Кириш Регистрация
01/06 19:30 Бунёдкор 0-3 Нефтчи
02/06 00:00 Боруссия Д 0-2 Реал Мадрид
02/06 21:00 Аталанта - Фиорентина

Хайрулла Ҳамидов: Тугатиш

Баҳо:
+ | -

Федерацияга кетяпман. Ҳозир кираман. Тасаввуримда ҳамма ходимлар бир залга кириб олиб, фильм томоша қилишаётгандек. Нега ишларини қилишмас экан, десам, фильмдан кўзланган мақсад бор экан… Ҳа, тушундим.

Яхши бўлди, дейман, мен ҳам бирга томоша қиламан. Ўзи анчадан буён янги чиқаётган фильмларни кўрмай қўйгандим. Сабабларини биласиз, албатта. Ҳозир ўша бўшлиқни тўлдириб қўйиш ниятида, анчагинасини кўриб ҳам қўйдим. Голливуд томонларда жуда катта ўзгариш. Фильмлар ғояси ўзгармаган бўлса-да, якунидаги мантиқ ўзгарган. Кўп фильмлар атайин тугалланмаяпти. Чунки йиллар давомида томошабин савияси ҳам ўзгарган, улар фильм поёнини тахмин қилишга уста бўлиб кетишган. Тугалланмаслик жанри эса томошабинни ўйлатади, фикрлашга чорлайди. Ҳатто, фильмнинг давоми бормикан, деган ўйга ҳам олиб келади. Бу ҳар томонлама киноижодкорларга фойда келтиради.
Бу услуб ҳам аслида вақтинча ҳукмронлик қилади. У ҳам эскиради ва классик жанрга мурожаат қиладилар барибир. Ҳозирча, янгилик истаётган мухлисларга тахминлар асосида тайёрланадиган фильмлардан шу афзалроқ туюлмоқда. Ҳозирча.
Бу услубдаги фильмларнинг ижодкорлари ўз йўлларини оддий изоҳлайдилар: “Ҳаёт ҳам аслида шунақа-ку!” Бир томондан, шунақа бўлгани ҳам маъқул-да. Акс ҳолда, бу гўзал ва қадим ҳаётнинг қизиғи қолмайди. Кутилмаган воқеалар, фавқулотда бурилишлар, ғаройиб сценарийлар асосида кечса, инсоннинг яшашга бўлган иштиёқи ҳам ошади. Курашади, ғолиб келиш учун тиришади, мағлубиятлар сабабини ўрганади. Эҳтимол, ҳаётнинг азалий қоидаси шундайлиги учун ҳам кўрган фильмларимиздаги мутаносибликдан рози бўлаётгандирмиз, эҳтимол.
Аммо ҳаётимизда бир жабҳа борки, у параллел оламда яшаётганга ўхшайди. Унда на ўзгариш бор, на кутилмаган ходисалар. Ҳа, ҳа, билдингиз, бу – ЎЗБЕК ФУТБОЛИ!!! Ўзбекнинг аччиқ ва аламли миллий чемпионати. Бизнинг футболимиз жанри бутунлай премитив. Бизда ҳаммаси кутилганидек кечади. Ғолибни олдиндан билсак бўлади. Ўйиннинг сўнгги сонияларида ўриндиқларга яхшилаб жойлашиб олишимиз зарур. Биламизки, ҳозир ҳаммаси бошланади. Голеадорларимизнинг суперҳаракатлари 90-дақиқадан кейин бошланишини олдиндан биламиз. Бу сценарий анчадан буён ҳукмрон. Бу энди “Ўзбекфильм” ижоди. Биздаги томошабин Голливуд фильмларини томоша қилаётган одамдан кескин фарқ қилади. Уни ўзи томошабин дейиш ҳам бироз ғалати. У кузатгич аслида. Кузатади, холос. Томошабин бўлиши учун нариги томонда ТОМОША бўлиши керак-ку, тўғрими?!
Бир ой муқаддам ўзбек футболи деб аталмиш узундан узун сериалда бирдан ўзгариш бўлиб қолди. Голливуд фильмларини томоша қилаётганимиздаги ҳолат кузатилди, сесканиш кузатилди. Ия, дедик, бизда-я! Терма жамоамизнинг ажойиб ўйинларига ҳамоҳанг тарзда Олий лигамиздаги кирдикорлар очила бошлади. Бу ўринда катта ишни журналистлар амалга оширмаган бўлса-да, ЎФФ президентининг шахсан ўзи минбардан туриб гапирди. Буёғига ҳамкасбларимиз ҳужумга ўтдилар. (Яна ўша эски мавзуни гапиряптими, деманг, илтимос, бу эски мавзу эмас. Бу бугунги кундаги ягона мавзу. Томошабиннинг асабини ўйнатиб юборадиган сценарий ичидаги энг ёрқин, энг кулминацион ва бутун фильмни ушлаб тура оладиган фавқулодда мавзудир).
Бироқ, охирги пайтда ҳаммага маълум бўлмоқдаки, бизнинг мутасаддиларимиз ҳам Голливуд фильмлари ошуфтаси эканлар. Улар охирги пайтда кенг суратда қўлланилаётган услубга мурожаат қилиб, ТУГАЛЛАНМАЙДИГАН йўлни танлашган, чоғи. Йил тугамоқда, берилган ваъдалардан асар ҳам йўқ. Футболдаги очилган ярамиз аста-секин боғлаб қўйилмоқда. Аслида, у ярани кесиб ташлаш, уни муолажа қилиш зарур эди. Йўқ, ярани ёпиб қўйишмоқчи. Айтиб қўяй, очилган ярани ёпиб бўлмайди. У баттар йиринглайди. Танани янада азобга солади. Иситмалари ошкорлар қилиб ташлайди.
Майли, ҳозирча “фильм” ижодкорлари томошабинни нодон деб ўйлайверсинлар. Бемаврид тўқилган сценарийларини “едириш” учун харчанд тиришсинлар, майли. Аммо битта ҳақиқатни унутмасликлари керак: Улар бу ҳаракатлари билан томошабинни эмас, мухлисни эмас, аслида ЎЗЛАРИНИ алдашмоқда. Бу ишларининг оқибати жуда хунук тугашини билишмаяпти, чоғи. Футболда, нафақат футболда, балки ҳаётнинг ҳар жабҳасида энг ёмон нарса бир ишни чала қолдиришдир. Охирига етказмаслик. Тугайди, деб турганингизда, бирдан титр кетиб қолишини истайдилар. Иш ўртасида ижодкорларнинг номларини ўқитишга уринмоқчилар гўё. Асло. Жаноби мутасаддилар футболимизга голливудча услубни жорий қилишга уринмасинлар. Ярашмайди. У фильмга мос тушадиган, инсонни фикрлашга чорлайдиган жанрдир. Ва у ҳам муваққат жанрдир. Ҳаммаси аслига қайтади. Ҳамманинг ардоғида бўлган эски услублар яна ҳукмрон бўлажак.
Бу ҳаёт, бу футбол. Унда иш охиригача етиши керак. Охиригача етмаса, бу иш умуман қилинмаган ҳисобланади. Томошабиннинг устидан кулмасинлар! Ди Каприо чиқмайди улардан. Рассел Кроулар фақат фильм учун яралганлар. Ҳаёт эса бошқа.
Хуллас, шу! Ҳадеб гапиряпти, деманг, гапиришимиз керак. Кейинги ҳафта ҳам гапирамиз, ундан кейин ҳам. Эҳтимол, голливудпараст мутасаддиларимиз ўз ишларини тугатмасдан, “киноижодкорлар” номини титрда бериб юборишни исташаётгандир, бизга бу услуб маъқул эмас. Бизга юклатилган вазифа бошқа. Биз охиригача курашамиз. Катта кетмайлик-куя, бизнинг авлод яхшилик ғолиб келгунча курашадиган қаҳрамонларни кўриб улғайган. Уларнинг характери қон-қонимизга сингиб кетган. Начора.

Манба: gol.uz
Киритилди: 14:15, 15.12.2015.
Ўқилди: 7483 марта.
Фикрлар: 8 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.