якунига қараб кетяпти. Германия ва Англия бўйлаб роса айланган дарвозабон ўтган ёзда уйи - хотини ва икки нафар фарзанди олдига қайтиш фурсати етганини тушунди. Зеро, Габор оиласига жуда қаттиқ боғланиб қолган. Аммо кўп вақт яқинлари билан «скайп» орқали гаплашиб юришига тўғри келди. Қисқаси, Кирай футбол фаолиятига жонажон шаҳри - Сомботхеда нуқта қўйишни маъқул кўрди, чоғи. У футболга айнан шу ерда қадам қўйганди. Айтганча, фахрий кипер шаҳарда ўз маблағи ҳисобидан маҳаллий болалар учун футбол маркази барпо этган ва бир неча йиллардан буён у ердаги ишларни ҳам назорат қилишга имкон топяпти. Лекин Габорнинг футболга боғлиқ битта орзуси ҳамон кун тартибидан олиб ташланмаган - у 40 ёшида Франция майдонларида ўтувчи Европа чемпионатида иштирок этмоқчи. Бир ойча муқаддам бу орзусининг амалга оширишга яқин келганди. Бироқ Венгрия термаси сўнгги лаҳзаларда энг яхши 3-ўрин соҳиби мақомидан айрилиб, Евро-2016га тўғридан-тўғри бериладиган йўлланмани туркларга топшириб қўйди. Натижада венгрлар «плей-офф» - «асаб ўйинлари»да Норвегия термаси билан куч синашишга мажбур бўлишди. Муҳими, бу имтиҳон улар учун яхшилик билан хотима топди. Демак, Кирай ўз орзусига етди, ҳисоб. Тўғри, энди ёзгача ўз спорт формасини меъёр даражасида ушлаб туриши керак. Шунда биз Францияда ҳам иштон кийганча майдонга тушиб, ҳайратланарли «сейв»ларни амалга оширадиган киперни кўришимиз мумкин.
Умуман олганда, Габор бундеслигада 250тадан кўп ўйинда майдонга тушган, ЧЛ баҳсларида ўзини кўрсатишга улгурган, Венгрия термасида спортча юбилейини нишонлаган. Бироқ фаолияти якунига етгач, уни ким шу ўйинлари орқали эслайди? Билмадик. Аммо бир нарса тайинки, кўпчилик унинг қанорга ўхшовчи иштонию, унинг «емирилган» тизза қисмини кўп вақт эслаб юради. Ахир Кирайнинг футболдаги ташриф қоғозчаси айнан шу иштонлар-да. Мана, Венгрия термаси Евро-2016 финал босқичи иштирокчилари қаторига қўшилди. Энди Кирай ўз имиджи, яъни иштони билан турнирга ўзгача жило берса, ажабмас. Яъни 90-йиллар футболидан озгина парча тортиқ этади. Ҳар ҳолда, ўша вақтлар оддий эркаклар олифта соч турмаклари бор йигитлардан кўпроқ қадрланишган...
Ўткир Умаров тайёрлади