Кириш Регистрация
21/12 00:45 Верона 0-1 Милан
21/12 01:00 Жирона 3-0 Вальядолид
21/12 17:30 Астон Вилла 2-1 Манчестер Сити
21/12 18:00 Хетафе 0-1 Мальорка
21/12 19:00 Торино 0-2 Болонья
21/12 20:00 Брентфорд 0-2 Ноттингем Форест
21/12 20:00 Ипсвич 0-4 Ньюкасл
21/12 20:00 Вест Хэм 1-1 Брайтон
21/12 20:15 Сельта 2-0 Реал Сосьедад
21/12 22:00 Женоа 1-2 Наполи
21/12 22:30 Кристал Пэлас 1-5 Арсенал
21/12 22:30 Осасуна 1-2 Атлетик Бильбао
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия - Алавес
22/12 19:00 Фулхэм - Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер - Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед - Борнмут
22/12 19:00 Эвертон - Челси
22/12 19:00 Венеция - Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид - Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм - Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта - Эмполи
22/12 22:30 Леганес - Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас - Эспаньол
23/12 00:45 Монца - Ювентус
23/12 01:00 Бетис - Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе

Тараққиётнинг рейтингдаги ифодаси

Баҳо:
+ | -

Бельгия терма жамоасининг жаҳон рейтингида етакчилик қилаётгани кўпчиликни ажаблантириши аниқ. Тўғри-да, дунё футболи тожини 5 бора кийган Бразилия ҳам, йирик мусобақаларнинг доимий фаворитлари ҳисобланган номдор терма жамоалар ҳам бу митти давлат вакилларини йўлбошчи сифатида тан олишга мажбурлар. Боиси, шу пайтгача нафақат жаҳон, балки қитъа миқёсида ҳам бир марта бўлсада шоҳсупага кўтарилмаган «қизил иблислар» ФИФА рейтингида фантастик ўсишни қайд этишди. Тўғри, рейтинг етакчилиги учун соврин белгиланмаган. Лекин нима бўлганда ҳам, олдинда юришнинг ўзига яраша гашти бор.

Узоққа бормайлик, бундан атиги 6 йил аввал Бельгия футболида кескин юксалишдан далолат берадиган ҳеч қандай аломат кўзга ташланмасди. Чунки «қизил иблислар» термаси жаҳон рейтингида 66-ўриндан жой олишган, мамлакат клубларининг ЕЧЛдаги иштироки илк босқичларидаёқ якунига етарди. Бироқ қисқа вақт ичида ноёб иқтидорлар «конвейери»ни йўлга қўйган Бельгия энг кучли терма жамоаларга бош бўлиб олди. Юксалиш кўпчиликни ажаблантирган бўлсада, уни тасодифга йўйиш нотўғри - ёш иқтидор соҳибларини самарали тизим асосида тарбиялаш эвазига Бельгия шундай тараққиётга эришди. Табиийки, қаторасига 2-марта йирик турнирнинг иштирокчисига айланган жамоанинг сўнгги йиллардаги ишончли ўйинлари ФИФА рейтингида ўз ифодасини топди.

Самарали тизим

Бельгиялик Мишель Саблон ҳар доим воқеалар ривожини аввалдан аниқ била олмаган. Масалан, у 1990 йилда Бельгия терма жамоаси мураббийлар штабининг аъзоси сифатида Англия билан кечган нимчорак финал баҳсининг «овер-тайм»лари якунланишига 5 дақиқа қолганида ўйиндан кейинги пенальтилар серия­сида қатнашадиган футболчилар рўйхатини тузиб қўйганди. Бироқ унинг бахтига қарши, Дэвид Плат бельгияликлар дарвозасини ишғол этиб, уларнинг лотереяга бўлган умидларини пучга чиқарганди. «Бу мени шунчалик дарғазаб қилдики, аламдан рўйхатни бурда-бурда қилиб ташладим», -дея ҳикоя қилганди Саблон кейинчалик.

Орадан 8 йил ўтиб, у яна бельгиялик ёшларнинг ҳайратомуз юксалишларига бош-қош бўлди. Лекин ЖЧ-98даги муваффақиятсизлик мутахассисни бошқача йўл тутишга ундади. Ўшанда Голландия, Мексика ва Жанубий Корея билан бир гуруҳдан жой олган Бельгия «плей-офф» босқичига чиқолмаганди. Шу боис, Мишель Боб Бровайс билан ҳамкорликда мамлакат футболини юксалтириш лойиҳасини яратишга киришди. Барча ёш тоифасидаги терма жамоаларда бой тажриба тўплаган Бровайс билан биргаликда қўшни Голландия ва Франциядаги ўқув-машғулотлар услубини диққат билан ўрганишди. Шунингдек, «Аякс» ва «Барселона»дек машҳур клублар билим масканларида малака оширишди. Ниҳоят, тинимсиз изланишлар натижасида тадқиқотчилар мамлакатдаги барча терма жамоалар бир хил тактик схема - 4-3-3да тўп суришлари керак, деган хулосага келишди. Мутасаддилар эса ёш жавоҳирларга сайқал беришда натижа биринчи ўринда эканлигини англаб, инқилобий лойиҳаларга изн бера бошлашди. Шу тариқа болакайлар ўта кичик ўлчамдаги (2х2, 5х5, 8х8) майдончаларда дриблинг ва диагонал узатмалар санъатини эгаллашга киришдилар. Бельгия яқин келажакда айнан шу хусусиятларга таянган ҳолда тўп суришни режалаштирганди.

Мазкур тизимнинг тез орада ўз мевасини беришига Мишель Саблон шубҳа қилмасди. Ўз мақсадини етакчи клублар раҳбарларига етказиш учун 100дан кўпроқ семинарлар ташкиллаштирди. Лёвен университети мутахассисларига болалар ва ўсмирлар футболидаги муаммоларни аниқлаш вазифасини топширди. Бельгиядаги болалар ва ўсмирлар футболининг гуркираб ривожланишига мамлакатда 14-18 ёшдаги ўсмирлар ва қизлар учун очилган махсус мактаблар катта ҳисса қўшди. Бу билим масканларида ҳафтасига 4та мамлакат футбол федерациялари мутахассисларининг сабоқ беришлари йўлга қўйилди. Шу тариқа ёш тарбияланувчилар қўшимча амалиётга эга бўлишди. Ушбу саъй-ҳаракатлар футбол оламига Аксель Витсель, Стивен Дефур, Тибо Куртуа, Кевин де Брюйне, Носир Шодли ва Мусо Дембеле каби моҳир футболчиларни етиштириб берди.

Болалар ва ўсмирлар футболига бўлган ёндашувнинг ўзгариши Бельгия футболи тараққиётидаги омиллардан бири, холос. Иккинчи асосий омил - клублар инфратузилмасини тубдан ислоҳ қилиш. Ёш иқтидор соҳибларининг топ-клублар сафидан жой олишларида ўзига хос трамплин вазифасини ўташ ҳам шарафли, ҳам ўта манфаатли эканлигини ниҳоят, бу ердаги клублар мутасаддилари ҳам тушуниб етдилар. Ўз академияси равнақи учун 18 млн. евро сарфлаган «Стандарт» қисқа вақт ичида Феллайни, Витсель ва Дефур каби савияли футболчиларни кашф этди. «Генк»дек камтарин жамоа ҳам ўз майдони ҳолатини яхшилаш, манеж барпо этиш ва селекция тизимини талаб даржасига олиб чиқиш учун 3 млн. евродан воз кечишга аҳд қилди. Унинг илк меваларидан - Тибо Куртуа вояга етгач, харажатлар бир неча баравар ортиғи билан қопланди.

Бошқа бир муҳим жиҳат - бельгия­ликлар нафақат моҳир футболчиларни, балки ақлан етук кишиларни тарбиялашга интиладилар. Мисол учун, «Андерлехт» тарбияланувчиларининг умумий таълим фанларини ўзлаштиришига худди техник тайёргарликка бўлганидай жиддий эътибор беришади. «Клубимизда таҳсил олаётган 6-21 ёшдаги 220 нафар тарбияланувчининг барчаси профессионал футболчи бўлишни орзу қилишади. Аммо бундай шарафга ҳар 10 талабадан бир нафаригина эришади. Ўқувчилар буни тўғри қабул қилишади - кимдир жароҳат, бош­қаси руҳий ишончсизлик, яна бири оилавий шароит тақозосига кўра чинакам футболчи даражасига кўтарила олмаслиги муқаррар. Лекин «Андерлехт» мактабида охиригача таҳсил олса, ҳеч бўлмаганда талаб даражасидаги билимни эгаллайди. Натижада ўзига мос юмуш топишда муаммоларга дуч келмайди», - деди БЎФМнинг директори Жан Киндерманс.

Олтин авлод

Ҳар битта «ғишт»и аниқ ҳисоб-китоб билан қўйилган ҳолда барпо  этилган тизим сўнгги 4-5 йил ичида ўз самарасини кўз-кўз қила бошлади. 2010 йилда Бельгия терма жамоа­сини қабул қилиши керак бўлган Дик Адвокаат (ҳатто шартнома ҳам имзоланганди) кутилмаганда Россия­га йўл олди. Оқибатда жамоа Марк Вильмотс раҳбарлиги остида иш бошлади. Янги бош мураббий дадиллик билан ёшларга ишонч билдирди. Шу тариқа ЖЧ-2014 саралаш босқичини Бельгия ёш юлдузлар билан босиб ўтди. Кейинчалик «олтин авлод» сифатида эътироф этилган футболчиларнинг ҳар бири ўзига хос юксалиш тарихига эга. Масалан, Ян Вертонген, Томас Вермален ва Эден Азар хорижда таҳсил олишни маъқул кўришди. Уларнинг 2 нафари «Аякс», Азар эса «Лилл»дан чинакам юлдуз мақомида қайтишди. Лекин бугунги Бельгиянинг асосий ўзагини маҳаллий академиялар тарбияланувчилари ташкил этишади. Куртуа ҳали 16 ёшга тўлмай, «Генк»нинг асосий таркибида пайдо бўлди, Кевин эса 17 ёшда шундай натижага эришди. Лукаку ҳам «Андерлехт» ҳамда терма жамоа таркибидан балоғат ёшига етмай ўрин олди, ҳатто Воронежда Россия терма жамоаси дарвозасини ишғол этишга ҳам улгурди. Шу ўринда Бельгиядаги мигрантларнинг футболдаги ўрнини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Аксель Витсель, Закария Баккали ва Кристиан Бентеке қисқа вақт ичида эмигрантлар шаҳарчаси - Друаксенинг мўъжаз майдонидан Бельгия терма жамоасигача бўлган йўлни босиб ўтишди. «Стандард» академия­си шу шаҳарча яқинида жойлашган.

Терма жамоада иқтидорини анча кечикиб бўлсада намойиш этган футболчилар талайгина. Масалан, Лоран Депуатр 24 ёшга тўлганида 2-лигада тўп суриб, «Остенде»нинг элитага йўл олишида кўмаклашганди. Ке­йин «Гент»га ўтиб, «қўтослар»нинг асосий ҳужумчисига айланди. Бош жамоа таклифи ҳам узоқ куттириб қўймади. Қизиғи, ҳужумчи «Остенде»да ўйнаган кезлари футбол билан хайрлашишга чоғланиб, муҳандислик соҳасидан иш қидириб юрганди.

Ҳисоб-китоб омили

Аксарият мухлислар орасида ФИФАнинг терма жамоалар рейтингини аниқлаш услуби холис эмас ва тушуниб бўлмайдиган тизимда ҳисоб-китоб қилинади, деган фикр юради. Лекин синчиклаб эътибор берилганда, ҳозирга қадар рейтинг етакчилиги бор-йўғи 8та терма жамоага насиб этгани ойдинлашади - Германия, Франция, Италия, Испания, Голландия, Аргентина, Бразилия ва Бельгия. Кўриб турганингиздек, рўйхатда фақат грандлар. Демак, рейтинг адолатли тарзда эканига шубҳа йўқ. Бельгиянинг парвозига ЖЧ-2014даги иштироки сабаб бўлди. «Қизил иблислар» мусобақада 4та ғалабани қайд этиб, кучли 8 жамоа орасидан жой олишди. Шу тариқа Бельгия рейтингда 5-поғона кўтарилди. Жамоанинг Евро-2016 саралашидаги муваффақиятли иштироки (10та учрашувда 23 очко) ва грандларнинг нисбатан суст иштироки Бельгияга рейтинг етакчилигини тақдим этди. Масалан, Германия, Польша ва Ирландиядан енгилди, Колумбия қитъа биринчилигида муваффақиятсизликка учради, Голландия саралашдан чиқолмади.

Рейтинг очколарини ҳисоблаш тизими ҳам Бельгиянинг юксалишида муҳим омил ҳисобланади. Маълумки, жамоаларнинг сўнгги 2 йил ичидаги ғалабалари қимматли очколарни келтиради. Бу борада Бельгия жуда илгарилаб кетди (2014 йилнинг июлидан ҳисоблаганда, } 39), Голландиянинг кўрсаткичи эса, - 579.

 

Келажак

Бельгияликлар мамлакатга дастлабки совринни туҳфа этишга қодир бўлган ажойиб жамоа шаклланганига шубҳа қилишмаяпти. Лекин айрим мухлис ва мутахассислар терма жамоанинг Евродаги муваффақиятига ишонишмаяпти. Уларнинг фикрича, Марк Вильмотс - юксак малакадаги мураббий эмас. Эътирозлар қайсидир жиҳатдан ўринли. Бразилия мундиалини ёдга оладиган бўлсак, жамоанинг муваффақия­ти етакчи ўйинчилар - Азар, де Брюйне ва Лукакунинг кайфиятига боғлиқ бўлиб қолганди. Фақат АҚШ терма жамоасига қарши «қизил иблислар» чинакам ёрқин ўйинни намойиш этишди, қолган беллашувлар шунчаки ўртамиёна савияда кечди. Аммо бугунги Бельгия мураббийнинг кўмагисиз ҳам ишончли тўп сура олади. Дунёнинг турли бурчакларида бой тажриба тўплаган юлдузлар ҳар қандай рақибнинг хатосидан унумли фойдалана олишади. Мисол тариқасида яқинда бўлиб ўтган Италияга қарши ўртоқлик учрашуви(3:1)ни келтириш мумкин: «Скуадра Адзурра» муносиб ўйин кўрсатди, лекин ўз хатолари эвазига имкониятни бой берди. Агар Бельгия ана шу тажовузкорлик хусусиятини қўлдан бой бермаса, Франция­дан ғолиб сифатида ортга қайтиши ҳеч гап эмас. Шунда ФИФА рейтинги ҳам ўзини оқлаган бўлади.

Манба: Championat.com,

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:56, 07.12.2015.
Ўқилди: 6065 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.