Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Одилни тарбиялаган мактаб ёки яна болалар футболи тўғрисида

Баҳо:
+ | -

Болалар футболи... Бу ҳақда гап кетса, истаймизми-йўқми, кўз олдимизга тўп кетидан қувиб юрган беғубор болакайлару, уларнинг шодон қийқириқлари, голдан кейин ёш футболчи юзига ажиб бир тус берувчи кемшик тишлар гавдаланади. Бизнингча, бу йўналишда меҳнат қилаётган инсонлар - асл мураббийлардир. Негаки, ўз шогирдингни деярли «нол»дан тарбиялаб, унинг ҳар бир ютуғидан лаззатланишнинг ўрни бошқа, барибир. Биз бугун бекорга болалар футболидан гап очмадик. Хизмат сафари билан Наманган шаҳрида жойлашган 15-сонли футболга ихтисослашган давлат мактаб-интернатида бўлганимизда, юртимизда болалар футболига эътибор ҳавасга арзийдиган даражада эканига, бу борада олиб борилаётган ишлар салмоғи жуда юксак эканига яна бир бор гувоҳ бўлдик. Келинг, яхшиси, ҳаммасини бир бошдан сўзлаб берайлик...

Умумий маълумотлар

15-сонли футболга ихтисослашган давлат мактаб-интернати Наманган шаҳрининг 1-кичик тумани, «Мустақиллик» кўчасида жойлашган. Мазкур билим даргоҳи Вазирлар Маҳкамаси томонидан 1996 йил 17 январда қабул қилинган «Ўзбекистонда футболни ривожлантиришнинг ташкилий асослари ва принципларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарорнинг  6-бандига асосан вилоят ҳокимининг 1996 йил 21 июндаги 06Ғ180-сонли қарори билан ташкил қилинган. Айни пайтда мазкур мактаб-интернатда жами 210 нафар ўқувчи 7 синфга бўлинган ҳолда таълим олмоқда.

Биринчи таассурот

Билим юрти ҳудудига кириб борганимизда бизни мактаб-интернат директори Ҳасанбой ака Саидбоев бошчилигидаги бир гуруҳ ўқитувчи-мураббийлар кутиб олишди. Бу пайтда соат эрталабки 8лар чамаси бўлгани учун мазкур ҳол аввалига бизни бироз ҳайрон қолдирди. Кейин маълум бўлишича, мураббийлар ҳар душанба куни (мактаб раҳбари бошчилигида) уйга, ота-оналари бағрига кетган шогирдларини дарвозадаёқ кутиб олишни одат қилишган экан. Табиийки, ўқитувчилар кутиб олиш жараёнида ёш футболчиларнинг қандай дам олишгани-ю, яқинларининг соғлиқларини сўраб-суриштириб, шогирдларининг уйдан қандай кайфият билан қайтишаётганликларини аниқлаб, кейин иш бошлашар экан. Хуллас, ичимизда бу ёқимли ҳолатга тасанно айтганча, мактаб ҳовлисига қадам босдик...

Мактаб юлдузи

Кенг-мўлгина йўлак бўйлаб ўқув биноси сари борар экансиз, кўзингиз энг аввало, иншоот яқинига ўрнатилган улкан панно - суратга тушади. Унда терма жамоамиз сардори Одил Аҳмедовнинг юлдузли онлари тасвирланган бўлиб, худди шу мактабдан етишиб чиққан ноёб иқтидор соҳиби теран қарашлари билан ўз укаларини юксак марралар сари ундаётгандек туюлади. Дарҳақиқат, бугунги кунда Одил эришган ютуқлар ҳар қандай ёш футболчи учун ўзига хос намуна вазифасини ўтайди ва унга ўхшашни ҳавас қилган ҳар бир болакай астойдил интилса, Аҳмедовнинг натижаларини такрорлаши турган гап.

Устозлар даврасида

Ҳасан ака (мактаб раҳбари) бизни бино ва мураббийлар билан таништиргач, барча масалалар бўйича билим даргоҳидаги икки ажойиб мураббий - Аҳмаджон Холмирзаев ва Аюбхон Гиясовга мурожаат қилишимиз мумкинлигини уқтириб, мактаб ҳаётига шўнғиб кетди. Шу тариқа, кенг ва шинам ўқитувчилар хонасига жойлашиб, футболга ихтисослашган интернат фаолияти билан яқиндан таниша бошладик.

Мулоқот

Суҳбат олдидан бўлиб ўтган қисқа танишув жараёнида маълум бўлдики, Аҳмаджон ака ҳам, Аюбхон ака ҳам мактаб иш бошлаган 1996 йилдан бери болаларга таълим-тарбия, футбол сирларидан сабоқ бериб келишар экан. Шу боис, мулоқотни тарихни эслаш билан бошлашга қарор қилдик.

- Биз ишга жойлашган, мактаб фаолияти йўлга қўйилган бу даврларни эслаш ҳар доим ёқимли, - деб гап бошлади Аҳмаджон ака. - Мана, Аюбхон гувоҳ, ишга янги йўлланма олган пайтларимизда, муҳтарам Президентимизнинг шахсан ўзлари футболга шу қадар катта эътибор қаратганларидан жуда-жуда хурсанд бўлиб, юртимизда болалар футболининг ривожи учун қўлимиздан келганча ҳаракат қилишга аҳдлашгандик. Ўшандан бери анча сувлар оқиб кетди. Муҳими, биз бугун тарихга назар солиб, мамлакат футболи учун етиштириб берган шогирдларимиздан фахрланамиз. Уларнинг ютуқларидан қувонамиз.

- Аҳмаджон ака, айтинг-чи, ўша пайтлари мактабда жами нечта ўқувчи таълим оларди? Улар орасидан чинакам юлдузлар чиққанми?

- 1996 йил август ойида мактабимизга 100 нафар ёш футболчилар қабул қилинганди. Бошқача айтсам, 1984 йили туғилган болалардан 50 нафари, 1983 йили туғилган иқтидорларнинг яна шунчаси синовлардан ўтиб, илк бор мактаб остонасини хатлашган. Кечагидек ёдимда, кўзлари ёниб турган бу болакайлар ҳар бир машғулотларга жиддий ёндашиб, астойдил меҳнат қилишарди. Вақтлар ўтиб, улар орасидан Отабек Валижонов, Илҳом Бойдедаев, Шодмон Расулов, Муҳаммад Юсуфбоев каби бир қатор истеъдодли футболчилар етишиб чиқишган.

- Табиийки, сизлар ҳам фаолиятнинг бошида маълум қийинчиликларга дуч келгансизлар. Ўша пайтларда қайси устоз-мураббийлардан маслаҳат олардинглар?

- Биласизми, мактабимиз ҳар доим тажрибали мутахассислар ёрдамига таяниб келган. Жумладан, Акмал Тельяков, Аббос Латифбоев, Анатолий Шехмамбетов, Анатолий Козак сингари кўпни кўрган инсонлардан керакли ўгитларни ўзлаштирганмиз.

Майдон ва болалар

- Мактаб ҳовлисига кириб келганимизда, футбол учун энг зарурий омил - чоғроқ бўлсада, қулай майдонга кўзимиз тушмади. Машғулотлар қаерда ва қай тартибда амалга оширилади?

- Чиндан ҳам, мактабимиз ҳовлисида сифатли майдонга эга эмасмиз. Лекин бу ердан асосий машғулотлар майдонимиз - «Ёш куч» мажмуасигача унчалик узоқ эмас. Мажмуа яқиндагина капитал таъмирдан чиққан ва у ерда ўқувчиларимиз барча шароитларга эга бўлишади.

- Барибир, 210 нафар ўқувчи таълим олаётган даргоҳ учун биттагина стадион камлик қилар?

- Ўринли эътироз. Лекин биз машғулотлар тартибини шундай тузганмизки, болалар ортиқча муаммоларга дуч келишмайди. Тўғри, агар мактабимиз ҳовлисида ҳам камида иккита сунъий майдон барпо этилса, чакки бўлмасди. Аммо ҳозирча бунга молиявий имкониятларимиз етмайди.

- Бизнингча, бунга бир ҳаракат қилиб кўрилса, арзиркан. Негаки, шундоқ кираверишда бир эмас, иккита майдон қурса бўладиган бўш ер бор...

- (Шу пайт саволга Аюбхон Гиясов жавоб бера бошлади) Ҳозир сиз айтган таклиф устида ўтган йили бош қотиргандик. Ҳаттоки, ота-оналар ўзлари барчанинг розилиги билан маблағ жамғариб, мактаб ҳудудида майдонча қуриш таклифи билан ҳам чиқишди. Лекин ўзингизга маълум, биттагина сунъий майдонча барпо этиш учун ҳам каттагина маблағ талаб этилади. Шунинг учун бу ҳақда аввал чуқур ўйлаб кўриб, кейин амалий ишга ўтган маъқулроқ...

Болалар руҳияти

- Маълумки, болалар ҳафтада беш кун мактаб-интернатда бўлишади. Бола, барибир, бола-да... Ота-онадан, яқинларидан беш кун давомида узоқ юриш мурғак қалбларга салбий таъсир кўрсатмасмикан?

- Биз ўқувчиларимизнинг кун тартибини барча омилларни ҳисобга олган ҳолда ташкил қилганмиз. Шунинг учун болалар тушгача мактаб дастури асосида ўқишса, тушдан кейин бевосита назарий ёки амалий машғулотларга киришишади. Кечки овқатдан сўнг эса жаҳон футболидаги эътиборли футбол учрашувларини улкан экран орқали биргаликда кўриб, таҳлил қилишни йўлга қўйганмиз. Оқшомлари эса болалар стол тенниси, шахмат-шашка каби ўйинлар билан вақт ўтказишади. Хуллас, ҳозирча ҳеч бир ота-она ёки ёш футболчидан шикоят тушганича йўқ.

- Айтайлик, қайсидир бола машғулотларда кўрсатмаларни тўлиқ бажара олмай, руҳий тушкунликка тушиб қолди. Шундай пайтларда унга яқин қариндошларнинг мадади керак бўлади. Аммо улар доим боланинг ёнида юриши имконсиз... Шундай пайтларда руҳшуноснинг ёрдамига эҳтиёж  сезилиши мумкин-ку?

- (Аюбхон Гиясов бир воқеани эслагандек жонланиб қолди) Бунақа ҳолатлар кузатилади, тўғри. Яқиндагина бир ўқувчимиз сиз айтгандек, умидсизлик ҳолатига тушиб қолди ва негадир футболдан совий бошлади. Ваҳоланки, унда иқтидор етарли эди. Худди шу пайтда мактабимизга янги ишга кирган опамиз - Ҳавохон Топилдиева жонимизга оро кириб қолди. У киши ўша бола билан бир ҳафта давомида суҳбатлашиб, унда ўзига нисбатан ишончни кучайтирди. Бу ёш футболчи ҳозирги кунда тенгдошларидан асло қолишмаяпти. Руҳшунос масаласига келсак, билишимизча, бизда бу касб эгалари учун алоҳида ўрин ажратилмаган. Лекин футбол мактаблари учун малакали руҳшунос ёрдами йўлга қўйилса, яхши бўларди, албатта.

 

Ҳуқуқ ва эркинликлар

- Футболчи бўлишни орзу қилган йигитча 9-синфни тугатди... Унинг кейинги таълим-тарбияси, ривожланиши қандай кечади?

- Биласиз, бизнинг мактаб-интернатимиз асосан, «Навбаҳор» клуби учун янги истеъдодларни кашф этиб бериши лозим. Лекин «Навбаҳор» ҳам ҳар йили 10 нафар футболчини ўз таркибига қўшиб ололмайди. Шунинг учун «Навбаҳор» кўригидан муваффақиятли ўтиб олган ўқувчиларимиз таҳсилни вилоят Олимпия захиралари коллежида давом эттиришади. Қолганлар эса ўзлари истаган билим юртига кириб, ўқишни давом эттиришлари мумкин.

- «Навбаҳор» кўриги ҳақида гапирдингиз... Мабодо мактабнинг қайсидир битирувчиси имтиҳондан ўта олмай, футболдан узоқлашиб кетса-чи?!

- Мактабимизни тамомлаб, футболдан умуман йироқлашиб кетган ўқувчини кўрмаганмиз, шу чоққача. Бундан кейин ҳам кўрмасак керак. Тўғри, барча битирувчилар фақат футбол билан шуғулланишяпти, дея олмаймиз. Лекин профессионал футболчи бўла олмаган аксарият шогирдларимиз ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида Ватанимиз тинчлиги учун астойдил хизмат қилиб келишяпти. Чунки улар ёшликларидан спорт билан мунтазам шуғулланишган, чидамли, бақувват бўлиб камол топишган. Демак, бизнинг меҳнатларимиз, уларнинг ҳаракатлари, интилишлари зое кетмаган. Албатта, ўзингиз тарбиялаган боланинг келажакда етук футболчи бўлишини жуда хоҳлайсиз. Лекин ҳар йили турли идораларда хизмат қилаётган шогирдларимиз мактабга келиб, биздан, ўқувчилардан баҳоли-қудрат хабар олиб қайтишганида, уларнинг муваффақиятидан ҳам хурсанд бўламиз.

 

Ҳечдан кўра, кеч

- Барчага маълумки, мактаб-интернатга одатдаги мактабнинг 5-синфини тамомлаган алоҳида иқтидорли болалар саралаб олинади. Лекин сиз қайсидир туманга бориб, 7-синфда ўқиётган, лекин истеъдоди ўта юқори болакайга кўзингиз тушиб қолди. Шунда қандай йўл тутилади?

- Бунақа ҳолатлар кўп учрайди. Гап шундаки, биз фақат битта имтиҳон билан чекланиб қолмаймиз. Ўқувчиларимиз ҳар йили икки марта жиддий кўрикдан ўтишади. Кўрикдан ўта олмаганларнинг ўрни янги, сиз айтгандек, кечроқ бўлсада, кўзга яққол ташланган иқтидорлар билан тўлдирилади.

- Демак, 5-синфдалик пайтида мактаб кўригидан ўта олмаган ёшлар умидни сўндирмай, ҳаракат қилавериши керак, шундайми?

- Албатта. Агар чиндан-да футболга меҳри юқори болалар бизга келиб учрашишса, уларни ноумид қолдирмаймиз.

Маҳаллий мураббий масаласи

- Мана, ўзимизни қизиқтирган саволларимизга батафсил жавоб олдик. Энди сиз - мураббийларни қийнаётган масалалар ҳақида тўхталсак. Сизларнинг наздингизда, нималарни ўзгартириш орқали болалар футболида янада салмоқлироқ натижаларга эришиш мумкин?

- (Бу гап яна Аюбхон акани жиддий торттирди ва у киши ўз мулоҳазаларини ўртага ташлади). Ўйлашимча, мени анчадан бери қийнаб юрган муаммо ҳақида сўзлаш учун имконият туғилди. Биласиз, айни кунда миллий чемпионатимизда деярли барча вилоятлардан жамоалар иштирок этишади. Ушбу клубларнинг ўринбосарлар таркибини эса фақат маҳаллий мураббийлар шуғуллантиришгани маъқул. Чунки фақат маҳаллий мураббийларгина шу вилоятдаги иқтидорларнинг деярли барчасини билишади, танишади. Узоққа бормайликда, бу борада «Навбаҳор» тутган йўлни олиб қарайлик: жамоага Бахтиёр Ашурматов бош мураббий қилиб тайинланганидан сўнг, клубнинг ўринбосарлар таркибида ҳам ўзгаришлар рўй берди. Аниқроғи, ўринбосарлар жамоасида маҳаллий мураббий иш бошлади. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг: бошқа жойдан таклиф этилган мураббий ёшларнинг иқтидори қай даражада эканини қаердан билсин?! Тўғри, ҳар қандай мутахассис бир-икки машғулотдан кейиноқ қўли остидагилар ҳақида маълум тасаввурга эга бўлади. Лекин ўзи шу вилоятда яшамайдиган, маҳаллий мураббийлар билан таниш бўлмаган инсон бош жамоага муносиб маҳаллий ўринбосарларни етказиб бера олармикан?! Бунга жавоб бериш қийин...

 

Сўнгги сўз

Очиғини айтиш лозим, куюнчаклик билан айтилган бу сўзлардан сўнг Одил Аҳмедовдек истеъдоднинг порлашига ҳисса қўшган бу даргоҳга қилинган саёҳатдан кўнглимиз тўлди. Зеро, биз - журналистларнинг вазифаси фақат кимнидир мақташ ёки аксинча, танқид қилиш эмас. Мана шундай муаммоларни топиб, уларни бартараф этилишига замин яратишдир. Эҳтимол, Аюбхон аканинг гапларида жон бордир?! Чиндан ҳам, маҳаллий истеъдодларни маҳаллий мураббийлар шуғуллантиргани маъқулдир. Буни энди сиз - газетхонлар ва мутахассислар билан биргаликда ҳал қиламиз. Қўнғироқ ва мактубларингизни кутамиз...

И. Раҳимов ва О. Турсунхўжаев тайёрлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:11, 15.12.2015.
Ўқилди: 5209 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.