Бу мавсум ҳам Англия футболида якунига етди. "Манчестер Сити" ўз тарихида кетма-кет 4 марта чемпионликка эришиб, рекорд ўрнатди. Ҳали янги АПЛда бунақаси рўй бермаган эди. Шунингдек, бунда "шаҳарликлар"га охиригача кун бермаган "Арсенал"ни ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз. Мавсумнинг 38 турлик якуний жадвали маълум. Аммо бу жадвал VAR асосида шаклланган. Июнь ойида эса мусобақанинг барча 20 та клуби VARни турнирдан олиб ташлаш борасида овоз беришади. Хўш, агарда видеотакрор тизими бўлмаганида, АПЛ жадвали қандай кўриниш олган бўларди. Бу ҳақида қуйида фикр юритамиз.
"Ньюкасл Юнайтед" якунига етган мавсумнинг энг катта VARдан зарар кўрган клубига айланиши мумкин. Ҳа, Эдди Хау шогирдларида ҳали ҳам Европа Конференсиялар лигасида ўйнаш имконияти мавжуд. Аммо бунинг учун 25 май куни Уэмблида "Манчестер Юнайтед" "Манчестер Сити"га кубокни бой бериши керак бўлади. Агарда VAR бўлмаганида эди, ҳозир "Ньюкасл" аллақачон еврокубоклардан бирига йўлланма олган бўларди. "Арсенал" эса, гарчанд видеотакрорсиз 1 очко кўп тўпласа ҳам, бу чемпионлик учун етарли бўлмасди. SunSport нашри мавсум давомида VAR аралашиб, ўзгартирилган қарорларни таҳлил қилиб чиқди. Унга кўра, агарда видеотакрор бўлмаганида ҳам, АПЛнинг кучли тўртлиги ўзгаришсиз қоларди. Лекин "Астон Вилла" "Тоттенхэм"ни 2 очко эмас, балки 4 очко ортда қолдириб кетган бўларди.
"Ньюкасл" "Челси" билан очколар борасида тенглашиб олиб, голлар нисбатига кўра 6 ўриндан жой оларди. Бу эса, ўз навбатида, энди "Челси"нинг "МЮ" мағлубиятини кутишга мажбур қиларди. Турнир жадвали қуйисидаги 3 та жамоа номи ҳам VARсиз ўзгармасди. Аммо "Лутон Таун" фақат голлар фарқи сабаб Чемпионшипга йўл олган бўларди.
"Брайтон" тизим сабабли 5 очко йўқотгани маълум бўлди. Аммо жадвалда бу фақат 1 та поғона юқорилашни англатади холос. "Эвертон", "Ноттингем" ва "Фулхэм" VARдан мавсум давомида 3 очколик "зарар" кўргани очиқланди.
"Вулверхэмптон" клуби VARдан энг кўп азият чеккан клублардан биридир. "Бўрилар" жами 7 бор VAR аралашуви сабабли зарар кўрган. "Челси" билан видеотакрор тизими аралашувига оид жами 17 та ҳолат мавжуд бўлиб, улардан 7 таси жамоа фойдасига, 10 таси эса зарарига ишлаган.
"Фулхэм" ва "Ноттингем" VARсиз 5 очкодан айрилган бўларди. "Манчестер Сити" эса доимгидек VARдан яхшигина фойда кўрган. "МЮ" натижаси 1 очкога яхшироқ бўларди, агарда VAR бўлмаганида. "Қизил иблислар"га 5 бор қарши қарор қабул қилинган. Шунингдек, 5 марта Эрик тен Хаг шогирдлари тизимдан фойда ҳам кўришган. "Ливерпуль" видеотакрорсиз анча қийналиб қолишини VARсиз жадвалдан билиб олишингиз мумкин. "Бёрнли" ва "Брайтон"га бу тизим на фойда, на зарар келтирган.
ИСМАТОВ Ж.