Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Футзал: Гуруҳдаги асосий рақиб - Қирғизистон термаси, аммо

Баҳо:
+ | -

Маълумки, 2016 йилнинг 10-21 февраль кунлари пойтахтимиз футзал бўйича Осиё чемпионатининг финал босқичига мезбонлик қилади. Тошкент шаҳрида қитъамизнинг 16та сараланган термалари жам бўлиб, келаси йилнинг кузида Колумбиянинг Богота шаҳрида ўтказиладиган жаҳон чемпионатининг 5та йўлланмаси учун кураш олиб борадилар. Қуръа натижасига кўра, Хосе Мария Мендез бошчилигидаги жамоамиз Қирғизистон, Ливан ва Саудия Арабистони термалари билан бирга «А» гуруҳидан жой олди. Биз ўз вақтида футзал бўйича миллий терма жамоада мураббий лавозимида ишлаган мутахассис Азамат Абдураимовнинг қуръа борасидаги фикрларини ёзиб олдик.

- Биринчи галда ўзбекистонлик барча футбол ва футзал ишқибозларини Осиё чемпионатидек йирик турнирнинг Тошкентда ўтказилиши билан табриклайман, - дея сўз бошлади Абдураимовлар сулоласининг тўнғич вакили. - Пойтахтимиз учинчи маротаба қитъа чемпионатининг финал босқичига мезбонлик қилади. Менимча, ҳеч бир давлат бундай кўрсаткични қайд этолмаган. Мазкур мусобақа мамлакатимиз спортида ҳар доимгидек катта воқеликка айланади. Ўз навбатида, катта масъулият ва шараф ҳамдир. Энг муҳими, буларнинг бари халқаро спорт жамоатчилигининг юртимизда ушбу соҳага қаратилаётган эътиборни тан олишидир. Афсуски, маълум сабабларга кўра қуръа ташлаш маросимида иштирок этолмадим. Лекин матбуотдаги хабарлар орқали воқеалар ривожидан воқиф бўлиб бордим. Ҳаммаси жуда чиройли тарзда ўтди. Ўзбекистон футзал ассоциацияси бундай йирик тадбирларни ҳамиша юқори савияда ўтказиб келган. Бевосита қуръанинг ўзига келсак, менимча, у биз учун омадли келди. Эрон ва Япония билан бир гуруҳдан жой олмаслигимиз олдиндан маълум эди. Лекин «плей-офф» босқичида шу икки жамоанинг бирига тўқнаш келишимиз эҳтимоли йўқ эмасди. Ўзбекистон «А», Эрон эса «В» гуруҳидан жой олди. Демак, форслар билан чорак финалда ўйнамаслик учун гуруҳ босқичини пешқадам сифатида якунлашимиз шарт. Ўз навбатида, Эрон ҳам «В» квартетида биринчи бўлиши керак. Шунда ушбу гуруҳнинг иккинчи жамоаси билан тўғридан-тўғри мундиал йўлланмаси учун ўтказиладиган ўйинда учрашамиз. Ярим финал иштирокчисига айланиш - ЖЧ финал босқичига чиқиш, деганидир. Ҳаммаси биз ўйлагандек давом этса, термамиз ярим финалда Таиландга рўбарў келади. Шахсий фикрим, бу жамоа қитъанинг кучли 4 термаси сафидан жой олади. Катта эҳтимол билан иккинчи ярим финал жуфтлигида Эрон ва Япония тўқнаш келишади. Бу албатта, менинг тахминларим. Лекин худди шу сценарийнинг амалда ўз исботини топиши учун биринчи галда гуруҳда биринчи бўлишимиз ва чорак финалда ҳам ғалаба қозонишимиз шарт. Шу ўринда, терма жамоамиз жойлашган гуруҳни осон, дейиш фикридан йироқман. Ҳозирданоқ бир оёғимиз билан «плей-офф» босқичидамиз, деб ўйлаш нотўғри. Менимча, гуруҳ ғолиблиги учун кураш Ўзбекистон ва Қирғизистон термалари ўртасида боради. Эътиборга молик жиҳати, биз шу пайтгача Қирғизистонга бирор марта ютқазмаганмиз. Лекин ғалаба қозонганимизга ҳам анча йил бўлди. Сўнгги ўйинимизда дуранг қайд этилганини унутмаслик керак. Ён қўшниларимиз бизга жиддий қаршилик кўрсатишлари аниқ. Улар ҳам чорак финалда Эронга тўқнаш келмаслик мақсадида пешқадамлик учун ҳаракат қилишади. Қирғизистон термаси мунтазам равишда Осиё чемпионатида иштирок этиб, «плей-офф» босқичига чиқиб келяпти. ЖЧ йўлланмаси ўйналадиган бу галги мусобақада улар ўз натижаларини яхшилашга интилишлари тайин.

Азамат Абдураимовнинг фикрларини шу жойда бўлиб, айнан Қирғизистон термаси аъзоларининг қуръа ҳақида билдирган фикрларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Андрей Полховский (Қирғизистон терма жамоаси бош мураббийи):

- Осиё чемпионатининг финал босқичида кучсиз жамоанинг ўзи йўқ. Гуруҳимиз яхши, қуръадан кўнглим тўлди. Ҳамма жамоаларга қарши муносиб ўйин кўрсатиш мумкин. Биз айнан шуни амалда исботламоқчимиз. Шубҳасиз, мезбонлар - Ўзбекистон терма жамоаси гуруҳимиз фаворити. Ливан ҳам қуръа жараёнида бежиз иккинчи саватдан ўрин эгалламади. Шунингдек, турнир дебютанти - Саудия Арабистони ҳам совға эмас. Олдинда уч ой вақт бор. Бу муддат кам ҳам, кўп ҳам эмас. Турнирга муносиб тайёргарлик билан етиб боришимиз шарт. Олдимизга жаҳон чемпионати йўлланмаларидан бирини қўлга киритиш вазифаси қўйилган.

Руслан Ғофуров (Қирғизистон терма жамоаси сардори):

- Кучли гуруҳдан жой олдик. Айниқса, мезбонларга қарши баҳс осон кечмайди, ҳал қилувчи мақомда бўлади. Қуръадан олдин Эрон ёки Япония билан бир гуруҳга тушишни истагандим. Сабаби, шундагина чорак финалда уларга тўқнаш келмасдик. Тахминимча, бизнинг квартетдан Эрон, Вьетнам ва Саудия Арабистони термалари жой олишлари керак эди. Лекин фақат саудияликлар борасида адашмаган эканман, холос. Бошқа томондан олиб қарасак, 16та жамоанинг барчасида имкониятлар деярли бир хил. Мундиал йўлланмаси ўйналадиган Осиё чемпионатига ҳамма юқори тайёргарлик ва катта мақсадлар билан келади. Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида ўтказилган саралаш баҳсларида муваффақиятли қатнашиб, гуруҳ ғолиби сифатида финал босқичига йўлланма олдик. Ўйлайманки, Тошкентда ҳам муносиб тарзда иштирок этамиз.

Кирилл Ермолов (Қирғизистон терма жамоаси дарвозабони, вице-сардор):

- Менимча, бизнинг гуруҳимиз энг кучлиси. Саудияни инобатга олмаганда, қолган учта жамоанинг гуруҳдан чиқиш имкониятлари деярли тенг. Сўнгги тургача айнан қайси термаларнинг чорак финалда ўйнаши номаълум бўлиши аниқ. Асосий рақибимиз - албатта, Ўзбекистон терма жамоаси. Улар ҳақида етарлича маълумотга эгамиз. Ижтимоий тармоқлар орқали ўзбекистонлик футзалчилар билан тез-тез гаплашиб турамиз. Ливанга қарши ўйнаганимизга анча вақт бўлди. Бу жамоага нисбатан «чақилмас ёнғоқ» таърифини бериш мумкин. Саудия Арабистони термаси футзалчилари ҳам чиройли кўзлари учун финал босқичига чиқишмаган бўлса керак. Бир сўз билан айтганда, қуръадан кўнглим тўлди, зеро у бизни бундан ҳам кучли гуруҳга тушириши ҳеч гап эмасди.

Гуруҳдаги асосий рақибимиз - Қирғизистон термаси вакиллари билдирган фикрлардан сўнг навбатни яна Азамат Абдураимовга берамиз.

- Ливанликлар ҳам қирғизлар сингари доимий равишда Осиё чемпионатининг финал босқичида иштирок этиб келишяпти. Саудия Арабистони эса сирли рақиб. Бу терманинг қандай кучга эканлигини тасаввур қилиш мушкул. Ҳар қандай ҳолатда ҳам гуруҳимиздаги учала жамоага ҳурмат юзасидан қарашимиз ва нималарга қодир эканлигимизни амалда исботлашимиз керак. Рақибни менсимаслик жуда катта ва тузатиб бўлмас хатога етаклаши мумкин. Бундай ҳолатлар тарихда кўп кузатилган. Шахсан ўзим билан рўй берган воқеани айтиб бераман. Эронда ўтказилган Осиё чемпионатига терма жамоани камина бош мураббий сифатида бошлаб боргандим. Иккита учрашувда муваффақият қозондик. Таиланд билан ўтказилган учинчи ўйинимизда камида дуранг қайд этишимиз керак эди. Шунда гуруҳ ғолиби сифатида чорак финалга йўл олардик. Рақибни бироз менсимаслик ва мувозанатни йўқотиб қўйишимиз оқибатида 0:1 ҳисобида имкониятни бой бердик. Биринчи бўлимда ўтказиб юборилган гол бизга қимматга тушганди. Иккинчи бўлимни рақиб жарима майдончасида ўтказган бўлсак-да, юзага келган 100 фоизлик имкониятларни кўкка совурдик. Ҳатто ўйин якунланишига икки дақиқа қолган бир пайтда пенальтидан ҳам фойдалана олмагандик. Бу - футзал, унда ҳар сонияда гол кўришингиз, кутилмаган натижалар гувоҳига айланишингиз мумкин. Таиландга ютқазганимиздан кейин гуруҳнинг иккинчи жамоаси сифатида чорак финалга чиқиб, ке-йинчалик эронликларга имкониятни бой бергандик.

Шу ўринда термамизнинг бу галги Осиё чемпионатидаги имкониятларини юқори баҳолайман. Бунга етарлича сабаблар бор. Биринчи галда, юртимизда футзалга қаратилаётган эътиборни айтишим керак. Сўнгги йилларда Ўзбекистон футзал ассоциацияси вице-президенти Жаҳонгир Усмонов, шунингдек, ЎФФ раҳбарияти томонидан футзални янги босқичга олиб чиқиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Термамизнинг Осиё чемпионатига муносиб тарзда тайёргарлик кўриши учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Хорижда ташкил этилаётган ўқув-машғулот йиғинлари ва ўртоқлик учрашувлари фикримга исбот бўла олади. Қисқа фурсат ичида Япония ва Беларусь мамлакатларида йиғин ўтказилиб, ушбу юрт термалари билан ўртоқлик ўйинлари ташкил этилди. Шуларни инобатга олган ҳолда, ҳамюртларимизнинг жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишларига ишонаман. Қолаверса, бош жамоамизга тажрибали мутахассис мураббийлик қилаётганини ҳам айтишим жоиз. Термамиз испаниялик Хосе Мария Мендез бошчилигида бундан аввалги мундиал йўлланмалари ўйналган Осиё чемпионатида омадсизликка учраганди. Ўша мағлубиятдан сўнг Мендезнинг ўзи ҳам, ассоциация раҳбарияти ҳам тегишли хулосаларни чиқариб олган. Бир пайтлари бразилиялик мутахассис Сапо ҳам жамоамизда ишлаганди. Лекин у билан Мендез ўртасида фарқ бор. Биринчи галда Хосе Мариянинг фаолияти кенг жамоатчилик учун доимо очиқ. Сапо эса машғулотларга журналистларни ҳам, мураббийларни ҳам киритмасди. Ўз вақтида «Бунёдкор»да ишлаган Луис Фелипе Сколари ҳам барча билан бемалол мулоқотга киришарди.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" нашри

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 18:25, 17.12.2015.
Ўқилди: 3422 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.