Мамлакатимизда футболга қаратилаётган эътибор ўз маҳсулини бера бошлади. Узоққа бормайлик, бу якшанба оқшоми Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган ОФКнинг гала-оқшомида ҳам яққол кўзга ташланди. «Энг яхши ёш футболчи» номинациясида кучли учликдан жой олишган Достон Ҳамдамов, Забиҳилло Ўринбоев ва Элдор Шомуродовнинг «Бунёдкор» аъзоси эканликлари клубда ёшлар билан ишлаш тўғри йўлга қўйилганининг яққол намунасидир. Бу борада Сергей Лушанга раҳмат айтиш керак. Айнан шу мутахассис «Бунёдкор»ни бошқарган пайти ёшларни қўрқмай майдонга туширди. Бугун ўша довюракликнинг самарасини кўриб турибмиз. Биз ёқимли воқеа таъсирида номзоди кўрсатилган уччала футболчимиздан ҳам интервью олдик. Табиийки, асосий урғуни миллионлар ўйинига илк қадамларини Янгиер футбол мактаб-интернатида қўйган бекободлик Достон Ҳамдамовга қаратдик.
- Достон, аввало, қитъада 2015 йилнинг энг яхши ёш футболчиси бўлганингиз билан табриклаймиз. Соврин муборак!
- Раҳмат. Бундан табиийки, беҳад хурсандман. Ҳар бир футболчи шундай совринни қўлга киритишни орзу қилса керак. Катта футболдаги орзуларимдан бири рўёбга чиққанидан бахтиёрман. Соврин бир ўзимники эмас, мураббийларим, мактабдаги устозларим, ҳам клуб, ҳам термадаги жамоадошларимники, деб биламан. Уларнинг ёрдам ва қўллаб-қувватлашларисиз ҳеч нарсага эришолмасдим. Кучли учликка кирган дўстларим Забиҳилло ва Элдорга ҳам раҳмат айтмоқчиман. Шундай дўстлар ва жамоадошларим борлигидан фахрланаман. Асосийси, бу ютуқларнинг барчаси Ўзбекистонда футболга қаратилаётган эътибор маҳсулидир.
- Совринни биринчи навбатда, кимга бағишладингиз?
- Албатта, ота-онамга. Вояга етказишгани ва шу даражага чиқишимга туртки беришгани учун улардан чексиз миннатдорман. Албатта, мураббийларимга ҳам катта раҳмат.
- Достон, йилнинг энг яхши ёш футболчиси сифатида эътироф этилишингизда Янги Зеландияда ўтказилган жаҳон чемпионати муҳим аҳамият касб этди. Келинг, шу онда кичик мундиални бир эсга олсак.
- Биласиз, ўсмир ва ёшлар терма жамоаларимизнинг жаҳон чемпионатида мунтазам иштирок этишлари анъанага айланди. Биз аввалги авлод футболчиларига муносиб издош сифатида ушбу ёқимли анъанани давом эттирдик. Барча жамоадошларим сингари менинг фаолиятимда ҳам ушбу жаҳон чемпионати катта аҳамиятга эга. Ўзи ЖЧда иштирок этиш - энг олий орзу саналса керак. Шундай бахт менга иккинчи, Забиҳилло Ўринбоевга учинчи маротаба насиб этди. Зеро, 2013 йили БААда ўтган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ҳам қатнашгандим. Янги Зеландияга жўнаб кетиш олдидан жамоамиз олдига ярим финалга етиб бориб, дунёнинг кучли 4та термаси сафидан жой олиш вазифаси қўйилганди. Бир томондан олиб қарасак, бу улкан вазифа, лекин жамоамизнинг потенциали шунга монанд эди. Кутилмаганда, гуруҳ босқичининг илк учрашувида гондурасликларга имкониятни бой бериб қўйдик. Аслида ҳар қандай мусобақанинг илк ўйини мураккаб кечади. Ҳаяжон барибир, сезилиб туради. Ўсмирлар ўртасидаги мундиалда ҳам айнан Гондурас термасига ютқазгандик. Ўша мағлубият учун реванш олишни ўйладик. Афсуски, бунинг иложини қилолмадик. Учрашувдан кейин Равшан Ҳайдаров ҳали ҳеч нарса йўқотилмагани, кейинги ўйинларда хатони тўғрилаш мумкинлигини айтиб, футболчиларни руҳлантирди. Иккинчи учрашувда бизни Германия термаси кутиб турганди. Бу жамоага ортиқча таъриф бериш шарт эмасдир. Аслида ўйинни ёмон бошламадик. Лекин барибир, немис футболчилари тажриба ва маҳорат бобида устунлик қилишди. Бахтимизга, Фижи термаси Гондурасни мағлубиятга учратиб, ҳақиқий «сенсация» кўтарди. Хуллас, гуруҳнинг сўнгги ўйинида фижиликларни мағлуб этсак, биз учун нимчорак финал эшиклари очиларди. Амалда шундай бўлди.
- 1|8 финалда Австрия термасига қарши майдонга тушдинглар. Европанинг кўзга кўринган жамоасини ниманинг ҳисобига мағлуб этдинглар?
- Менимча, гуруҳдан чиқишимиз учун юзага келган кутилмаган имконият кучимизга куч қўшди. Йигитларда иштиёқ янада ортиб кетди. Шу ўйинда гол уриб, жамоамизнинг чорак финалга чиқишига ҳисса қўшганим - ёқимли хотира. Кейинги рақиб Сенегал термаси эди. Африка жамоалари жисмоний жиҳатдан анча кучли ҳисобланадилар. Афсуски, бу ўйинда сариқ карточкалар сони 2тага етганлиги боис, майдонга тушолмадим. Учрашувни трибунадан кузатиш жуда оғир бўлди. Шерикларимга кўрсатма бериш, хатоларини айтишга уриндим. Майдонга тушиб кетгим келди. Очиғи, Австрия термаси билан ўйинда «сариқ» олсам, кейинги ўйинни ўтказиб юборишимни билмагандим. Яъни сариқ карточкалар сони 3тага етган тақдирда, дисквалификация кучга киради, деб ўйлардим. Шунингдек, бор эътиборимни ўйинга қаратгандим. Афсус... Чорак финалда эса, ягона хато жамоамиз мағлубиятига етарли бўлди. Аслида Сенегал термасидан ҳам ўтиб, тарихни янгилашни хоҳлагандик...
- Олдинда сизни олимпия терма жамоаси сафидаги ўйинлар кутиб турибди. Январь ойида олимпиячиларимиз Қатарда ўтадиган қитъа чемпионатида иштирок этишади. Ушбу турнир Рио-2016 Олимпиадасига йўлланма бериши билан аҳамиятлидир...
- Бу борада ҳам тарихни янгилашни мақсад қилганмиз. Мана, куни кеча олимпия термасида мураббийлар штабида ўзгариш юз берди. Тайёргарлик жараёни ҳам бошланди. Дубай шаҳрида 2та йиғинимиз бор. Улар доирасида бир нечта ўртоқлик учрашувлари ўтказилади. Шу ўйинлар орқали тайёргарликни маромига етказамиз. Шу пайтгача жамоаларимизга Олимпиадада иштирок этиш бахти насиб этмади. Ўтган сафар вакилларимиз бунга жуда яқин келгандилар. Лекин БАА термасидан қабул қилинган мағлубият орзуларимиз рўёбини камида 4 йилга кечиктирганди. Ўйлайманки, Қатар мезбонлик қиладиган Осиё чемпионатида кучли учликка кириб, Бразилия Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритамиз. Айтиш мумкинки, бугун шаклланган жамоамиз эзгу ниятни амалга оширишга қодир.
- Ёш бўлишингизга қарамай, миллий жамоага ҳам таклиф этилдингиз. Машғулотлар жараёни, ёндашув, муносабатда қандайдир фарқни сездингизми?
- Миллий жамоадаги муҳит умуман бошқача. Кучли легионерларимиз билан бирга шуғулланиш ҳар томонлама ёқимли. Бу ёш футболчилар учун орзу ҳисобланади. Шахсан мен КХДР ва Яман термаларига қарши ўтказилган учрашувлар олдидан ташкил қилинган машғулотларда иштирок этиб, ўзгача завқландим.
- Энди мавсум якуни ҳақида суҳбатлашсак. «Бунёдкор» яна совринсиз қолди...
- Футболда омад катта аҳамиятга эга. Менимча, бизга айнан омад етишмади. Кейин мавсум аввалида ўтган йилги таркибда муҳим ўрин тутган бир қатор футболчилар бошқа клубларга ўтиб кетишди. Янги жамоа шакллантириш осон эмас. Бу маълум вақт талаб этади. Қисқаси, айниқса, мавсум бошида кўп очко йўқотдик. Яъни «Пахтакор», «Локомотив» ва «Насаф» жамоалари сезиларли тарзда олдинга ўтиб кетишди. Ўртадаги фарқни йўққа чиқариш осон эмасди. Кубок финалида эса, хатога йўл қўйдик, «қизил» карточка олдик, умуман, ишимиз юришмади. Агар кубокни қўлга киритганимизда, келаси мавсум ОЧЛ гуруҳ босқичига тўғридан-тўғри чиқардик. Энди бу вазифани «плей-офф» орқали бажаришга мажбурмиз.
- Келишилган ўйинларга қарши жиддий кураш бошланганидан буён миллий чемпионатимиз савиясида ўсиш кўзга ташланди. Бу фикрга қўшиласизми?
- 100 фоиз! Мана, ҳар бир турда кутилмаган натижалар қайд этилди. Бу чемпионлик ва совринли ўринлар учун курашни янада кескинлаштирди. Ўйлайманки, келаси йилги мавсум янада қизиқарлироқ бўлади.
- Кўпчилик «Бунёдкор»нинг собиқ бош мураббийи Сергей Лушанни ёшларга ҳаддан ортиқ кўп имконият берганликда айблади...
- Эй, бу аксинча, яхши-ку! Ўзим ёш бўлганим учунгина айтмаяпман. Сергей Ивановичнинг клубда олиб борган сиёсатини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Бошқалар фикри мени қизиқтирмайди. Ўйлайманки, бу йил тўплаган тажрибамиз келаси мавсум катта фойда келтиради.
- Келинг, футболдаги илк қадамларингизни ҳам ёдга олсак. Достон Ҳамдамовнинг футболга кириб келиш тарихи миллионлар ўйини билан шуғулланиш остонасида турган болалар учун жуда қизиқ. Барчаси қандай бошланган эди?
- Тошкент вилоятининг Бекобод туманида туғилганман. Аввалига Янгиер футбол мактаб-интернатида таҳсил олдим. Биринчи мураббийим - Шуҳрат Ярашев. Янгиердаги 2 йиллик таҳсилдан сўнг «Бунёдкор» академиясига таклиф қилишди. Бу ерда айнан Сергей Лушаннинг саъй-ҳаракатлари билан тезда ўринбосарлар таркиби ва асосий жамоага жалб қилиндим. Билмадим, Сергей Иванович бўлмаганида, ҳозир бу мавзуда суҳбатлашиб ўтирмасмидик...?
- Асосий таркибдаги илк ўйинингиз ёдингиздами?
- Албатта. Ўзбекистон кубоги доирасида «Олмалиқ»га қарши кечган жавоб учрашувида майдонга тушгандим. Чамаси 15 дақиқа ҳаракат қилгандим. Ўшанда ҳам айнан Сергей Лушан ишонч билдирганди. Фурсатдан фойдаланиб, унга алоҳида миннатдорчилик билдираман.
- Бу йилги олий лига баҳслари сиз учун омадли келди. 10та гол билан «Бунёдкор» тўпурари бўлганингиз таҳсинга лойиқ.
- Агар жамоадошларим тўп билан таъминламаганларида, шунча гол уролмасдим. Албатта, келаси мавсум маҳсулдорликни янада оширишга ҳаракат қиламан. Шундай ўйинлар бўлади, голингиз жамоангиз ғалабасига камлик қилади. Бунақаси умуман кузатилмаслигини хоҳлардим...
ДОСТОН ҲАМДАМОВ
Туғилган санаси: 1996 йил 24 июль
Туғилган жойи: Тошкент вилояти Бекобод тумани
Таҳсил олган маскани: Янгиер футбол мактаб-интернати
Биринчи мураббийи: Шуҳрат Ярашев
Амплуаси: ҳужумчи
----------------------------------------------
ЗАБИҲИЛЛО ЎРИНБОЕВ
Туғилган санаси: 1995 йил 30 март
Туғилган жойи: Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани
Таҳсил олган маскани: Чиғатой футбол мактаби.
Биринчи мураббийи: Юрий Госпадарчук
Амплуаси: ҳужумчи
---------------------------------------------
ЭЛДОР ШОМУРОДОВ
Туғилган санаси: 1995 йил 29 июнь
Туғилган жойи: Сурхондарё вилояти Денов тумани
Таҳсил олган маскани: «Машъал» футбол мактаби
Биринчи мураббийи: Дилшод Андаев
Амплуаси: ҳужумчи
ЗАБИҲИЛЛО ЎРИНБОЕВ: «КУЧЛИ УЧЛИККА КИРИШНИНГ ЎЗИ БАХТ»
Фаолияти давомида 3та жаҳон чемпионатида иштирок этишга улгуриб, ўзига хос рекорд қайд этган 20 ёшли ҳужумчи Забиҳилло Ўринбоев ҳам ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
- Осиёнинг энг яхши 3 нафар ёш футболчиси сафидан жой олишнинг ўзи мен учун кутилмаган ҳолатдир. Очиғи, бу ҳақда ўйлаб кўрмагандим. Албатта, ёқимли хабарни эшитиб бошим осмонга етди. Шу ўринда дўстим ва жамоадошим Достонни катта муваффақият билан чин дилдан табриклайман. Бизда истеъдодли футболчилар кўп. Бу йил Одил Ҳамробеков, Жавоҳир Соҳибов, Элдор Шомуродов сингари ёшлар ўзларини ҳар томонлама намоён этишди. Энг қувонарлиси, улар миллий жамоамиздан чақирув олишди. Ўйлайманки, асосий ютуқларимиз ҳали олдинда.
ЭЛДОР ШОМУРОДОВ: «ДОСТОН учун хурсандман»
«Бунёдкор»нинг яна бир ёш юлдузчаларидан бири, Элдор Шомуродов аввало, жамоадоши Достон Ҳамдамовни қутлади.
Ушбу номинацияда Достон ёки Забиҳилло ғолиб чиққан тақдирда, бундан сира тушкунликка тушмаслигимни аввалроқ айтгандим. Фикрим ўзгармади. Аксинча, дўстим учун худди бош совринни ўзим қўлга киритгандек хурсандман. Достоннинг соврини - бутун ўзбек футболининг ютуғидир!
Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди