Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Ношудликдан юлдузликкача ёхуд Маҳрезнинг катта "саҳна"га чиқиши хусусида

Баҳо:
+ | -

«Лестер» ҳамда Жазоир терма жамоасининг иқтидорли ҳужумчиси Риёд Маҳрез ўз фаолияти давомида эпсиз ўсмирликдан ёрқин юлдузликкача бўлган йўлни босиб ўтди. «Изланганга толе ёр» мақолининг нечоғли ҳақ эканлигига футболчининг шиддатли парвози яққол мисол бўла олади.

«Агарда шанба оқшомида дарвозамиз дахлсизлигини сақлай олсак, шогирдларимни пицца билан сийлайман, эҳтимол, хот-догга ҳам эрирман»,-деганди Клаудио Раньери «Лес­тер»-«Сток Сити» учрашуви арафасида. Унинг жамоаси мавсумни ўта кўтаринки руҳда бошлаган, қаторасига 5та учрашувни мағлубиятсиз ўтказиб, 2-ўринда бораётганди. Аммо ўша учрашувларнинг 3тасида биринчи бўлиб ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишганди. Ўз уйидаги «Астон Вилла» билан бўлган ўйиндан кейин Раньери ўз шогирдларини юқоридаги ваъда билан эҳтиёткорликка даъват этганди. Тўғри, ўшанда «Лестер» «Вилла» дарвозасига 3та гол урди. Бироқ ўйин тугашига 20 дақиқа қолганида 0:2 ҳисобида имкониятни бой бераётганди. «Сток»ка қарши баҳс ҳам бунданда ҳаяжонлироқ тарзда кечди: Арнаутович кескин тўп узатиш эвазига Раньери ҳимоясини доғда қолдириб, Кркичга дарвозани ишғол қилиш имкониятини туҳфа этди. Кейин кутилмаганда жамоа сардори Уэс Морган тўпни Уолтерсга олдириб қўйди. Шмейхел билан бирма-бир вазиятга чиққан ҳужумчи иккинчи голни урди. Ўшанда ўйиннинг атиги 20 дақиқаси ортда қолганди. Бироқ бу сафар ҳам «Лестер» мағлубиятдан қутулиб қолди: танаффусдан сўнг Риёд ўта нозик узатма билан Дринкуотерни жарима майдончасига олиб кирди, ҳимоячилар уни йиқитишди. Маҳрез эса пенальтини совуққонлик билан амалга оширди. Кейин у ҳаводаги тўп учун курашда 2 нафар ҳимоячидан устунлик қилиб, Жейми Вардини қулай вазиятга чиқарди. Тўпурарлар етакчиси вазиятни қўлдан бой бермади.

Тўғри, «Лестер» ўйинчилари ўша оқшом пицца ва хот-догдек тансиқ таомдан бенасиб қолишди. Лекин жамоа 2-поғонани сақлаб қолди. Унинг жазоирлик афсунгари эса мавсумнинг бош кашфиёти унвони сари яна бир салмоқли қадамни ташлади.

- Парижнинг шимолий қисмида қад ростлаган Серсел мавзесининг ҳар қайси кўп қаватли уйларида Риёд Маҳрезга ўхшаган иқтидор соҳиблари Клаудио Раньери фаолият юритган клублар сонидан кўпроқ, десак муболаға бўлмасди. Ёш Риёд ҳам тўп билан доимо уйда ёки кўчада антиқа финтларни кўрсатар, лекин маҳаллий жамоа кўригида ўз маҳоратини намойиш этишга дангасалик қиларди. Боиси, у ерга қабул қилгудек бўлишса, ҳар куни икки мартадан машғулотларга қатнашиши, агар кечикиб келса, жарима сифатида стадион бўйлаб бир неча марта югуриши лозим бўларди. Боз устига, бу кўргиликдан кейин майдонга тушиш-тушмаслиги ҳам номаълум эди. Шу сабабли Риёд укаси Воҳид ҳамда қўшни тенгқурлари билан мустақил машқ қилишни афзал кўрарди. Маҳрезнинг онаси марокашлик, отаси эса жазоирлик бўлиб, улар Парижда танишишганди. Аҳмад Маҳрез ўша пайт пойтахтдаги ҳаваскор клубларда тўп сурган, насиб қилса қачонлардир ўз фарзандини «Марсел»да тўп суришини орзу қилганди. Чунки эр-хотин шу жамоанинг мухлиси бўлишган...

Хуллас, Гари Линекер раҳбарлигидаги консорциум 2003 йили «Лестер»­ни 30 млн.лик қарзидан халос этиб, АПЛга олиб чиққанида, ёш Риёд отаси Аҳмад билан Серселдаги Нельсон Манделла номидаги спорт марказига йўл олди. Бу мавзедан чиққан энг машҳур футболчи Филипп Кристанваль бир йилдан кейин марказга сунъий газон ҳадя этди. Риёд ана шу масканда таҳсил олиши лозим эди. Бироқ болакайнинг финтлари «Серсел»нинг техник директори Муҳаммад Кулибалини қониқтирмади. Бунинг устига, 12-16 ёшли пайтида табий ривожланишдан анча ортда қолган, тенгдошларига нисбатан жуда бемажол эди. «Мен шунчалик кичик ва нимжон эдимки, ҳар қайси футболчи тўпни осонлик билан мендан олиб қўярди», - дея ҳикоя қилганди кейинчалик Риёд The Observer мухбири Пол Дойлга. Шу сабабли нозик жуссали Маҳрез фақат тўп билан ўйнашга интилар, тўқнашувлардан ўзини олиб қочарди. Қолаверса, футболни ўз келажаги сифатида эмас, шунчаки эрмак ўрнида тушунарди. Чунки отаси профессионал футболчи бўлмаса ҳам, бинойидек ҳаёт кечираётганди. Лекин орадан 3 йил ўтгач, ҳаммаси ўзгариб кетди - юрак хуружи туфайли бевақт оламдан кўз юмган отаси ўлими олдидан кенжатойининг албатта, футболчи бўлишини ва ягона орзусини рўёбга чиқаришини васият қилади. Жудолик Риёдни уйқудан уйғотгандек булди. Албатта, жисмоний қудрати ва маҳоратини оширишга ҳам жиддий эътибор қарата бошлади. Энди футбол унинг учун оддий эрмак эмасди. «Серсел» ўйинчиси Ги Нгонголо собиқ жамоадоши хусусида шундай ҳикоя қилади: «Ўйин ва машғулотлардан кейин Риёд залда қолиб, эрталаб соат 4:00гача тер тўкиб, машқ қиларди».

Шу тариқа Маҳрез 17 ёшида жамоанинг етакчи футболчисига айланди. Лекин «Серсел»дек камтарин жамоадаги муваффақият ота орзусини рўёбга чиқариш учун албатта, камлик қиларди. Маҳрезнинг болаликдаги дўстларидан бири - Софьян Сегирининг гувоҳлик беришича, Риёд нуфузлироқ жамоанинг кўригидан ўтиш учун дунёнинг исталган бурчагига боришга тайёр эди: «Бир куни кечқурун Риёдга бир гуруҳ футболчилар кўрикдан ўтиш учун Шотландияга учиб кетаётгани ҳақида хабар беришди. У ҳатто қайси жамоага таклиф этишаётганини ҳам сўраб ўтирмади. Самолёт 21:00да Бовэ аэропортидан учишини аниқлагач, спорт либослари ва бутсасини олиб, ўша ёққа учди». Афсуски, шунга ўхшаш барча уринишлар ҳеч қандай натижа бермади. Дарвоқе, бундан 6 йил муқаддам 4-дивизионда тўп сурадиган Бретаннинг «Кемпер» ҳаваскорлар клубидан ҳам таклиф тушганди - жамоага тезкор чапақай ҳужумчи керак бўлиб қолганди. Бироқ мутасаддилар Маҳрезни Бретанга ўз ҳисобидан бориб-келишини, бундан ташқари,яна 25 нафар даъвогар кўрикдан ўтишини айтиб, огоҳлантиришганди. Бир йилдан кейин эса 2-лига аъзоси «Гавр»нинг ўринбосарлар жамоаси сафига таклиф этишди. Бир қарашда эътиборга арзимайдиган вариант. Лекин нима бўлганда ҳам «Серсел»дан мартабалироқ! Қисқаси, «Гавр»даги 4 йил мобайнида Риёд 4 нафар мураббийдан сабоқ олди, жисмонан улғайди, ақл билан тўп суришни ўрганди. Бундан 2,5 йил аввал у шундай деганди: «Мен ғайритабиий тараққиёт йўлини босиб ўтдим. Ҳеч қачон нуфузли футбол мактабларида таҳсил олмаганим боис, бу касбга бўлган муносабатим ўзгача - футбол мен учун машаққатли меҳнат эмас, лаззатланиш манбаи. Ҳар куни янада юксалишга интиламан. Ниҳоят қачондир Франциянинг энг кучли дивизионида тўп суриш орзусидаман».

Бундан 20 ой муқаддам Маҳрезни «Лестер»га таклиф этишгач, унинг юқоридаги орзулари Юқори Нортмандиянинг шамоли билан қаёққадир учиб кетди. Тўғри, аввало онаси, қолаверса, акаси ва яқин дўстлари, ҳаттоки, агенти ҳам шафқатсиз чемпионшипдан воз кечишга чақиришди. Гаврда қолиб, юксак техника кўпроқ қадрланадиган Испаниядан таклиф кутишни маслаҳат беришди. Бироқ ёшликдаги нотавонликни аллақачон енгиб ўтган Риёд фикридан қайтмади - 450 минг евро тўлаган «Лестер»га йўл олди. Туманли ўлкадаги биринчи оқшомни қандайдир курси устида тик турган ҳолда инглизча қўшиқ куйлаш (жамоада шундай удум бор) билан ўтказди. Эртасига жамоа ўринбосарлари сафида «ВБА» дарвозасига гол урди, бир ой ўтгач асосий таркиб билан АПЛ йўлланмасига эга бўлди. Бундан ташқари, Жазоир терма жамоаси сафида Бразилия мундиалида тўп сурди. «Тулкилар»нинг ўша пайтдаги устози Найжел Пирсон янги шогирдига кўп дакки берган бўлсада, охир-оқибат унинг иккинчи-отаси бўлиб қолди - Риёдни АПЛнинг шафқатсиз муҳитига кўниктирди, қўпол ҳимоячиларга қарши дадил ҳаракатланишни ўргатди. Пирсоннинг истеъфоси Маҳрез учун жиддий йўқотиш бўлди. Бироқ Клаудио Раньери уни чинакам юлдузлар оламига олиб чиқди. Риёд дастлабки 6 учрашувда 5та гол уриб, «гол}пас» тизими бўйича Варди ҳамда Пелленинг ёнида бормоқда.

Сентябрь ойининг охирида «Лестер»нинг жорий мавсумдаги биринчи ва охирги мағлубияти («Арсенал»-2:5)дан кейин Риёд ўз «Твиттери» орқали жамоа мухлиси Эдди Холтдан мактуб олди: «Менинг ўғлим Дилан - сенинг энг митти мухлисинг. Унинг илк бора тилга олган ибораси «Маҳрез» бўлди». Футболчи учун бунданда ёқимлироқ мукофот бўлмаса керак. Ҳар ҳолда, пицца ва хот-догдан қимматлироқ экани аниқ. Албатта, Риёд Маҳрездек ёш иқтидор соҳибининг юксак манзиллари ҳали олдинда. Бироқ у АПЛдек нуфузли чемпионатда етакчилар сафида бораётган жамоада муносиб тўп суриш билан марҳум отаси орзусини рўёбга чиқарганига шубҳа йўқ!

Манба: Sports.ru,

А. АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:11, 14.12.2015.
Ўқилди: 3101 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.