Бугун Қатар Юлдузлар Лигасида супер тўқнашув бўлиб ўтади. Таркибида ҳамюртимиз Сардор Рашидов ҳаракат қилаётган “Ал-Жаиш” ўз майдонида қитъа миқёсида анчагина обрў-эътиборга эга бўлган “Ас-Садд”га қарши баҳс олиб боради.
Хўш, “Ал-Жаиш” Хавидек жаҳонга машҳур футболчи сардорлик қилаётган “Ас-Садд”ни енгга оладими? Бу борада тобора “Жаиш”нинг етакчиларидан бирига айланиб бораётган Сардор Рашидовнинг фикрлари билан қизиқдик.
— Сардор, олдинда жамоангизни анчагина қийин учрашув кутиб турибди. Шундай эмасми?
— Ҳа, биз бу турда “Ас-Садд”га қарши баҳс олиб борамиз. Ўйин осон ўтмаслиги тайин. Зеро, “Ас-Садд” – жуда кучли жамоа. Унинг таркибида бир қатор маҳоратли футболчилар бор.
— Юлдузлар Лигасининг бошқа иштирокчилари ўйинини ҳам кузатиб бораётганингиз тайин. Бу галги рақиб жамоа кўрсатаётган ўйинга қандай баҳо бера оласиз?
— “Ас-Садд” секин-аста ўз ўйинини кучайтириб бормоқда. Бу клуб ўтган турда мусобақа жадвали карвонбошиси “Ар-Райян”ни мағлуб этди. “Райян” бу йил фақат бир бор мағлуб бўлди, у ҳам бўлса айнан “Ас-Садд”дан учралган мағлубият. Шунинг ўзиёқ рақибнинг ҳар томондан шаклланган жамоа эканини кўрсатиб турибди.
— “Ас-Садд” таркибида Хавидек юлдуз футболчи тўп суради…
— Хави – жаҳон даражасидаги юлдуз футболчи. Уни барча хурмат қилади. Аммо майдонда ҳамма бир хил. Агар ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, жамоавий ўйин кўрсатса, ҳар қандай клубни ҳам мағлуб этса бўлади.
— “Ал-Жаиш” Юлдузлар Лигасининг сўнгги 3 та турида мағлуб бўлди. Бу нима билан боғлиқ?
— Биз мавсумни жуда яхши бошлагандик. Чемпионат аввалиданоқ мусобақа жадвалида етакчилар қаторида келяпмиз. Аммо охирги ўйинларга келиб, 2 нафар марказий ҳимоячимиз жароҳат олиб қолишди. Уларнинг йўқлиги эса ҳимоямизда бўшлиқларни юзага келтирмоқда ва шу сабабли ҳам кутилмаганда ўтказиб юборилган голлар туфайли охирги ўйинларда мағлуб бўлдик. Аммо мағлубият ҳам футболнинг ажралмас қисми. Бир кун ютасан, бир кун эса мағлуб бўласан…
— “Ас-Садд” билан ўйинда ҳам бир қатор етакчи футболчилар ўйнай олишмайди. Бу жамоангизга панд бериб қўймасмикан…
— Айтиб ўтганимдек, асосий ҳимоячиларимиз жароҳат олишган. Қолаверса, яна 2 нафар асосий таркиб аъзолари карточкалари сони кўпайиб кетгани боис бу гал ўйнай олишмайди. Шунингдек, ўтган турда жамоамиз сардори – Весам Ризиқ ҳам жароҳат орттириб олди. Гувоҳи бўлаётганингиздек, “Ал-Жаиш”да йўқотишлар бор. Мураббийларимиз таркибдаги қолган футболчилардангина фойдаланишга мажбур. Биз шерикларимизнинг йўқлигини билинтирмаслик учун ҳам ҳаракат қиламиз.
— Айни пайтда чемпионат тўпурарлари орасида бормоқдасиз. Мухлислар сиздан бу сафар ҳам гол кутишмоқда…
— Айтиб ўтганимдек, жамоамизда ҳозир анчагина жиддий йўқотишлар бор. Биздан эндиликда икки баробар куч билан ўйнаш талаб этилади. Мен ҳам қўлдан келганча жамоамга ўз голларим билан ёрдам беришга интиламан. “Ал-Жаиш”нинг ғалаба қозониши учун бор кучимни ишга соламан. Умид қиламанки, “Ас-Садд”га қарши муносиб ўйин кўрсата оламиз.
Зоҳирбек Акрамхонов суҳбатлашди