Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия - Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР - Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн - Хитой
14/11 19:00 Кувайт - Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон - Фаластин
14/11 21:15 Ироқ - Иордания
14/11 21:15 Қатар - Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА - Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла - Бразилия
15/11 04:30 Парагвай - Аргентина
15/11 05:00 Эквадор - Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Непал футболининг аянчли воқеликлари

Баҳо:
+ | -

Клублар асосан спиртли ичимликлар рекламаси орқали кун кўришади, майса эмас, тош ва тупроқли майдон, арзимас маош, раҳбар ва футболчилар ўртасидаги коррупция, ер қимирлашлари туфайли ўйинларнинг қолдирилиши - буларнинг барчаси Непал футболидаги даҳшатли манзара. Непал ҳақида гап кетганида, одамлар аввало, нималарни ўйлашади? Жавоб аниқ - Эверест, Катманду, альпинизм, будда монахлари... Ҳарқалай, ҳеч кимнинг миясига футбол келмаса керак. Аслида непалликлар миллионлар ўйинини жуда яхши кўришади, гарчи унча тузук ўйнолмасалар ҳам. Дейлик, Непал миллий жамоаси дунё бўйича энг заиф термалардан биридир. ФИФА рейтинида унинг ортида Кайман ороллари, Сан-Марино ва Андорра каби «ажойиб» жамоалар бор, холос. Ҳаттоки, Америка Самоаси термаси ҳам Непал бош жамоасидан юқорида. Хуллас, бугун Sports.ru сайтининг маълумотлари асосида Непал футболига назар соламиз. Аниқроғи, Лалитпурнинг Three Star («Уч Юлдуз») клуби мисолида мамлакат футболидаги умумий ҳолат билан танишиб чиқамиз.

Непал футболининг ортга кетиши

Непалда футболнинг озгина қад ростлашига нима халақит беради? Биринчи навбатда, муносиб инфратузилманинг йўқлиги. Мамлакатда стадионлар, майдонлар, машғулот базалари, футбол мактаблари йўқ, ҳисоби. Шунингдек, шаҳарлараро транспорт қатнови ҳам яхши йўлга қўйилмаган. Яна иқлим шароити ноқулайликлар туғдиради: тоғли ҳудудларнинг юқори қисмида совуқ, паст жойларда аксинча, иссиқ об-ҳаво ҳукмрон. Шунингдек, Непалда ёмғир мавсуми ҳам борки, бу ҳолат фақат муайян ойларда, шунда ҳам маълум шаҳарларда ўйнашни тақозо этади. Непалликлар табиат инжиқликлари билан курашишга кўникиб улгуришган. Аммо охирги воқеалар маҳаллий футболни янада чуқурроқ «кўмиб ташлаши» мумкин.

Кузда непалликлар халқаро хабарлар тармоғини бирданига 2та йирик можаро билан «бойитишди». Биринчидан, ФИФА фаолиятига боғлиқ тергов-суриштирув ишлари натижасида Непалнинг ташкилотдаги вакили - Ганеш Тапа панжара ортига равона бўлди. Непал футбол федерацияси президенти нақ 10 йил муддатга спортга алоқадор ҳар қандай фаолиятдан четлаштирилди. Унга қўл остидаги ташкилотга футболни ривожлантириш учун ажратилган маблағни ўзлаштирганлик айблови қўйилди. Бундан аввалроқ янада ёқимсизроқ можаро кузатилганди. Тўғрироғи, терма жамоа мураббийи ва 4 нафар футболчиси ўйинни сотганликда айбланди. Боз устига, улардан бири миллий жамоадаги энг ҳурматли футболчилардан эди. Яъни жамоа сардори - Сагар Тапа. Гумонга олинганларнинг банкдаги ҳисоб рақамларида катта миқдорда пул борлиги аниқланди. Хуллас, тахмин қилинишича, улар 2011 йилги саралаш ўйинини ютқазиб бериш учун пора олишган. Ушбу жиноят иштирокчилари энди нафақат футболдан умрбод четлатилишади, балки уларга абадий қамоқ жазоси ҳам хавф солмоқда. Зеро, Непал қонунчилигига кўра, бундай ҳаракат давлатга хиёнат ҳисобланади. Хуллас, айни пайт Сагар Тапа, шунингдек, Сандип Раи, Бикаш Чхетри, Ритеш Тапа ва мураббий Анжан КЦ иши юзасидан суд муҳокамалари давом этяпти. Бундай ҳолатда улардан охиргисининг фамилияси борасида ҳазиллашиш ноўрин. Умуман, суд жараёни якунига қадар гумон остига олинган футболчилардан ҳеч бири майдонга тушолмайди. Бу эса маҳаллий мухлислар учун чинакам фожиа.

Ушбу кўнгилсиз воқеаларнинг барчаси баҳорда мамлакат бошига тушган йирик фалокатдан сўнг рўй берди. Апрель ойидаги кучли зилзила натижасида 8 мингдан кўп киши ҳаётдан кўз юмди. 10 минглаб фуқаролар турли жароҳатларга йўлиқишди ва турар-жойларидан айрилишди. Қолаверса, юзлаб ноёб обидалар ва муҳим объектлар вайронага айланди. Хуллас, Непал узоқ йиллардан буён кузатилган энг кучли ер қимирлашидан етарлича жабр кўрди. Табиийки, футболга ҳам путур етди. Мисол учун, миллий чемпионат айни қизиган чоғи тўхтатиб қўйилди ва фақат сентябрь-октябрь ойларида якунига етказилди. Мажбурий танаффус ва ёмғир мавсуми нақ 4 ойга чўзилди. Умуман, бу ҳолатда непалликларга қойил қолиш керак. Зеро, тенги йўқ мусибатга қарамай, турнирни финиш маррасига етказиб қўйганликларининг ўзи катта жасорат.

Аслида мусобақаларни ўтказиш бўйича доимий тизимнинг йўқлиги мамлакат футболи учун азалий нуқсон ҳисобланади. Дейлик, чемпионат формати ва иштирокчилар сони деярли ҳар йили ўзгаради. Хусусан, мавсум-2013|2014 декабрда старт олиб, мартда якунланган ва унда 13та жамоа қатнашганди. 2011 йилги чемпион номи эса, апрель-июль ойлари оралиғида нақ 18та клуб (Непал учун рекорд кўрсаткич) иштирокида аниқланганди. Шундай экан, ягона тизимнинг йўқлиги ва беқарорлик ҳам футболни ривожланишига халақит берувчи жиддий муаммолардан биридир. Бинобарин, охирги мавсумда атиги 9та жамоа кураш олиб борди. Молиявий муаммолар, жамоалар савияси ўртасидаги катта фарқ лигани ихчамлаштиришни тақозо этди.

«Бекхэм биз билан бўлсин-да»

Бундай қийинчиликлар Непал футболига нима олиб келиши мумкин? 2та вариант бор: якуний дафн ёки ифлосликлардан тозаланиб, яшаб кетишга умид. Хўш, охирги вақтлардаги ачинарли ва фожиали воқеалар кетма-кетлиги қаторида қандайдир ёруғ нур ҳам борми? Ҳа. Дейлик, яқинда шахсан Дэвид Бекхэм Непалга ташриф буюрди. Табиийки, олижаноб Бекс сафарни ўзининг хайрия лойиҳаси доирасида уюштириб, Катмандудаги тарихий майдонлардан бирида маҳаллий болакайлар билан футбол ўйнади. Машҳур инглизнинг ўз жамғармасидан у ердаги футболни оёққа турғазиш учун маблағ ажратиш-ажратмаслиги маълум эмас. Аммо шундай миқёсдаги юлдузнинг Катмандуга қадам босишининг ўзи непалликлар учун катта байрам бўлди. Бу гўёки, охирги кўргиликлар учун ўзига хос сийлов сифатида қабул қилинди.

Тўғри, бунгача ҳам маҳаллий футбол тараққиёти йўлида баъзи ижобий ҳаракатлар кўзга ташланганди. Мисол учун, айрим йирик компанияларнинг Непалга кириб боришини айтиш мумкин. Хусусан, бутун дунё бўйлаб хайрия ишлари билан шуғулланиши орқали танилган RedBull корпорацияси мамлакатда болалар учун жуда кўп турнирлар ташкил этди. Шунингдек, инфратузилмани яхшилаш учун пул ҳам ажратди. Асосийси, машҳур бренд футбол лигасига бош ҳомий бўлди, албатта, ўз манфаатларини унутмаган ҳолда. Эндиликда Непал лигаси RedBull National League, деб аталмоқда. Шунингдек, пиво компанияси ҳам чемпионатнинг асосий ҳомийларидан бирига айланди. Шунга яраша, Непал клублари сармоядорларда қизиқиш уйғота бошлашди. Мисол учун, титул ҳомийлар қаторида бисквит ва цемент ишлаб чиқарувчи компанияларни кўриш мумкин. Мамлакатнинг амалдаги чемпиони - Лалитпурнинг Three Star клуби эса спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчи компания билан шартнома тузди. Шундан буён чемпион жамоа либосларида «Руслан» ёзуви кўзга ташланмоқда. Ушбу бренд лалитпурликлар формасида 2075 йилгача порлаб туради. Албатта, викрам-самват тақвими бўйича. Ушбу маҳаллий йил ҳисоблаш тақвимига кўра, Непалда ҳозир 2072 йил кетяпти. Демак, бош ҳомий билан келишув 3 йил давом этади. Ушбу компания клубга 106 минг доллар ажратган. Three Star яна 93 минг долларни чемпионатдаги ғалабаси учун мукофот тариқасида олди. Маҳаллий валютада айтсак, 100 миллион рупий билан тақдирланди. Бу Непал ўлчови бўйича катта маблағ ҳисобланади. Зеро, маҳаллий футболчилар учун ойига 1000 доллар маош олиш орзудан ташқаридаги хаёлдир. Умуман, ҳеч бир футболчи шунча ҳақ олмайди. Тўғри, қанчадир бонус ва мукофот пуллари ҳам бор, аммо умумий даромад миқдори барибир, анча кам. Эътиборлиси, шундай вақтлар ҳам бўлганки, ўйинчилар клубдан фақат кунлик озиқ-овқат олишган: бир стакан сут, қайнатилган тухум ва бир ликопча чана (маҳаллий таом). Тушунарлики, легионерлар Непал чемпионатига минг ўйлаб, кейин боришлари мумкин - асосан камбағал мамлакатлардан. Мисол учун, «Уч Юлдуз» (Three Star) клуби 2 мавсумча олдин ўз таркибига бир неча нигерияликни таклиф қилганди.

Лалитпур - бу Патан

Лалитпур атамаси гўзаллик шаҳри маъносини беради. Бу Непалда катталиги бўйича 3-ўринда турувчи шаҳарнинг учинчи номидир. Лалитпурда қадимий-тарихий ёдгорликлар шу қадар кўпки, бемалол уни дунёдаги энг гўзал шаҳарлардан бири сифатида таърифлаш мумкин. Шаҳарнинг тарихий номи ҳам бор - Патан. «Уч Юлдуз» клуби ўз тарихини 1954 йилдан буён қайд этиб келади ва мамлакатда энг обрўли жамоа саналади. Патанликлар миллий чемпионатда жами 5 марта ғолиб бўлишган. Уларнинг музейларида турли даражадаги кубокларнинг катта тўплами жамланган. Аслида Непалда қайсидир маҳкамага тегишли клублар кўп. Мисол учун, полиция ва армия қошида бир неча жамоа бор. «Уч Юлдуз» эса улардан фарқли равишда, оддий халқники ҳисобланади. Зеро, уни оддий одамлар тузишган. Улар ажойиб кунлардан бирида Патандаги энг машҳур майдон - Дурбарда йиғилишган ва шунчаки, клубга асос солишган. Мана, 60 йилдан кўпроқ тарихга эга Three Star шундан буён кўплаб мухлислар қалбига кириб борди. Дейлик, Лалитпур жамоаси узоқ йиллардан буён пойтахт - Катманду вакиллари билан муносиб рақобатлашяпти. Хуллас, «Уч Юлдуз» туфайли Непалда ҳам пойтахт ва чекка ҳудуд ўртасида ажойиб қарама-қаршилик юзага келган.

Биласиз, ФИФА футболи ривожланмаган ҳудудларга махсус лойиҳа доирасида ёрдам беради. Шу тадбир самараси ўлароқ, Патанда спорт мажмуаси қад кўтарди. У ерда яна бутун Непалдаги иқтидорли болалар учун махсус интернат ҳам очилди. Мамлакатдаги энг яхши сунъий майдон айнан шу интернатда футболдан сабоқ олувчи болалар ихтиёрига топшириб қўйилган. Умуман, айни пайт турли шаҳарларда спорт мактаблари қуриш режага киритилган.

Бунгача мамлакатдаги энг муҳим ўйинларнинг аксарияти Катманду шаҳрида жойлашган Dasarth Rangasala стадионида ўтказилган. 1988 йили шу аренада кутилмаган довул оқибатида даҳшатли фожиа рўй бериб, 93 киши ҳалок бўлганди. 2015 йилги зилзилада ҳам стадион маълум даражада бузилди. Натижада чемпионат доирасидаги қолган ўйинлар Лалитпурдаги янгигина ANFA мажмуасида ташкиллаштирилди. Тўғри, унда мухлислар учун шароитлар йўқ, аммо майдони жуда яхши ҳолатда. Ваҳоланки, Непалдаги айрим стадионлар майдонида майса эмас, тошлоқ ерни кўриш мумкин. Айнан шу сабаб, ўйинлар доимий тарзда қолдирилади. Чунки мураббий ва футболчилар тинмай эътироз билдиришади, албатта, ҳақли равишда. Айтганча, зилзиладан олдин мамлакатнинг бош аренаси 17800 мухлисни сиғдирарди.

Лалитпурнинг уч юлдузи

«Уч Юлдуз»нинг ҳозирги таркибида бош ролни бажараётганлардан бири - бу ҳужумчи Сантош Сахукал. У етарлича гол урган ва маҳаллий тўпурарларнинг рамзий «100лик клуби»га кириб улгурган. Дейлик, Сахукал охирги мавсум рекорд кўрсаткич - 19та гол билан энг яхши тўпурар бўлди. У болалигида Катманду клубларидан бирининг базасига яқин жойда яшаган. Қисқаси, бўш вақтлари сарғайган майдонда терга ботиб югурган. Футболчи бўлиш хоҳиши ва тинимсиз машғулотлар самара бериб, Сантош аввалига ҳимоячи сифатида ўйнади. Кейинчалик амплуасини ўзгартириб, мана, мамлакатнинг энг яхши ҳужумчисига айланди. Сахукал 27 ёшигача турли жамоалар билан бутун мамлакатни кезиб чиқди, шунингдек, Индонезия, Сингапур ва ҳаттоки, Японияда ҳам оз-моз фаолият юритди. Маҳаллий Пеле Непал футболи тарихида биринчи бўлиб, ойига 500 доллар маош олди ва узоқ вақт энг сердаромад ўйинчи мақомини ўзида ушлаб юрди. Чунончи, Непалнинг энг совриндор жамоаси - «Мананг» ҳужумчига маҳаллий ўлчовлар бўйича ақл бовар қилмас шартнома таклиф этганди. Непалда ҳаттоки, илмий касб соҳиблари ва муҳандислар ҳам бунчалик кўп маош олмайдилар. Айтганча, «Уч Юлдуз» ва «Мананг» ўртасидаги ўйинлар мамлакатда ўзига хос «Эль-класико» саналади. Шу сабабдан ҳам, патанликлар ҳужумчининг азалий рақиб сафига ўтишини ёқламадилар ва унга нафрат билан боқдилар. Мана, Сахукал ортга қайтди ва яна мухлислар ёқимтойига айланди. Энди у фаолиятининг охиригача шу жамоада тўп сурмоқчи.

Лалитпурнинг яна бир юлдузи юқорида тилга олинган Сагар Тападир. Йирик можаро иштирокчисини клуб шу йили таклиф этганди. Умуман, Тапа Непалда доимо обрўли инсон сифатида қадрланган. Тўғри, янги клубдаги фаолияти ўхшамади. Дейлик, Сагар охирги чемпионат доирасидаги ўйинда ҳакамга бақириб, 2та учрашувга дисквалификация ҳам қилинди. Айни пайт терма жамоанинг 31 ёшли сардори ва «Уч Юлдуз»нинг асосий ҳимоячиси келажаги катта сўроқ остида.

Анил Гурунг - учинчи юлдуз. Ушбу йигит ўсмирлик чоғиёқ «Челси» кўригида қатнашгани билан тилга тушган. Тўғри, «аристократлар»га маъқул келмаган бўлсада, ортга қаҳрамондек қайтган. Гурунг майдонда классик «10» мақомида тўп суради. У Европада ўйнаган непаллик илк легионер бўлолмаганига қарамай, маҳаллий фанатларнинг ёқимтойидир. Зеро, етарлича шахсий совринларни ютган, кўплаб чиройли голлар урган, бир қатор клублар шарафини ҳимоя қилган. Хусусан, «Уч Юлдуз»да ҳам муносиб из қолдирган. Тўғри, 29 ёшли Гурунг айни пайт «Мананг» сафида.

Келажакка қайтиш

Непал футболи учун янги 2073 йил мавсуми қандай келишини тахмин қилиш қийин. Агар тақвимнинг нозик жиҳатларини билмасангиз, Непал келажакда яшаяпти, деб ўйлашингиз мумкин. Лекин реаллик шуки, бу ерда футбол тараққиёти анча ортда қолган. Дейлик, Непал термаси ЖЧ-2018 учун курашдан аллақачон чиқиб бўлди. Жамоа март ойида Ҳиндистон термасига муносиб қаршилик кўрсатди, аммо якуний натижа (0:0 ва 0:2) саралашнинг иккинчи босқичига чиқишига моънелик қилди. Натижада польшалик мураббий Жек Стефановски ўрнини бельгиялик Патрик Оссемс эгаллади. У олдинроқ Хитойда ишлаганди ва романтик-мураббий ҳисобланади. Тез орада янгиланган Непал термаси SAFF кубогида иштирок этади. Жанубий Осиёдаги давлатлар жамоалари иштирок этувчи бу турнир ўз доирасида анча қизиқарли. Унинг амалдаги ғолиби - Афғонистон термаси. Хуллас, шу турнир билан Непалда янги футбол мавсуми бошланади. Маҳаллий мухлислар стартни интизорлик билан кутишяпти. Шунинг баробарида уларни тушунарли хавотир-таҳлика безовта қиляпти.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 13:00, 17.12.2015.
Ўқилди: 4939 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.