Олий Лига-2015 мавсуми жамоамиз учун омадсиз якунланган бўлсада, «Динамо» жамоаси Самарқанддаги ўйинларда мухлис тўплаш борасида ўтган мавсумларда бўлгани каби яхши натижа қайд этди.
Қуйида Олий Лигада энг кўп томошабин йиққан 11 учрашув билан таништирамиз.
1.10-тур. «НЕФТЧИ» – «НАСАФ» – 0:1.
17 143 томошабин
24-миллий чемпионатимизда энг кўп мухлисни тўплай олган ўйин «Нефтчи» ҳамда «Насаф» жамоалари ўртасидаги беллашув бўлди. Буни «Истиқлол» стадионига келган 17143 томошабиндан ҳам билиб олса бўлади. «Насаф» етакчиси Артур Геворкян томонидан урилган гол якунда қаршиликларга муҳим уч очкони тақдим қилди.
2. 1-тур. «НАВБАҲОР» – «МАШЪАЛ» – 0:2.
15815 томошабин
«Навбаҳор» клуби мавсумнинг илк турида Муборакнинг «Машъал» жамоасини қабул қилди ва бош мураббий Бахтиёр Ашурматовсиз ўтган ўйинда майдон эгалари салкам 16 мингга яқин мухлислари кўз ўнгида 0:2 ҳисобида мағлубиятга учраганди. Ҳар қандай жамоа учун мавсумнинг биринчи ўйинида мағлуб бўлиш жуда аламли бўлади.
3. 18-тур. «НАВБАҲОР» – «НЕФТЧИ» – 1:0.
15 715 томошабин
Бу мавсумдаги «Водий дербиси» ҳам мухлисларнинг катта қизиқиши остида бўлди. Айниқса, иккинчи даврада Наманганда «Нефтчи»га қарши кечган баҳсни алоҳида эътироф этган бўлардик. «Навбаҳор» – «Нефтчи» учрашуви кутилганидек минглаб ишқибозлар қаршисида бўлиб ўтди. Унда эса наманганликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.
4. 27-тур. «БУХОРО» – «НАВБАҲОР» – 0:1.
14 293 томошабин
Бутун чемпионат давомида охирги ўринда бориб, Олий Лигада қолиш учун кураш олиб борган «Бухоро»нинг томошабинлар ташрифи юқори даражада. Масалан, 27-турда «Навбаҳор»ни қабул қилган «Бухоро» клубининг ушбу ўйинини кўриш учун стадионга 14293 нафар мухлис келди. Аммо шу куни мезбонлар минглаб ишқибозлари қаршисида қимматли очколарни бой беришди.
5. «БУХОРО» – «НАСАФ» – 0:2.
13 406 томошабин
Буни қарангки, томошабинлар йиғиш борасида топ-10 нинг «экватори»дан яна «Бухоро» мухлислари жой эгаллашди. 4-тур доирасида «Насаф»ни қабул қилган майдон эгалари кучли рақиби олдида ожиз қолди.
6. 9-тур. «АНДИЖОН» – «НАВБАҲОР» – 3:2.
13 250 томошабин
«Водий дербиси» номи остидаги яна бир ўйин Андижонда «Навбаҳор»ни қабул қилди. Ушбу учрашув биринчи давранинг 9-туридан ўрин олганди. Голларга бой бўлган қизиқарли баҳсда мезбонлар 3:2 ҳисобида ғалаба қозонишганди. «Соғлом авлод» стадионига йиғилган 13250 ишқибоз эса «Андижон»нинг ушбу турда мавсум давомида энг кўп ташриф буюргани билан ёдда қолди.
7. 24-тур. «НЕФТЧИ» – «ПАХТАКОР» – 3:2.
12 815 томошабин
Фарғонадаги яна бир ўйин ҳам ишқибозлар диққат марказида бўлди. Аммо бу сафар «Нефтчи» стадионга йиғилган мухлислар олдида уялиб қолмади. Аксинча, мардонавор ўйин кўрсатиб, бўлажак чемпионни мағлубиятга учратишнинг уддасидан чиқди. Бу эса албатта, маҳаллий мухлисларга катта қувонч улашди.
8. 18-тур. «БУХОРО» – «ПАХТАКОР» – 0:2.
12 737 томошабин
«Бухоро» жамоасининг навбатдаги учрашувига ҳам яна кўп минг сонли мухлис келди. Бу сафарги рақиб «Пахтакор» эди ва табиийки, ўйинга бўлган қизиқиш ҳам шунга яраша бўлади. Бироқ майдон эгалари ҳар қанча қаршилик қилишмасин, барибир ўз уйида ишқибозларининг тинимсиз қўллаб-қувватлашига қарамай мағлубиятга учрашди.
9. 15-тур. «БУХОРО» – «СЎFДИЁНА» – 1:0.
12 575 томошабин.
Ушбу ғалаба «Бухоро»нинг жорий мавсумдаги илк ғалабаси бўлиб ёдда қолди. Эътиборлиси шундаки, «Бухоро» биринчи даврадаги илк ғалабасини ушбу давранинг охирги турига келиб қўлга киритган бўлса-да, ўша куни стадионга 12 мингдан ортиқ мухлис келгани эътиборга моликдир.
10. 20-тур. «БУХОРО» – «АНДИЖОН» – 2:1.
11 330 томошабин
20-турда «Андижон»ни қабул қилган беллашувда стадионда яна 12 мингдан зиёд мухлислар «Бухоро»ни қўллаб-қувватлаб туришди ва бу мезбонларнинг ғалабаси учун жуда ҳам асқотди. Топ-10 таликнинг нақд бештасини айнан «Бухоро» ишқибозлари банд этишди.
11. 5-тур. «ДИНАМО» - «ЛОКОМОТИВ» - 0:1.
10 253 томошабин
«Динамо» жамоаси бу йил муваффақиятсизликка учраган бўлишига қарамай, «Динамо» стадиони доимгидек мухлислар билан гавжум бўлди. Чемпионат доирасидаги тўрт учрашувда 10 мингдан ортиқ мухлислар ташрифи кузатилди. Жумладан, 5-тур доирасидаги «Динамо» - «Локомотив» баҳсида 10 253 томошабин келгани қайд этилган. Афсуски, жамоа мухлислар фаоллигига муносиб жавоб бера олмади.