Сер Алекс Фергюсон жаҳон футболи тарихидаги энг кучли мураббийлар учлигига киришига ҳеч ким шубҳа қилмаса керак. Биз сер Алекснинг ҳаёти, футболчилик ва мураббийлик фаолияти ҳақидаги 20 ҳақиқатни эътиборингизга хавола этамиз.
1. Туғилган вақти
Александр Чепмен Фергюсон 1941 йилнинг 31 декабрида таваллуд топган. Отаси кема қурувчиси ёрдамчиси Александр Битон Фергюсон, онаси Элизабета Фергюсон.
2. Ёш раҳбар
Фергюсон болалигида мактабдан кейин мустақил ишлаб, нон учун пул топишга қарор қилган. Дастлаб “Ремингтон Ренд” компаниясида ускунасозга шогирд бўлади. Бироздан сўнг эса, ускунлар омборига раҳбар этиб тайинланган.
3. Турмуш ўртоғи
Александр 1966-йилда иш ташлаш маросимларидан бирида севгилиси – Кети Холдингни учратди. У Кетини биринчи кўргандаёқ севиб қолган экан. Алекс ва Кети ўша йилнинг 12 март санасида тумуш қуришди.
4. Фарзандлари
1968 йилда Алекс ва Кети фарзандли бўлишди. Улар тонғич фарзандига Марк деб исм қўйишди. Орадан 4 йил ўтгач эса севишганлар эгизак фарзандли бўлишди. Эгизаклар Даррен ва Жейсон исмини олишди.
5. Футболчилик фаолияти
Александр футболчилик фаолияти давомида 6 та жамоа таркибида тўп сурди. 1958-1960 йилларда “Куинз Парк” (31 ўйин – 11 гол), 1960-1964 йилларда “Сент-Джонсон” (47-21), 1964-1967 йилларда “Данфермлин Атлетик” (138-93), 1967-1969 йилларда “Рейнжерс” (68-36), 1969-1973 йилларда “Фалкирк” (111-46), 1973-1974 йилларда эса “Эйр Юнайтед” (28-10) жамоаси таркибида тўп сурган. Футболчи Фергюсон 423 учрашувда майдонга тушиб ўз ҳисобига 217 та гол ёздириб қўйишга муваффақ бўлган.
6. Фергининг бари
1974 йилда фаолиятини якунлаган Ферги ўзини янги соҳада синаб кўришга аҳд қилди. У Глазгода ўзига шахсий бар очди ва унга Fergie’s, деб ном берди.
7. Мураббийликка илк қадам
Бар иши Фергига тўғри келмаслигини тушуниб етди. У “Ист Стерлингшир” билан шартнома тузди. Бу пайтда жамоа таркибида атиги 8 нафар футболчи бор эди. Клубда ҳаттоки дарвозабон ҳам бўлмаган. Шундай бўлса ҳам Алекс тушкунликка берилмай, ишлашда давом этган. У бу жамоада атиги 4 ой ишлади.
8. “Сент-Миррен”
Фергюсонни 1974 йилнинг октябрьида “Сент-Миррен”га таклиф қилишди. Гарчи бу клуб қуйи дивизионда “Ист”дан пастроқ поғонани эгаллаб турган бўлса ҳам, бироз обрўлироқ эди. Алекс 1976/77 йилги мавсумда “Сент-Миррен”ни биринчи дивизон ғолибига айлантириб, юқори элитага олиб чиқишга муваффақ бўлди. 1978-йили “Миррен” кутилмаганда Фергини ҳайдади. Бунга сабаб сифатида эса футболчиларга қонунга зид равишда маош берилгани, шартнома бандлари бузилгани асос қилиб кўрсатилган. Кейинчалик клуб раҳбарлари Фергюсон “Абердин” билан музокара олиб боргани учун уни истеъфога чиқаришганини эълон қилишди. Алексни хайдаган ягона клуб айнан “Миррен” бўлиб қолди.
9. “Абердин”
Фергюсон 1978 йили “Абердин” мураббийи сифатида таништирилди. Алекс ушбу жамоани 8 мавсум давомида бошқариб, 3 марта Шотландия чемпионлиги, 4 бора Шотландия кубоги, бир мартадан Шотландия лига кубоги, Кубок эгалари Кубоги ва УЕФА суперкубокларини қўлга киритди. Шотландияда “Рейнжерс” ва “Селтик”нинг гегемонлигига чек қўйган мураббий учун ҳақиқий “ов” бошланди.
10. Шотландия терма жамоаси
1985-йилнинг 10-сентябрьида Шотландия термасига янги мураббий тайинланди. Фергюсон ушбу термага бир йил давомида мураббийлик қилди. Бироқ Фергининг Шотландияси ЖЧ-86 да муваффақиятсизликка учради. Шотландлар Дания ва ГФРга мағлуб бўлиб, Уругвай билан дуранг ўйнашди ва гуруҳда охирги ўринни эгаллаб, мундиал билан хайрлашишди. Шундан сўнг Алекс ҳам Шотландия билан хайрлашишига тўғри келди.
11. “МЮ”даги 27 йиллик фаолият
1986-йилнинг 5 ноябрьдида “МЮ” раҳбари Мартин Эдвардс Алексга қўнғироқ қилиб “қизил иблислар”ни бошқаришни таклиф этади. Қаҳрамонимиз эса ўйлаб ўтирмасдан таклифни қабул қилиб, эртаси куниёқ Манчестерликлар мураббийи сифатида таништирилди. Ферги “манкунианликлар”ни бошқарган 27 йили давомида 13 марта Англия чемпионлигини, 5 бора Англия кубогини, 4 марта Англия лига кубогини, 10 бора Англия суперкубогини, 2 бора Чемпионлар лигасини ва бир мартадан Кубок эгалари кубоги, УЕФА суперкубоги, Қитъалараро кубоги ва клублар ўртасидаги жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. У “МЮ”ни жами 1500 марта майдонга бошлаб тушиб, 895 та ғалабани қўлга киритган. Дуранглари сони 338, мағлубиятлари эса 267 тани ташкил этади.
12. “МЮ”га келмаслиги ҳам мумкин эди
Фергюсоннинг Манчестерга кўчиб ўтиши охирги дақиқаларда барбод бўлиши ҳам мумкин эди. Буни кўпчилик билмаса керак. Ўшанда Алекснинг рафиқаси Кети Абердинни тарк этишни истамайди. Лекин Ферги рафиқасини уларни буюк келажак кутаётганлигига ишонтира олган.
13. “МЮ”дан кетмоқчи бўлган
Фергюсон икки марта “Манчестер Юнайтед”ни тарк этмоқчи бўлган. 1993-1994 йиллар мавсумида Ферги “Арсенал” устозинининг маоши уникидан икки баробар кўп эканлигини билиб қолгач, кетишни хоҳлаган. Орадан икки йил ўтгач эса яна ўша мавзу кўтарилган. Яхшиямки “Қизил иблислар” раҳбарияти жаноб Алекснинг “тилини топа олган”.
14. BBC га 7 йил байкот
2004 йили Британия телевидениясида “Ота ва бола” кўрсатуви намойиш этилгач, сер Алекс ВВС каналига интервью беришдан бош тортади. Гап шундаки фильмда канал “МЮ” бош мураббийининг ўғли ҳар бир трансфер мавсуми пайтида отасининг мавқеидан фойдаланганини баён этган. Табиийки бу Фергюсоннинг иззат нафсига теккан. Фақатгина орадан 7 йил ўтгач Фергюсон ВВC канали раҳбарлари билан учрашиб “бойкот”ни бекор қилган.
15. Шахсий совринлар
Фергюсон 27 марта АПЛда ойнинг, 11 марта мавсумнинг энг яхши мураббийи сифатида эътироф этилган. Шунингдек 4 марта World Soccer нашри версиясига кўра, 3 марта Onze d’Or журнали версияси кўра йилнинг энг яхши мураббийи деб топилган. Сер Алекс мураббийлик фаолияти давомида 73 та шахсий совринларга эга чиққан.
16. Ҳакамлар билан жанжаллашишни яхши кўради
Сер Алекс ҳакамларни танқид қилишни яхши кўради. У премьер лигадаги фаолияти давомида ҳакамларни айблаш билан боғлиқ 6 та жанжалда қатнашди ва умумий ҳисобда 15 та ўйинга четлатилиб, 75 минг фунт стерлинг жарима тўлаган.
17. Хоббиси
Ферги футбол ва оиласидан ташқари яна нималарга вақт ажратиши мумкин? Маълум бўлишича у от пойгасининг чинакам мухлисидир. Унинг отхонасида ўнлаб қимматбаҳо зотли отлар бор.
18. Омадсиз дебютлар
Фергюсон “Ист Стирлингшер” жамоасида мураббийлик фаолиятини бошлаган. У мураббийликдаги дебют ўйинидаёқ жамоаси 1:4 ҳисобида имкониятни бой берган. “Манчестер Юнайтед” мураббийлигидаги илк ўйинида эса “Олдхем Юнайтед”га 0:2 ҳисобида мағлуб бўлган.
19. Армонлари
Фергюссон ўз жамоасида кўришни истаган бироқ бошқа клубга ўтиб кетган футболчилар ҳам бўлган. Булар Гаскойн, Ширер ва Роналдиньо. Ким билади дейсиз агар бу футболчилар “МЮ”да ўйнаганида, балки янада кучлироқ ўйин намойиш этишармиди.
20. Рақамлар
Фергюсон мураббийлик фаолияти давомида 2155 та учрашув ўтказиб, 1253 та ғалабани қўлга киритган. Унинг шогирдлари 490 марта муроса кўчасини танлашган бўлса, 412 учрашувда майдонни бошлари эгик ҳолда тарк этишган. Тўплар нисбати 4019:1994! У мураббийлик даврида 122 та соврин (49 жамоавий, 73 шахсий)ни қўлга киритган!
Фурқат Юсупов тайёрлади