Кириш Регистрация
25/11 00:45 Лацио 3-0 Болонья
25/11 01:00 Атлетик Бильбао 1-0 Реал Сосьедад
25/11 19:00 Ал-Айн 1-2 Ал-Аҳли (СА)
25/11 21:00 Истиқлол 0-0 Пахтакор
25/11 21:00 Ал-Ғарафа 1-3 Ан-Наср (СА)
25/11 22:30 Эмполи 1-1 Удинезе
25/11 23:00 Ар-Райян - Персеполис
26/11 00:45 Венеция 0-1 Лечче
26/11 01:00 Ньюкасл 0-2 Вест Хэм

200 миллиардли Мундиал ёки яна Қатардан репортаж

Баҳо:
+ | -

Ер юзидаги энг бой мамлакатлардан бири футболда ҳам шон-шуҳрат қозона (сотиб) оладими? The Guardian журналисти кенг можаролар туғёнига тушган 2022 йилги мундиалга тайёргарлик қандай кетаётганини ўрганиш мақсадида Қатарга сафар уюштирди.

* * *

- Дохадаги «диққинафас» стадион - «Абдулла бин Халифа» майдони четида асабий турган мураббий Феликс Санчес бақирганча ўз шогирдлари - Қатар U-23 термаси футболчиларига кўрсатма беради: «У ерга эмас!» Чунончи, футболчи тўпни фаластинлик ҳимоячилар тўпланиб турган зонага оширганди. «Бардамроқ, бардамроқ, йигитлар!» - давом этади Санчес. Бу Ғарбий Осиё кубогининг илк босқичи доирасидаги ўйин лавҳаси. Трибуналарда чамаси 200 нафарча мухлис бор. Рақиб эса камбағалгина жамоа. Фаластинликлар анча қўпол ўйнашди. Санчес шогирдлари аксинча, тартибли кўринишди. Улар Қатардаги ўртаҳол оилаларда улғайишган ва қандайдир моддий қийинчиликни кўрмаганлар. Қатар жамоаси ҳимоясида 22 ёшли жонкуяр йигит Мусааб Хидир етакчилик қилади. Ярим ҳимояда эса Фрэнк Лэмпардга ҳавас қилувчи 19 ёшли Аҳмад Моэин таянч ҳисобланади.

Фаластинлик атиги 3 нафар мухлис давлат байроғини ҳилпиратиб ўтирганча юртдошларининг 30 даражали иссиқда майдон бўйлаб ҳаллослаб югуришларию, роса азобланишлари ва Қатар термасининг енгилгина (3:0) ғалаба қозонишини маъюс кузатди. Шундай арзимас қаршиликка қарамай, Санчес хотиржам эмас. Уни тушуниш мумкин. Зеро, бағридан Лионель Месси каби юлдузлар чиқишган машҳур Ла Масия академияси ёшлар жамоасининг собиқ мураббийи зиммасига ўта масъулиятли вазифа юклатилган. У айни пайт 2022 йилга бориб, Қатар миллий жамоаси ўзагини ташкил этишлари кўзда тутилган йигитларни шуғуллантирмоқда. Зепп Блаттер 2010 йили бутун жаҳонни ҳайратга солиб, Қатарни ЖЧ-2022 мезбони сифатида эълон қилгач, мамлакат термаси автоматик равишда турнир иштирокчисига айланди. Хуллас, Қатар термаси 2022 йилга бориб, бундан олдин ЖЧга бирор марта ўз кучи билан чиқмаган биринчи иштирокчи бўлиши мумкин. Тўғри, қатарликларда унгача Россия-2018га йўлланма олиш имконияти бор, албатта.

Хуллас, Қатарда миллий жамоани асосан пул ёрдами билан жаҳон рейтингининг 122-ўрнидан юқорига кўтариш ва 2022 йилнинг ноябрида старт олувчи ЖЧгача элит тоифага олиб чиқишга уринмоқдалар. Агар ақл бовар қилмас футбол эксперименти самара берса, Қатар спорти халқаро аренада ўз мавқеини мустаҳкамлайди. Акс ҳолда, ҳукумат миллиардли аудитория олдида шармандаликка учрайди. Оддий айтганда, Санчес ва унинг шогирдлари зиммаларида каттагина масъулият бор.

Қатар охирги 10 йил ичида нефть ва газ ҳисобига фақат денгиз марваридлари ва балиқчилик соҳаси билан танилган овлоқ жойдан аҳоли жон бошига тўғри келувчи даромад бўйича жаҳоннинг энг бадавлат мамлакатига айланди. Мана, Қатарни бошқарувчи ал Танилар оиласи халқаро ишончга эришиш ва янги миллий фахр манбасини яратиш йўлида футболга катта сармоя кирита бошлади. Эндиликда бутун дунёдан энг яхши футболчилар, мураббийлар, спорт маъмурлари ва стадион меъморлари мўъжаз диёрга талпинишмоқда.

* * *

- Тўғри, кўпчилик бундан маъно кўрмаяпти. Зеро, Қатарда йил бўйи жазирама ҳаво ҳукмрон. Ҳаво ҳарорати 50 даража иссиқгача кўтарилади. Хуллас, иқлим футбол ўйнаш учун қулай эмас. Атиги 400000 аҳолиси бор мамлакатда кучли жамоа шакллантиришнинг ўзи бўлмайди. Яъни танлов чекланган. Дейлик, Қатарда чамаси 7000 нафар футболчи рўйхатга олинган, холос. Таққослаш учун айтсак, Испанияда 3 млн., Германияда эса 6 млн. футболчи бор. Ҳаттоки, Соломон оролларида ҳам футболчилар сони Қатардагига нисбатан кўп. Бразилиялик афсона Зико ҳаттоки, Қатарни ЖЧ мезбонлигидан маҳрум қилиш кераклигини баён этганди: «У ерда футбол йўқ». Умуман, бошиданоқ ушбу улкан лойиҳа можаролар ичида қолди. Мисол учун, 2013 йили Guardian нашри Қатардаги қурилиш жараёнида непаллик 44 нафар ишчи ҳаётдан кўз юмгани ҳақида маълумот берди. Кейинги йили Заха Ҳадид томонидан лойиҳалаштирилган ва ЖЧ учун қурилаётган стадионда меҳнат қилаётган ишчиларнинг соатига атиги 45 цент олишлари ошкор бўлди. Тахминан ўша вақтда ФИФА вице-президенти Муҳаммад бин Ҳаммамни порахўрликда айблашди. Кейинчалик ҳам Қатар-2022 «заявка»сига боғлиқ турли шубҳа ва айбловлар аригани йўқ.

Доха бўйлаб йўлга тушсангиз, янги футбол маданияти туғилаётгани аломатларини пайқайсиз. Ҳашаматли стадионлар савдо марказлари ва аҳоли турар-жойлари (коттеж тизими) ўртасида қад ростлаяпти. Хусусан, Норман Фостер лойиҳаси асосида қурилаётган «Лусаил» аренаси ЖЧ финалига мўлжалланган бўлиб, 86250 томошабинни сиғдиради. Умуман, Қатар бўлажак турнирга катта сармоя тикади: инфратузилма, шунингдек, янги темирйўл ва меҳмонхоналар барпо этиш учун 200 млрд. доллар кетади. Энди яна таққослаймиз: Буюк Британия Лондон-2012 Олимпиадасига атиги 9,3 млрд. фунт сарфлаганди.

* * *

- Савдо марказлари бўйлаб «Барселона» ва «ПСЖ» клублари (қатарликлар улардан биринчисига ҳомийлик, иккинчисига эгалик қилишади) формасига бурканган маҳаллий ўсмирлар чопиб юришади. Телевизорни ёқсангиз, деярли барча каналларда футбол кўрасиз. Зеро, мамлакат бутун дунёдаги нақ 52та турнирнинг трансляция ҳуқуқини сотиб олган. Давлат телевидениеси ҳисобланган BеINнинг ўзи 18та канални қамраб олади. Унда вақтида Sky Sportsнинг собиқ журналистлари - Ричард Кис ва Энди Грэй ҳам ишлашган.

* * *

- Қатар футбол маданиятининг соф ўйинга боғлиқ жиҳатларига келсак, мақтанадиган нарсанинг ўзи йўқ. Дейлик, Санчес жамоаси деярли бўм-бўш трибуналар остида ўйнади. Футбол томоша қилишни хоҳловчилар камлигидан Африка ва осиёлик камбағал ишчи-мигрантларни стадионга жалб қилишади. Қатар «Юлдузлар лигаси» доирасидаги ўйинга кириб, кениялик йигит билан танишдим. У қатарликларга хос одатий оппоқ либос кийиб олганди. Айтишича, стадионга дўстлари билан бирга тушган ва бунинг учун чамаси 5 фунт ҳақ олар экан. Бундай ёлланма мухлислардан 2та нарса талаб қилинади: қатарликларга хос кийиниш ва арабча қўшиқларни куйлаб ўтириш. Лига раҳбарияти вакиллари бу масалада шундай дейишди: «Сохта мухлисларга биз пул тўламаймиз, аксинча, клублар «ўзига хос муҳит яратиш» йўлида шундай йўл тутишади».

* * *

- Тақдир ҳукми: Қатар аҳолисининг катта қисми ЖЧ лойиҳасининг футбол қисмига қандайдир алоқадор эмас. Мамлакатда истиқомат қилувчи 1,8 млн. мигрант асосан Осиёнинг жанубий қисми ва Африкадан келган. Улар кунига чамаси 10 фунт топишади ва шаҳарлар четидаги ишчилар лагерида қийин шароитларда яшашади. Хорижликлар орасида футболни хуш кўрувчилар кўп, албатта ва улар аҳён-аҳёнда тўп ҳам тепишади. Аммо Қатар фуқаролигини ололмайдилар, барибир. Хулоса шуки, Қатар футболи оддий одамлар эмас, балки элит гуруҳ вакиллари учун.

* * *

- Лойиҳа-2022нинг асосий «мотори» - бу Aspire академияси. У 2004 йили Дохага яқин жойда барпо этилган. Академияда қатарлик 240 нафар бола таҳсил олади. Режага кўра, улар вақти келиб, топ-футболчи, сузувчи ёки енгил атлетикачи бўлишлари лозим. Академия ҳукумат томонидан молиялаштирилади. Машғулотлар жараёнини Испания, Германия ва Англиядан таклиф этилган тажрибали мураббийлар назорат қилишади. Қатарга «ёрдам қўлини чўзганлар» орасида ҳаттоки, Пеле ва Марадона ҳам бор. Ёш дарвозабонлар эса, Икер Касильяс ва Мануэль Нойер қўлланмалари асосида шуғулланишади. U-23 тоифасидаги терма жамоанинг деярли барча аъзолари айнан Aspireда таҳсил олишган ва бир-бирларини жуда яхши билишади. Aspire директори Иван Браво Испаниядан. 2010 йилгача Мадриднинг «Реал» клуби тизимида ишлаган бу мутахассис қатарликлар лойиҳаси хусусида шундай дейди: «Бу ердаги айни ҳолатни Олимпиада-92 арафасида Испанияда юзага келган вазиятга ўхшатиш мумкин. Ўшанда Испания иқтисодий томондан ривожланаётган ва халқаро аренада ўз ўрнини топишга уринаётганди. Бу уриниш якунда испанларга нима берди: дадиллик, ишонч, ҳурмат, жаҳон етакчилари билан тенглик... Аввалига Барселонада олимпия ўйинлари муваффақиятли ўтди, кейин «Реал Мадрид» ва «Барселона» сайёранинг энг кучли клубларига айланишди, мамлакат термаси Европа ҳамда жаҳон чемпионатларида ғалаба қозонди... Рафаэль Надаль, Фернандо Алонсо ва NBA баскетболчилари - барча-барчаси Испания рейтингини оширди. Қатар ҳам шунга интилмоқда».

Назарий ғоя бўйича Қатар билан ҳам худди шундай бўлиши керак: спортга халқаро эътироф томон йўл очиш воситаси сифатида қаралмоқда. Бироқ Қатарда аҳоли оз ва терма жамоа фақат «табиий танлов»га таянолмайди. Боз устига, мамлакатда яшаш шароити ўта енгил ва энг «чанқоқ» футболчиларгина юқори савияга чиқишлари мумкин. Бошқаларга оғир ва тинимсиз машғулотларга беписанд қараш халақит беради. Шунинг учун ҳам, футболга масъул кишилар иқтидорларни топишга қаратилган улкан дастур ишлаб чиқишган: Aspire Football Dreams доирасида Африканинг ғарбий қисми, Марказий Америка ва Осиёнинг жанубий-шарқий қисмидаги 500000 бола кузатувга олинади. Улардан энг яхшиларига Доха ёки Сенегалдаги академияда таҳсил олиш таклиф қилинади. Бу битта шубҳани юзага келтиради: қатарликлар ўз жамоаларини маҳаллийлаштирилган футболчилар билан кучайтиришни ўйлаяптиларми? Бироқ Бравонинг айтишича, хорижликларга шу мақсадда Қатар паспортини бериш кўзда тутилмаган. ФИФА қоидалари кўра, футболчи мамлакат термасида ўйнаш учун 18 ёшга тўлганидан сўнг у ерда 5 йил узлуксиз яшаши лозим. Шуни ҳисобга олсак, Қатарда ЖЧ-2022гача 7 йил вақт бор. Лекин Браво бу борада қатъий фикр билдирди: «Йўқ, биз айнан Қатарда туғилган футболчиларга эътибор қаратамиз. Ёхуд ота-оналари Қатарда туғилганларга. Қисқаси, терма жамоага қоида бўйича Қатар шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга иқтидорларнигина жалб этамиз. Дейлик, Африкадан футболчи олиш ниятимиз йўқ».

Айни пайт Aspire скаутлари мамлакатдаги мактаблар бўйлаб юриб, 6 ёш ва ундан катта иқтидорларни  аниқламоқдалар ҳамда ҳар бир бола ҳақидаги маъломотларни яхлит базага жойлаяптилар. Болалар 11 ёшга тўлгач, улардан 400 нафарини академиянинг тайёрлов жамоаларига танлаб олишади. Шунингдек, энг яхши 25 нафар болага йиллик стипендия тайинланади. Академияда тарбияланувчилар кунига 10 соат қатъий назорат остида бўлишади. Бу вақт оралиғида 2та амалий машғулот бор ва инглиз, испан, француз тиллари ҳамда математика фани ўқитилади. Табиийки, Ислом фани ҳам. Катта ёшли болалар кечаси академияда қолишади. Уларнинг ётоқхоналари худди бизнес-отелга ўхшайди. Муассаса деворларига жарангдор шиор осиб қўйилган: Aspire today. Inspire tomorrow (маъноси - «Бугун интил. Эртага илҳомлантир»).

* * *

- Қатар U-23 термаси дарвозабони Муҳаммад Ҳуссайн 22 ёшда. Унинг бўйи деярли 2 метр. Қисқаси, Муҳаммад ушбу позицияга мос келувчи камсонли қатарликлардан биридир. Aspire тарбияланувчиси мулойимлик билан футбол ўйнашни 8 ёшидан бошлаганини айтиб берди. Кўп ўтмай, уни клубга тавсия этишган. Бироқ ота-онаси спорт билан шуғулланишига қарши чиқишган. Тўғри, айни пайт ЖЧ-2022га тайёргарлик жараёни сабаб, мамлакатдаги умумий тушунча бироз ўзгаргач, уларнинг футболга муносабатлариижобийлашди. «Бўлажак турнирда иштирок этишим шарт. Мени ҳеч қандай омадсизлик ёки қи-йинчиликлар тўхтатолмайди. Асосийси - 2022 йили нима бўлиши», - дейди дарвозабон.

* * *

- Жаноб Алеэлдин - мисрлик муҳандис. У Қатарга 2003 йили бутун оиласи билан кўчиб ўтган. Ўғиллари - Аҳмад ва Муҳаммад Aspireда таҳсил олишган ва айни пайт Санчес жамоасида тўп суришмоқда. Алеэлдиннинг айтишича, Қатарда футболга муносабат тамомила ўзгарган. «Ҳозирда дейлик, муҳандисликдан кўра, футболчилик яхши. Умумий қараш ўзгарди. Айни пайт футболчиларда ҳамма нарса бор».

* * *

- Иқтидорли ўсмирлар шартнома тузишгач, бинойидек комиссион ҳақ олишади. Шунингдек, уларга машғулотларда қатнашганлари учун ҳам ҳафталик маош белгиланади. Бравонинг фикрича, бундай тажриба футболчилардаги «чанқоқлик»ка салбий таъсир ўтказади. Айтишларича, қатарлик болалар йилига чамаси 300 минг доллар топишади. Айримлари 800 минг долларгача олишлари мумкин. Бундай шароитда йигитларни жиддий ишлашга йўналтириш қийин. Боз устига, улар ўз ўринлари дахлсиз эканлигини яхши билишади. Ҳарқалай, ўринбосарлар оз, демакки, рақобат паст. «Футболчилар ҳамма нарсага эгалар. Шундай бўлгач, улар ортиқча жон куйдиришни хоҳламайдилар», - дейди Браво. Айтганча, Санчес бошқарувидаги жамоа Ғарбий Осиё кубоги ярим финалида камбағалгина ва уруш-низолар домида қолган Сурия термасига ютқазди.

* * *

- Ҳа, Қатарда моддий муаммо йўқ, аммо ўзига хос улкан босим бор. «Одамлар қатарлик футболчиларда ҳамма нарса борлигини, аммо улар муносиб савияни кўрсата олмаётганларини таъкидлашади, - дейди 19 ёшли Аҳмад Моэин (Санчеснинг фикрига кўра, айнан шу йигит жамоадаги энг иқтидорли футболчилардан биридир). - Бу табиий ҳолда босимни оширади». Моэин Қатарнинг футбол орзусида иштирок этиш учун бой оилада давру-даврон суришдан воз кечган. У 17 ёшидан Бельгиянинг иккинчи дивизиони иштирокчиси - «Эйпен» клубида тўп сурмоқда. Aspire Германия чегараси яқинидаги ушбу жамоани тўлиқ сотиб олган ва эндиликда ўзининг энг салоҳиятли тарбияланувчиларини унинг таркибига жойлаштиради. Дейлик, айни пайт «Эйпен»да қатарлик 6 нафар умидли футболчи шуғулланмоқда (дарвоқе, «Культураль Леонес» клуби ҳам айни шу мақсадда сотиб олинган).

Жамоа сардори Мусааб Хидирнинг соч турмаги Раҳим Стерлингникидан қолишмайди. У ҳам футбол туфайли баъзи нарсаларни қурбон қилганини таъкидлайди: «Дохада қуёш ботиши билан ёшлар савдо марказларига йўл олишади, кафе ёки кинотеатрларда кўнгилхушлик қилишади. Менга бу мумкин эмас. Зеро, отам олдимга қатъий талаб қўйган: «Яхши кийин, яхши овқатлан, яхши ухла. Аммо қизларни унут, дўстларинг билан беҳуда сайрларни ҳам». Хуллас, машғулот тугаши билан тушлик қиламан ва уйга қайтаман. Ҳарқалай, дўстларимдан узоқроқ юришга интиляпман. Чунки ЖЧ-2022 мен учун яхши имконият эканлигини яхши биламан. Тўғри, ҳозирча мундиалда бир неча дақиқа тўп суришни ҳам ақлимга сиғдиролмаяпман. Лекин тайёргарликка зўр беравераман. Қолгани Оллоҳнинг иродасига боғлиқ».

* * *

- Футбол тарихидаги энг яхши ярим ҳимоячилардан бири - Хави жарима майдони четида дарвозага зарба йўллаш бўйича йўл-йўриқ кўрсатмоқда. У шу йилнинг май ойида «Барселона» сардори сифатида ЧЛ кубогини боши узра баланд кўтарганди. Энди эса ЖЧ-2022гача Қатар футболига ёрдам бермоқчи. Шунинг баробарида «Ал-Садд»да ўйнаяпти - йилига 7 млн. фунт эвазига. Ёш футболчилар шундай юлдуз билан ёнма-ён шуғулланишаётганига ҳали-ҳамон ишонолмаяптилар. «Қатарга кўчиб ўтиш ҳаётимдаги энг яхши қарорлардан  бири, - дейди Хави. - Бу улкан футбол лойиҳаси. Барчаси ҳам мамлакат, ҳам футболчилар, ҳам янги авлод учун фойдали. Бу ерга 2 йилча ишлаб, қайтиб кетиш учун келганим йўқ. Кўряпманки, маҳаллий футболчилар савияси чакки эмас. Дейлик, ўта иқтидорли йигитлар етарли. Бироқ энди уларга ўйиннинг бошидан охиригача бир маромда тўп суришни ўргатиш лозим. Айни пайт футболчилар 20-30 дақиқа фаоллик кўрсатишади, кейин эса бирданига сусайиб қолишади. Тўғри, ҳозирда умумий ҳолат нисбатан яхши томонга ўзгарди». Хавининг айтишича, Қатар термасининг катта шов-шув кўтариши ҳеч гап эмас: «Қатарликлар нафақат бирорта ўйинда ғалаба қозонишлари, балки гуруҳ босқичидан ўтишлари ҳам мумкин. Улар энг яхши бўлишга интиляптилар ва асосийси, етарлича вақтга эгалар. Менинг ишим - Қатар футболига «тики-так» услубини сингдириш. Маҳаллий йигитлар шунчаки, ўйнашдан ташқари, ўйин моҳиятини тушунишларини хоҳлайман».

* * *

- Ўша оқшом Хави «Ал-Аҳли» стадионига йўл олиб, «Ал-Садд»ни сардор сифатида майдонга олиб тушди. Стадион атрофида африкаликлар кўп. Уларнинг эгниларида қатарликларнинг одатий либослари бор. Ҳар бири футбол мухлиси ролини бажаргани учун 30 риал (5,4 фунт) олади. «Бу ерда клублар мухлисларга зор, - дейди оппоқ либос кийиб олган кениялик қўриқчи. - Қатарликларнинг ўзлари эса футболни уйларида ёнбошлаб томоша қилишни маъқул кўришади. Бизга минимал ҳақ тўлашади. Лекин 30 риалга яхшигина овқатланиш мумкин».

* * *

- Қатар олдида турган асосий масала битта - яқин 7 йил ичида футболнинг аниқ ғоя доирасидан чиқиб, аҳоли ўртасида кенг тарқалишини таъминлаш. Хўш, моддий таъминот масаласи ҳал бўлган шароитда одамларда ўйинга муҳаббатни қандай шакллантириш мумкин? Ҳа, бу жуда оғир вазифа. Ахир об-ҳаво шароити, турмуш тарзи, маҳаллий маданият футболнинг кенг қулоч ёйишига барибир, халақит беради. Нима дердик, омон бўлсак, қатарликларнинг пул қудрати билан нималарга эришишларини ҳам кўрармиз...

А. АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 13:28, 12.12.2015.
Ўқилди: 10836 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.