Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Хитой футболда ҳам қудратли кучга айламоқчи ва

Баҳо:
+ | -

Хитой коммунистик партияси раиси мамлакат футболини қуйидан юқорига кўтариш бўйича катта ишларни амалга оширмоқда. Гоҳида Хитой футболини тозалашдан кўра, уни тақиқлаб қўйиш осонроқдек туюларди. Дейлик, мамлакатда келишилган ўйинларга боғлиқ чуқур тафтиш-тергов ишлари нақ 4 йилга чўзилди (2009-2013). Бунинг ортидан «Шанхай Шенхуа» клуби чемпионлик унвонидан маҳрум қилинди, 50 нафардан кўпроқ киши қамоққа олинди, жами 33 нафар футболчи, ҳакам ва топ-менежер умрбод дисквалификацияга учради, айрим жамоалар қуйи лигага тушириб юборилди. Тергов давомида аниқланган фактлар одамни шунчаки, ақлдан оздириши ҳеч гап эмасди. Мисол учун, 2009 йилгача Хитой миллий чемпионатидаги 30 фоиз ўйин келишилган тарзда ўтган экан. Бунга футболчиларга пул етишмаслиги сабаб ўрнида кўрсатилди. Чунончи, ўртача савиядаги футболчи ойига чамаси 200 фунт миқдорида маош олган. Биттагина келишилган ўйин учун эса унга 5 минггача таклиф этишган. Хуллас, мўмай даромад манбаи барча-барчани ўз домига тортган. Якунда Хитой футбол федерациясининг 2 нафар собиқ президенти ва терма жамоанинг собиқ сардорини 10,5 йил муддатга қамашди. Миллий жамоанинг яна 4 нафар футболчиси 6 йиллик қамоқ жазоси ҳамда йирик миқдордаги жаримага тортилди. Осиёда 2 марта энг яхши ҳакам номини олган ва ЖЧ-2002да ишлаган рефери Лю Юнга ҳаттоки, ўлим жазоси хавф солганди. Унга чемпионат доирасидаги 7та ўйинда пора олганлик айблови қўйилди. Тўғри, Юн 5,5 йиллик қамоқ жазоси ва 128 минг долларлик жарима билан қутулиб қолди...

Ўзгариш

Айниқса, Хитой термасида барчаси чегарадан чиқиб кетганди. Мисол учун, миллий жамоага чақирилиш учун футболчининг 15 минг доллар пора беришига тўғри келарди. Захирадан майдонга тушиш эса, 18 минг долларга баҳоланарди. Тушунарлики, аксарият футболчилар бундай маблағга эга бўлмаганлар. Лекин ўзига хос «тариф»дан хабардор ўйинчилар бир йўлини топиб, миллий жамоага киришган. Бундай жирканч тизимга амал қилингач, табиийки, терма жамоада муносиб натижалар кўрсатиш имконияти кескин пасаяди. Хуллас, Хитой термаси 2013 йилга келиб, «чуқур»ликнинг энг тубига шўнғиди  - камтарин Таиланд миллий жамоасига ютқазди, боз устига, даҳшатли 1:5 ҳисобида. Бу ўзларини таҳқирланаётгандек ҳис қилишган мухлислар учун сабр косанинг тўлишига тенг бўлди. Улар стадион ҳудудидан кетишмади ва жамоа ўрин олган автобус йўлини тўсиб, футболчиларни ҳақорат сўзларига кўмишди. Автобус бир амаллаб йўлга чиқиб олганидан сўнг эса, оммавий тартибсизликлар бошланиб кетди. Фанатлар автомобилларни ағдариб ташлашди, қўлларига илинган нарса билан автобусни нишонга олишди. Тўполонлар оқибатида 100 киши турли даражада жароҳатланди. Тез орада хитойлик футболчилар ёзма равишда бутун мамлакатдан узр сўрашди. Аммо кеч бўлганди. Гап шундаки, даҳшатли мағлубият ва тартибсизликлар ХХР раиси ва коммунистик партия бош котиби Си Цзиньпин 60 ёшга тўлган куни рўй берганди. Хуллас, юбилей байрами ёқимсиз тарзда бузилди. Шу тариқа мамлакат раҳбари футбол билан жиддий шуғулланиш вақти келганига тўлиқ иқрор бўлди.

Умуман, Си Цзиньпин 2013 йилнинг март ойида ҳукумат тепасига келишидан олдин спорт масаласида 3та олий мақсади борлигини айтганди. Биринчиси  - Хитой термасининг ЖЧга чиқиши, иккинчиси - мундиал мезбонлигини қўлга киритиш, учинчиси - мамлакат термасининг жаҳон кубогини ютиши. Тез орада фантастик молиявий вазифа ҳам белгиланди. Яъни ҳукумат маблағи ёрдами билан ички спорт бозорини кенгайтириб, 12 йилдан сўнг йиллик савдо ҳажмини 800 миллиард долларга кўтариш режалаштирилди. Бу шунчаки, кўп эмас, балки ақлга сиғмас даражада кўп. Таққослаш учун айтсак, айни пайт жаҳон спорт саноатининг ҳажми  145 миллиардга баҳоланмоқда. Бу 2025 йили Хитойда эришиш кўзланган натижадан нақ 5,5 маробата кам. Хўш, Си Цзиньпинга бундай улкан лойиҳа нима учун керак? Тушунарлики, футбол  - ажойиб ижтимоий манба. Бироқ биринчидан, уни юксалтириш анча қимматга тушади. Иккинчидан, ислоҳотлар фақат 10-12 йил ўтгач, реал натижа бериши мумкин. Унгача эса, ХХРга бошқа раис сайланади (мамлакатда раҳбарлик ваколати кўпи билан 10 йил - 2та 5 йиллик муддат). Шундан келиб чиқиб айтсак, барча ўзгаришларнинг асл сабаби бошқа:  Си Цзиньпин шунчаки, футболни жуда яхши кўради. Дейлик, у вақтида мактаб жамоасида ўйнаган экан. Ҳозир эса, хориж чемпионатларини телевизор орқали мунтазам кузатиб боради. Айниқса, АПЛга бошқача қарайди. Охирги йилларда Хитойнинг асосий сиёсатчисида ҳаттоки, футболча хобби ҳам пайдо бўлди.
У машҳур футболчилар формаларидан коллекция тузмоқда. Айтишларича, Цзиньпин уларни алоҳида шкафда сақлайди ва юқори мартабали меҳмонларга ғурурланиб кўрсатади. «Мана, Бекхэм («Лос-Анжелес Гэлэкси», Дэвиднинг ўзи имзо қўйиб, ўзи тақдим этган), мана, Англия термаси (барча футболчилар имзо қўйишган, Буюк Британя бош вазири Дэвид Кэмерон топширган), мана, Аргентина термаси (10-рақамли футболка, тўғри, унинг орқасида «Месси» эмас, «Цзиньпин» ёзуви бор)» қабилида. Ҳайрон қолишингиз мумкин, ҳаттоки, «Байер» либоси ҳам мавжуд. Хитой йўлбошчиси уни 2009 йили Германияга сафари чоғи кичик совға сифатида қабул қилиб олган. Умуман, Си Цзиньпин ҳар бир расмий сафари чоғи футболга вақт ажратишга ҳаракат қилади. Мисол учун, у Голландияда Эдвин ван дер Сар билан учрашган, Англияда эса, Серхио Агуэро ҳамроҳлигида «Манчестер Сити» стадионини кўздан кечириб чиққан. Ирландияга сафари чоғи эса, ҳаттоки, тўп ҳам тепган. Сиёсатчи Ирландия стадионида олинган суратни жуда ардоқлайди. Ҳарқалай, у халқ раҳнамосининг иш кабинетида, стол устида (махсус ишланган ҳолатда) туради. Хитойда футболга жиддий аҳамият бера бошлаганлари сабабини энди тушунгандирсиз...

Болаларни Қандай ҚизиҚтириш мумкин?

Ислоҳот зудлик билан старт олди -  маҳаллий футбол федерациясини ҳукумат томонидан молиялаштириш тўлиқ тўхтатилди. Яъни Хитой раҳбарлари «Агар одатий полиция текширувлари билан коррупцияни йўқотиб бўлмаса, унда федерацияни мустақил пул топишга мажбур этиш лозим», деган хулосага келишди. Авваллари бюджет маблағини хоҳлаганларича сарфлашган баъзи раҳбарлар ишдан бўшатилди. Қолганлар олдига қатъий талаб қўйилди: фақат бозордаги ҳалол иш, янги маркетинг ғоялари, йиллик аудит текширувлари ва молиявий ҳисоботларни ошкора чоп этиш... Асосий масалалар бўйича масъулият супер-лига раҳбарияти зиммасига юклатилди.

Тўғри, бу ислоҳотлар Хитой ҳукуматинининг футболга умуман маблағ ажратмаслигини англатмайди. Си Цзиньпин ва унинг ёрдамчилари болалар футболи тараққиёти бўйича алоҳида, кенг қамровли лойиҳани татбиқ этишди. У ўз кўлами билан «Лойиҳа 119»ни эслатиб юборади. Ушбу Олимпия лойиҳаси сузиш, енгил атлетика, парус спорти ва бошқа турлар бўйича спортчиларни тарбиялашга қаратилган бўлиб, катта самара берганди. Дейлик, хитойликлар 2000 йили ушбу спорт турларида оқсаган бўлсалар, айни пайт уларга тенг келадигани оз. «Ҳа, лойиҳа узоқ вақт ва изчил ишлашни талаб этади. Лекин кутишга тайёрмиз. Чунончи, бизга аввало, сифат керак», - дейди ХХР раиси. Хитойликлар биринчи навбатда, одатий умумтаълим мактабларига эътибор қаратишни лозим топишди. Улардан 20000 (!)таси 2017 йилиёқ янги футбол ва машғулот майдонларига эга бўлади. Ҳукумат режасига кўра, шу тадбирнинг ўзи мамлакатга 100 минг нафар нисбатан жиддий футболчини тортиқ этади. Кейин улар академиялардаги скаут ва мураббийлар назоратига ўтишади. Умуман, 2025 йилгача ушбу лойиҳада 500 минг мактаб ўқувчиси иштирок этади. Мажбурий машғулотлар ҳам амалий, ҳам назарий томондан олиб борилади. Ҳозиргача болалар ва турли ёшдаги ўсмирлар учун 7та футбол дарслиги тайёрланди. Бу китобларда нафақат «финт» ишлатиш, тўп ошириш, зарба бериш, «подкат» қўйиш каби элементларнинг қандай бажариш лозимлиги баён этилган, балки жамоавий ишнинг муҳимлиги тушунтирилган. «Ҳаттоки, болалар ўз ҳаётларини футбол билан боғлашни истамасалар ҳам, ушбу қўлланмалар уларда характер шаклланишига ёрдам беради. Демакки, олган билимлари келажак ҳаётларида, турли соҳалар ва жамоат ичида асқотади», - дейди лойиҳа устида ишлаган услубчилардан бири. Китоб-дарсликларга яна QR-кодлар илова қилинганки, болалар уларни смартфонларига кўчириб олиш орқали қўшимча қўлланма-роликлардан фойдаланишлари мумкин.

Яна қандай ҳаракатлар бор?

Хитой футбол бозори фақат болалар йўналишида ривожланиш билан чекланмайди. Мисол учун, молиявий имкониятлар мисли кўрилмаган даражада ошяпти. Рақамларга мурожаат этамиз:  2014 йили клублар хорижлик футболчиларни сотиб олишга 102 миллион доллар сарфлашди. Бу бир йил аввалги кўрсаткич (28 млн. доллар)дан деярли 3,5 маротаба кўпдир.

Шунингдек, телекомпаниялар ёрдамида футболга қизиқиш уйғотилмоқда. Дейлик, Хитой марказий телевидениеси ҳар ҳафта дам олиш кунлари Англия премьер-лигасининг 2та ўйинини бепул намойиш этади. Ушбу трансляциялар аудиторияси 320 миллион кишидан ошади. Қолаверса, Хитой чемпионати ўйинларининг ТВ-ҳуқуқи йилдан-йилга қимматлашяпти. Боз устига, қандайдир космик суръатда. Келаси йили кучга кирадиган шартномага кўра, ТВ-ҳуқуқларнинг бир мавсумлик баҳоси 1,6 миллиард юанга тенг. Айни пайт трансляция нархи тахминан 19 маротаба арзон. Яъни The Wall Street Journal маълумотларига таянсак, атиги 85 млн. юанни ташкил қилади. АҚШнинг ушбу газетасида таъкидланишича, Хитой футбол бобида ҳам энг йирик ТВ-бозор саналади. Аудитория кенглиги 460 млн. кишига тенг. Шунинг учун охирги йилларда Чин бозорини эгаллаш учун жиддий кураш бормоқда. Шунга яраша, йирик компаниялар пулни аямаяпти. Мисол учун, интернет-наҳанг - Tencent Holdings Limited МБА медиа-ҳуқуқи учун йилига 100 миллион доллар тўлашга мажбур.

Хитойнинг футбол бозорида қудратли кучга айланишига бой бизнесменлар ҳам ёрдам беришади. Мисол учун, миллиардер Ван Цзяньлинга тегишли Wanda Group январда   «Атлетико»нинг 20 фоиз акциясини 52 миллион долларга сотиб олди. Бу Пекиндан Лос-Анжелесга қадар чўзилган глобал спорт-кўнгилочар лойиҳасининг бир қисми, холос. Цзяньлинь шу йилнинг кузида 1,2 миллиард доллар тўлаб, йирик спорт агентлиги - Infront Sports&Mediaни ҳам ўзиники қилди. Қолаверса, триатлон ташкилотчиси - Ironman бренди учун 650 миллион тўлади. Хитойлик бизнесменлар шунингдек, «Ден Хааг» (Голландия), «Сошо» (Франция), «Славия» (Чехия) ва «Эспаньол» (Испания) каби клубларнинг сезиларли акцияларини харид қилишди. Яқин орада хитойликларнинг АПЛ клубларидан бирига ҳам сармоя киритишлари кутиляпти. Тўғри, бу бир қарашда, ғалати туюлади. Гўёки, хитойликлар пулни қаерга сарфлашни билишмаётгандек. Хитой ҳукумати ғоясига кўра, ушбу ҳаракат-харажатлар келажакда мева бериши керак. Яъни маҳаллий академияларда таҳсил олишган энг иқтидорли ёшларни Европа миллий чемпионатларига юборишади ва шу орқали терма жамоада жиддий рақобатни таъминлашади. Ҳарқалай, айни пайт сиёсатчилар ушбу ҳаракатлар терма жамоани сезиларли даражада кучайтиришига шубҳа қилишмаяпти.

Жаҳондаги энг катта болалар академияси

Мукаммал ва бақувват Хитой термаси шакллантиришда асосий бўғин барибир, болалар академияси бўлади. Маҳаллий ёшларни тарбиялаш ғоясининг бош ташаббускори сифатида Evergrande Group хўжайини Сюй Цзяинни айтиш мумкин. Ушбу бизнесменнинг бойлиги 7 миллиард долларга баҳоланмоқда. Сюй 2010 йили қайсидир маънода таваккалга қўл уриб, «Гуанжоу» клубини сотиб олди. Ўша вақт жамоа келишилган ўйинларда иштирок этгани учун биринчи лигага тушириб юборилганди. «Гуанжоу»ни ботқоқликдан чиқариш йўлида биринчи навбатда, кучли хорижликларга таянилди. Бунда асосий роль ҳаттоки, футболчилар эмас, балки италиялик мураббий Марчелло Липпига топширилди. У Хитойда йилига чамаси 10 млн. доллар эвазига ишлади. Сармоялар тез орада ўзини оқлади. Клуб қисқа вақт ичида нафақат олий дивизионга қайтди, балки мамлакат чемпиони бўлишдан ташқари, Осиё ЧЛда ҳам зафар қучди. Хитой клублари бунгача қитъа турнирида нақ 23 йил давомида ғалаба қозонишмаганди. Умуман, «Гуанжоу Эвенгранд» шунчалик тез тараққий этдики, Alibaba Group асосчиси Жек Манинг эътиборига тушди. Қисқаси, Ма яқинда клубнинг 50 фоиз акцияси учун нақ 192 млн. доллар тўлади.

Сюй Цзяиннинг асосий ғурури - бу 2012 йили Гуанжоудан 80 километр узоқликдаги сокин шаҳар - Циньюанда очилган академия. Миллиардер Evergrande International Football School қурилишига камида 115 миллион фунт сарфлади. Табиийки, лойиҳа миқёси кишини ҳайратга солади. Гап дунёдаги энг катта футбол мактаби хусусида кетяпти. Ушбу даргоҳда 2500 нафар бола доимий яшаб, шуғулланади. Академия атрофида 50та сунъий майдон бор, бинолар ичи ва манежлардаги 30та усти ёпиқ майдон ҳам болалар ихтиёрига бериб қўйилган. Умуман, мажмуада очиқ ҳаводаги олимпия бассейни, супермаркет, кинотеатр, тўлақонли стадион ва 4та минора ҳам мавжуд. У ерда 500 нафар ходим ва мураббий истиқомат қилади. Эътибор қаратинг, шундай улкан академияни қуриш учун атиги 1 йил вақт кетди. Академияга кириш жойига жаҳон кубогининг 4 метрли нусхаси ўрнатилган. Бу лойиҳанинг асосий мақсадига нишона. Футбол оламидаги асосий соврин атрофида эса, Пеле ва Бобби Мурнинг ҳайкаллари бор. Ўқув хоналари деворларига Сократес, Платини ва Марадона портретлари осиб қўйилган. Сюй Цзяиннинг алоҳида таъкидлашича, интилганга яраша, энг яхши бўлишни кўзлаш ва шундайлардан ибрат олиш лозим. «Бизнинг мактабимиз худди Хогвартсдек кўринади, асосий бино нусхаси гўёки, «Гарри Поттер»дан олинган», - дейди академияда таҳсил олаётган 12 ёшли қизалоқ Жанг Линьян. Дарҳақиқат, Evergrande International Football School университетининг  биносидан оқшом пайти атрофга ажиб кўк ёғду таралади ва чиройли миноралар узоқ-узоқлардан ҳам кўринади.

Бундай шароитларда таҳсил олиш албатта, бепул эмас. Бир йиллик курснинг баҳоси - 5800 доллар. Лекин тўловга қодир бўлмаган оилаларга имтиёзлар бор. Яъни бола чиндан ҳам иқтидорли бўлса, унинг учун махсус тузилган хайрия жамғармаси пул тўлайди. Мактабнинг асосий вазифаси - «Гуанжоу Эваргранд»ни савияли футболчилар билан таъминлаш ва 8-10 йилдан сўнг унинг трансферларга катта маблағ сарфлашдан озод қилиш. Хитойда кучли мутахассислар йўқлиги сабаб, академияга Испания, Аргентина ва Португалиядан мураббийлар жалб этилган. Айримлари эса «Реал Мадрид» мактабидан ташриф буюришган. Зеро, «Қироллик клуби» билан ҳамкорлик шартномаси тузилган. Айни пайт хориж мутахассислар жами 126та жамоа (турли ёш тоифаси) билан иш олиб боришяпти.

Хулоса шуки, хитойликлар яқин келажакда футбол бобида ҳам баралла ўз сўзларини айтишса, бундан унча ҳайрон қолмаслик керак. Ахир ҳаракат кўлами жуда-жуда катта.

sports.ru сайтидаги материаллар асосида Абдураҳмонхўжа АҲМЕДОВ тайёрлади.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:14, 04.12.2015.
Ўқилди: 8457 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.