Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Фахримиз, ғуруримиз ва армонимиз тимсоли

Баҳо:
+ | -

Якинда «Niso-Poligraf» нашриётида Мавлон Шукурзоданинг «Пахтакор»-79. ФАХРИМИЗ, ҒУРУРИМИЗ, АРМОНИМИЗ!» хотира китоби нашр этилди. Таҳририятимиз бугундан бошлаб шу китобдан қизиқарли парчаларни бериб боради.Таниқли журналист ва адиб Хуршид Дўстмуҳаммад мазкур китоб ҳақида биринчи бўлиб ўз фикрини билдирди.

- Тушдан кейинги пайт, ҳавоза тепасига чиқиб олиб, болахона деворини сомон сувоқ қилаётгандим. Салгина бурун кўчага чиққан аёлим ҳовлиқиб қайтиб кирди ҳовлига, «Адаси! Адаси! «Пахтакор»ри эшиттийзми?!» деди нафасини ростлолмай. «Эшитганда-чи, бугун учиб кетишди йигитлар, индин Минскда ўйин бор» дедим, бамайлихотир. «Пахтакор» учиб бораётган самолёт портлабди-ку! Кўчага чиқинг, ҳамманинг оғзида шу гап!.. «Нима?! Бўлмаган гап! Ёлғон!» деб бақирганимни биламан, қарасам, аёлим ҳолсизланиб, деворга суянганича чўк тушиб ўтириб қолибди. «Ро-ост, «Пахтакор» портлабди-и!..» дея олди аранг. Лой челакдаги сувга апил-тапил икки қўлимни суқиб ювар эканман, «Паспортни опчиқ! Тез, югур!» дедим. Аёлим уйга кириб чиққунича икки одам бўйи баравар баландликдаги ҳавозадан сакраб тушибман, юз-қўлимни ювибман. Кийимларни апил-тапил алмаштирдиму, кўчага отилдим. «Қаёққа кетяпсиз, адаси? Қачон келасиз?» деб ортимдан зорланиб сўради аёлим. «Минск­ка кетдим, Минскка!» деб бақириб жавоб қайтардиму, кўчада дуч келган енгил мошинга ўтириб, аэропортга жўнадим.

Аэропортда ундай гап йўқ, самолётда ҳамма жим. Учувчилар олдига йўлатишмади. Минскка бориб тушдим, стадионга бордим, гир айланаман, дуч келган одамдан сўраб-суриштираман, каттасию кичиги елка қисади, холос. Тошкентда, уйдан чиққанимдан бери гоҳ ичимда, гоҳ тилимда битта гап: Бўлмаган гап! Ёлғон! Ёлғон! Ёлғон!..

Болалик қўшним Маҳкам Зокиров бу воқеани ҳикоя қилиб берганига 35 йилдан ошди. Ҳар сафар футболдан суҳбатлашиб қолсак, ўша машъум 11 август фожиасини тилга олмай қўймайди. Худди кеча юз бергандек ўша офат, худди кўз ўнгида юз бергандек ўша малъун фалокат. Ёниб, жўшиб, изтиробларга тўлиб-тошиб хотирлайди Маҳкам қўшним. Ақл-шууримиз тушунади, иқрор бўлмай иложи йўқ, бироқ мана, 35 йилдирки, дилимиз-қалбимиз тақдирга тан бергиси келмайди асло! Ўнлаб хотиралар ўқидик-тингладик, китоблар варақладик, телекўрсатувларни вужудимиз аччиқ алам ёшларига тўлиб томоша қилдик, илло дилимиз ҳали-ҳамон «Бўлмаган гап! Ёлғон! Ёлғон! Ёлғон!..» деб ҳайқиради.

Юз берган воқеа-ҳодиса ҳақида расмий хабар тарқатилмаса, матбуот сукут сақласа, миш-миш болалайди, ҳар ким оғзига келганини вайсайди. Лекин буни қарангки, бунинг биргина яхши жиҳати ҳам йўқ эмас экан. Шум хабарни эшитган заҳотим синфдош дўстим Мирсидиқ Ҳамидовнинг уйи томон югурдим. Йўлнинг ярмига етмаган ҳам эдимки, рўпарамдан дўстим бизникига елдек учиб келаётганини кўрдим. Ҳамдард, мусибатдошлар сингари қучоқлашдик. Тилимиз калимага келмайди денг!

«Пахтакор» стадионига жўнадик. Тумонат. Юз бир хил миш-миш. Ўрда анҳори бўйлаб кесиб чиқиб Навоий кўчасига келдик. Михаил Ан билан Владимир Фёдоров қўшни яшашини билардик. Издиҳом. Бири-биридан совуқ гаплар қатори, «Самолёт портламаган экан, Украинадаги аллақайси далага мажбуран қўнган экан!» деганларни кўрганда кўзларимиздан севинч ёшлари қуйилганини айтмайсизми?! Ишонганмиз. Эҳтимол, ўзимизни алдаш, юпатиш учун ҳам шундай қилгандирмиз. Сўнгги умид шу эди, бошқа илинж қолмаганди, ахир!..

1979 йил 27 август. Фожиадан бор-йўғи 15 кун ўтди. Тошкентда биринчи учрашув: «Пахтакор» Тбилисининг «Динамо»сини қабул қилмоқда. Айтдим, биз эсимизни танибмизки, «Пахтакор»нинг бирорта учрашувини қолдирмай стадионга бориб томоша қилганмиз. Футбол кунлари пойтахтда пешиндан умумхалқ байрами, шодиёнаси, сайли бошланиб кетарди. Вилоятлардан, қўшни республикалардан келишарди. Кўча тўла ишқибозлар, қувноқ савол-жавоблар, ҳазил-мутойибалар, қизғин баҳс­лар, фаразлар!.. Бу сафар эса... бунақаси бўлмаган: кўча тўла, майдонлар тўла, стадионга олма ташланса ерга тушмайди! Лекин зил-замбил жимлик, сукунат!.. Овоз чиқариб гаплашган одам йўқ ҳисоби. Каттаю кичик бир-бирига йўл бўшатади, бири-бирига иззат-икром кўрсатади. «Пахтакор»чилар мусибати минглаб ишқибозлар мусибатига айланган, бу мусибат халқни бирлаштирган, бошини қовуштирган эди.

Ўйин бошланди. Гуржи футболчилари, табиий,­ айни қиёмига етган, унча-мунча жамоага бўш келадиган эмас. 19-дақиқа. Кимсан Давид Кипиани жарима майдонига яқинлашган жойда дарвозамизнинг юқори бурчагини мўлжалга олди, тепди - гол! Ҳали-ҳамон аниқ кўз ўнгимда: тўп дарвоза тўрини силкитган заҳоти икки-уч «Динамо»чилар Кипиани томон, уни қутлаш мақсадида икки-уч одим ташладилар, Кипиани эса тўхтанглар, деган маънода кафтини хиёл кўтарди, у томон интилган шериклари таққа тўхташди, олқишлашни бас қилишди, Давид эса тузатиб бўлмас мусибат ишга қўл уриб қўйган одамдек бошини хам қилганича оҳиста, бир-бир одим ташлаб майдон ўртаси томон юрди...

Виждон, садоқат, оқибат сингари арзанда туйғулар миллат танламайди, ёш танламайди, зеро сенга олам-олам завқ-шавқ тақдим этган инсонларнинг айни нав­қирон юлдузли онларида ҳалокат қурбонларига айланишлари ҳар қандай инсонни ларзага солади, оғир қайғуга ботиради. Бурч уйғонади...

«Пахтакор -79» йигитлари қадр­дон сиймоларининг миллионлаб ўзбек футболи мухлисларининг хотирасидан ўчмай келаётгани ҳам, ҳали-ҳануз тиллардан тушмагани ва ниҳоят «Пахтакор-79» - фахримиз, ғуруримиз, армонимиз»дек ноёб китобнинг яратилиши ҳам ана шу чин инсоний садоқат, бурч ва оқибатнинг ёрқин исботидир. Китобни ўқиш осон эмас. Уни варақлаганингиз сайин кўз ўнгингизда «Пахтакор»­ ва ўзбек футболини маҳорат чўққисига олиб чиққан ажойиб футболчиларимизнинг ғолибона одимлари, қувончли дақиқалардаги чеҳралари, кулгилари, ҳазил-мутойибалари гавдаланади, хотираларга афсуслар, изтироблар уланади.

Замонавий жаҳон журналистикасида «журналист текшируви» атамаси алоҳида тушунча, ҳатто алоҳида жанр даражасига кўтарилди. Таниқли ва тажрибали адиб ва публицист Мавлон Шукурзоданинг мазкур асари ҳар жиҳатдан мукаммал журналист текшируви талабларига жавоб беради. Муаллиф жуда катта меҳнат қилган, машъум авиаҳалокат тафсилоти ҳеч бир муболағасиз миридан сиригача ўрганилган, қўлга киритилиши мушкул бўлган ҳужжатларни «гапиртирган», улар мутахассислар иштирокида таҳлил этилган ва ҳаётда фавқулодда улкан фалокатлар ҳам жуда-жуда оддий ва манфур боқибеғамликлар, масъулиятсизликлар оқи-батида юз бериши эҳтимолдан холи эмаслиги кўрсатиб берилган.

Китобда «Пахтакор»-79 нинг ўзига хос футбол жамоаси сифатидаги портрети яратилгани бугунги кун футболимиз нуқтаи назаридан жиддий аҳамиятга эга. Гап шундаки, ўз даврида севимли жамоамизга шўролар мамлакатининг ғоятда номдор устозлари мураббийлик қилишган. Улар қаторида В.Соловьевдек мутахассиснинг хизматлари катта бўлгани кўпчиликнинг ёдида. Айниқса, Олег Базилевичнинг республикамизга таклиф этилиши ўзбекона футбол тафаккурида инқилоб ясаган. Профессионал футбол учрашувларини илмий-интеллектуал-психологик асосда ташкил этишда афсонавий О.Лобановский юксак натижаларни қўлга киритганди. Мен сира иккиланмай Ж.Моруиньо, Х.Гвардиола миқёсидаги замонавий мураббийларни ўша украиналик новатор-мутахассиснинг издошлари деб ҳисоблаган бўлур эдим. Унинг шогирди, ёрдамчиси бўлган О.Базилевич сиймосида эса ўша «ақлли, илмий» футбол Ўзбекистонга 1979 йилда кириб келган ва бир футбол мавсуми давомида у ўз мевасини, самарасини кўрсатиб улгурган...

Қўлимиздаги ушбу китоб шу маънода ҳам фахримиз, ғуруримиз, армонимиз тимсоли сифати марҳумлар олдидаги юксак инсоний бурчимизни адо этишга, миллатимиз ва юртимиз шон-шарафи бўлмиш ўзбек футболининг чинакам ғуруримиз байроғи даражасига кўтариш ва, табиийки, дунё яшил майдонларидаги армонли онларни камайтиришга ундайди, даъват этади, замин яратади.

«Пахтакор-79» - фахримиз, ғуруримиз, армонимиз» минглаб-миллионлаб ўзбек футбол шинавандалари, фидойилари ва албатта, мутахассислари учун ноёб ва қимматли совға бўлиб қолади.

Таҳририятдан: «Пахтакор-79» Фахримиз, ғуруримиз, армонимиз!» хотира китоби ҳақида тўлиқ маълумотни мазкур нашриётнинг Тошкент офисидаги 236-79-13 телефон рақамига боғланиб билиб олишингиз мумкин.

Хуршид Дўстмуҳаммад, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 14:33, 29.11.2015.
Ўқилди: 5044 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.