Ўзбекистонлик футболчи Ҳусниддин Ғофуров айни пайтда Сербия Суперлигаси иштирокчиси “Явор Матис” клуби сафида ҳаракат қилмоқда.
Бугун серб Суперлигасида 21-тур учрашувлари старт олди. Ҳозиргина кун доирасидан ўрин олган қизиқарли ўйинлардан бири якунланди. Унда Иваницанинг “Явор” клуби “ОФК Белград” меҳмони бўлди ва кичик ҳисобда ғалабага эришди. Диққатга сазовор жиҳати шундаки, учрашув тақдирини ҳал қилган ягона голга ҳамюртимиз Ҳусниддин Ғофуров муаллифлик қилди. 21 ёшли ҳужумкор ярим ҳимоячи ўйиннинг 72-дақиқасида рақиб дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлди.
Мазкур ўйиндан сўнг “Явор” ҳисобидаги очколар сони 30 тага етди ва жамоа мусобақа жадвалининг 7-поғонасида бормоқда.