Кириш Регистрация
21/05 19:00 Бунёдкор 3-2 Локомотив
23/05 23:45 Кальяри - Фиорентина

Оливер Кан:«Менга кўпроқ Инзаги ташвиш туғдирган»

Баҳо:
+ | -

Индивидуал совринлар ҳақида гап кетганда кўз олдимизда саноқли дарвозабонлар гавдаланади. Улардан бири - Оливер Кан. Тўғри, голкиперлар орасида «Олтин тўп»ни қўлга киритиш фақатгина Лев Яшинга насиб этган, аммо Der Titan жаҳон чемпионатининг энг яхши ўйинчиси, деб тан олинган ягона посбон саналади.

Чемпионлар Лигаси ғолиби Япония ва Кореяда ўтган 2002 йилги жаҳон чемпионатида термасини финалга қадар етиб боришига кўмаклашди. Лекин бразилияликларни мағлубиятга учратиш немисларга насиб этмади. Кан мундиалнинг энг яхши ўйинчиси сифатида тан олинди. «Афсус, ўша финалда зафар қучишни хоҳлагандим», - деди «Бавария»нинг собиқ дарвозабони.

Бундеслиганинг саккиз карра чемпиони кейинчалик ФИФА талқинидаги жаҳоннинг энг яхши ўйинчиси бўлишга яқин келди, бироқ якунда бу номга Роналдо лойиқ кўрилди. Гарчи Каннинг наздида футбол жамоавий ўйин саналсада, ўша номинацияда ғолиб чиқиш унинг учун ўта муҳим аҳамият касб этганини билдирди. Яқинда FIFA.com сайти вакиллари ушбу дарвозабондан интервью олиб, унга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишди.

- Ўтган йили жаҳон чемпионатидаги ғолибликдан сўнг «Олтин тўп»га беш нафар немис футболчиси даъвогарлик қилишди. Улар орасида Мануэль Нойер ҳам бор эди. Якуний натижалар сизни ранжитмадими?

- Германияда Мануэль Нойер ва «Олтин тўп» борасида қандай гап-сўзлар урчиганидан хабарим бор. Менимча, бу совринга фақат бошқа амплуа вакиллари даъвогарлик қилишлари лозим, дарвозабонларни эса алоҳида тақдирлаш керак. Шундагина ортиқча саволларга ҳожат қолмайди, бу масалада тез-тез тортишувлар учрамоқда.

- Сиз ҳам 2002 йили шундай ҳолатга тушгандингиз...

- «Олтин тўп»ни қўлга киритиш ҳақида ўйламаганман. Мундиалнинг энг яхши ўйинчиси бўлганимдан сўнг ушбу совринга ҳам эришишим ақл бовар қилмас воқеага айланарди.

- Нима деб ўйлайсиз, ЖЧ-2002 финалидаги ҳисоб йил ўйинчисини аниқлашда аҳамият касб этганмиди? Чемпионликни қўлга киритганингизда, совринга эга чиқармидингиз?

- Албатта, юксак аҳамият касб этади. Жаҳон чемпионати, Евро ёки Чемпионлар Лигасида чемпион бўлиш - жиддий омил. Шунингдек, урилган голлар сони ҳам муҳим. Шу боис, Месси ва Роналду доимо номзодлар қаторидан ўрин эгаллашади. Бу футболчиларнинг ишқибозларга нечоғли улкан қувонч бахш этишаётганини унутмаслик даркор. Ҳаттоки, мен ҳам дарвозамни қўриқлаш асносида Зидан сингари юлдузларнинг ўйинидан завқ олганман. Улар шунинг учун ҳам совринларга лойиқ кўриладилар.

- Мадридда ўтган тақдирлаш маросими нимаси билан эсда қолган?

- Ёдимда, испаниялик ОАВ вакиллари «Ўзингизни «Реал» либосида тасаввур қила оласизми?», деб сўрашганида, уларга «Йўқ, ахир мен жаҳоннинг энг яхши клубида ўйнаяпман» қабилида жавоб қайтаргандим. Мен буни шунчаки ҳазил тариқасида айтгандим. Аммо улар гапларимни нотўғри тушуниб, мени такаббур шахс сифатида кўришганди.

- Ҳамиша жамоавийликка урғу бергансиз. Шуни инобатга олсак, шахсий ютуқлар сиз учун қандай аҳамият касб этган?

- Агар «Манчестер Юнайтед», «Барселона» ёки «Бавария» сингари топ клублар сафида ўйнамасангиз, нуфузли совринларни қўлга киритолмаслигингиз аниқ. Шундай экан, ҳамиша жамоадошларимдан миннатдор бўлганман. Баъзан қийин зарбаларни бартараф этардим, баъзида эса йигитлар мени қутқаришарди.

- Германия термасининг муваффақиятини одатда, бутун жамоа ҳисобига ёзишади. Сизнингча, мазкур ҳолат индивидуал сов­ринлар борасида муаммо туғдирмайдими? Ахир яхлит жамоадан муайян бир футболчини ажратиб кўрсатиш қийин-ку!

- Гарчи немислар ажойиб футболчиларга эга бўлсаларда, бизда Роналду ва Месси йўқ. Термада индивидуалистлар (Марио Гётце ва Месут Озил), аниқ вазифага эга камтар ўйинчилар ҳамда етакчилар ўзаро бирикиб кетишади. Бу эса Аргентина сингари бир футболчи ҳисобига ўйин ташкил этадиган терма жамоаларга қарши баҳсларда муҳим аҳамият касб этди. Германия термасида ҳеч нима ўз-ўзидан пайдо бўлмайди, қайсидир моделни яхши ёки ёмон, дейиш фикридан йироқман. Шунчаки, ҳамюртларимиз сўнгги жаҳон чемпионатида ўта кучли жамоавийлик эвазига зафар қучдилар.

- Орзулар жамоаси тузсангиз, дарвозага кимни қўярдингиз: Мануэль Нойерними ёки Оливер Канни?

- Қийин савол. Уларни бир таймдан ўйнатардим. Кимнидир биринчи рақамда кўрсатмасдим: формаси яхши бўлган майдонга тушаверади.

- Сизга қарши ўйнаган энг кучли ҳужумчи?..

- Бу саволга жавоб бериш ҳам доимо мураккаблик туғдиради. Мисол учун, ўзининг жисмоний етуклиги ва тезлиги эвазига йўқ жойдан қулай вазият ярата оладиган Роналдога қарши ўйнаганман. Шунинг­дек, майдонда яна бир маҳоратли форвард - Тьерри Анрига тўқнаш келганман. Франциялик ҳужумчи жуда чиройли ўйнаб, рақиб жарима майдонида ўзини ҳар томонлама кўрсата биларди. Лекин менга Филиппо Инзаги кўпроқ ташвиш туғдирган. Уни пайқаш қийин эди, Пиппонинг майдонда борлиги сезилмасди, шунга қарамай, доимо ўйин охирида ўз номини таблога ёздириб қўярди.

- Фаолиятингизни қайтадан бошлаш имконияти туғилса, ниманидир ўзгартирармидингиз?

- Потенциал - фаолиятимдаги асосий омилга айланди. Ёшлигимда унчалик иқтидорли эмасдим. Бош­қа футболчилар сингари Германиянинг турли ёшдаги термаларида ўйнамадим. У пайтлари академиялар йўқ эди, машғулот ўтказишга ҳар доим ҳам шароит топилавермасди. Шундай экан, ниманидир ўзгартирмасдим, зеро потенциалимни максимум даражада ишга солганман. «Карлсруэ»да ёшлар жамоасидан ҳаваскорлар сафига қўшилдим, ке­йинчалик эса профессионал футболчи сифатида ўйнадим. Ўшанда клубимизнинг УЕФА кубоги ярим финалга етиб боргани менинг омадим эди. Шу орқали «Бавария» эътиборини тортдим ва секин-аста миллий терма жамоага жалб этилдим. Фаолиятим босқичма-босқич ривожланди, чўққини дарҳол забт этмаганим ўзимнинг фойдамга ишлади.

- Бутсаларингизни михга илганингиздан кейин қанчалик ўзгардингиз? Аввалгидек фаолмисиз, меҳнатсеварлигингиз сақланиб қолганми?

- Анча ўзгардим. Албатта, футболчилик фаолиятимда орттирган сифатларим, айниқса, мақсад сари курашиш ва тартиб-интизомга риоя этиш кейинчалик менга асқотди. Авваллари кўпинча бақиришга тўғри келарди. Илк мураббийим Винфрид Шафер ҳар доим шундай дерди: «Голкипернинг майдонда борлигини ҳамма пайқаши лозим, у шерикларига баланд овозда кўрсатма бериши керак».

- Қачонлардир Оливер Канга ўхшаган дарвозабон яна учрармикан?

- Бугунги йигитлар бошқачалар, уларнинг аксарияти академиядан мутлақо ўзгача тажриба билан келишади. Мен боримни бериб ўйнашга интилишим оқибатида эҳтиросларимни жиловлай олмасдим. Бу масалада Дортмунддаги воқеа ёки Энди Херцог билан бўлиб ўтган ҳолатни эсга олиш кифоя. Қизиғи, бундеслигада камдан-кам ҳолларда тартибни бузганман, аммо улар мухлислар ёдида сақланиб қолган. Қанчалик иқтидорли спортчи эканлигингиз унчалик аҳамиятли эмас, ўзини аямай ўйнашни ўрганмай туриб чўққини забт этиб бўлмайди.

- Замонавий футболчиларнинг қай бирида шундай салоҳият борлигини пайқадингиз?

- Ўтган йили чемпионликни қўлга киритган ўйинчиларнинг барчасини шу тоифага киритиш мумкин, улар бардошлилик борасида мени ортда қолдиришган. Бу - бошқа авлод, ҳар бирининг ўзига хос кучли ва кучсиз тарафлари бор, улардан ниманидир ўрганиш мумкин. Ёшлигимда жамоанинг нисбатан тажрибалироқ аъзолари билан муросага келиш қанчалик мураккаблик туғдиргани ҳамон ёдимда. Ҳозиргиларда эса бу ҳолат нисбатан енгилроқ кечади. Бизнинг пайтимизда ёши катта йигитлар таркибдаги жойини сақлаб қолиш учун тез-тез қўполлик ишлатишарди. Ўша кезлари профессионалликка эришиш учун кўп чиғириқлардан ўтишга тўғри келарди. Ҳозир эса вазият анча юмшаган.

- «Карлсруэ»да ким биландир шундай ҳолга дуч келганмисиз?

- Аниқ исмларни ошкор этишни хоҳламайман, ҳаммаси ортда қолди. Ҳар бир 18 ёшли футболчи дастлаб сумка ва тўпларни ташиш билан шуғулланади. 20 ёшимда массаж олиш учун борганимда менга «Бир-икки йилдан сўнг келасан, мазкур муолажа фақат тажрибали футболчиларга мўлжалланган», дейишганди. Бугун эса бу каби муаммолар учрамайди.

- Сизнингча, Пушкаш совринини қандай ҳолатда урилган голлар учун тақдим этиши керак? Киритилган тўп нимаси билан ўзига хослигини сақлаб қолади?

- Энг аввало, қайтариш мушкул бўлган тўпни инобатга олиш даркор. Ҳар куни учрамайдиган вазиятда урилган голни энг яхши, деб ҳисоблайман. Айниқса, менга беш-олтита узатмалар комбинациясидан сўнг киритилган тўплар ёқади. Бундай дурдоналарни кузатиш - роҳатнинг ўзгинаси.

- Нима деб ўйлайсиз, йилнинг энг яхши «сейви» учун соврин ажратиш керакми?

- Менимча, шундоқ ҳам мукофотлар кўп. Ўзимга қолса, бироз хотиржамликка берилиб, худди кинематографиядагидек йилига бир-иккита соврин билан чекланишни лозим топардим.

- Фаолиятингиздаги энг яхши «сейв»ингиз?

- Ўйлашимча, уни дастлаб ҳеч ким пайқамаган. Чемпионлар Лигаси доирасидаги «Селтик»ка қарши баҳсда рақиб ўйинчиси чамаси саккиз метр узоқликдан зарба йўллаганди. Ўшанда бармоқларимнинг учини ишга солганимдан сўнг тўп рикошет туфайли тўсинга тегиб қайт­гач, шеригим уни жарима майдончасидан узоқлаштирганди. Секинлаштирилган тасвирда кузатилмаса, вазиятнинг нечоғли мураккаб эканини англаш қийин. Ушбу воқеа гуруҳ босқичида содир бўлганига қарамай, ўша «сейв» хотирамда сақланиб қолган.

- Ўз тарихингиздаги энг яхши «сейв»-чи?

- Айни дамда бирорта вазиятни эслолмайман, аммо энг хунук ҳолатда ўтказиб юборган голим ёдимда. Бу ҳам Чемпионлар Лигасининг 1|8 финалида Мадриднинг «Реал» клубига қарши ўйинда содир бўлган. Уйда - «Олимпиштадион»да, 15 даража совуқда ўйнаганмиз. 80-дақиқага келиб жамоамиз 1:0 ҳисобида олдинда бораётганди. Ўшанда совуқ таъсирида қотиб турганимда Роберто Карлос чамаси 35 метрлардан кучсиз зарба йўллади. Тўп йўлига тўғаноқ бўлишга интилдим, аммо у қўлларим остидан ўтиб, дарвоза тўридан жой олди. Стадионга сукунат чўмди. Авваллари ҳеч қачон бундай шармандали ҳолатга тушмагандим.

Манба: Football.ua,

Ў. УМАРОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:12, 13.12.2015.
Ўқилди: 2863 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.